Грипп: Нега келаётган қишда ундан хавотир олишимиз керак? Gripp Koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Смита Мундасад
- Role, Би-би-сининг саломатлик репортёри
Соғлиқни сақлаш мутасаддилари ҳар бир одам гриппга қарши вакцина олишини таъминлаш учун янада жиддийроқ ҳаракат қилмоқда.
Британиянинг гриппга қарши иммунизациялаш бўйича энг йирик дастури доирасида ҳозирча 30 миллион одам эмланиши назарда тутилган.
Мақсад эса коронавируснинг забтига олиши билан бир вақтда грипп мавсуми ҳам бошланадиган бу йилги қишга тайёргарлик кўришдир.
Хўш, бу қандай бўлади? Бу йил ҳаммаси одатдагидан оғирроқ кечадими?
Грипп қанчалик хавфли?
Грипп жуда кенг тарқалган, ўта юқувчан вирусли касалликдир.
У, айниқса, кекса ёшлилар, ёш болалар ва сурункали касали борлар учун хавфли бўлиши мумкин.
Ўтган беш грипп мавсумида Англиянинг ўзида ўртача 11 000 мингдан зиёд одам шу касаллик важидан вафот этди.
2018 19 йиллар мавсумида 4 000 минг одам ўлган бўлса, 2017 18 йиллар мавсумида 22 000 дан зиёд одам унинг қурбони бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
Муаммо шундаки, кексалар, ҳомиладор аёллар ва сурункали касали бўлганлар ҳам коронавирусдан, ҳам гриппдан оғир аҳволга тушиб қолишлари мумкин.
Соғлом одамлар гриппга самарали қаршилик кўрсата олгани билан айрим ҳолларда вазият мураккаблашиши эҳтимоли йўқ эмас.
Энг кенг тарқалган бу мураккаблик бактериали инфекция билан боғлиқ бўлиб, пневмонияга ўтиб кетиши мумкин.
Ҳаётга хавф солувчи яна бошқа мураккаблашув минингит ва септик шокдир.
Грипп ва коронавирус биргаликда қанчалик хавфли?
Коронавирус ва гриппнинг қўшалоқ келиши ҳар бири алоҳида бўлгандагидан кўра қаттолроқ эканини тасдиқловчи далиллар бор.
Аммо, бошқа бир фаразга кўра, бир вирус организмни забт этганда бир вақтда бошқа вируснинг киришига тўсқинлик қилиши мумкин. Бу фараз ҳали асосланмаган.
Шуниси аниқки, катта грипп мавсуми коронавирус билан қўшилиб, касалхоналарни тўлдириб юбориши мумкин.
Масалан, соғлиқни сақлаш ходимлари грипп билан касалланса, улар баҳордагидек Ковид 19га қарши самарали кураша олмайди.
Аммо коронавирусни тўхтатиш учун кўрилаётган чоралар - ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш ва бошқа шахсий гигиеник чоралар, назарий жиҳатдан, гриппнинг ҳам йўлига тўғаноқ бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг айтишича, бу чоралар бу йил Австралия каби мамлакатларда грипп мавсуми кутилганидан енгил ўтишига ёрдам берган.
Грипп ёки коронавирусга чалинганингизни қандай биласиз?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳар икки касаллик тана ҳароратини кўтаради, йўтал, чарчоқ, мушаклар ва бош оғриғига сабаб бўлади.
Айрим одамлар, айниқса, болаларда ич кетиш ва қайд қилиш кузатилади.
Бу симптомлар одамлар қишда тарқовчи бошқа вирусларга чалинганда ҳам кузатилади.
Грипп ҳам, коронавирус ҳам одамларда симптом пайдо бўлишидан аввал ёки умуман симптомсиз шаклда тарқалиши мумкин.
Булар бу қишда аҳволни янада оғирлаштиради.
Мана нима учун гриппга қарши эмлаш кенгроқ жорий қилинмоқда ва коронавирусни тест қилиш ва касалларни кузатиш воситалари кўпайтирилмоқда.
Грипп вакцинаси кимларга таклиф қилинмоқда?
Англияда қуйидаги тоифалар гриппга қарши бепул эмланмоқда:
- коронавирусдан сақланиши қатъий талаб қилинадиган хавф гуруҳига мансублар ва улар билан бирга яшовчилар;
- қандли диабети, юрак касаллиги, астмаси бўлганлар
- ҳомиладор аёллар
- 2 ёшдан катта бўлган мактабгача бўлган болалар;
- барча бошланғич, ўрта ва битирувчи синф ўқувчилари;
- аввал 65 ёшдан катталар, сўнг 50 ёшдан катталар;
- соғлиқни сақлаш ва парваришлаш соҳаси хизматчилари.
Шотландия, Шимолий Ирландия ва Уэлс ҳам ана шу каби тоифаларни эмлаш дастурлари билан қамраб олишни режаламоқда.
Иммунизация дастури сентябрь ойида бошланиши билан Миллий Соғлиқ Хизмати (МСХ) хавф гуруҳига кирувчиларни биринчи галда эмланишини таъминламоқчи.
Агар вакцина таъминоти етарли бўлса, 50 54 ёшлилар ноябрь ёки декабрда эмланиши режаланган.
Расмийлар эмлаш қашшоқ аҳоли, Ковид 19 ва гриппга чалиниш хавфи баланд бўлган этник озчиликларни ҳам қамраб олиши муҳимлигини айтишмоқда.
МСХ дастуридан четда қолганлар учун вакциналар дорихоналарда ва айрим супермаркетларда ҳам топилади.
У одатда 20 фунт(қарийб 27 АҚШ доллари) туради.
Бу йил вакцина олиш қийин бўладими?
Шифокор ва ҳамширалардан пандемия вақтида эмлашни имкон қадар хавфсиз шароида ўтказиш учун чора кўриш сўралмоқда.
Вақтни тўғри тақсимлаш, навбатлар ҳосил бўлиши олдини олиш ҳам шулар жумласидан.
Ёрдамга яна қўшимча одам жалб қилиниши мумкин.
Одамлардан ўз машиналарини навбат кутиш жойи сифатида фойдаланишини сўраш мумкин.
Бошқалар кўчма клиникалар ташкил қилиш вариантини ҳам кўриб чиқади.
Клиникага бориши хавфли бўлганларни ҳамширалар уйларга ўзлари бориб эмлаши кераклиги ҳақида таклифлар бор.
Айрим ҳомиладор аёллар эса туғруққача бўлган кўрик чоғида эмланиши мумкин.
Коронавирусга чалинган ёки чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар аҳволлари яхши бўлгунга қадар эмлашни кечиктириб туриш сўралади.
Вакцина етарлими?
Соғлиқ ва ижтимоий ҳимоя департаменти талаб ошиб кетмаслиги учун етарлича миллий заҳира шакллантирилганини айтмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Вакциналар айнан кераклисими?
Ҳар йили ЖССТ келаси мавсум учун вакцина тавсия қилаётганда тарқалаётган грипп штаммларини ўрганади.
Вакциналар аввалдан тайёр бўлгани учун булар ҳаммаси башорат характерида бўлиб, тавсилар кўпинча вирус тарқалмасдан 6 ой бурун берилади.
Экспертлар бу тавсиялар 100 фоиз тўғри бўлмаслигини тан олса ҳам, ҳеч қурса битта грипп штаммига қарши вакцина олиш, айниқса ҳозирги пандемия шароитида, маъқул иш бўлишини таъкидлайдилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















