Ўзбекистон ичида иш излаб ё ватан ичидаги муҳожирлар

- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Журналист, Ўзбекистон
Ўзбекистон ичида ихтиёрий ички миграция ўтган аср суст бўлган ва бу ҳолат аксар ҳолларда Тошкент каби катта шаҳарларга кўчиш, деб билинган.
Ишсизликдан қочган ё имконият излаган юз минглаб ўзбекистонликлар сўнгги йиллари Россия ҳамда Қозоғистон каби мамлакатларга боришади.
Айни пайтда, Ўзбекистон ичкарисида бунчалик кучли миграция кузатилмайди.
Тўғри, мамлакат ичкарисида миграция кузатилади. Масалан, Фарғона водийсидан айрим деҳқонлар Жиззах ё Сирдарё вилоятларига бориб, экин экишади. Бироқ бу воқелик миқёсини улкан, дейиш қийин.
Алоқадор мавзулар:
Термиз шаҳридан 41 ёшли Фазлиддин уйларни евро усулда таъмирлаб, деворга кафель ёпиштириб пул топади.
Фазлиддин тўрт фарзанднинг отаси. Бироқ сўнгги ойларда оиласдан орттириб, хотини олган онлайн-микроқарзни тўлашга ҳам унинг пули кетяпти.
"Тушум бор, иш кўп, лекин маблағни бир жойга тўплай олмаяпмиз. Қийналиб топганимизни бир зумда, кўз очиб юмгунча сарфлаб қўяяпмиз. Шунга тузук ойлик маошли ишга эҳтиёж бор" - дейди Фазлиддин.

У иложи бўлса, Россияга бормаслик пайида, чунки бундан беш йилча олдин бетобланиб қайтган, буйрагини қаттиқ шамоллатганди. Ҳозирда унинг уй ижарасини тўлашга ҳам қурби йўқ, шунинг учун хотини фарзандлари билан онасиникида, у ҳам ўз ота ота ҳовлисида худди ажралишгандек бир бирларидан айро қўним топишган.
"Ҳозирда бирор жиддий иш топмасам бўлмайди. Бу ерда завод-фабрикаларда иш кам, борида ҳам маоши оз. Эълонларга кўз югуртирсангиз пойтахт Тошкентда ҳам кўп иш ўринларига гувоҳ бўлмайсиз, уларнинг салмоғи кам, аксарияти 35 ёшгача бўлган ишчиларни чақиришмоқда. Янгийўл туманида ишлаб чиқариш корхоналаридан биридан иш топдим. Ўша ерга йўл оляпман, "- дейди Фазлиддин.

Ватанингда нону насибанг билан...
Абдумаликнинг ёши эса 48 да. У шу ёшга довур мустақиллик йилларида турли юмушларни қилиб, турмуш кечирди. Мардикорлик қилди, уй таъмирлади, кўчада емак , бозорда эски телефонлар сотди.
Бундан йигирма йилча муқаддам Россияга ҳам бориб, меҳнат муҳожири бўлди. У ерда бир йил ишлаб, иш ҳақини ололмай, деярли қулликдан озод бўлиб, қайтди. Шундан буён хорижга чиқишдан юрак олдирган.
"Мен доим бир жиҳатга урғу бериб, юртимиз ҳақида тўлқинланиб сўзлайман. Бизда қўшни хориж давлатларидек одамларни меҳнат қуллигида ишлатиш деган нарса йўқ, муомала ҳам инсоний, аммо баъзида бу мушоҳадам унчалик тўғри бўлмаса керак деб ўйланиб қоламан. Чунки биздаги маҳаллий меҳнат бозоридаги муносабат шаклланиш нуқтаи назаридан ҳамон орқада, унинг олдинга силжиши турмушни ривожлантиришга кам умид бағишлайди" - дейди суҳбатдошимиз.
"Ўзим ҳақимда айтадиган бўлсам ўн беш йил олдин Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги маҳаллий тўқимачилик фабрикасида ишладим. Иш оғир, маош жуда оз эди. Дастгоҳлар жуда ҳам эски, 1970 йилларда ишга туширилган. Нега бундай ускуналар келтиришгани ҳақида қизиққанимизда улар бу ердаги ҳукумат заводни осонгина ёпиб, дастгоҳларни тортиб олишларидан қўрқишларини билдиришганди. Менимча бу борада, яъни мамлакатимизнинг ўзида иш ўринлари кўпайтириш вазифасида иқтисодий тамойиллар эмас, психологик чегаралар, тўхтамлар асосий роль ўйнайди"- дейди Абдумалик.
Унинг фикрига кўра, орадан вақт ўтиб иш салмоғи ошиб, техник жиҳозланиш бир қадар замонавийлашган, хорижлик ҳамкорлар ҳам тўсиқлар борасида хавотирлардан халос бўлишган, аммо меҳнатга ҳақ тўлаш масаласи ёки кишини расмий асосларда ишга қабул қилиш илгари силжимаган, умумий манзарада одамларга мардикорлик ишчи кучи деб қараш қатъий оҳангда сақланиб қолинган.
Яъни бирор муқим ишга эришиш амримаҳол, ҳаммасига вақтинчалик, мавсумий деб қараш туфайли, омонат кайфият ҳукмрон. Бу эса иш берувчиларни қонун бўйича шартли мажбурий масъулият асосида фаолият олиб боришдан чекинтиради.

