Зангезур кимга ёқмаяпти?

Шавкат Мирзиёев, Илҳом Алиев ва Гурбангули Бердимуҳамедов

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркманистон раҳбарлари Зангезур йўлагини муҳокама қилдилар
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркманистон раҳбарлари Каспий денгизи соҳилида Зангезур йўлагини муҳокама қилдилар.

Олдинги Красноводск ёки Қизилсув бандаргоҳи, ҳозирги "Овоза" миллий туристик марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг илк уч томонлама саммити бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилишича, уч давлатнинг улкан транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди.

Алоқадор мавзулар

"Амалдаги ва истиқболли йўлакларнинг туташуви Хитойни мамлакатларимиз ҳудудлари орқали Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган барқарор ва самарали трансқитъавий йўналишни шакллантириш имконини беришига ишонч билдирилди.

Ҳозирги кунда Хитой-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланган. Бундан ташқари, яқинда Покистон ва Афғонистон билан Трансафғон йўлагини қуриш лойиҳаси бўйича меморандум имзоланди.

Янги юк оқимлари, энг аввало, Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон инфратузилмасидан самарали фойдаланишни таъминлаши қайд этилди.

Ўрта маршрутни, шу жумладан Зангезур йўлагини ривожлантириш борасидаги режалар ҳам қўллаб-қувватланди.

Энг муҳим масалаларни биргаликда экспертлар даражасида ишлаб чиқишга киришиш таклиф қилинди.

Бу - ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш, шу жумладан Туркманбоши ва Боку портларида замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, келишилган тариф сиёсатини юритиш, тартиб-таомилларни рақамлаштириш ва юклар назоратини таъминлаш масалаларидир", деб хабар қилади матбуот хизмати.

Зангезур йўлаги нима?

Зангезур йўлаги

Сурат манбаси, .

Шўролар тузган харита бўйича Озарбайжоннинг эксклави Нахичеван Арманистон ҳудуди билан узиб қўйилган эди.

1988 йилда бошланган Озари ва Арманилар ўртасидаги қонли тўқнашувлар, сўнг Қорабоғ уруши туфайли 30 йил мобайнида Туркияга чегарадош Нахичеван Озарбайжоннинг асосий заминидан узилиб қолди.

Озарбайжон ва Арманистон ҳали 2000 йиллари Қорабоғни Арманистон ихтиёрига бериш эвазига Зангезур йўлагини Озарбайжонга беришга келишганлар, аммо бу келишув кучга кирмай қолган эди.

2023 йили Озарбайжон Қорабоғ урушида ғолиб чиқиб ҳудуд устидан тўлиқ назоратни қўлга олганидан кейин Зангезур йўлагини барпо этиш ҳаракатлари бошланди.

Эрон чегараси бўйлаб ўтадиган, узунлиги 40 километрни ташкил этадиган йўлакда автомобил ва темир йўлларини қуриш кўзда тутилган.

Зангезур қурилиши лойиҳасини бошидан Туркия қўллаб-қувватлаб келади, Нахичеван билан чегара ҳудудида логистика лойиҳаларига ҳам қўл урган.

Шу кунларда 224 кмлик темир йўл қурилишини бошлагани, бу йўл Туркия шарқидаги Карсни Нахичеван билан боғлаши хабар қилинди.

Айни пайтда Озарбайжонни Эроннинг Ораз дарёси бўйлаб Туркия билан боғлайдиган муқобил Ораз йўлаги қурилиши ҳам бошланган, қурилиш ишлари 25 фоиз бажарилган деб кўрилади.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Эрон Зангезур йўлагини ўзининг миллий манфаатларига таҳдид деб билади, йўлак қурилиши Эронни Арманистон, жанубий Кавказдан узиб қўяди, дейди.

Шунингдек, таҳлилчиларга кўра, Эроннинг шимолий чегараларида Туркия ва Озарбайжон мавқеъларининг кучайиши Эрон Озарбайжонида бўлгинчилик кайфиятларининг кучайишига сабаб бўлади, деб хавотирланади.

Эрон хавотирига йўлак қурилишига АҚШ аралашгани ҳам сабаб бўлаяпти.

Шу йил 8 августида Озарбайжон ва Арманистон Вашингтонда Президент Доналд Трамп иштирокида тинчлик битимини имзоладилар.

Бу битимда Зангезур йўлаги қурилиши экслюзив ҳуқуқи АҚШга тегишли экани қайд этилди ва "Трамп маршрути" деган ном олди.

22 август куни Арманистондаги мухолифат нашрлари хабар қилишича, Ереванга борган Россия расмийлари Бош вазир Пашинян билан Зангезур йўлаги ҳақида гаплашганлар, агар Арманистон ўзи аъзо бўлган Евросиё Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти талабига кўра, божхона текширувини йўлга қўймаса, ё ташкилотдан чиқиб кетиши ёки санкцияларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

Ушбу йўлак миллиардлаб доллар даромад келтириши мукинлиги, Европага бораётган юк вақтини 12-15 соат қисқартириши, Туркияни Марказий Осиё янада жипс боғлаши мумкинлиги айтилади.