Ўзбекистон нега Афғонистон билан бунчалик яқинлашишга интилмоқда?

Сурат манбаси, Rasmiy surat gazeta.uz orqali
Афғонистонда 2021 йили Толибон ҳукумат тепасига келиши ортидан, мамлакат ташқи дунёдан қарийб узилди ва сиёсий, иқтисодий ҳамда инсоний муаммолар янада кучайди. Бу юрт ҳамон ноаниқликлар гирдобида.
Аммо Афғонистондаги сўнгги сиёсий ўзгаришларга қарамасдан, Ўзбекистон бу қўшниси билан жипс алоқаларни сақлаб келаётган кам сонли давлатлардан бири.
Бироқ, расмий Тошкент ушбу муносабатларга анча эҳтиёткор ёндашади: Толибон ҳукумати ҳали тан олинмаган, айни пайтда, ўзаро келишувлар кўпайиб, муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда.
Афғонистон Ўзбекистон учун янги энергетика бозори, шунингдек, муҳим транзит йўлак бўла олади.
Аммо булар қаторида эҳтимолий сув муаммолари ва хавфсизлик масалалари ҳам мавжуд.
Ўзбекистон ва Афғонистон алоқаларнинг келажаги қандай бўлиши мумкин?
Хавфсизлик: Толибон ва ИШИД-Х муаммоаси

Сурат манбаси, Eron Tashqi ishlar vazirligi
Толибон ҳукуматга келгач, Афғонистон ичкарисида нисбатан тинчлик ўрнатилди.
Бироқ, ҳудудда фаолият олиб бораётган бошқа ташкилотлар ҳануз хавфсизлик учун таҳдид сифатида қаралади.
Хусусан, "Исломий Давлат – Хуросон" каби экстремистик гуруҳларнинг фаолияти нафақат Афғонистондаги барқарорлик учун, балки қўшни мамлакатлар учун ҳам хавф, деб кўрилади.
Ўзбекистон ҳукумати Толибон билан мулоқот қилиш орқали вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, 2021 йил октабрида Теҳрон мезбонлик қилган тадбирларда ИШИД-Х хавфи алоҳида муҳокама этилган.
Сабаби, Афғонистондаги ҳар қандай аҳвол шимолий қўшни учун тўғридан-тўғри таъсир қилиши мумкин.
Гарчи БМТ ҳисооботларига кўра, Толибон қудратга келганидан бери Афғонистонда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш 95 фоизга қисқарган, лекин мамлакат афюн контрабандаси бўйича ҳануз дунёда етакчи ўринларда қолмоқда.
Шу билан бирга, Афғонистонда собиқ ҳукумат давридан қолган қурол-яроғ ва ҳарбий жиҳозлар ноқонуний бозорларга тушиб улгурган.
Ушбу қуролларнинг эктремистик гуруҳлар орасида тарқалиши муаммолар яратиши эҳтимоллари ҳам йўқ эмас.
Бу эса Ўзбекистон Афғонистон билан бирга режалаштирган лойиҳалар хавфсизлигини савол остига олиши мумкин.
Шунга қарамай, Ўзбекистон жанубий қўшнисига катта умид билан қарамоқда.
Мамлакатнинг ташқи сиёсатида Афғонистон масаласи аллақачон муҳим ўрин тутади.
Афғонистоннинг янги электр таъминотчиси?

Сурат манбаси, President.uz
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо алоқалари сезиларли даражада кучайган.
Шунингдек, афғонистонлик сармоядорлар Ўзбекистондаги ширкатлар сони бўйича кучли бешликка кирган.
2024 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 1.1 миллиард АҚШ долларига етди. Бу эса 2022 йил билан таққослаганда катта ўсиш дегани.
Савдонинг асосий қисмини Ўзбекистон экспорти ташкил қилиб, бунда электр энергияси муҳим аҳамият касб этган.
Ўзбекистон Афғонистонга электр етказиб беришда асосий таъминотчилардан бирига айланган.
Тошкент ҳар йили жанубий қўшнисига миллионлаб киловатт-соат электр экспорт қилади.
Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон жанубда шаклланётган энергия бозорининг асосий таъминотчисига айланмоқчи. Афғонистон ўз электр эҳтиёжининг ярмидан кўпини Ўзбекистон экспорти билан қондирмоқда.
Бу каби ҳамкорлик нафақат Афғонистоннинг энергетик хавфсизлигини таъминлашда, балки минтақавий интергацияни кучайтиришда ҳам муҳим.
Хусусан, "Сурхон – Пули-Хумри" электр узатиш линияси Афғонистонни Марказий Осиёнинг ягона электр тизимига улайди.
Жумладан, Ўзбекистон Афғонистондан хом нефт олиб кириб, уни ўз заводларида қайта ишлашни бошлаган. Бу икки томон ўртасида ҳам электр, ҳам нефт борасида боғлиқликни кучайтиради.
Минтақа Афғонистонни ўзаро дипломатияда муҳим томон сифатида кўраётгандек...
Айниқса, Афғонистон ички эҳтиёжини қондиришда Ўзбекистоннинг бу қадар жонбозлик кўрсатётгани мамлакатни минтақавий сиёсатда муҳим ўйинчи ўлароқ шакллантирмоқда.
Инфратузилма: Жанубга дарвоза