"Пойтахт Тошкентда бир йил давомида болаларга ўйинчоқ ишлаб чиқарадиган заводда ишладим. Улкан завод дарвозалари тақа тақ ёпилиб, кечаю кундуз иш билан банд эдик. Якшанба кунлари ҳам дам бўлмай, кўча айланиб ҳордиқ чиқаришга йўл қўйилмасди. Тўғри, муомала қўполмас, уч маҳал бир нави иссиқ овқат берилади, аммо бетиним меҳнатга тўланадиган маош уч миллион сўмга ҳам етмайди. Одатда бу 2,5 млн сўм деб қатъий белгиланган. Бошида агарда уч-тўрт ойдан сўнг сизга штатга ўтказамиз, стаж берамиз деб ваъда беришади, аммо бундай тоифадагиларнинг сони уч-тўрт кишидан ортмайди. Яъни бу ерда қандайдир расмийларни кўзини (мабодо улар тарафидан текширув юз берса) шамғалат қилиш учун маккорлик мавжуд".
"Мазкур корхонадан кўнглим тўлмай, Янгийўл туманида пластмасса трубалар ишлаб чиқарадиган заводда ишладим. Бу ердаги муҳит бир қадар яхши, шинам бўлгани билан иши оғир эди. Ва меҳнат ҳақи ҳам ўша 2,5 млн сўм ва иш тартиби ҳам ўша-ўша, дарвозалар бекитилган ҳолда ишчилар ташқарига чиқарилмайди. Менимча, бундай шароитдаги корхоналар юртимизда бир талай ва унинг фаолият тизими бир хил. Уларни назорат этиш механизмларини жорий этмоқ даркор ҳамда маошни жўяли белгилаш мажбурияти бўйича қонуний асослар ишлаб чиқилиши, бу борада депутатлар, сенаторлар куюнишлари керак деб ўйлайман" - дейди Абдумалик.
Унинг фикрича, айни вазиятда Касаба уюшмалари ички меҳнат бозоридаги иш ўринларини қонуний рамкага солиш вазифасига буткул шўнғиши пайти келди, чунки бундай идоралар ҳамон номигагина мавжуд.
Ички меҳнат бозори ўзгариши керакми?

