Исроиллик келгиндилар Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларни чиқариб юбориш кампаниясини кучайтираяптилар

Жереми Боуэн (ўнгда) ва Мейр Симча анжир дарахти тагидаги ўтлоқда ўтиришипти

Сурат манбаси, Oren Rosenfeld/BBC

    • Author, Жереми Боуэн
    • Role, Халқаро муҳаррир, Ғарбий Соҳилдаги Исроил босиб олган ерлар
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Мейр Симха суҳбатга рози бўлди-ю, аммо ўзи учун муҳим бир пайтда ва хос бир жойда гаплашишни истади. У миллат, дин ва уруш сиёсат ҳамда ерга эгалик масалалари билан узвий чирмашиб кетган заминни, Ҳеврон жанубидаги ярим чўл ҳудуддаги анжир дарахти сояси ва тоза сувли булоқ ёнини танлади.

Чанг босган, йўлтанламас кичик "Тойота"сидан у мева ва сабзавотлардан тайёрланган шарбат олди.

– Хавотир олманг, қўшимча шакари йўқ, – деди у, шарбатини елим стаканларга қуяр экан.

Симха – Ғарбий соҳилдаги Ҳеврон жанубида кенг майдонларни босқичма-босқич ўзгартириб келаётган яҳудий келгиндилар гуруҳи етакчиси.

У икки йирик текис тошни сояга суриб, ўтириш учун жой ҳозирлади. Биз булоқдан томчилатиб суғорилаётган яшил чаманзорда ўтирардик. Бу жазирама ёз иссиғида ҳам яшиллигини сақлаб турган кичик бир воҳа эди. Атрофдаги тик ва қақроқ тоғ этагидаги бу манзара, ҳеч бўлмаганда, Ғарбий Соҳилда сўнгги пайтларда ноёб бўлиб қолган осудалик ҳиссини уйғотарди.

Иордан дарёси билан Ўрта ер денгизи орасидаги ерлар учун араб-яҳудий кураши бир асрдан ортиқ вақт аввал бошланган. Ўша пайтда Европа сионистлари Фаластинда жамоалар қуриш учун ер сотиб олган эди. Бу тарих қатор бурилиш нуқталари билан шаклланди.

Сўнггиси 2023 йил 7 октябрдаги Ҳамас ҳужумлари ва Исроилнинг вайронкор жавоби бўлди.

Сўнгги 22 ой давомидаги уруш оқибатлари ва оташкесимгача қанча вақт қолишидан қатъи назар, бу жараён худди 1967 йилги Яқин Шарқ уруши каби йилларча авлодлар тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин. Ўшанда Исроил Ғазони Мисрдан, Шарқий Қуддус ва Ғарбий Соҳилни эса Иорданиядан тортиб олган эди.

Ғазодаги вайроналик ва қурбонлар кўлами эса Ғарбий Соҳилда тобора кучайиб бораётган кескинлик ва зўравонликни кўпинча ёпиб қўяди.

2023 йил октябридан бери Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга босими кескин ортди. Расман бу хавфсизлик чоралари сифатида асосланса-да, вазирлар, Симха каби маҳаллий етакчилар ва гувоҳлар сўзларига кўра, бу кенгроқ дастурнинг бир қисми – яҳудий манзилгоҳларини тезроқ кенгайтириш ва мустақил Фаластин давлатини барпо этиш умидини ҳам буткул йўқ қилиш.

Фаластинликлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил хавфсизлик кучларини фаластинликларни ҳам ҳимоя қилиш мажбуриятини бажармаётгани етмагандек, ҳатто яҳудий келгиндилар зўравонлигига кўз юмиш ёки унга қўшилишда айблайди.

Миллатчилик кайфиятидаги яҳудий келгиндилар зўравонлиги 2023 йил 7 октябрдан бери кескин кўпайган. БМТнинг гуманитар ишлар бўйича идораси маълумотича, кунига ўртача тўртта шундай ҳужум қайд этилади.

