Ўзбекистон, мардикорлар: 25 ўзбек Қозоғистонда қул бўлдик - Ватанда эса бизни ҳеч ким эшитмаяпти

Мардикор бозори

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Сурат тагсўзи, Мардикор бозори
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Би-би-си бундан уч ой аввал Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "мардикор бозори"да мавжуд аҳволни ўрганган эди.

Шу кунлар мухбиримиз Аваз Тоҳиров яна халқ орасида "мардикор бозор" деб билинадиган бу жойга борган.

Мавсумий меҳнат учун кўчада турган ўнлаб кишилар орасида Қозоғистонда қулликда қолиб, бир амаллаб ватанга қайтган, лекин ичидаги дардини ҳеч кимга айтолмай юрган ўзбекистонликлар бор экан.

Би-би-си билан гаплашган икки инсон яқинда Қозоғистонда айримлар учун ойларга чўзилган тутқунлик ҳақида ҳикоя қилиб бердилар.

Уларнинг сўзлашича, ўзга юртда қулдек ишлатилган бўлсалар, Ўзбекистонда ҳам ҳеч ким уларнинг додига қулоқ солмаётир.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

«Ўзимизники ўзимизни сотди»

«Шу йилнинг август ойида Юнусободдаги мардикор бозорига иш қидириб чиққанимда, ўзини Олим, деб таништирган бир шахс бизга Қозоғистондаги ғишт заводида яхши маошли иш борлигини айтиб қолди», сўзлайди 24 яшар Махсуд Маҳаммаджонов.

«Ўзимизники ўзимизни сотди»

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Сурат тагсўзи, «Ўзимизники ўзимизни сотди»

Махсуднинг ҳикоясига кўра, «Олим» ўзи ва иш таклифига рози бўлган яна тўрт нафар ўзбекистонликни Қозоғистоннинг Жамбул вилояти, Талас туманига олиб борган.

«Олим бизга 100 доллар аванс берди. Кейин паспортимизни сўради. Нега, десак, паспортларинг прописка қўйиш учун керак, деб жавоб берди», давом этади йигит.

Махсуд Таласга етиб борган пайтда, келишувда тилга олинган ғишт заводида яна 20 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси ишлаётганини айтади.

«Мен улардан бу ердаги йўл-йўриқ қанақа энди, деб сўраганимда, улар бекор келибсизлар, бизлар кетолмай, қул бўлиб юрибмиз, дейишди».

Наманганлик Маърифат Эргашева ҳам Махсуднинг айтганларини тасдиқлайди.

Махсуд каби яхши миқдордаги маошга алданиб, турмуш ўртоғи билан бир ойдан кўпроқ қулликда бўлган бу аёл «ўзимизники ўзимизни сотди», дейди.

«Бизга 300 долларлик иш ваъда қилишган эди. Борганимизда, у ерда ёш болалар бор эди. Бошида 100 доллардан пул беришди, лекин 10-15 кундан кейин болаларни уришга тушишди», хотирлайди Маърифат.

Ушбу икки инсон ғишт заводда ишлаймиз, деб Қозоғистонга борганликлари, аммо, аслида, эртаю кеч завод эгалари ва маҳаллий одамлар истаган ишларни қилишга мажбур бўлганликлари ҳақида гапирадилар.

"Келишувда иш вақти эрталаб 8 дан кеч 6 гача кўрсатилган бўлса ҳам, бизни ярим кечаси ҳам опчиқиб ишлатишарди. Ёшроқ болаларни маҳаллий халқ қўй боқиш, пичан ташиш каби ишларга мажбурлаб олиб кетарди", сўзлайди Махсуд.

"Мен билан Ўғилой исмли қиз бор эди. Иккаламиз туни билан ғишт заводининг печкасига кўмир қалаб чиқардик. Ғиштга клиент келганда, эркаклар билан тенгма-тенг ғишт ташиттиришарди", қўшимча қилади Маърифат.

30 яшар Маърифат аёл бўлгани учун ўзига у қадар қийноқ қўлланмагани, лекин қулларча меҳнат қилишдан бош тортган йигитларнинг жисмонан ва руҳан аёвсиз таҳқирланганини айтади.

"Кўзимнинг олдида болаларни аянчли аҳволга солишар, уят бўлса ҳам айтаман - ҳатто, икки оёғи орасига ҳам тепишар эди.

«Уларга жуда раҳмим келарди, ҳеч қандай ёрдам беролмаётганимдан аччиқланардим. Ёшим каттароқ бўлгани учун калтак емасин, деб болаларни ишлашга кўндирардим. Уларнинг ёнида ўзим ҳам ишлар эдим», дейди у.

Мозорда сақланган жон

Махсуд уларни чўл ҳудудига олиб бориб ташлашгани, паспортлар олиб қўйилгани ва чўнтакда сариқ чақа бўлмаганидан қулликка тушган ўзбекистонликлар қоча олмаганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, «Олим» 25 ўзбекистонликни Қозоғистонга олиб боргач, ғишт заводи эгасидан уларнинг 1,8 миллион тенге ($4,673)га тенг маошини олдиндан олган ва қочиб кетган.

