Йўлбарсни ҳам ўлдирган қуш тумови одамларга не қадар катта хавф?

Шотландиядаги фермада куркалар.

Сурат манбаси, Tribune News Service via Getty Images

Сурат тагсўзи, Биргина АҚШда қуш гриппи вирус 180 миллиондан ортиқ паррандани зарарлаган.
    • Author, Соутик Бисвас
    • Role, ВВС, Деҳли
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Кўп йиллар давомида олимлар H5N1 дея илмий ном берилган қуш гриппи одамларга ўтиб, глобал соғлиқ инқирозини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантириб келган.

Гриппнинг бир тури саналмиш қуш гриппи Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда кенг тарқалган ва 1990-йиллар охирида Хитойда пайдо бўлганидан бери вақти-вақти билан одамларга юқиб келмоқда. 2003 йилдан 2025 йил августигача Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 25 мамлакатда 990 нафар одамда H5N1 гриппи қайд этилгани ва улардан 475 нафари одамдан ўтгани (ўлим кўрсаткичи 48%) ҳақида маълумот берди.

Биргина АҚШда вирус 180 миллиондан ортиқ паррандани зарарлаган, 18 штатдаги 1000 дан ортиқ чорвага тарқалган ва камида 70 кишига – асосан фермер хўжаликлари ишчиларига ўтган. Улардан кўплари касалхонага ётқизилган ва бир киши вафот этган. 2024 йил январида Ҳиндистоннинг Нагпур шаҳридаги ёввойи ҳайвонларни қутқариш марказида учта йўлбарс ва бир қоплон одатда қушларга юқадиган вирусдан нобуд бўлди.

Бу гриппнинг одамлардаги аломатлари оғир турдаги гриппга ўхшайди: юқори ҳарорат, йўтал, томоқ оғриғи, мушак оғриғи ва баъзида конъюнктивит кузатилади. Баъзи одамларда ҳеч қандай аломатлар кузатилмайди. Одамлар учун хавф пастлигича қолмоқда, аммо мутахассислар H5N1нинг осон ва тез тарқалишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ўзгаришни диққат билан кузатмоқда.

Айнан шу хавотир боис, ҳиндистонлик тадқиқотчилар Филипп Чериан ва Ашока университети тадқиқотчиси Гаутам Менон H5N1 эпидемияси одамларда қандай ривожланиши ва қандай дастлабки чоралар унинг тарқалишини тўхтата олишини моделлаштирдилар. Бу моделни экспертлар кўриб чиқди.

BBC
Insonlarda qush grippi pandemiyasi xavfi jiddiy, ammo uni yaxshiroq nazorat va sog‘liqni saqlash tizimining tezkor choralari orqali oldini olishga umid qilishimiz mumkin.
Gautam Menon
Ashoka universiteti tadqiqotchisi (BBC.COM/UZBEK)

Бошқача айтганда, BMC Public Health журналида чоп этилган мазкур модел реал дунё маълумотлари ва компьютер симуляцияларидан фойдаланиб, эпидемия реал ҳаётда қандай тарқалиши мумкинлигини кўрсатиб беради.

"Инсонларда H5N1 пандемияси хавфи жиддий, аммо биз уни яхшироқ назорат ва соғлиқни сақлаш тизимининг тезкор чоралари орқали олдини олишга умид қилишимиз мумкин," дейди Менон Би-би-си билан суҳбатда.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, қуш гриппи пандемияси сездирмай бошланади: битта касалланган қуш вирусни одамга, масалан, фермерга, гўшт сотувчига ёки парранда билан ишлайдиган бирор кишига юқтиради. Бундан келиб чиқадики, хавф биринчи юқишда эмас, балки кейинги босқичда: одамдан-одамга узлуксиз юқишида.

Ҳақиқий эпидемиялар чекланган, тартибсиз маълумотлар билан бошланади. Шу сабабли, тадқиқотчилар дастлаб Ковид-19ни моделлаштириш учун яратилган, аммо бошқа касалликларни ўрганиш учун етарлича мослашувчан очиқ кодли симуляция платформаси BharatSim'дан фойдаланишди.