Халқаро суд (ICJ) 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари ишғолини ноқонуний деб топган. Исроил бу хулосани рад этиб, босиб олинган ҳудудларда жойлашишни тақиқлайдиган Женева конвенциялари унга тааллуқли эмаслигини айтади – бу фикрни кўплаб халқаро ҳуқуқшунослар ва ҳатто айрим яқин иттифоқчилари ҳам инкор этади.

Симха фаластинликларга ҳужум қилгани ҳақидаги ҳар қандай даъвони рад этди, аммо тоғ ва водийларда чорва боққан ёки зайтун терган араб деҳқонларнинг аксари кетганидан мамнунлигини яшириб ўтирмади.

У 7 октябр воқеалари ва шундан кейин Исроилнинг жавоб ҳаракатларини бурилиш нуқтаси сифатида кўради:

"Менимча, кўп нарса ўзгарди. Биз яшайдиган ердаги душман умидини йўқотди. У кетиш арафасида эканини англай бошлади. Охирги бир йил – бир ярим йилда шу ўзгарди.

Бугун бу чўлда бемалол юриш мумкин – ҳеч ким ташланиб, ўлдиришга уринмайди. Ҳали ҳам бизга қарши чиқиш уринишлари бор, лекин душман келажаги йўқлигини аста-секин англаяпти.

Ҳақиқат шу: сизга ва бутун дунёга савол – нима учун фаластинликларга шунча аҳамият бераяпсиз? Улар – шунчаки кичик бир миллат.

Фаластинликлар менга қизиқ эмас. Мен ўз халқим ҳақида қайғураман."

Симханинг айтишича, у эгаллаб олган теваракдаги қишлоқ ва далаларни тарк этган фаластинликлар бу ерлар яҳудийларники деб Худо ирода қилганини англаб етган эмиш.

Жорий йил 24 июль куни БМТ экспертлари гуруҳи бутунлай бошқа хулосага келди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси эълон қилган баёнотда шундай дейилади:

"Биз фаластинликларни ўз ерларидан маҳрум этиб, озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётган кенг кўламли қўрқитиш, зўравонлик, ерларни тортиб олиш, тирикчилик манбаларини йўқ қилиш ва натижада жамоаларни мажбурий кўчириш ҳолатлари ҳақидаги хабарлардан қаттиқ хавотирдамиз.

Маълум қилинаётган бу зўравонликлар, мулкларни йўқ қилиш, ер ва ресурслардан фойдаланишни рад этиш ҳолатлари инсон ҳуқуқларини тизимли бузиш намунаси бўлиши мумкин."

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Биз ёнида суҳбатлашган булоқдан паст томонда Симха сув ҳавзаси қазимоқчи. Ғарбий Соҳилда яҳудий келгинди қишлоқларини кенгайтираётган кўпчилик каби, унинг ҳам келажакка оид талай мақсадлари бор.

Мен уни илк бор 2023 йил 7 октябрда Ҳамас Исроил чегара мудофаасини ёриб ўтганидан кўп ўтмай учратганимда, у Яҳудо чўлининг Ўлик денгизга томон пастга тушадиган тоғ ёнбағридаги кичик карвонлар гуруҳида яшарди.

Шундан бери, Симханинг айтишича, унинг жамоаси учта тоғ чўққисида тахминан 200 кишигача кенгайган. У фаластинликларни зўравонлик билан таъқиб этишда ном чиқарган "Тепалик ёшлари" деб аталган радикал ҳаракат аъзоси.

Ғарбий Соҳилдаги кўпчилик исроиллик келгиндилар Симхадан фарқ қилади. Улар бу ерга мафкуравий ёки диний сабаблар билан эмас, уй-жой арзонлиги туфайли кўчиб келган.

Бироқ ҳозир Симхага ўхшаган одамлар воқеалар марказида турибди – уларнинг етакчилари ҳукуматда ўтириб, ҳаракатни бошқараяптилар, оилали, ёши катта ва болалари учун сув ҳавзаси қуриш билан бирга, фаластинликлар устидан мутлақ ғалаба қозониш ва ерни абадий яҳудийлар мулкига айлантириш ҳақида ўйлашмоқда.