Ҳозирда иккита иш ўрни яратган шахс шарафланиб қадрланади, деган тушунча кенг ёйилган.
Шунингдек, ўзини ўзи иш билан таъминлаб банд этиш ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ, деб кўрилмоқда.
Одамлар ҳаёт даражасининг ўсиб, ўз истакларини қондиришга интилиши, устига устак фарзандлари камолини замонга мос равишда кўриш ҳоҳиши ҳам одамлар куюнчаклиги замирида ётади.
"Аслида бундан етти йил илгари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида уч йил ишлаб, ватанга қайтганман. У ерда ойлаб ташқарига чиқмай, вагондаги ётоқхонада тунаб, ишлардик. Ҳатто бир йилда бир неча марта шаҳар марказини айланишга муваффақ бўлганмиз. Ҳатто сўнгроқ турмуш ўртоғимни ҳам чақириб, бирга ишлаб, янги уй-жойни тикладик. Барибир ўз юртингдан қўймасин экан, ҳазиломуз айтганда ўз қишлоғингда бемалол ароқ ичиб, кўнглингни роҳатлашинг мумкин. Бегона юртда оёғингни узатиб ётолмайсан" - дейди ангорлик 46 ёшли Анвар.
Эндиликда унинг соғлигида ҳам узоқ ўлкадаги меҳнат машаққатлари асоратини кўрсатди. Вақт ўтиб ўт пуфагини жарроҳлик амалиётида олдириб ташлади. Энди у ҳоҳласа ҳам хорижга муҳожирликка иш истаб бора олмайди. Ҳозирда бира тўла икки ўғли олий ўқув юртида контракт асосида ўқимоқда. Шу сабабли ҳовлисига қулф осиб, хотини ва 18 ёшли ўғлини олиб, пойтахтга, ишлаб чиқариш корхонасига равона бўлди.
"Учаламизнинг иш ҳақимиз бир жойга йиғилганда 7 млн сўмдан ошади. Бу эса Россиядаги меҳнат муҳожирининг бир ойлик маоши дегани. Нолимасак ҳам бўлади"- дейди у.
"Ҳозирда барибир ишлаб чиқариш корхоналари кам. Асосан қурилиши кетаётган иншоотлар меҳнат жабҳаси қайнаётган маконлар деб тушунилади. Туманларда эса улкан иссиқхоналар бунёд этилмоқда, аммо бундай фаолият турларига қизиқсинадиганлар кўпчилик эмас. Иши оғир, маоши ўзини оқламайди. Шу ҳолда мазкур иш ўринлари бўш қолмаган. Чунки одам сони барибир кўп. Айтилганидек муқаддас жой бўш қолмас, бироқ кимдир арзимас маошга барибир ишлайди деб бу борада таҳлил юритмаслик, инсофли хулоса чиқармаслик нотўғри амал деб ҳисоблайман" - дея ҳаётий кузатувлари билан ўртоқлашади термизлик бухгалтер 38 ёшли Мавжуда.
У умумий қараш, яъни ўз халқи фуқароларига эътиборли муносабат уларни хорижда ҳам айтарли муҳофаза этади деган фикрда.
"Бундан уч-тўрт йил бурун маҳалламиздаги эски ҳовлилар бузилиб ўрнига янги русумдаги кўп қаватли бинолар қурила бошланди. Одатий иш кунларининг бирида оқшомга яқин қурилиш майдонига уч-тўртта милиция машинаси ёпирилди. Улар олдиларига турли ёшдаги 20 нафарга яқин ишчини солиб, уларни автобусга жойлаб, милиция бўлинмаларига олиб кетишди. Сал кейинроқ аён бўлишича, турли туманлардан йиғилган бу ишчиларнинг бирортасида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган экан. Яъни қурилиш ширкати эгаси ишга олаётган ходимларни қайддан ўтказиш нари турсин, ҳатто уларнинг исмини яққол танимайди ҳам. Айни маънода эса фаолиятни расмий назорат остига олиш фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя этади. Алал-оқибат бунинг мавриди ҳам. келди,"- дейди Мавжуда. "Ўз юртимдан қўймасин"

