Ўзбекистон ва дунё: Ипак йўлининг сайёҳлар кўзидан пана унумдор водийси

Ўзбекистондаги қадимий бино

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Авантика Чатурведи
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида улкан ўзгаришлар юз бермоқда – бу ривожланиш мамлакатнинг деярли барча бурчакларига таъсир кўрсатаяпти. Аммо унинг ҳақиқий юраги – гўзал, сўлим ва кўздан панадаги Фарғона водийсида жойлашган.

Тошкентда тонг отмоқда, Совет замонида ясалган катта поезд нола қилгандек станцияга кириб келиб, бир сесканиб тўхтайди. Ўзбекистон бўйлаб кўп поездларда юрганман, аммо Фарғона водийси дарвозаси бўлмиш Марғилонга йўл олган бу поездда хорижлик сайёҳлар деярли йўқ эди.

Мен уч кишилик оила ёнида ўтирдим. Оиланинг катта аёли – Гулнора опа бетакрор геометрик нақшли шойи рўмол ўраб олган. Мен рўмолига ишора қилиб "Ажойиб!" дедим. У кулиб, бу рўмолни водийдан олганини айтди.

Кеча Тошкентнинг кўк гумбазли, тарихий бозори бўлмиш Чорсуда, кичик, аммо жуда мазали қулупнайларни кўриб қолгандим. Google Translate орқали сотувчидан "булар қаерда ўсган" деб сўраганимда, у дарҳол "Фарғонада" деб жавоб берди.

Поездда қулупнайимнинг қолганини ҳамроҳлар билан баҳам кўрдим. Гулнора опа ҳам жилмайиб, ўз қутичасини очди – ичида янги ва қуруқ мевалар: тут, ўрик, олма, апелсин, қулупнай. Ҳаммаси водийдан. У лаганча чиқариб, биз учун кичик дастурхон тузади.

Қамчиқ довони

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Фарғона водийси уч мамлакатни қамраб олган ва Марказий Осиёнинг энг унумдор замини ҳисобланади

Тян-Шан ва Олой тоғлари орасида жойлашган Фарғона водийси – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларини қамраб олади. Бу – Марказий Осиёнинг энг ҳосилдор ва сермева масканларидан бири. Асрлар давомида бу водий нафақат экин, балки маданият учун ҳам маскан бўлиб келган. Ипакчилик, кулолчилик ва боғбонлик – бу ердаги анъаналарнинг асосий устунлари.

Фарғона қадимги Ипак йўлида жойлашган бўлиб, асрлар давомида Хитой, Эрон ва Ғарбий дунё орасида савдо ва санъат алмашинадиган марказ бўлган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бугунги кунда Ўзбекистон Ипак йўлидаги меросини қайта жонлантирмоқда – Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар шитоб ривожланмоқда.

Янги виза енгилликлари, авиақатновлар ва халқаро тадбирлар сайёҳларни жалб қилмоқда.

Аммо баъзилар бундан хавотирда – янги курортлар ва сунъий "маданият боғлари" мамлакатни ҳақиқий анъаналар диёридан шоу саҳнасига айлантиришидан хавотирлар бор.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Фарғона водийсида эса бу шовқиндан йироқда, ҳақиқий маданият ривожланмоқда.

Бу ҳудудга сайёҳлар камроқ келади, аммо у ҳунармандликнинг ҳақиқий маркази бўлиб қолаяпти.

Марғилонда тўқилган икат матолар – дўппи, рўмол ва замонавий кийимларда бутун мамлакат бўйлаб қўлланади. Риштоннинг кулол идишлари эса деярли ҳар бир ўзбек хонадонида учрайди. Водий мевалари эса – қуруқ ўрик, майиз, анор, олча чой ва палов каби миллий таомлар билан ёнма-ён тортилади.

Марғилонда ипак тўқиётган Ўзбек онахон

Сурат манбаси, Avantika Chaturvedi

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ипакчилиги тарихи минг йилларга чўзилади

Поезддан тушишда, Гулнора опага ўзбекчасига қўлимни кўксимга қўйиб миннатдорлик билдирдим. Меҳмонхонам – "Ikathouse" анъанавий ёғоч диванлар ва жилвадор икат матолар билан безатилган. Маълум бўлишича, бу уй машҳур бешинчи авлод тўқувчи Расулжон Мирзааҳмедовга тегишли экан. У машҳур мода дизайнери Оскар де ла Рента билан ҳамкорликда Фарғонанинг "адрас", "атлас" ва "бахмал" матоларидан иборат коллекция яратган.

