Ғазо: Очлик танангизни не кўйга солади?

Сурат манбаси, Anadolu/Getty Images
- Author, Ребекка Торн ва Анжела Ҳеншелл
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
БМТнинг озиқ-овқат ёрдами дастури маълум қилишича, Ғазо секторидаги қарийб ҳар учинчи одам бир неча кун давомида овқат емай яшашга мажбур. Бу эса минтақада очарчилик хавфи тобора кучайиб бораётганини англатади.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам вазиятга муносабат билдириб, "Ғазода ҳақиқий очарчилик юз бермоқда," деб айтди. Аммо Исроил бош вазири Бeнямин Нетаняҳу бундай ҳолат мавжудлигини рад этмоқда.
Шу билан бирга, Исроил сўнгги кунларда "маҳаллий тактик танаффус" эълон қилиб, инсонпарварлик ёрдами учун қисман йўл очди. Бироқ БМТнинг гуманитар ишлар бўйича раҳбари Том Флетчерга кўра, вазиятни барқарорлаштириш учун ҳудудга "катта миқдорда" озиқ-овқат етказиб бериш зарур.
Фаластинлик қочқинлар билан ишловчи БМТ агентлиги (UNRWA) маълумотига кўра, Ғазо шаҳридаги ҳар беш боладан бири тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Бундай ҳолатлар ҳар куни кўпаймоқда.
Касалхоналарга очликдан ўта силласи қуриган беморлар ётқизилмоқда, кўчаларда эса одамлар ҳушидан кетиб, йиқилаётгани қайд этилмоқда.
Ҳозирча БМТ расман очарчилик эълон қилмаган бўлса-да, IPC (Озиқ-овқат Хавфсизлиги Классификацияси) ташкилоти Ғазони "очарчилик хавфи энг юқори даражада бўлган ҳудуд" деб баҳоламоқда.
Очарчилик нима ва қандай ҳолда расман эълон қилинади?

IPC – бутун дунёда аҳолининг етарли, фойдаланиш мумкин бўлган ва арзон овқатга бўлган имконини баҳолайдиган халқаро стандартдир. Унинг энг оғир босқичи – 5-фаза: Очарчилик қуйидаги ҳолатларда расман тан олинади:
- Хонадонларнинг камида 20 фоизи етарли озиқ-овқатга эга эмас;
- Болаларнинг камида 30 фоизи ўткир озуқа етишмовчилигидан азият чекмоқда;
- Ҳар куни ҳар 10 минг одамга 2 нафар катта ёки 4 нафар бола очлик ёки унга боғлиқ касалликлар сабабли вафот этмоқда.
2024 йил 12 майда чоп этилган ҳисоботга кўра, Ғазо аҳолисининг барчаси ҳозир 3-фаза: Инқироз ёки ундан оғир шароитда яшамоқда. Ҳисоботда 2025 йил май-сентябрь ойлари оралиғида қарийб 469 500 нафар одам 5-фазага тегишли оғир очарчилик шароитида қолиши мумкинлиги айтилган.
Бундай вазиятларда БМТ, баъзан маҳаллий ҳукуматлар ёки бошқа халқаро агентликлар билан ҳамкорликда очарчиликни расман эълон қилади.

Сурат манбаси, Majdi Fathi/NurPhoto/Getty Images
Очлик инсон организмига қандай таъсир этади?
Очарчилик – узоқ муддат овқат емаганда организм ҳаёт учун зарур калорияларни ололмайдиган ҳолатдир.
Аввал организм жигар ва мушаклардаги гликогенни глюкозага айлантириб, қонга юборади. Бу захиралар тугагач, ёғ заҳирасидан, кейин эса мушак тўқимасидан энергия олади.
Очлик натижасида ўпка, ошқозон, жинсий аъзолар қисқаради, мия фаолияти издан чиқиб, галлюцинация, депрессия, хавотир юзага келади. Иммунитет заифлашгани боис, одамлар инфекция ва бошқа асоратлардан вафот этиши мумкин.
"Одамлар бир зумда қаттиқ озиб қолмайди. Кўп болаларда аввал қизамиқ, пневмония, ёки ич кетиш каби касалликлар бўлади. Агар улар аввал соғлом бўлган бўлса, овқатга имконият берилганда, еб ҳазм қилишга кучи етади. Бошқалар эса аллақачон сўлғин ва заиф ҳолатга келиб қолган", дейди Глазго университетидан профессор Шарлотта Райт.

