Ўзбекистон: Янги Iphone учун неча кун ишлаш керак, бизнес омбудсмани нима дейди, дарахт экишни ҳам президент назорат қилиши керакми?

Сурат манбаси, Reuters
Apple 2025 йилнинг 9 сентябрь куни ўзининг анъанавий "Awe Dropping" тадбирида янги авлод смартфонлари — iPhone 17, iPhone 17 Pro, iPhone 17 Pro Max ва iPhone Air моделларини расман тақдим этди. Янги қурилмалар 12 сентябрдан буюртмага чиқарилди ва 19 сентябрдан бошлаб дунё бўйлаб сотувга чиқди.
Ўзбекистонда ҳам бу смартфонларга қизиқиш юқори. Тошкентдаги "Малика" бозорида янги моделлар аллақачон сотувга чиқарилган бўлиб, уларнинг нархи анча юқори экани маълум қилинмоқда.
Bankir Telegram канали маълумотларига кўра, айни пайтда "Малика" бозоридаги нархлар қуйидагича:
iPhone 17 Air — 1 520 доллар
iPhone 17 Pro — 1 650 доллар
iPhone 17 Pro Max — 2 100 доллар
Ўзбекистонда ўртача расмий иш ҳақи 6 миллион сўм атрофида. Доллар курси эса тахминан 12 200 сўм деб олинса, ўртача фуқаро учун бу смартфонларни харид қилиш қанча меҳнат талаб қилишини ҳисоблаб чиқиш мумкин.
iPhone 17 Air учун — 93 кун
iPhone 17 Pro учун — 101 кун
iPhone 17 Pro Max учун — 128 кун ишлаш керак бўлади.
Бу рақамлар касбга қараб ҳам фарқ қилади. Масалан, ўртача ўқитувчига iPhone 17 Pro Max олиши учун тахминан 185 кун керак бўлса, банкирлар учун бу муддат 47 кунгача қисқаради.
2024 йилдаги ҳолат билан солиштирилганда, айрим моделлар учун ишлаш кунлари камайган. Масалан, ўтган йили iPhone 16 Pro Max учун ўртача фуқаро 154 кун ишлаши керак эди. Бу йилдаги қисқариш асосан доллар курсининг пасайиши билан боғлиқ. Шунга қарамай, нархлар ўтган йилги моделларга нисбатан анча юқори бўлиб қолмоқда.
Bankir каналида таъкидланишича, божсиз товар олиб кириш лимити камайтирилганидан сўнг, "қора бозор"да iPhone нархлари кескин ошиб кетган. Бу эса расмий ва норасмий савдо нуқталардаги нархларга ҳам таъсир кўрсатган.
Риштонда фермер босимга учрагани айтилмоқда: Бизнес-омбудсман ҳолатга нима дейди?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Kun.uz хабар беришича, Фарғона вилояти Риштон туманидаги "Булоқбоши гулшани" фермер хўжалиги раҳбари Ғайратжон Хайруллаев уйида ички ишлар ходимлари билан тортишув юз берди. Фермернинг сўзларига кўра, 3 нафар ходим ғалла режасига оид баҳона билан унинг уйига кириб келиб, тўппонча ўқтаб таҳдид қилган. Ҳолатга аралашган 70 ёшдан ошган онаси эса итарилиб, ерга йиқилган ва ҳушидан кетган.
"Биржага 17 тонна дон топширганман, уйимда бир килолаб ҳам дон йўқ. Онам бир ҳафта шифохонада ётиб зўрға ўзига келди", — дейди фермер.
Шунингдек, яна бир фермер пахтага ўғит ускунаси ҳокимиятга топширилмагани учун 5 суткага қамалгани айтилмоқда.
Риштон тумани ҳокими Баҳодир Холиқов эса ходимлар фермерга тўппонча ўқтмаганини, улар фақат тушунтириш учун борганини билдирган.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бизнес-омбудсман девони эса ушбу хабарларга муносабат билдириб, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тазйиқ ва зўравонликка йўл қўйилмаслигини таъкидлади.
"Мамлакатимизда фермер хўжаликларининг эркин фаолият олиб бориши қонун ҳужжатлари билан кафолатланган. Уларга нисбатан асоссиз тазйиқ ёки зўравонлик қилишга йўл қўйилмайди", — дейилади Бизнес-омбудсман баёнотида.