Марғилон Марказий Осиёдаги энг мураккаб тўқимачилик анъаналаридан бири бўлган ўзбек икати бешиги ҳисобланади. Маҳаллий тилда "абрбанди" деб аталган бу ипак тўқимачилик санъатига минг йилдан ошган – у XI асрдаёқ Ипак йўли бўйлаб ривожланган эди. Икат техникаси Ўзбекистонга VII асрдаги араблар юриши даврида кириб келган бўлса-да, ривоятларга кўра, ўзбекларнинг ипакка бўлган муҳаббати анча аввал – IV асрда бошланган. Афсонага кўра, хитойлик бир шаҳзода Фарғона водийсига қочиб келар экан, сочида ипак қурти тухумларини яшириб олиб келган ва шу билан ипакчилик бошланган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида тўқимачилик механизациялашган бўлса, Марғилонда бу меҳнатталаб ҳунармандчилик ҳали ҳам қўл меҳнатига асосланади.

Шаҳардаги энг қадимги фабрикалардан бири – «Ёдгорлик»да қуртлар тут баргларини еб, ипак пиллаларига айланади. "Биз фақат қуртлар ташлаб кетган пиллаларни ишлатамиз," дейди директор Луиза Камолова. "Қуртни ўлдирсак, ипакнинг келажагини ҳам ўлдирамиз."

Пиллалар ювилади, чўзилади, ипакга айланади ва табиий бўёқлар билан рангланади: пиёз пояси – сариқ, ровоч илдизи – қизил, индиго – кўк, анор пўстлоги – қаҳваранг бўлади. Ҳунармандлар бутун кун қозонлар ёнида меҳнат қилиб, ҳар бир риштага ҳаёт бағишлайди. Натижада нозик тўқилган матолар ҳосил бўлади – бу матолардан анъанавий ва замонавий услубда либослар тикилади ва мамлакат бўйлаб кийилади.

Фарғонадаги кулолчилик намуналари уйи

Сурат манбаси, Avantika Chaturvedi

Сурат тагсўзи, Фарғона водийси Ўзбекистон кулолчилиги бешиги

«Ўзбек икати дейилса, Фарғона водийси кўз олдимизга келади», дейди Тошкентдаги Teplo дўкони асосчиси Чарос Камолова. «Анъанавий мато билан ишлайдиган ҳар бир дизайнер водийда ишлаб чиқарилган матолардан фойдаланади».

«Ёдгорлик» устахонасида мовий тусдаги ипак рўмол ҳовлида қуритиляпти. «Бу нақшлар Риштон керамикаси рангларидан илҳом олиб яратилган, – дейди ҳунарманд. – У ерда бўлганмисиз?»

Икки кундан сўнг Риштон шаҳрига кириб келганимда, халқа йўл ўртасига қўйилган улкан кулол идишга кўзим тушди. Маҳаллий аҳоли айтишича, бу ҳайкал бутун Ўзбекистон бўйлаб чой қайнатишда ишлатиладиган тўрт тутқичли анъанавий идиш – бодия, чуқур бодиядан илҳомланган. Яқинда жойлашган "Koron" керамика дўконида ранг-баранг идишлар: косалар, плиткалар, кувачалар ва турли ўлчамдаги сирланган анорлар саф тортган.

«Анор – Ўзбекистонда муқаддас мева, – дейди Koron асосчиси Равшан Тожиддинов. – У тўйларда ҳосилдорлик рамзи сифатида берилади, керамикага омад келтирсин деб чизилади, уни еганда ҳаётнинг ҳам ширин, ҳам аччиқ тотини туясиз».

Рустам Усмоновнинг устахонаси – бир пайтда ҳам студия, ҳам мактаб – Ўзбекистоннинг энг эътиборли кулолларидан бирига тегишли. Мен у ерда шогирдлар ярим тайёр идишлар уюми ёнида нақш чизаётганини кузатаман.