Симха ўзини бахтли одам сифатида кўрсатади. Унингча, Ғарбий Соҳилни фаластинликлар эмас, балки яҳудийларнинг ерига айлантириш орқали "Худо иродасини амалга ошириш" миссияси яхши суръатда илгариламоқда.

Ғарбий Соҳилда яҳудий келгиндилари фаластинликлардан тортиб олган ерларда 2025 йил май ойигача ташкил этган келгиндиларнинг 22 та янги яшаш жойи

Сурат манбаси, .

Исроилнинг узоқ муддатли лойиҳаси

Исроилнинг ишғол қилинган янги ҳудудларга яҳудий аҳолисини жойлаштириш лойиҳаси 1967 йилдаги уруш ғалабасидан бир неча кун ўтиб бошланган. Деярли 60 йил мобайнида турли ҳукуматлар ва бой ҳомийлар катта маблағ ва куч сарфлаб, Ғарбий Соҳилда (Шарқий Қуддусни ҳам қўшиб) тахминан 700 минг яҳудийни жойлаштирди.

Мен бу қишлоқ ва шаҳарларнинг ўсишини лойиҳанинг ярми давомида кузатиб келганман – илк бор 1991 йилда Фаластиннинг ишғол этилган ҳудудларидан репортаж тайёрлаганман. Бу вақт мобайнида Ғарбий Соҳил манзараси кескин ўзгарди: йирик яҳудий келгинди қишлоқлар шаҳарчаларга айланди, ҳудуд эса Исроил қурган йўллар ва туннеллар тармоғи билан бўлакларга бўлиниб кетди. Бу йўллар фақат ҳаракат учун эмас, балки ерга дахлдорликни мустаҳкамлаш воситаси ҳамдир.

Тунда узоқ тепаликлардаги келгиндилар карвонларидан таралаётган нурлар кўринади. Йўл ёқаларидаги фаластинлик деҳқонларга тегишли зайтун боғлари, боғ-роғлар ва узумзорлар кўпинча ташландиқ, айримларида Исроил вайрон қилган бинолар харобалари қолган.

Исроилнинг айтишича, йўл атрофидаги ерларни назорат қилиш Ғарбий Соҳилдаги яҳудийларга қарши ҳужумлар олдини олиш учун зарур. Аммо кўп ҳолларда фаластинлик деҳқонлар ўз ерларига бориш учун ҳарбий рухсатнома олишига тўғри келади – баъзан йилига фақат бир марта.

Авваллари фургонларда ёки эшак миниб кетаётган фаластинлик деҳқонлар кўп учрарди. Ҳозир Ғарбий Соҳилнинг кўп қисмларида, айниқса, Шило шарқида ва Наблус йўлида, бу манзара йўқолиб бораяпти: тепаликлардаги кичик карвонлар ва уйлар йўллар орқали боғланиб, йирик турар-жой марказларига айланаяпти.

Ишғолнинг илк йилларида Исроил етакчилари келгиндилар манзилгоҳларини миллий хавфсизлик учун зарур, деб таъкидлашарди. Душманлар Иордан водийси ортида деб ҳисобланар, фронтни илгарилаш ва ерни ўзлаштириш сионистлар учун муҳим вазифа саналган – бу 1920–30 йилларда ҳозирги Исроил ҳудудида пайдо бўлган киббуцлар ҳаракатига ўхшар эди.

Бу можарода ер энг қимматли ресурс ҳисобланади. 1967 йилда Исроил эгаллаган ерни фаластинликларга қайтариб тинчликка эришиш – 1990-йилларда умид уйғотган, аммо зўравонлик билан якунланган Осло тинчлик жараёнининг бош ғояси эди.

1993 йилда Норвегиядаги бир неча ойлик махфий музокаралардан сўнг, дунё Оқ Уй майдонида Исроил бош вазири Исҳақ Рабин ва Фаластин етакчиси Ёсир Арофатнинг қўл сиқишига гувоҳ бўлди. Улар можарони тугатиши кутилган декларацияни имзолаганди: Исроил ишғол қилинган ерларни фаластинликларга қайтариши, эвазига фаластинликлар 1948 йилда йўқотган ҳудудларига даъводан воз кечиши керак эди.