Асосий хулоса шуки, эпидемияни жиловлаш учун вақт жуда қисқа бўлиши мумкин, дейди тадқиқотчилар.

Деҳлидаги ҳайвонот боғида ишчи дезинфекция қилмоқда.

Сурат манбаси, Hindustan Times via Getty Images

Сурат тагсўзи, Деҳлидаги ҳайвонот боғида қуш тумови тарқалгани сабабли ўтган август ойида бир неча кунга ёпиб қўйилди.

Мақолада тахмин қилинишича, касалланиш ҳолатлари тахминан иккитадан 10 тагача етгач, касаллик бирламчи ва иккиламчи алоқалардан ташқарига ҳам тарқалиши мумкин.

Бирламчи алоқалар – касалланган одам билан бевосита, яқин муносабатда бўлган одамлар, масалан, оила аъзолари, ғамхўрлик қилувчилар ёки яқин ҳамкасблар. Иккиламчи алоқалар – касалланган одам билан учрашмаган, аммо бирламчи алоқада бўлганлар билан яқин муносабатда бўлганлар.

Агар бирламчи алоқада бўлган оилалар атиги иккита ҳолат аниқланганда карантинга олинса, эпидемияни деярли тўхтатиш мумкин, дейилади тадқиқотда.

Аммо 10 та ҳолат аниқлангунча, инфекция аллақачон аҳолига тарқалган бўлиши эҳтимоли жуда юқори, шунинг учун унинг ривожланиш йўналиши эртароқ чора кўрилмаган ҳолатдан деярли фарқ қилмайди.

Тадқиқотни реал шароитларга асосланиб олиб бориш учун олимлар Ҳиндистоннинг паррандачилик марказининг маркази бўлган Тамил Наду штатининг Намаккал туманидаги битта қишлоқ моделини танладилар.

Намаккалда 1600 дан ортиқ паррандачилик фермалари ва 70 миллионга яқин товуқ мавжуд бўлиб, у ерда кунига 60 миллиондан ортиқ тухум ишлаб чиқарилади.

Алоқадор мавзулар:

9667 кишидан иборат қишлоқ сунъий жамоа – уй хўжаликлари, иш жойлари, бозор майдонларидан фойдаланган ҳолда яратилган ва реал ҳаётга ўхшатиш учун касалланган қушлар билан тўлдирилган. (Сунъий жамоа – компьютер томонидан яратилган популяция бўлиб, у ҳақиқий аҳолининг хусусиятлари ва хатти-ҳаракатларига тақлид қилади.)

Симуляцияда вирус битта иш жойида – ўртача катталикдаги фермада ёки деҳқон бозорда чиқади, дастлаб у ердаги одамларга (бирламчи алоқалар) тарқалади, кейин эса уйлар, мактаблар ва бошқа иш жойлари орқали улар билан мулоқот қиладиган бошқаларга (иккиламчи алоқалар) ўтади. Уйлар, мактаблар ва иш жойлари доимий тармоқни ташкил этган.

Бирламчи ва иккиламчи юқишларни кузатиш орқали тадқиқотчилар асосий тарқалиш кўрсаткичларини, жумладан, асосий репродуктив сонни (Р0) – битта касалланган одам ўртача қанча одамга вирус юқтириши кўрсаткичини аниқладилар. Ҳақиқий пандемия бўлмагани сабабли, тадқиқотчилар бунинг ўрнига бир қатор эҳтимолий юқиш тезликларини моделлаштирдилар.

Кейин улар турли хил чоралар – қушларни йўқ қилиш, яқин алоқада бўлганларни карантинга олиш ва мақсадли эмлаш бошланганда нима бўлишини синаб кўрдилар.

Натижалар аниқ эди.

Қушларни йўқ қилиш самарали чора, аммо шарти шу – вирус одамга юқишидан олдин амалга оширилиши керак.

Ҳиндистондаги паррандачилик фермасидаги жўжалар.

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳиндистон паррандачилик саноати жаҳондаги энг йирикларидан.

