Оддий шамоллаш коронавирусни енгиши исботландими? O'zbekiston mintaqa dunyo koronavirus yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жеймс Галлаҳер
- Role, Би-би-сининг Саломатлик ва илм-фан масалалари бўйича мухбири
Тадқиқотчилар айтишича, оддий шамоллашни келтириб чиқарувчи вирус Ковид вирусини танадаги ҳужайралардан самарали тарзда ҳайдаб чиқариши мумкин экан.
Айрим вируслар ўзини ўзи кўпайтириш учун бошқа вируслар билан рақобатлашади.
Глазго университети олимлари айтишича, шамоллашни келтириб чиқарувчи риновирус коронавирусдан устун келади.
Фойдаси қисқа муддатли бўлиши мумкин, аммо риновирус жуда кенг тарқалган бўлиб, коронавирус тарқалишига халал бериши мумкин экан.
Бурнингиз, томоғингиз ва ўпкангиздаги ҳужайраларни қатор-қатор уйлар деб тасаввур қилайдик.
Вирус ўша уйлардан бирортаси ичига кирса, у уй эшигини ланг очиб қўяди ёки ёпиб, бошқа вируслар кирмайдиган қилиб михлаб ташлайди.
Грипп вируси энг худбин вируслардан бири ва доим ёлғиз юқади. Бошқалари, масалан, аденовирус анча сахий, ўз уйини бошқалар билан баҳам кўради.
Ковидни келтириб чиқарувчи Sars-CoV-2 вируси "вирус вирус алоқалари"да ўзини қандай тутиши ҳақида турли тахминлар мавжуд.
Олимлар олдидаги муаммо шуки, бир йилдан бери ижтимоий масофа сақланиши бошқа вирусларнинг тарқалишини ҳам секинлаштирган ва бу уларни ўрганишни ҳам қийинлаштирган.
Глазгодаги Вирус тадқиқотлари маркази жамоаси нафас йўлларимиздаги тўқималар билан бир хил бўлган ҳужайраларга Sars-CoV-2 ва одамлар орасида кенг тарқалган риновирусни бир пайтда юқтирган.
Агар риновирус ва Sars-CoV-2 бир пайтда юқтирилса, риновирус доим ютиб чиққан.
Риновирус аввал юқтирилганда эса, коронавирус ҳужайрага умуман кира олмаган ва ҳатто Sars-CoV-2 бир кун аввал юқтирилганда ҳам риновирус уни "қувиб чиқарган".

Сурат манбаси, Getty Images
"Sars-CoV-2 умуман кўпая олмайди, чунки риновирус унинг йўлини бутунлай тўсиб қўяди", дейди доктор Пабло Мурсиа Би-би-сига.
У қўшимча қилади: "Бу жуда қизиқ. Агар сизга риновирус юқиб турган бўлса, Sars-CoV-2 юқишини тўхтатиб қўйиши мумкин."
Шунга ўхшаш натижалар аввал ҳам кўрилган. Риновируснинг кенг тарқалгани 2009 йили Европанинг айрим қисмларида чўчқа гриппи пандемияси кечикишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Кейинги тажрибалар риновирус зарарланган ҳужайралар ичида иммунитет реакциясини қўзғаб, Sars-CoV-2нинг ўзини ўзи кўпайтириш имкониятини йўққа чиқарганини кўрсатди.
Олимлар иммунитет реакциясини тўхтатишганда эса, Ковид вируси у ерда риновирус йўқдек, бемалол одатий шаклда кўпайган.
"Оғир қиш" олдинда
Шундай бўлса ҳам, шамоллаш қайтиб, иммунитет реакцияси босилгач, Ковид яна юқиши мумкин.
Доктор Мурсиа шундай дейди: "Вакцина, гигиена қоидаларига амал қилиш ва вирусларнинг ўзаро таъсирлашуви Sars-CoV-2 тарқалишини кескин камайтиради, аммо энг катта самара вакцинадан келади."
Уорвик Тиббиёт мактаби профессори Лоуренс Янгнинг айтишича, асосан оддий шамоллашни келтириб чиқарувчи риновируслар "жуда юқумли".
Унинг тадқиқотлари кўрсатишича, "бу одатий инфекция Ковид-19 касаллиги ўтиши ва Sars-CoV-2 тарқалишига, айниқса, шамоллаш мавсуми бўлмиш куз ва қиш ойларида таъсир қилади".
Булар келгуси қишларда қандай бўлади ҳамон номаълум. Коронавирус сақланиб қолади ва пандемия даврида босиб турилган бошқа вируслар ҳам уларга қарши иммунитет сусайиши билан яна осмонга сапчийди.
Англия Жамоат соғлиғи ташкилотидан доктор Сьюзан Ҳопкинс аллақачон "оғир қиш"дан огоҳлантирган.
"Грипп кескин тарқалишини кутиш мумкин. Бошқа респиратор вируслар ва патогенлар кўпайиши мумкин", дейди у.
Тадқиқот хулосалари "Journal of Infectious Diseases" чоп этилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