Завод эгаси эса ўзбекистонликлардан «Олим» олиб кетган пулни ишлаб бермаганларига қадар тер тўкишни талаб қилган.

"Кунлардан бир куни ётоқхона эшиги тақиллаб, тезроқ заводдан қочишимиз керакли, бу ерга қозоқ ФМС [миграция хизмати - таҳр.] келаётганини айтишди", эслайди Маърифат.

"Қочдик. 25 одам ўрис мозорни ичидан зимистонда кетяпмиз. Кимнингдир оёғи йиртилган, кимдир бошқа жароҳат олган. Катта йўлда бизни «Олим» кутиб турганини айтишган эди. Ўзбекистонга қайтамиз энди, деб ўйлагандик. Бироқ автобусдан дарак бўлмади. Заводга қайтолмасдик. Охири мажбур мозорда эрталабгача ухладик ҳаммамиз".

Ана шу воқеадан сўнг бизни яна ҳам азоблай бошлашди, дейди Махсуд.

«Бизни қозоқ сотмади, ўзбек ўзбекни сотиб кетди. Буни қозоқлар ҳам кўп такрорларди», сўзлайди у.

Август ойида ишлашга, дея кетган Махсуд 5 декабрь куни Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ёрдамида қулликдан қайтганини айтади.

«Элчихонанинг бир ходими қайтишга йўл-йўриқ кўрсатди, лекин бошқа чора кўришмади. Ўзбекистонда тегишли жойларга арз қилишни маслаҳат беришди, холос».

«Қул бўлганингга далилинг йўқ»

Махсуд ҳам, Маърифат ҳам Ўзбекистонга қайтгач, қатор давлат органларига ҳолат бўйича мурожаат қилганликлари, аммо ҳозирча бирор натижага эришмаганликларини айтадилар.

"Ҳали уёқдалигимда, онамга Телеграмдан аҳволимни хабар қилганман. Онам Юнусобод РОВДга борганларида ходим ўғлингда ҳеч қандай далил йўқ, деб аризаларини қабул қилмабди", дейди Махсуд.

"Келганимдан кейин БМТга, Бош прокуратура, МВД, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига арз қилдим. Аризангизни кўриб чиқамиз, дейишган бўлсада, ҳозирча ҳеч қандай жавоб йўқ", давом этади у.

Маърифат ҳам ўзи билан қулликда бўлган инсонлар тўплаб, тегишли органларга мурожаат қилганини айтади.

"Ўша «Олим»нинг паспорт копиясини уларга бердим, лекин улар сен далил тўплолмайсан, деб ёрдам беришмади.

«Мен орган ходимларидан хафа эмасман, аммо дода уларни шундай жойларга ўтқазиб қўйибдиларми, бизга ўхшаган аянчли аҳволда қолганларга ёрдам беришса бўларди», дейди турмуш қийинчиликларидан яна мардикор бозорга чиқаётган Маърифат.

«Боламнинг умри меникига ўхшамасин»

«Сизнингча, бошингиздан ўтган бундай кўргиликларга нима сабаб бўлди», деган саволга бу икки инсон «иш топишнинг қийинлиги», дея жавоб беради.

«Боламнинг умри меникига ўхшамасин»

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи, «Боламнинг умри меникига ўхшамасин»

«Ўзим ўқиганман, лекин давлат берадиган 500 минг ойлик боламнинг боғчасига ҳам етмайди. Шунга эр-хотин 300 доллар ойликни эшитиб, яхши ниятлар билан кетган эдик», сўзлайди Маърифат.

Маиший жанжал туфайли қамалиб чиққанини билдирган Махсуд эса судланганлик тамғаси урилган фуқаролар учун аксар эшиклар ҳануз ёпиқлигидан шикоят қилади.

"Президентимиз қамалиб чиққанларнинг кўксидан итарманг, деганлар. Бироқ қаерга иш сўраб бормай, судланганимни билгандан сўнг бизга тўғри келмайсан, деб қайтариб юборишади.

Одам ўлдирмаганман, ўғирлик қилмаганман, бировни урмаганман. Шунчаки оилавий жанжал сабаб қамалиб чиққанман. Ёшман, кўп иш қўлимдан келади, лекин шу тамғам туфайли ишга жойлашолмаяпман. Йўқса, тўрт ой қулликда даҳшатли кунларни ўтказмас эдим".

Улар адолат қарор топишидан умидвор эканликларини билдирадилар.

Маърифатнинг сўзлашича, у фарзандининг ҳаёти тўкис бўлиши учун тер тўкиб ишламоқда.

«Қийналсам ҳам, боламни хусусий боғчага берганман. Рус, инглиз тилларини ўрганяпти. Токи ўқиб, одам бўлсин, умри меникига ўхшамасин», кўзига ёш олади у.

«Қулликда бировлар қўлида хор бўлган укам тенги болаларни кўрдим. Улар азоб чеккан вақт фарзандим эсимга тушди. Боламнинг ҳаёти тўкис бўлиши учун ҳам ишлашим керак».

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek