Қозоғистон ва Қирғизистонда тез юқувчи Гонконг гриппи тарқалди

Ўзбекистонда бу мавсумда ҳали Гонконг гриппи қайд этилмади.
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда бу мавсумда ҳали Гонконг гриппи қайд этилмади.
    • Author, BBC Янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Қозоғистон ва Қирғизистонда Гонконг гриппи (А/H3N2) тарқалиши ҳолатлари кўпайган. Бу ҳақида икки давлатнинг расмий идоралари хабар тарқатмоқда.

Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитар-эпидемиология қўмитаси ушбу касаллик ҳолатлари ҳақида маълумот тарқатмаган.

Қозоғистонда, хусусан, Гонконг гриппи ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалиши оқибатида 12 вилоятда 652 мактаб масофадан ўқиш тизимига ўтказилди.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу касалликнинг тарқалиши чўққисига чиққани ё чиқмагани бўйича маълумот беришга қийналмоқда.

Вазирликка кўра, касалликнинг бу йил вақтли тарқалишига илиқ ҳаво туртки берган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Қирғизистонда эса 17 ва 23 ноябрь ўртасида тарқалган грипп ҳолатларининг қарийб 92 фоизи Гонконг гриппига тўғри келмоқда.

Беморларнинг қарийб 70 фоизи – 14 ёшгача бўлган болалар.

Гриппнинг бу тури Ўзбекистонда охирги марта 2023 йилда қайд этилганди.

Бу қандай касаллик?

Гонконг гриппидан оғриш ҳолати илк марта 1968 йил ўрталарида Гонконгда қайд этилган.

Жуда тез тарқалувчи бу грипп тури ўшанда 4 миллионгача одамнинг ўлимига олиб келган пандемияга сабаб бўлган.

Санитар-эпидемиология қўмитасига кўра, Гонконг гриппи оддий гриппга хос бўлган белгилар билан юзага келади:

  • танадаги оғриқлар;
  • умумий заифлик ва уйқучанлик;
  • бош оғриғи ва бош айланиши;
  • мушак оғриғи;
  • юқори ҳарорат (кўпинча 39 даражадан юқори);
  • кўнгил айниши ва диарея;
  • оғриқ, кўз ёши ва оғриқ;
  • томоқ оғриғи ва қуруқ йўтал.

Гонконг гриппи пневмония, миокардит, энцефалит ва менингит кабиларни келтириб чиқариши, шунингдек сурункали юрак касалликлари, астма, диабет ва бошқаларни кучайтириши мумкин.

Нима тавсия қилинади?

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни тавсия қилмоқда:

  • Гавжум жойлардан (концертлар, савдо марказлари) сақланинг. Иложи бўлса, жамоат транспортидан фойдаланишни камайтиринг.
  • Тиббий ниқоб тақинг – у юзга маҳкам ўрнашиб, бурун ва оғизни ёпиб, ҳар икки-уч соатда ёки нам бўлганда алмаштирилиши керак.
  • Аломатларнинг биринчи белгисида уйда қолинг ва бошқаларга юқтирмаслик учун болаларни мактабга ёки болалар боғчасига юборманг.
  • Беморнинг аҳволи ва ёшига мос келадиган муолажа учун дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
  • Болаларга нафас олиш гигиенасини ўргатинг ва ўзингиз ҳам амал қилинг: йўталаётганда ва аксирганда бир марталик салфеткалардан фойдаланинг, оғиз ва бурнингизни қўлингиз билан эмас, балки тирсагингиз билан ёпинг.
  • Ташқаридан киргандан, жамоат транспортида саёҳат қилгандан, жамоат жойларига ташриф буюргандан ва ҳоказолардан кейин қўлларни дезинфекцияловчи воситадан фойдаланинг.
  • Хоналарни мунтазам равишда шамоллатинг – кунига камида уч-тўрт марта ва 10-15 дақиқа давомида.
  • Ётоқда ётинг – грипп билан оёқда юриш хавфлидир.
  • Беморни изоляция қилинг - иложи бўлса, уларга алоҳида хона ажратинг.
  • Идиш-товоқ ва сочиқлар билан таъминланг - уларни алоҳида ювинг ва дезинфекция қилинг.