Ўзбекистон: Ўз-ўзини банд қилиш ишсизликка чорами ёки ислоҳотнинг тугал мағзи?

Ўзбекистонлик нонвой.

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek/illyustrativ

    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Журналист, Ўзбекистон
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Сўнгги йилларда ҳукумат тарафидан ўзини ўзини иш билан банд этганларга имтиёзларни ичига олган қарорлар қабул қилинмоқда.

Бундай муносабат бу борада алоҳида ислоҳот мавжуд эканлигини намоён этади.

Бу ҳаётнинг турли жабҳаларида ўзини ўзи иш билан таъминлаб, рўзғорини бутлаётган фуқаролар эътибордан четда қолмаётганини англатса ҳам, уларнинг аксарияти бундай расмий муносабатдан бехабарлигини ҳам аён этадилар.

Кузатувчилар назарида тарқоқ ҳолда турлича юмушлар ортидан пул топаётган қатламга бу тарздаги эътибор давлатнинг ишсизлик масаласига заиф муносабати ҳосиласидир.

Зотан бандлик муаммосига бундай ечим излаш умумий масалани ҳал қилишга кескин ёки залвори юқори мазмунни юклай олмайди.

Миллионлаб аҳолиси асосан чет мамлакатлардан иш излаётган давлат учун кенгроқ жабҳаларда иш ўринларини яратиши жиддийроқ ёндашув бўлиб кўринарди.

Аммо эркин фаолият дунё миқёсида олқишланаётган вазиятда , маълум тарзда бандликни ҳаминқадар мавжуд шароитда ҳал этаётган кўплаб фуқаролар учун ҳукумат тақдим этаётган имтиёзлар уларни тўлақонли инсон деб ҳис этишга ёрдам беради.

Алоқадор мавзулар:

Бизга аъзо бўлинг:

Масъулият ўз чекига тушганлар заҳмати

Тандир гўшт.

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Исматнинг айтишича, узоқ йиллардан буён давом этаётган тандир гўшти тайёрлаш фаолиятига нисбатан давлат идоралари муносабати унинг ҳафсаласини тушириб, маълум даврлар уни мазкур ишдан ўзини панада четроқ тутишга ҳам мажбур қилган.

Термиз туманида яшовчи 48 ёшли Исмат деярли йигит ёшидан тандир гўшти пиширади. Қолган тенгқурлари, маҳалладошлари хорижга иш излаб кетишса ҳам ўз юмуши ортидан топаётган пул ортидан ҳеч қачон бундай қарорга муҳтож бўлмаган.

"Тандир гўштини ҳар куни пишираман. Байрам ва тўйлар мавсумида иш кўпаяди. Ҳозир битта қўйни 150-200 минг сўм атрофида тайёрлаймиз. Гўштга кимнинг ҳисобидан зиравор ишлатилишига қараб, нархи бироз ўзгаради. Баъзида бир кунда беш-ўнта қўйни тандирда пиширган пайтларимиз ҳам бўлган. Ҳатто пойтахт Тошкентга қадар маҳсулотимиз етиб боради. Асосан юқори давлат ташкилотидагилар танқис совға сифатида буни буюртма беришади. Менга фақат турмуш ўртоғим ёрдам беради. Куз ойларидан қишгача тўй мавсуми қизғин кечади. Чунки бу вақтда аксарият Россиядан қайтиб, тўй қилади. Ҳозирда тўй шашти сусайиб, байрамларга буюртма борлигидан нисбатан даромад сусайган,"- дейди Исмат.

Исматнинг айтишича, узоқ йиллардан буён давом этаётган тандир гўшти тайёрлаш фаолиятига нисбатан давлат идоралари муносабати унинг ҳафсаласини тушириб, маълум даврлар уни мазкур ишдан ўзини панада четроқ тутишга ҳам мажбур қилган.

"Бошида кўчада ёрлиқ осиб, ҳовлида очиқ тандир гўшти пишириш хизмати билан машғул бўлганмиз. Кейин турли ташкилотлар текширишни бошлашди. Масалан, экологик идора ҳавони булғаяпсан деб жаримадан огоҳлантирди. Агар улар илгари сураётган тартибга риоя этиб, қайси бирининг таъмасига кўнглидагидек жавоб берсам, ҳеч қандай фойда қолмайди. Чунки бундай ташкилотдар ичида ҳар қандай шахс мавжуд. Хуллас охирги вақтларда вазият қийинлигидан фақат алоҳида, таниш мижозлар буюртмасига кўра ишлаяпман. Яъни сояда бўлишга мажбурман,"-дейди Исмат.

Исмат ўзини ўзи банд этганларга имтиёзлар яратилганидан хабарсизлигини билдирди.

Унинг мазмунидан огоҳ бўлгач эса бу уни жиддий торттирмади

"Бундай муносабат барибир юзакидек туюлади. Айнан қарилик нафақасини ўйлаб, стаж ёзадиган ишлаб чиқариш корхоналаридан иш излаб юрибман. Ўзини ўзи банд қилганлар орасида бирортанинг гуррас ташланиб, солиқ идорасига бориб пул тўлаётгани ҳақида эшитмадим. Ишонч қозондириш учун ҳеч қандай ҳаракатларни сезмаяпман, "-дейди у.