"Мен ўтган йили Термиз шаҳридаги турк-ўзбек қўшма тикувчилик корхонасида ярим йилча ишладим. Бу ерда тайёр хом-ашё, яъни кийим улгилари бир бирига улаб тикилиб, маҳсулот яратилади. Масалан мен кўйлакка ёқаларни тикиш билан машғул эдим. Корхонада 1000 нафарга яқин ишчи фаолият кўрсатарди. Ойлигимиз 600-700 минг сўмни ташкил этарди. Шуниям икки ойда бир марта кечиктириб беришарди. Тушликка бераётган овқатида эса маза-матра топиш қийин. Шунга мен ва бир қанча дугоналаримнинг бу ердаги фаолияти узоққа чўзилмади, корхонани тарк этдик"- дейди 25 ёшли Маҳфуза.
Унинг айтишича, орада мазкур корхона ёпилиб, вақт ўтиб яна қайта очилган. Унинг хабар топишича, корхонада ҳозирда маош 1 млн 200 минг сўм атрофида, лекин унинг ўз вақтида берилиши ҳамон муаммолигича қолган.
"Менингча ҳукуматимиз тарафидан бу каби корхоналарни кузатувга олиш, қатъий адолат тартибида фаолият олиб борилишини таъминлаш зарур. Чунки айрим ҳолларда хорижликларнинг муомала йўсинини ҳам қабул қилиш қийин кечади" - дейди Маҳфуза.
Ҳозирда у уйда ўтиришга мажбур, хорижда ишлаётган опаси ва акаси уни ўз ҳузурига чақирмоқда, бироқ у бу ердагидан кўра бироз маоши юқорироқ пойтахт Тошкентни кўзлаб, ижтимоий тармоқлардан ўзига мос ишни қидирмоқда.
"Сўнгги йилларда ёшларни иш билан таъминлайдиган меҳнар гузарлари ташкил қилинди. Уларнинг жойларда бир нечтаси фаолиятини кузатганман. Ҳозирда бундай характердаги ҳаракатларда ёлланма меҳнатга ёндашув мавжуд. Айнан бундай шартдаги меҳнат турларини назорат этиш, мониторинг қилиш мушкуллик уйғотади. Алал-оқибатда қонунчиликда, Меҳнат кодексида кишилар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялайдиган қонун бандларини ишлаб чиқиш вақти келди. Чунки қатъий тартиб белгиланмас экан бундай жараённи қандай назорат этиш мавҳумлигича қолади" - дейди сурхондарёлик журналист Холмуҳаммад Тоғаймуродов.

"Ҳозирда мамлакатимизда ички муҳожирлик унсурлари ҳам яқққол кўзга ташланмоқда. Масалан вилоятимиз фуқаролари пойтахт Тошкентдаги ишлаб чиқариш корхоналарига ишга кетишмоқда, аммо уларнинг айнан нима билан шуғулланиши, кимлар уларни иш билан таъминлаши, умуман хавфсизлик билан боғлиқ масалалар очиқлигича турибди. Бунинг қонуний асослари қай тарзда экани ноаён. Менимча мавжуд вазиятга жавоб берадиган тартиб ҳозирда йўқ. Бор ҳолни мониторинг этиб, тугал хулосалар асосида ягона тизимни шакллантиришга хизмат қиладиган қонунни яратиш жудаям долзарб масаладир" - дейди у.
Кузатувчилар назарида, маҳаллий ички меҳнат бозорини ривожлантириш ҳукуматнинг асосий устувор ислоҳоти бўлмоғи даркор. Зотан ҳозиргача у табиий тенденция сифатида ўз ҳолича йўлини топиб келди, энди эса уни барқарор шаклга келтириш чоралари ўзида кўринмоқда.
"Мен банкдан олинган қарз ва машинамнинг кредитини қоплаш мақсадида 4-5 тенгқурим билан баҳорда Тошкентга отландим. У ерда онлайн такси хизматида ишладик. Машинани ичида тунаб, йўловчи ташишга тўғри келди. Кундалик шароитлар маъносида жуда қийналдим. Биргина оддий ҳожатхона масаласи ана шундай мушкулотларнинг бири бўлди. Нақ қирқ кунча бардош қила олдим. Ҳаминқадар маблағ йиғиб, яна ортга- уйга қайтдим. Тирикчилик ташвиши инсонни режадан ташқарида қилиб қўяркан. Муҳими ўз юртимдаман, насибам ҳозирча шу ердан. Шундан қўймасин, ишқилиб..."- дейди 31 ёшли ҳайдовчи Шерзод.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