Ҳозирда мазкур ҳолат Бизнес-омбудсман девони томонидан ўрганилмоқда. Давлат органлари тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунга зид хатти-ҳаракатлардан тийилиши лозимлиги яна бир бор эслатилди.
Президент йиғилишида "Яшил макон"да қуриб кетган 27,5 миллион кўчат масаласига алоҳида эътибор қаратилди

Сурат манбаси, Getty Images
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда пахта терими, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, инвестиция ва экспорт режалари, шунингдек, "Яшил макон" дастурининг ижроси муҳокама қилинди.
Йиғилишда энг ташвишли масалалардан бири сифатида "Яшил макон" дастури доирасида баҳорда экилган 137 миллион кўчатдан 27,5 миллиони қуриб кетгани қайд этилди. Бу ҳолатга иссиқнинг эрта бошланиши ва суғориш тизимларининг етарли эмаслиги сабаб бўлган. Ёш дарахтлар илдиз отишга улгурмаган ва суғориш учун одатдагидан икки-уч баробар кўпроқ сув талаб қилинган.
Президент бу ҳолатни жиддий танқид қилиб, келгуси экишларда суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларда кўчат экишга йўл қўймасликни буюрди. Шунингдек, 125 миллион дарахт ва буталарни кузда, яна 75 миллионни келаси баҳорда экиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Йиғилишда пахта теримидаги кечикишлар, айрим вилоятларда куз-қиш мавсумига тайёргарликдаги камчиликлар, инвестиция ва экспорт кўрсаткичларидаги ҳудудлараро фарқлар ҳам муҳокама қилинди. Президент барча йўналишларда топшириқларни ўз вақтида ва тўлиқ бажаришни талаб қилди.
30 Sentabr 2025. Ўзбекистон: Коррупцияга қарши кураш, рақобатдан огоҳлантириш, Кореяга йўл

Сурат манбаси, DXX
Жакарта шаҳрида ўтаётган Осиё ва Тинч океани минтақаси учун Аксилкоррупсия ташаббусининг (АCИ) 12-минтақавий конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси мазкур тузилма аъзолигига қабул қилинди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўзининг расмий Telegram каналида хабар беради.
ACI Бошқарув гуруҳи қарори билан Ўзбекистон 35-аъзо давлат қаторига қўшилди. Ташаббус 1999 йилда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЭCД) ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади — БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини самарали амалга ошириш орқали ҳалоллик, шаффофлик ва ҳисобдорликни мустаҳкамлашдир.
Конференцияда сўзга чиққан агентлик директорининг ўринбосари Умида Тухташева Ўзбекистоннинг АCИга қўшилиши халқаро стандартларни миллий амалиётга татбиқ этиш ва ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Индонезия Коррупцияни бартараф этиш комиссияси билан учрашув ўтказиб, ёшларни ҳалоллик руҳида тарбиялаш ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ҳужжат ишлаб чиқишга келишиб олди.
Рақобат қўмитаси огоҳлантиради
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қурилиш соҳасида фаолият юритаётган компанияларни истеъмолчилар билан тузилган шартномаларда қонунийликка риоя қилишга чақирди.
Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–август ойларида кўп қаватли уйлар қурилиши ва уларни харид қилиш бўйича 1000 га яқин мурожаат келиб тушган. Мурожаатларда қурувчиларнинг шартнома шартларини бажармаслиги, уйларни ўз вақтида топширмаслиги, реклама ва эълонлардаги ваъдаларга амал қилмаслиги каби ҳолатлар кўрсатилган.
Қўмита айрим қурилиш корхоналарининг шартномаларга "агар истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, тўланган маблағнинг 10 фоизи миқдорида жарима ундирилади" деган бандни киритаётганини аниқлади. Мутасаддилар бу каби талаблар Ўзбекистон қонунчилигига зид эканини таъкидламоқда.
Фуқаролик кодексининг 385-моддасига кўра, шартнома бекор қилинганда фақат иккинчи тарафга аниқ зарар етказилган тақдирда уни қоплаш мумкин. Қурилиш ташкилотлари эса кўп ҳолларда зарар кўрмайди, чунки кўп қаватли уйлар типик лойиҳа асосида қурилади ва уларни бошқа харидорга осонгина сотиш мумкин.