Ўзбекистон бозорлари.

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek/illyustrativ

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда тирикчилиги бозорлар орқасидан ўтувчи одамлар сони оз эмас.

Исматга деярли тенгдош Термиз шаҳридан 47 ёшли Дониёр эски буюмлар сотиладиган бозорда мобил телефон сотиш билан шуғулланади.

"Ушбу бозорда вилоятимизнинг турли туманларидан харидорлар келади. У тўсатдан ҳар якшанба куни йиғиладиган сотувчи ва мижозлар тарафидан норасмий ташкил топган жойдир. Бу ердаги маҳсулотлар арзонлигидан харидоргир, доим гавжум. Оддий, жўн моделдаги қурилмалар кўпроқ сотилади. Менам ўзимга тегишли телефонни зарурат юзасидан сотгани келиб, кейин бу ёққанидан бозорда бизнесни бошладим. Бу ерда фойда яхши тушади. Ҳатто дўконларда ишлайдиганлар ҳам баъзида бизга ҳавас билан қарашади. Бироқ вақт ўтиши билан мазкур фаолиятда мушкулликларга дуч келдик,"-дейди Дониёр.

Унинг айтишича, бир куни иккита автобусда ички ишлар бўлими ходимлари ёпирилиб келиб, рейд уюштириб, 50-60 нафар телефон сотувчини ушлаб машинага ортиб идорага етказишган.

" Ўшанда кўчада бир йигитни телефонини тортиб олиб, ўлдириб кетишган экан. Ўша телефон ушбу бозорда топилган. Бизнинг барчамиздан иккинчи марта бозорга бошқа йўламаслигимиз ҳақида тилхат ёздиришди. Қўрққанимдан ярим йилча телефон сотишни йиғиштирдим, бироқ тирикчилик туфайли яна ўша юмушдаман. Албатта бундай жойларда криминал ҳолатлар бўлиши табиий, шундай эса-да маҳсулотларни ҳужжати билан, фирибга йўл қўймай, созлаб сотаман. Изимдан бирор шикоят эшитмаганман, "- дейди Дониёр.

Унга кўра, кишилар насияга моллар сотилиши йўлга қўйилган сўнгги йиллардан эътиборан бир қадар бозорга кам қадам ранжида қилишяпти. Бироқ барибир мазкур бозорнинг ўзини банд этган ишчисию харидори етарли.

Дониёрнинг фикрига кўра, иш тушунчаси мамлакатда ўта эътибор қаратиладиган тушунча ҳисобланиб, у каби юмушлар билан шуғулланадиганларга жамиятда зарур ҳурматда бўлмай қаралади.

"Барибир одамлар давлат идораларида ишлашни асосий мақсад деб билишади. Тўғри кўпчилик қандайдир ҳунарлар, вазифаларни қилиб пул топади. Бироқ бу муваққатлик кайфиятини ҳеч йўқотмайди, қандайдир жиддий кўриладиган иш деб аталмайди. Шунга расмий ислоҳотлар ҳам бунга айтарли таъсир этмайди, деб ўйлайман. Ўзим ҳам бир неча йилдан буён бозорда бўлсам ҳам бунга вақтинчалик хобби машғулот деб қарайман,"- дейди Дониёр.

Мазкур суҳбатдошимизнинг назарида мамлакат фуқаролари кундалик юмушлар билан андармон этилиб, гўёки бу ҳам эътиборда экани назарда тутилиб, маълум имтиёзлар яратилгани билан буни ҳам асосий глобал масаладан чалғитиш деб қабул қилинади. Зотан кишилар бунга ич-ичларидан кўникиб, шундай вазиятга ўргатиб бўлинган, келажак борасида бунга оид етук амалларни кутиш ҳам шартмас, дейди у.

Дониёр умум тарафидан жўяли ишга бир кун эришишга умидвор яшайди.

Туманлардан биридан Термиз шаҳрига келиб ишлаётган 37 ёшли Абдураҳим эса яқиндан бошлаб даллоллик фаолиятини йиғиштирган.

"Бунга кўп вақт ажратиш керак бўлди. Бу юмуш ортидан фойда кўраётганлар ҳам бор. Агарда фаолроқ бўлсангиз, онлайнда мулоқотни кучайтирсангиз, уй даллоллиги билан кўп пул топиш мумкин. Бироқ мен буни эплолмадим,"-дейди Абдураҳим. Унинг ҳозирги иши ҳам ўзини ўзи банд этиш ҳисобланади, бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланади.

" Ҳаёт оғир. Пул топиб бола-чақани боқиб, рўзғор юритмоқ лозим. Шунинг учун одамлар ўзини "ўтга-чўққа уриб", нима биландир ўзларини банд этишади. Тўғри, эртанги кунга тўлиқ кафолат йўқ. Муҳими бари баракали бўлса бўлди,"- дейди Абдураҳим.