Ёсир Арофат ва Исроил Бош вазири Исҳақ Рабин 1993 йил 13 сентябрда Вашингтонда

Сурат манбаси, Cynthia Johnson/Liaison

Уларнинг ХХ аср давомидаги можаросининг асосида турган, иккаласи ҳам даъво қилаётган ерни ким назорат қилиши масаласи уни бўлиб бериш орқали ҳал қилиниши мумкин эди.

2000-йилдаги Кемп-Дэвидда ўтган охирги, фожиали саммитдан сўнг, 1993-йилдаги умидлар ўрнига фаластинликлар қўзғолонининг қонли зўравонлиги ва Исроилнинг катта ҳарбий жавоби келди.

Тинчлик жараёни муваффақиятсизлиги сабабларидан бири – музокаралардан ташқарида ҳам бошқа кучлар аралашгани бўлди.

Ҳамас "бутун Фаластин мусулмонлар мулки" деган эътиқодидан воз кечмади ва тинчлик ғоясини йўққа чиқариш учун худкушлик ҳужумларидан фойдаланди.

Исроилдаги диний сионистлар орасида эса 1967-йилдаги ғалаба яҳудий халқини қутқарадиган илоҳий зот келишига бўлган ишончни кучайтирди. Бу яҳудий келгиндилар ҳаракатига туртки берди.

1995-йил ноябрда, Ҳерзлияда ўсган ва дам олиш кунларини Ғарбий Соҳилдаги келгиндилар манзилгоҳларида ўтказган бир яҳудий экстремист Исҳақ Рабинни ўлдирди. Исроил хавфсизлик хизмати Шин Бет томонидан илк сўроқда у сув сўради – гўё "Худо иродасига қарши ҳалокатли йўл"дан яҳудий халқини қутқарганини нишонлаш учун.

Диққат. огоҳлантириш: Ушбу қисмдаги тасвирларни айрим ўқувчилар кўнглини хира этувчи деб топиши мумкин

Бугун бу ғоя Симха каби келгиндиларни қаттиқ илҳомлантираяпти. Улар 1967-йилдаги ғалабани Худо томонидан берилган мўъжиза ва яҳудий халқига Иудея ҳамда Самариянинг тоғли марказий ҳудудларини – дунё "Ғарбий соҳил" деб атайдиган ерларни асл аждодий мулк сифатида қайтариш деб билишади. Айримлар 7 октябрдан кейинги воқеаларни ҳам мўъжизанинг давоми деб ҳисоблайди.

Ўтган ёзда Манзилгоҳлар ва миллий миссиялар вазири Орит Строк Симха фаолият юритаётган Ал-Халил(Ҳеврон) тоғларидаги ноқонуний манзилгоҳда тарафдорларига шундай деди:

"Менимча, бу – мўъжиза даври. Ўзимни светофорда яшил чироқ ёқилган одамдек ҳис қиламан."

Вазир бу гапларни Халқаро суд ўз қарорини эълон қилишидан бир неча кун олдин, ҳукумат яқинда "қонунийлаштирган" Ал-Халил(Ҳеврон) тоғларидаги манзилгоҳда айтди.

Исроил қонунлари "қонуний" манзилгоҳларни "ноқонуний"лардан фарқлайди, аммо амалда ҳукумат ҳаракатлари бу чегарани йўққа чиқармоқда. "Ёш манзилгоҳлар" деб қайта номланган манзилгоҳлар қонунийлаштирилиб, давлат маблағлари йўналтирилаяпти.

Police guard a digger extending the settlement of Carmel near Umm al-Khair, in the southern West Bank

Сурат манбаси, Oren Rosenfeld/BBC

Сурат тагсўзи, Ғарбий Соҳилдаги Уммул-Хайр яқинида келгиндилар масканини кенгайтираётган булдозерни полициячилар қўриқлаяпти

Жорий йил апрелда, Ал-Халил(Ҳеврон) тоғлари жанубидаги шундай манзилгоҳда бўлиб ўтган маросимда молия вазири Безалел Смотрич келгиндиларга 19 та йўлтанламас автомобил ҳадя қилди ва уларни "улкан ерларни ўзлаштиргани" учун мақтади.

