Эрон чўкмоқда: Сув ичсинми ё ёдгорликларни асрасин?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Armen Nersessian
- Role, BBC World Service
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Қадимий Форс империясининг тантанавор пойтахти бўлган Персеполисдаги айвоннинг ўймакор тош зиналари ва устунлари 2500 йил давомида сақланган, аммо ҳозир бу Бутунжаҳон мероси объекти саналмиш обида атрофидаги ер чўкмоқда.
Айвон мустаҳкам тош устига қурилган. Унинг қисмлари силжиши мумкин, бироқ фақат бир неча миллиметрга. Аммо бу қадимий мўрт тош иншоотлар атрофидаги қия текисликлар оқар сувлар ётқизган чўкиндилардан ҳосил бўлган ва ҳозир ҳар йили бир неча юз миллиметрга чўкмоқда.
Марвдашт текислиги замини айвондан ярим километрдан яқинроқ масофада жойлашган яна бир тарихий маскан – Нақши Рустамдан атиги 10 метр нарида парчалана бошлади ва бу ёриқлар кенгайиб бормоқда.
"Персеполис ва Нақши Рустамнинг ёнгинасида ер ёриқлари мавжуд бўлиб, биз уларни ернинг чўкиш градиентлари [ер турли тезликда чўкаётгани] билан боғлашимиз мумкин," дейди Германиянинг Лейбниц университети ҳузуридаги Фотограмметрия ва геоахборот институти доктори Маҳмуд Ҳағшенас Хагиги.
"Оммавий ахборот воситаларида Персеполис ҳақида, ёриқлар ва бошқа шикастланиш белгилари тўғрисидаги хабарларни кўрдим. Аммо ҳар томонлама ўрганмасдан туриб, биз уларни тўғридан-тўғри чўкиш градиентларига боғлай олмаймиз. Айвон тоғ этагидаги нисбатан барқарор геологик формацияда жойлашган."

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳашаматли харобалар
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти 1979 йилда Персеполисни Жаҳон мероси рўйхатига киритган.
Унинг "ҳашаматли харобалари" "дунёнинг энг буюк археологик ёдгорликлар қаторига киради," дейди ЮНЕСКО.
"Аҳмонийлар (форс) ансамблларининг дурдонаси сифатида машҳур бўлган шоҳлар шаҳри Персеполис архитектура, шаҳарсозлик, қурилиш технологияси ва санъатда тенги йўқ ва энг қадимги цивилизациянинг ноёб гувоҳи бўлган археологик ёдгорликлар қаторида туради."
Кейинчалик бу цивилизация Форс империясига айланди. У кўпинча дунёнинг биринчи қудратли давлати сифатида таърифланади ва энг ривожланган даврда ғарбда Ливиядан шарқда Ҳиндистонгача бўлган кенг ҳудудда ҳукмронлик қилган.

Сурат манбаси, Ullstein Bild via Getty Images
Эроннинг бошқа 28 та Жаҳон мероси объектлари ҳам чўкаётган ҳудудларга яқин жойлашган, жумладан, Форс империясининг дастлабки пойтахти Пасаргад ва Язд тарихий шаҳри.
Расмийлар, шунингдек, Бутунжаҳон мероси объектлари бўлмиш кўприклар ва масжидлар жойлашган Исфаҳонда ҳам чўкиш хавфи борлигини таъкидлашди.
2021 йилда Жаҳон мероси рўйхатига киритилган 1394 километрлик Транс-Эрон темир йўли ҳам бир нечта чўкиш ҳавзаларини кесиб ўтади, бу эса унга зарар етиши эҳтимолини орттиради.

Сурат манбаси, Getty Images
Вақтга қарши пойга
Ернинг чўкиши секин кечади, деворлар ва пойдеворлар ёрилиб кетмагунча уни пайқаш қийин.
Тадқиқотчилар радиолокатордан фойдаланиб, вақт ўтиши билан тасвирларни таққослайдилар.
"Ушбу технология Ер юзасидаги бир неча миллиметргача бўлган жуда нозик ўзгаришларни ўлчайди," дейди Лейбниц университети қошидаги Ҳелмҳолц геология маркази профессори Маҳди Мотағ.
Унинг жамоаси Персеполис ва Нақши Рустам атрофидаги чўкишда хавотирли фарқларни кузатмоқда.
Нақши Рустамдаги каби тўғридан-тўғри оҳактошга ўйилган тасвирлар ҳозирча барқарор турибди, аммо яқин атрофдаги текислик тез чўкмоқда.
"Бу кўҳна тош обида ва текислик ўртасидаги чегарада катта ёриқлар ва ер ёриқлари пайдо бўлишига олиб келадиган силжиш майдонида катта градиентни кўрамиз," дейди проф. Мотағ.
"Баъзи жойларга аллақачон тузатиб бўлмайдиган зарар етказилган – биз [Нақши Рустамдаги] Каба-е Зардўшт орқали ўтиб, унга зарар етказган ёриқни кўрдик."
Проф. Мотағнинг айтишича, фақат жойлардаги батафсил баҳолашлар бошқа объектларга қачон зарар етишини кўрсатиши мумкин, аммо у: "албатта, бир кун юз беради", деб қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, NurPhoto via Getty Images
Камайиб бораётган ер ости сувлари
"Эронда ер чўкишининг асосий сабаби чўлланишга олиб келадиган ер ости сувларининг ортиқча қазиб олинганидир," дейди проф. Мотағ.
Аквифер деб аталувчи ер ости қатламларидан ҳаддан ташқари кўп сув тортиб олинганда, тупроқ зичлашади ва ер юзаси кўпинча бутунлай чўкади. Қурғоқчилик ва иссиқ об-ҳаво вазиятни янада баттарлаштиради, чунки ерга камроқ сув қайтади. Эрон эса ер ости сувларини энг тез йўқотаётган мамлакатлардан биридир.
Ўнлаб йиллар давомида Эрон табиат берганидан кўра кўпроқ сув истеъмол қилди, аввал дарёлар ва сув омборларини қуритди, кейин ер ости сув захираларидан фойдаланди.
Эронда 1970-йиллардан бери ер ости сувлари ҳаддан ташқари кўп ишлатилган. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, захираларнинг 70% дан ортиғи тугаб бўлган.
"Бир қатор нуфузли тадқиқотлар Эронни дунёда ер ости сувларини энг кўп сарфлайдиган мамлакатлар қаторига киритади," дейди Халқаро ер ости сув ресурсларини баҳолаш маркази мутахассиси Эндрю Пирсон.
"Эронда сув истеъмолининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Қурғоқчилик туфайли сув кўп олинмоқда, ана шу камайишнинг асосий сабаби."