Қўмита шунингдек, "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 21-моддасига таяниб, истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланишини эслатди.
Мутасаддилар фуқароларга уй-жой харид қилишдан олдин шартнома шартларини тўлиқ ўрганишни, зарур бўлса, малакали юрист ёки адвокат хизматидан фойдаланишни тавсия этмоқда.
Қўмита томонидан олиб борилган ишлар натижасида 8 нафар истеъмолчининг шартномаси бекор қилиниб, уларга 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтарилган.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида меҳнат миграцияси бўйича келишув имзоланди
Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Жанубий Кореянинг Геонгсангнам-до вилояти ўртасида меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди, деб хабар берди хусусий Podrobno.uz нашри 29-сентабр куни.
"[Ўзбекистон] Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва Кореянинг Геонгсангнам-до вилояти E-7 визаси бўйича келишувга эришди. Бу Ўзбекистоннинг юқори малакали мутахассисларига Жанубий Кореянинг асосий саноат тармоқларида расмий ишлаш имконини беради," — дейилади хабарда.
Ходимларни танлашда тил билимига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланган.
"Ушбу келишув ёш мутахассислар учун янги имкониятлар очади. Биз ўзбекистонлик ёшларнинг тайёргарлик даражасини юқори баҳолаймиз ва уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз," — деди вилоят губернатори Пак Ван-су.
Подробно.узъга кўра, томонлар E-8 визаси масаласини ҳам муҳокама қилган. Бу виза ўзбекистонликларга Жанубий Кореяда вақтинча, яъни мавсумий тарзда қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида ишлаш имконини беради.
Нашр тушунтиришича, E-7 визаси малакали хорижий мутахассисларга берилади, E-8 эса мавсумий ишлар учун мўлжалланган вақтинчалик рухсатномадир.
26 сентябр 2025. Ўзбекистон: Украина билан илиқ муносабатлар, АЭС да янги ҳамкор, мигрантларга иш имкониятлари

Сурат манбаси, Бахтиёр Саидов телеграм канали
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва унинг украиналик ҳамкори Андрий Сибига БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Ню-Йоркда учрашиб, икки давлат ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш масаласини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда 26-сентабр куни Podrobno.uz хабар берди.
Учрашув БМТ Бош Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган бўлиб, икки томон савдо, инвестициялар, таълим, маданият ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашган.
Podrobno.uz нинг ёзишича, Саидов ўзининг Telegram каналида шундай деган: "Учрашувимиз Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштириш, шерикликни мустаҳкамлаш ва халқларимиз манфаатига хизмат қилувчи янги имкониятларни излаш борасидаги ўзаро интилишни яна бир бор тасдиқлади."
Ўз навбатида, Сибига томонлар "сиёсий мулоқотни тиклаш ва икки томонлама ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришганини" таъкидлади.
"Украина Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш ва Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилади," — деди у.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам БМТ даги ўз нутқида Украина атрофидаги вазият бутун дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётганини таъкидлаб, бу муаммони дипломатик йўл билан ҳал этишга қаратилган юқори даражадаги музокалаларнинг бошланишини олқишлаган эди.
Ўзбекистон ва АҚШ атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бу ҳақда 25-сентабр куни хусусий янгиликлар сайти Nova24 хабар берди.
Хабарга кўра, икки давлат мутахассислари ва саноат вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида англашув меморандуми имзоланган. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизматига таяниб, меморандум Брент Кристенсен — АҚШ Давлат департаментининг қурол назорати ва халқаро хавфсизлик бўйича ўринбосари ҳамда Музаффарбек Мадрахимов — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари томонидан имзоланган.
Nova24 нинг ёзишича, меморандум икки давлат олимлари ва атом соҳасидаги мутахассислар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Ҳужжат атом энергетикаси бўйича билим, технология ва стандартлар алмашувини ўз ичига олади. Шунингдек, келажакда илмий-тадқиқот муассасалари ва атом реактор инфратузилмаси билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш имконини ҳам яратади.