Times of Israel мухбирига кўра, маросимда қатнашган келгиндилардан бири Йинон Леви фаластинликларни йўлтанламас билан қўрқитаётгани видеога тушиб қолган эди. У фаластинликларни зўравонлик билан ерларидан ҳайдагани учун Британия ва Европа Иттифоқи санкциясига тушган шахс, аммо Трамп маъмурияти Байден жорий қилган бу каби санкцияларни бекор қилган.

Леви радикал келгиндилар элитасига мансуб: у машҳур экстремист Ноам Федерманнинг куёви. Федерман Исроил, АҚШ ва Европа Иттифоқи террорчи деб белгилаган Ках партиясининг собиқ етакчиси.

Жорий йил 28 июлда Йинон Леви Ғарбий соҳилдаги Умм ал-Хайр қишлоғидаги можарода фаластинлик фаол ва журналист Ода Ҳаталинни ўлдирди. Леви ўзини ҳимоя қилганини даъво қилди ва уч кундан сўнг уй қамоғидан сўнг озод этилди.

Биз Уммул-Хайрга борганимизда, Ҳаталиннинг жасади ҳамон ўлдирилган жойида ётарди. Унинг укаси Халилнинг айтишича, марҳум ўлдирилган пайтда беш ёшли ўғли Ватанни қўлида тутиб, телефонда зўравонлик манзарасини видеога олаётган экан.

A bloodstain remains at the spot where Odeh Hathaleen was killed in Umm al-Khair in the occupied West Bank

Сурат манбаси, Oren Rosenfeld/BBC

7 октябрдан бери Ғарбий Соҳилдаги келгиндилар ҳаракати ҳукуматдаги муросасиз яҳудий миллатчилар – миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ва Смотрич раҳбарлигида янада тез суръатда илгариламоқда.

Бен Гвир 18 ёшида радикал қарашлари туфайли армияга чақирилмаган, аммо ўзи хизмат қилишни истаганини айтади.

Икки вазир дунёвий сиёсатчилардан – Исроил сўл қанотидан истефодаги генерал Йигал Аллон ва ўнг қанотдан Ариэл Шарондон тубдан фарқ қилади.

Улар 1967-йилдан кейинги дастлабки 20 йилда келгиндилик ҳаракати илғори бўлишган.

Аллон ва Шарон сингари, улар ҳам хавфсизлик учун куч зарур, деб ҳисоблайди.

Бироқ Смотрич, Бен Гвир ва уларнинг тарафдорлари учун бу ишонч диний эътиқод билан мустаҳкамланган.

Нетаняҳуни қўллаб-қувватлаб, уни ҳокимиятда ушлаб туриш эвазига улар қўлга киритган таъсир ҳанузгача дунёвий исроилликларни ғазаблантирмоқда.

Смотричнинг исроиллик мухолифлари у ҳақида гапирганда "мессиячи" атамасини ҳақорат сифатида ишлатади.

Аллон ва Шарон ҳам шафқатсиз бўлиши мумкин эди. 1967-йилги урушдан сўнг Аллон Ғарбий Соҳил ва Иордан водийсининг катта қисмларини аннексия қилиш тарафдори бўлган. Аммо улар ўзини Худонинг иродасини бажаряпмиз, деб ҳисобламаган.

Ҳамас ўзининг Исроил мавжудлигига қарши зўравонлик сиёсатини дин билан оқлайди. Яҳудий диний сионистлар эса Худонинг иродасини бажараётганига ишонадилар.

Худонинг ўзига хайрихоҳлигига ишониш урушни муқаррар қилмайди, аммо тинчлик учун зарур бўлган муросани қийинлаштиради.

"Келгиндилар ҳарбийга айланди"

Биз Синжел ёнидаги йўл чорраҳасида Яҳуда Шоул билан учрашдик. У Исроилнинг ишғолга қарши энг таниқли фаолларидан бири.