Тадқиқотчилар аниқлашича, агар касаллик одамга ўтса, вақт ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Касалланган одамларни изоляция қилиш ва оилаларни карантинга олиш вирусни иккиламчи босқичда тўхтатиши мумкин. Бироқ, учинчи даражали юқишлар – дўстларнинг дўстлари ёки алоқада бўлганларнинг алоқалари пайдо бўлгач, агар ҳокимият органлари карантин каби қаттиқроқ чоралар қўлламаса, эпидемия назоратдан чиқиб кетади.

Мақсадли эмлаш вируснинг ўзини сақлаб қолиши мумкин бўлган чегарани кўтариш орқали ёрдам беради, аммо у оилалардаги бевосита хавфни деярли ўзгартирмайди.

Симуляциялар, шунингдек, ноқулай муаммони ҳам аниқлади.

Жуда эрта жорий этилган карантин оилаларни узоқ вақт давомида бирга сақлайди, натижада касалланган одамларнинг вирусни бирга яшайдиган кишиларга юқтириши эҳтимоли ошади. Жуда кеч карантин эса эпидемияни умуман секинлаштирмайди.

Тадқиқотчилар моделнинг камчиликлари борлигини таъкидламоқда.

Модел битта сунъий қишлоққа асосланган бўлиб, унда оила ҳажми, иш жойлари ва кундалик ҳаракатланиш тартиблари белгиланган. У кўчманчи қушлар ёки парранда фермалари тармоқлари орқали бир вақтда пайдо бўладиган эпидемияларни ҳисобга олмайди. Шунингдек, у одамлар қушлар ўлаётганини билгач юзага келадиган хатти-ҳаракатлардаги ўзгаришларни, масалан, ниқоб тақишни ҳам ҳисобга олмайди.

Атлантадаги Эмори университети вирусологи Сима Лакдавала яна бир камчиликни қўшади: ушбу симуляцион модел "грипп вирусларининг жуда самарали тарқалишини назарда тутади."

"Юқиш жараёни мураккаб ва ҳар бир штамм турли даражада юқувчан," дейди у ва олимлар мавсумий грипп билан касалланганларнинг барчаси ҳам вирусни бир хил даражада тарқатмаслигини энди тушуна бошлаганини қўшимча қилади.

Унинг айтишича, янги тадқиқотлар кўрсатишича, фақат "грипп билан касалланган одамларнинг бир қисмигина ҳақиқатан ҳам юқумли грипп вирусини ҳавога чиқаради."

Бу Ковид-19 да кузатилган супер-тарқатувчи ҳодисасига ўхшайди, аммо бу грипп борасида яхши ўрганилмаган. Ана шу жиҳат вируснинг одамлар орасида тарқалишига кучли таъсир кўрсатиши мумкин.

Агар H5N1 инсондан инсонга осон юқса, нима бўлади?

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Доктор Лакдаваланинг фикрича, бу "Ковид-19 дан кўра кўпроқ 2009 йилги [чўчқа гриппи] пандемиясига ўхшаш бўлади."

"Чунки биз грипп пандемиясига кўпроқ тайёрмиз. Бизда H5N1 штаммларига қарши лицензияланган самарали антивируслар ва қисқа муддатда қўлланилиши мумкин бўлган H5 номзод вакциналари бор."

Аммо хотиржамликка берилиш хато бўларди. Доктор Лакдаваланинг айтишича, агар H5N1 одамларда ўрнашиб қолса, у мавжуд штаммлар билан қоришиши мумкин, бу эса унинг соғлиққа таъсирини кучайтиради. Бундай аралашув мавсумий гриппни ўзгартириб, "тартибсиз ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мавсумий эпидемиялар"ни келтириб чиқариши мумкин.

Ҳиндистонлик моделчиларнинг айтишича, симуляцияларни реал вақт режимида ишга тушириш ва маълумотлар келиши билан янгилаш мумкин.

Хабар беришдаги кечикишлар, симптомсиз ҳолатлар ҳисобга олинса, улар эпидемиянинг дастлабки соатларида соғлиқни сақлаш ходимларига бебаҳо маълумот бериши мумкин.