Хабарда айтилишича, меморандум доирасида АҚШ Ўзбекистоннинг атом саноатини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда. Бу ташаббус АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Америка атом саноатини глобал бозорда қўллаб-қувватлашга қаратилган фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, меморандумда Ўзбекистонда атом ҳалокатлари юз берган тақдирда компенсатсия олиш имконини берувчи қонун лойиҳаси ҳам назарда тутилган. Ушбу қонун депутатлар томонидан қабул қилинган бўлиб, ҳозирда Сенат тасдиғини кутмоқда.
Меморандум имзоланиши Ўзбекистонда энергияга бўлган талабни қоплаш мақсадида атом электр стансиялари қуриш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар фонида юз бермоқда. Мамлакат аллақачон Россиянинг Росатом агентлиги билан биргаликда илк АЭС қурилишини бошлаган.
2024-йил май ойида Ўзатом Росатом билан Жиззах вилоятида 330 МВт қувватга эга АЭС қуриш бўйича шартнома имзолаган. Қурилма Россия дизайнига асосланган бўлиб, жами олти дона РИТМ-200Н реакторларини ўз ичига олади — бу реакторлар аввал атом музқаймоқ кемаларида қўлланилган.
2024-йил сентабр ойида Ўзатом ва Росатомнинг муҳандислик бўлими Атомстроехпорт АЭС қурилишини бошлаш бўйича протокол имзолаган. Ўшанда Росатом стансия 2029-йилдан 2033-йилгача босқичма-босқич ишга туширилишини билдирган.
Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин лойиҳани қайта форматлаш ва иккита йирик ҳамда иккита кичик АЭС блокларини қуриш бўйича келишувга эришган.
Европада иш излаётганлар учун янги имконият пайдо бўлди

Сурат манбаси, EPA
Миграция агентлиги Словакиянинг пойтахти Братислава шаҳрида жойлашган Volkswagen автомобиль заводида ишлаш учун танлов эълон қилди. Бу танлов машинасозлик соҳасида тажрибага эга бўлган, рус тилида мулоқот қила оладиган, 40 ёшгача бўлган эркаклар учун мўлжалланган.
Номзодлар ишчи виза ($100) ва авиачипта ($300) харажатларини қоплайди. Бироқ, Миграция агентлиги бу харажатларнинг бир қисмини қоплаб беради. Танловда иштирок этиш учун ҳар бир номзод Миграция агентлигининг ХОРИЖДА ИШ платформаси орқали рўйхатдан ўтиши лозимлиги айтилга.
Европада барқарор иш, муносиб маош ва ижтимоий кафолатлар излаётганлар учун бу таклиф катта имконият бўлиши мумкин. Батафсил маълумот ва рўйхатдан ўтиш учун Миграция агентлигининг расмий платформасига мурожаат қилишлари билдирилган.
24 сентябр 2025. Ўзбекистон ва жаҳон: Дримлайнерлар, БМТдаги чиқиш ва Россиядаги рейд

Сурат манбаси, Reuters
Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан туриб, дунёга мурожаат қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида нутқ сўзлади. У дунёдаги бугунги мураккаб вазият, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва халқаро ҳамжамият олдида турган энг долзарб муаммолар ҳақида гапирди.
Президент дунёда қарама-қаршиликлар кучайиб, институтларнинг роли заифлашаётганидан ташвиш билдирди. У БМТни асосий музокара майдони сифатида сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаб, Хавфсизлик Кенгашини кенгайтиришни таклиф қилди. Бу, айниқса, ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун керак дея таъкидлади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғини эълон қилди: Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик маконига айлантириш. Унинг сўзларига кўра, ёпиқ чегаралар ва ҳал қилинмаган низолар даври ортда қолдган. Минтақада савдо, инвестиция ва транспорт алоқалари бир неча баробар ошган. Мирзиёев БМТни минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган резолюция қабул қилишга чақирди.
Глобал муаммоларга ечимлар ҳақида гапириб, Афғонистонга диққат қаратди.