Шоул ҳарбий хизматда қарийб 60 йил давом этган ишғолнинг қандай шафқатсиз эканини ўз кўзи билан кўрганидан сўнг "Сукунатни бузиш" номли ташкилотга асос солган.

У ҳозир ташкилотни бошқармайди, аммо унинг тарафдорларини кўп марта "хоин" деб аташган.

7 октябрдаги ҳужумлардан сўнг Исроил армиясининг Ғарбий Соҳилдаги босими фаластинликларнинг келгиндиларга қарши зўравонлигини камайтирди, аммо келгиндиларнинг фаластинликларга ҳужумларини кескин оширди.

Шоулнинг айтишича, келгиндилар билан Исроил Мудофаа кучлари (ИМК) ўртасидаги чегара йўқолиб бормоқда.

Ғазодаги уруш Исроил тарихидаги энг давомли ҳарбий захира сафарбарлигини талаб қилди. Захирачилар сонини кўпайтириш учун Ғарбий Соҳилдаги бригадалар келгиндилардан ташкил топган маҳаллий мудофаа бўлинмаларини тузди.

"Энди келгиндилар – ҳарбий, ҳарбийлар – келгинди. Икки-уч йилдан бери фаластинлик чорвадорларга ҳужум қилиб, уларга тош отиб келган келгинди ҳозир формадаги, милтиқли ҳарбий ёки офицер сифатида шу ҳудуд учун масъулга айланди.

Шундай қилиб, у фаластинликка бориб, '24 соат муҳлат, кўч-кўронингни йиғиштиргин-у, жўнаб қол, акс ҳолда отаман', деганида, фаластинлик уни тўхтатадиган ҳеч ким йўқлигини билади."

Яҳуда Шоул баланд сим тўр девор ёнида

Сурат манбаси, Oren Rosenfeld/BBC

Шоулнинг фикрича, Исроилда икки йўл қолган:

Бири – "ҳукумат чизган йўналиш: кўчириш, ҳақорат қилиш, ўлдириш, фаластинлик ҳаётини вайрон қилиш ва охирида аҳолини оммавий кўчириш."

Иккинчиси – "Фаластин ва Исроил икки давлат бўлиб яшайди, ҳар икки халқнинг ҳуқуқ ва қадр-қиммати таъминланади."

У шундай дейди: "Бу икки вариантдан бири танланиши керак."

Шоулнинг 7 октябрдан кейинги Ғазодаги уруш ҳақидаги гаплари Исроилда кам эшитилади, аммо фаластинликлар орасида кенг тарқалган ва Европадаги Исроил танқидчилари орасида тобора кўпроқ эшитилмоқда.

"Менимча, биз Ғазода қирғинга гувоҳ бўляпмиз... давлат ва келгиндиларнинг Ғарбий соҳилнинг имкон қадар кўпроқ ерида фаластинликларни этник тозалаш бўйича улкан кампанияга ҳам гувоҳ бўляпмиз."

"Албатта, агар бу ерда Нетаняҳу ёки унинг тарафдорлари бўлганида, "бу бемаъни гаплар. Бу яҳудийларга қарши террорчилик ва ҳужумлардан Исроилни ҳимоя қилиш', дерди. Сиз бунга нима дейсиз?" деб сўрайман ундан.

У шундай жавоб берди:

"Менимча, 7 октябр бизга агар ҳақиқатан ҳам исроилликлар ва фаластинликлар ҳаётини ҳимоя қилмоқчи бўлсак, зўравонликнинг илдиз сабабларини: ўнлаб йиллар давом этган шафқатсиз ҳарбий ишғол, фаластинликларни кўчириш ва қарийб 100 йил давом этаётган можарони ҳал қилиш кераклигини ўргатди.

Охир-оқибат, яҳудийларнинг бу ерда ўз тақдирини ўзи белгилаши, хавфсизлиги ва барқарорлиги фаластинликлар учун ҳам худди шундай ҳуқуқ ва тенглик таъминланиши билан узвий боғлиқ."