Устахонасида ишлаётган Рустам Усмонов

Сурат манбаси, Avantika Chaturvedi

Сурат тагсўзи, Рустам Усмонов устахонаси минтақадаги энг яхши кулолчилик маҳсулотларини чиқаради

"Риштон лойи табиий қизғиш-сариқ тусли бўлади, – тушунтиради Усмонов. – Шаҳарнинг ўзи ҳам айнан шу лойда қурилган, дейиш мумкин".

Бу лой аввал 10 кун давомида қуритилади, сўнг оқ лой билан сирланади ва 920°C даражада пиширилади. Кейин эса ноёб ўсимлик нақшлари қўл билан чизилади. Иккинчи марта 960–1000°Cда пиширилгандан сўнг, ишлаб чиқарилаётган идишга шишасимон сир юза берилади ва ўзбек керамикасига хос тўқ кўк ранг намоён бўлади.

"Ҳар бир Риштон идишининг ўз ҳикояси бор, – дейди Усмоновнинг шогирдларидан бири. – Қуш – эркинлик, мевалар – фаровонлик, қозон эса сув, сут ва шароб – ҳаётнинг ўзи. Бу нақшлар шунчаки безак эмас, улар ўзбек хонадонларига барака киритади".

Мен устахона ҳовлисида дарахтда осилиб турган пўстлоғи пишмаган анорни суратга олдим, Усмонов мени туршак, ёнғоқ ва олма билан меҳмон қилди ва мен кўп эшитган сўзларни яна такрорлайди: "Фарғона шаҳри – мамлакатнинг энг ширин мевалари етиладиган жой".

Маршруткадан тушиб, Фарғона шаҳрига кирганимда, мевали дарахтлар манзаралари ҳар қадамда кўзга ташланади: деворларга ўралиб ўсган узум навдалари, эгилиб пишган олча дарахтлари, кичик ўрик дарахтлари эса ҳовлиларда яшнаб турибди. Бурчакларда маҳаллий аҳоли қулупнайларни умумий ҳавзаларда ювади, болалар йўлакларда сочилган олхўриларни теради, кексалар эса мавасини йиғиш учун тут дарахтларини силкитади.

Деҳқон бозори эса ҳақиқий кўргазмага ўхшайди: қуёшда қизарган шафтолилар, пирамидалар каби терилган олмалар, тўқ рангли узумлар ва ҳиди анқиган қулупнай саватлари.

"Бу ерда кўраётганингиз – ҳаммаси бугун эрталаб терилган, – дейди сотувчи. – Аввало оиламиз учун етиштирамиз, сўнг бозор, қолганини экспортга жўнатамиз".

Ўзбекистон неъматлари

Сурат манбаси, Avantika Chaturvedi

Сурат тагсўзи, Ўзбекистоннинг энг сара қуритилган мевалари Фарғона водийсидан тарқалади

Водийнинг бой тупроғи ва узоқ қуёшли кунлари Фарғона меваларига шундай табиий ширинлик ва ифор берадики, уларни бошқа ҳеч қаерда айнан шундай қайта яратиб бўлмайди. Бу хусусиятлар туфайли Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг йирик мева етиштирувчи мамлакатига айланган.

Водийни тарк этиш арафасида мен кўрган ва ҳис этган ҳамма нарса бир лаҳзада мужассам бўлди. Марғилон темир йўл бекати яқинидаги йўл четида, юзида нур, бошида ёрқин ипак ўмоли бўлган бир момо гирди олтинранг сирланган идиш ичида янги терилган тут сотарди.

Ўша лаҳзада мен учун аниқ бўлди: ўзбек ипак матоси, керамика ва мева – бу ерда ҳаётнинг табиий бир қисмидек уйғунлашган.

Фарғона водийсида ипак мато – Самарқанддаги суратга тушиш учун кийиладиган машинада тикилган либос эмас; керамика – уйга олиб кетиладиган сувениргина эмас; мевалар эса Бухородаги янги карвонсарой услубидаги меҳмонхонада кутиб олиш учунгина тайёрланган ширинлик эмас.

Сайёҳларга мўлжаллаб яратилган сунъий манзаралар ва юзаки таассуротлар дунёсида Фарғона – ҳақиқийлик ва маъно излаган инсон учун боп жой. Айнан шунинг учун у бориб кўришга арзийди.