Имтиёзлар нималардан иборат?

Тадбиркор аёллар

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek/illyustrativ

Ҳукумат сўнгги уч-тўрт йил мобайнида турли қарорларни чиқариб чиқариб, у орқали ўз ўзини банд қилганларга расмий жиҳатдан етарли шароитни яратишни кўзда тутган.

Сўнгги қарорларга биноан ўзини ўзи иш билан таъминлаш туркум юмушлари сирасига 80 турдаги иш киритилган.

Агарда фуқаро солиқ идорасига мурожаат этиб, рўйхатдан ўтиб, йилига бир марта ижтимоий солиқ нафақасини тўласа унга бир йиллик стаж ҳавола этилади.

Ушбу солиқ миқдори бугунда 340 минг сўмни ташкил қилади.

Шунингдек, ўзини иш билан таъминлаган фуқаронинг йиллик даромади 100 миллион сўмдан ошмаса, ундан даромад солиғи олинмайди.

Бундан ошган тақдирда эса тўрт фоизлик солиқ тўлашига тўғри келади.

Агарда фуқаро якка тадбиркорлик фаолиятини кенгайтирса, масалан, ўз фаолияти бўйича бошқа ходимларни жалб этса, иш ўринлари яратса, унда бошқа мазмундаги тадбиркорлик субъекти ҳисобланиб, назарда тутилган имтиёзлардан маҳрум этилади.

Истиқбол куюнчаклиги

Ўзбекистон
bbc.com/uzbek/illyustrativ
Ishsizlikka o‘z o‘zini band qilish orqali barham berishning bu yo‘li kezi kelib, yana kambag‘al va qashshoqlar sonining ortishiga sabab bo‘lishi ehtimoldan xoli emas.
Erkin Norsafar
Jurnalist, O‘zbekiston (batafsil: bbc.com/uzbek da tanishing).

Кузатувчилар фикрига кўра, ишсизлик муаммосини бартараф этиш ҳар қандай ҳукумат учун унинг салоҳиятини, халқчиллигини белгиловчи бирламчи омилдир.

Собиқ Шўро даврига таққосан айтганда, мазкур масала ҳамон ўз измида бажарилишини кутаётган чуқур муаммо бўлиб қолмоқда.

Айни масалани ўзига ўзи юмуш топиб, барибир ишсизлик мақомида кўриладиганларга бирмунча эътибор қаратиш орқали ҳал этиш мураккаб ҳол саналади.

"Аслини олганда, ўз ўзини банд қилиш- ишсизликни бартараф этишнинг вақтинчалик чораси, деб биламан. Айни вақтда, ўз ўзини банд қилганларнинг сони 4000000 миллиондан ошгани айтилмоқда. Бу рақамнинг аксарияти кун ўтиши учун кифоя қилгулик миқдордаги маблағни топишга муваффақ бўлиши мумкин. Хўш, уларнинг келажакда оладиган нафақа миқдори қанчани ташкил этади? Ўз ўзини банд этиш билан боғлиқ, кўзда тутилган баъзи меҳнатлар жисмоний жиҳатдан кези келиб, соғлиққа салбий таъсир этиши эҳтимолдан холи бўлмаган ҳолда, бериладиган нафақа пули, кексаликнинг кундалик эҳтиёжлари ва дори-дармонга сарфланадиган харажатларни қоплармикан? Ишсизликка ўз ўзини банд қилиш орқали барҳам беришнинг бу йўли кези келиб, яна камбағал ва қашшоқлар сонининг ортишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас"- дея бу борада мулоҳазалари билан бўлишади журналист Эркин Норсафар.

Журналистнинг наздида ҳар қандай вазиятда ҳукумат учун аҳоли бандлигини таъминлашнинг чораларини излаши етук ва шартли тамойил бўлиши лозим.

"Аҳолининг асосий даромади қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик ва боғдорчиликдан. Демак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб чиқарувчи заводларни қуриш, экспорт кўрсаткичини ошириш орқали ишсизлик муаммосига барҳам бериш мумкин. Кластерларни бартараф этиб, уюшмаларни ташкил этиш ва ерни эгаларига топширмоқ жоиз. Деҳқон-фермерларга узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар ажратилиши лозим. Ҳосилдорликда юқори кўрсаткичга эга бўлган деҳқон-фермерларга хорижий давлатлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилсин. Шу йўл орқали ишсизликка қарши курашда самарали натижаларга эришиш мумкин, деб ўйлайман, "-дейди у.

Ишсизлик минтақада аҳолиси энг йириги бўлган Ўзбекистонда ҳануз анчайин долзарб муаммолардан бири бўлади.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп сондаги фуқароси четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати ҳам саналади.

Агар, 2023 йилги расмий маълумотларга таянилса, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,3 млн нафари ишсиз қолмоқда.

Айниқса, мамлакат аҳолисининг салмоқли улушини ташкил этувчи ёшлар ўртасидаги ишсизлик масъуллар ўзларини ҳам ўйлантириб келаётган муаммо экани кўрилади.