Бу муаммо таъсири тарихий ёдгорликлардан анча узоққа боради.
Яқинда ўтказилган миллий таҳлил шуни кўрсатдики, Эроннинг тахминан 56 минг квадрат километр майдони – мамлакатнинг 3,5 фоизи – сезиларли чўкмоқда.
Теҳроннинг баъзи ҳудудлари сўнгги ўн йилликларда ҳар йили тахминан 25 сантиметрга чўккан. Улкан писта боғлари жойлашган Рафсанжонда ҳар йили ортиқча сув олиш туфайли тахминан 300 миллион куб метр ер ости суви йўқотилмоқда.
Ер чўкиши натижасида йўллар, каналлар ва қувурлар қийшайиб, эгилмоқда, бу эса қимматга тушадиган инфратузилма муаммоларини келтириб чиқармоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу фақат Эронга хосми?
Эроннинг аҳволи жуда оғир, аммо ягона эмас. Мехико шаҳри, Индонезия пойтахти Жакарта ва Калифорниянинг Марказий водийсида ҳам баъзида йилига 100 миллиметргача чўкиш кузатилган.
Эронни ажратиб турадиган жиҳат – бу жараённинг тезлиги ва кўлами, шунингдек, хавф остида қолган қадимий ёдгорликлар кўплигидир.
"Геологик шароит туфайли Эронда ер чўкиши кўпинча ер ёриқлари билан бирга кечади. Бу ёриқлар километрларга чўзилиб, бир неча метр чуқурликка етиши мумкин, бу эса бинолар ва инфратузилма учун жиддий хавф туғдиради," дейди Падова университети профессори Пиэтро Театини.
Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг бошқа кўплаб мамлакатлари, хусусан, Миср, Саудия Арабистони, Исроил ва Фаластин ҳудудлари ҳам шунга ўхшаш муаммоларга дуч келмоқда – бу минтақа дунёдаги энг сув танқис ҳудудлар қаторига киради.
ЮНЕСКО Индонезия ва Ветнам каби мамлакатларда ҳукумат вакиллари билан техник семинарлар ва учрашувлар ўтказди ҳамда Филиппинда ҳам шундай тадбирлар ўтказишни режалаштирмоқда, аммо сиёсий вазият туфайли Эронда бундай ҳамкорлик чекланган.
Сув ресурсларини бошқариш
ЮНЕСКО вакили BBC News'га айтишича, Испания, Мексика, Хитой ва Индонезия тажрибаси шуни кўрсатадики, ер чўккандан сўнг, бу жараён қайтарилмас бўлиб қолади. Шу боис, Эрон каби қурғоқчил ҳудудларда ер ости сувларини барқарор бошқариш жуда муҳим.
Мутахассислар сув ресурсларини комплекс бошқариш зарурлиги ҳақида якдил фикрда.
Бироқ, улар сиёсий ва ижтимоий тўсиқлар ҳақида ҳам огоҳлантиришмоқда – қишлоқ хўжалигига қарам ҳудудларда кескин чекловлар жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.
"Геология илмини муҳандислик амалиёти ва меросни сақлаш билан уйғунлаштириш керак, – дейди профессор Мотағ, – аммо бу осон эмас ва Эрон институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш айниқса қийин бўлиб қолмоқда."

Сурат манбаси, LightRocket via Getty Images
Эрон етти йил давомида сувни қайта ишлатиш, томчилатиб суғориш ва етказиб беришни такомиллаштириш орқали миллий сув истеъмолини йилига 45 миллиард куб метрга қисқартиришни режалаштирмоқда.
Аммо бу улкан мақсадларга эришиш халқаро санкциялар, бюрократия ва инвестициялар етишмаслиги туфайли секинлашмоқда.
Август ойида BBC News Эрон ташқи ишлар вазирлиги, Лондондаги элчихонаси ва консуллигидан мамлакатнинг сув ресурсларини бошқариш режалари ҳақида изоҳ сўраган эди.
Аммо улар электрон хатлар ва элчихонага қўлда етказилган мактубга жавоб бермади.
Дунёнинг бошқа қисмларида ер чўкишини бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар Эронга ҳам сув ресурсларини, ҳам тарихий меросини қандай сақлашни кўрсатиши мумкин.
1980-йилларда Таиланд пойтахти Бангкокнинг айрим ҳудудлари ҳар йили 120 миллиметрга чўккан. Бироқ, ҳукумат сув чиқариш чекловлари, нархларни тартибга солиш ва назорат тизимини жорий этгач, 2000-йилларга келиб кўплаб ҳудудларда ер ости сувлари сатҳи кўтарилди ва чўкиш йилига 10-20 миллиметр ёки ундан камроқ даражага тушди.
"Бу сеҳрли таёқча эмас, лекин бу чора иш беришини кўрсатади," дейди жаноб Пирсон.