Афғонистонни яккалаб қўймаслик ва бу мамлакатда катта иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. У Афғонистон орқали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича БМТ резолюциясини қабул қилишни таклиф қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида қилган нутқида Фаластин масаласига ҳам тўхталиб ўтди. У Ғазо секторидаги инсонпарварлик инқирози тобора ёмонлашиб бораётганидан хавотир билдирди ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирди. Президент, шунингдек, БМТ резолюцияларига мувофиқ, "икки халқ учун – икки давлат" тамойилини амалга оширишни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Шунингдек, иқлим масалаларида Орол денгизининг қуриши масаласига тўхталиб, унинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда саҳро ўсимликлари экилганини айтди. Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форуми ўтказилишини эълон қилди.
Мирзиёев рақамли ривожланишдаги тенгсизликка барҳам бериш учун сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорлик механизми яратишни таклиф қилди. "Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати"ни ташкил этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштиришни таклиф этди.
Нутқ сўнгида Президент Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан очиқ мулоқотга ва ҳамкорликка тайёр эканини яна бир бор таъкидлади.
Халқаро учишларга 8 миллиард сарфланганда, маҳаллий учишларда нима гап?

Сурат манбаси, Silk Avia веб-саҳифасидан олинган кадр
Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 10 дан ортиқ йирик битим имзоланган. Улардан энг йириги "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ва Boeing Global компанияси билан тузилган 22 та Boeing 787 Dreamliners самолётини харид қилиш бўйича шартнома бўлди. Бу шартнома Ўзбекистон миллий авиакомпанияси тарихидаги энг йирик келишув ҳисобланади ва 2031 йилдан бошлаб Европа, Осиё ва Америка йўналишларидаги парвозларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Бу харидни АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Доналд Трамп ҳам қутлаган. Трамп ижтимоий тармоқда Президент Мирзиёевни бу битим билан табриклаган.
Маҳаллий парвозлар эътибордан четда қолмоқдами?
Мамлакатнинг халқаро парвозларга эътибор қаратиши компания даромадига ижобий таъсир кўрсатиши аниқ. Аммо, мутахассислар ва кузатувчиларнинг фикрича, ички парвозларни ривожлантириш ҳам худди шундай муҳим. Бугунги кунда Силк Авиа каби маҳаллий йўналишларга хизмат кўрсатувчи компанияларнинг бор-йўғи 3 та самолёт билан ишлаётгани ва бу соннинг ички талабни қондириш учун етарли эмаслиги кузатилмоқда.
Халқаро йўналишлар бўйича янги авлод самолётларини харид қилиш орқали глобал бозорга чиқиш имконияти ортса-да, ички туризм ва фуқароларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши учун маҳаллий парвозларни ҳам модернизация қилиш ва кўпайтириш зарурлиги айтилмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Концертда мигрантларга рейд

Сурат манбаси, Тармоқлардаги видеодан олинган кадр
Россиянинг Красноярск шаҳрида таниқли ўзбек қўшиқчиси Жалолиддин Аҳмадалиевнинг концерти давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кенг кўламли рейд ўтказилди. Федерал хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Росгвардия ходимлари иштирок этган тадбирда асосий эътибор ноқонуний миграция ва гиёҳванд моддалар айланмасига қарши курашишга қаратилгани маълум қилинди.
Расмий маълумотларга кўра, концертга 620 нафар томошабин ташриф буюрган бўлиб, улардан 210 нафари хорижий фуқаролар экани аниқланган. Текширувлар давомида тақиқланган буюмлар ёки моддалар топилмаган. Шу билан бирга, 26 нафар чет эл фуқароси полиция бўлимига олиб кетилган, улардан саккиз нафари Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб тургани аниқланган.
Сўнгги пайтларда Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан назорат чоралари кучайтирилмоқда. Бу жараён Украинадаги уруш ва Москва яқинидаги "Крокус Сити Холл"да содир бўлган қуролли ҳужумлардан сўнг янада фаоллашган. МДҲ мамлакатлари фуқароларини урушга жалб этиш ҳаракатлари ва рейдлар орқали мигрантларга нисбатан босим кучайгани кузатилмоқда.
Бундай рейдлар нафақат ички сиёсат, балки ташқи муносабатларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар шундай ҳолатлар ортидан совуқлашгани қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон расмийлари ҳам Россиядаги ўз фуқароларининг ҳуқуқлари бузилаётганидан норозилик билдириб, бу ҳақда Кремлга расмий мурожаат йўллаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3