Болалар ва чақалоқлар учун оқибатлар қанчалик оғир?
Болаликда тўйиб овқатланмаслик бутун умр давом этадиган оқибатларга олиб келади. Жумладан, мия ривожланиши секинлашиши, ўсиш тўхташи, ақлий ва жисмоний ортда қолиш.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таърифича, ўсиш тўхташи – болаларнинг суст озиқланиш, такрорий касалликлар ва психосоматик стимуляция етишмаслиги туфайли ривожланиш секинлаб қолиш ҳолатидир.
Озуқа етишмаслигидан азият чеккан ота-оналар келажакда заиф фарзандларни дунёга келтириши эҳтимоли юқори, дейди БМТ.
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, ҳомиладорлик даврида нотўғри овқатланиш оналарда камқонлик, преэклампсия, қон кетиши ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Шунингдек, бу ҳолат болада туғилмай қолиш, ўлик туғилиш, кам вазн, озғинлик ва ривожланишда кечикишларга сабаб бўлади.
Кам овқатланаётган оналар болаларини эмизиш учун етарлича тўйимли сут ишлаб чиқара олмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.
"Чегарасиз шифокорлар" (Médecins Sans Frontières) ташкилотидан доктор Нуриддин Алибобо болалардаги кам овқатланиш муаммосини даволашга ихтисослашган. Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатнинг оқибати бутун умрга чўзилиши мумкин:
«Паст бўйли бўлиб ўсиш орқага қайтмайди, яъни бола кам овқатланиш давридан чиққанидан кейин ҳам бўйи паст бўлиб қолади. Бу эса унга жуда катта ноқулайликлар туғдиради. Шу билан бирга, кўп ҳолларда таълим билан боғлиқ муаммолар юзага келади, бу эса мактаб ёшига етиб келганда аниқроқ кўринади.
[Кам овқатланиш] иммун тизимини ҳам заифлаштиради ва болаларни турли юқумли касалликларга нисбатан анча таъсирчан қилиб қўяди.
Кўпчилик тўлиқ тушуниб етмайдиган яна бир муҳим жиҳат шундаки, қиз болалардаги кам овқатланиш келажакда уларнинг туғиш қобилиятига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Агар улар ҳомиладор бўлишса, чақалоқ кам вазн билан туғилиши эҳтимоли жуда юқори бўлади».
Кам овқатланиш яна бир жиддий асорат – остеопорозга ҳам олиб келиши мумкин.
«Кейинчалик суякларнинг нозиклашиб кетиши одамни жисмонан заиф қилиб қўяди. Улар ҳатто ўз танаси оғирлигини кўтара олмай қолиши мумкин. Натижада, оддий қалтис ҳаракат ҳам суяк синишига олиб келиши мумкин», дейди доктор Алибобо.

Сурат манбаси, Getty Images
Кам овқатланиш қандай даволанади?
«Бу инқирозга жавоб бериш учун, асосан икки чора зарур – Ғазога кўпроқ озуқа киритилиши ва қимматроқ шифобахш озуқа воситалари етказилиши лозим», дейди профессор Райт.
«Озиқ-овқат таъминоти аввало болалар ва оналарга йўналтирилиши керак.
Эмизиш – чақалоқлар учун энг хавфсиз ва гигиеник усул, аммо бунга эришиш учун аввало онани озиқлантириш талаб этилади – шундагина у боласини эмизиши мумкин. Мана шу энг катта муаммолардан бири – егулик кўп ҳолда аёлларга эмас, эркакларга етиб боради.
Болалар ва оналар устувор тарзда таъминланиши керак. Уларни тўғри озиқлантириш учун жуда катта ресурс талаб этилмайди».
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Асли шифокор сифатида таълим олган, Би-би-си Араб хизматининг соғлиқ бўйича мухбири Смита Мундасад изоҳ беришича, кам овқатланиш айниқса болалар учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин ва уни даволаш ҳар доим ҳам осон эмас.
«Агар ҳолат жуда оғир бўлиб, одам еб-ича олмай қолган бўлса, у ҳолда шифохона ёки клиникада махсус тайёрланган озуқа ва инфекцияларга ёки бошқа асоратларга қарши муолажалар талаб этилади», дейди у.
«[Узоқ вақт оч бўлган одамни] баъзи ҳолларда жуда тез овқатлантириш ёки нотўғри озуқа бериш хавфли бўлиши мумкин.
Шу сабабли муаммони ҳал этиш учун шунчаки егулик етказиш етарли эмас – тўғри озуқа турларини етказиш ва бу жараённи қўллаб-қувватловчи самарали соғлиқни сақлаш тизимини йўлга қўйиш зарур».