Сурат манбаси, O‘zbekiston Transport vazirligi
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги асосий стратегик мақсадларидан бири жанубга чиқишдир.
Транс-Афғон темир йўли – бу борадаги энг муҳим лойиҳалардан бири.
Ушбу темир йўл Ўзбекистонни Афғонистон орқали Покистон портлари билан боғлайди. Юк ташиш харажатлари эса 50 фоизгача камайиши мумкин.
Натижада, Ўзбекистон ўз экспорт юкларини Ҳинд океанига тезроқ ва арзонроқ етказиш имкониятига эга бўлади. Бу нафақат иқтисодий жиҳатдан фойдали, балки мамлакатни геосиёсий жиҳатдан ҳам муҳим транзит ўлкага айлантиради.

Термиз эса айни стратегиянинг минтақавий марказига айланмоқда.
Термизда қурилаётган қуруқлик порти, логистика марказлари ва юк терминали нафақат Ўзбекистон ички эҳтиёжларига, балки бутун минтақавий юк оқимига хизмат қилади.
Айнан шу ерда Афғонистондан келаётган ва Жанубий Осиёга йўналтирилаётган юклар тўпланади ва қайта тақсимланади.
Ўзбекистоннинг бу борадаги ташқи сиёсий интилиши фақат яқин қўшнилар билан чекланмайди. Афғонистон орқали Жанубий Осиёга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти, хусусан, Покистон ва Ҳиндистон бозорларига эркин кириш ҳам расмий Тошкентга стратегик устунлик беради.
Кузатувчиларнинг фикрича, айни ташаббус Ўзбекистон бозорини янада бойитиб, жануб маҳсулотлари орқали Хитой экспортининг минтақадаги устунлигини ҳам пасайтира олади.
Қўштепа: Сув сиёсий қуролми?

Сурат манбаси, RASMIY/NDC.GOV.AF
Шимолий Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали Амударё сувларини ички чўл ҳудудларига йўналтиришни мақсад қилган.
2022 йилда бошланган ушбу лойиҳадаги асосий канал узунлиги 285 км бўлиши режалаштирилган.
Бироқ, бу лойиҳа Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистонда жиддий экологик ва иқтисодий хавотирларни юзага келтирмоқда.
Таҳлилларга кўра, канал тўлиқ ишга тушгач, Амударё сувининг 15-20 фоизгача қисмини Афғонистон томонга йўналтириши мумкин.
Бу эса Ўзбекистоннинг сув захираларига салбий таъсир кўрсатиб, қишлоқ хўжалигида 15 фоизгача сув танқислигига олиб келиши мумкин.
Йиллар давомида Орол қуриши оқибатлари билан курашиб келаётган Ўзбекистон учун айни лойиҳа муҳим иқтисодий йўқотишларни бошлаб бериши мумкин.
Жумладан, у минтақавий барқарорлик нуқтаи назаридан ҳам хавфли сигналдир.
Кузатувчиларнинг фикрича, сув захиралари тобора камайиб бораётган Марказий Осиёда айни канал қурилиши сиёсий босим воситасига ҳам айланиши мумкин.
Афғонистон бу лойиҳани ўзининг суверен ҳуқуқи, деб билмоқда ва халқаро сув захираларини тақсимлашга оид ҳеч қандай келишувга қўшилмаган.
Бу эса минтақавий сув сиёсатида ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатади.
Ўзбекистон бундай лойиҳаларни фақат мулоқот ва минтақавий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда олиб боришни таъкидлайди.
Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва захиралар бошқаруви бўйича ҳамкорликни таклиф этган.
Жумладан, Президент Мирзиёев 2023 йил охирида Амударё бўйича қўшимча ишчи кучи тузиш ташаббусини илгари сурган.
Афғон расмийлари ўз навбатида Ўзбекистон сув таъминотига зарар етказмасликка ваъда беришган.
Шунга қарамай, Қўштепа канали қурилиши ўзаро мулоқотлардаги энг нозик масала бўлиб қолмоқда.
Дунё бўйлаб геосиёсий тангликлар ортар экан, Афғонистон омили Ўзбекистон учун ўз аҳамиятини сақлаб қолади.
Зотан, Афғонистон ўзбеклар учун янги бозор ва жанубга чиқиш йўлидаги муҳим дарвозадир.












