Россия, мигрантлар: Энди сохта никоҳлар йўқоладими ёки ВНЖ нима бўлади - Россияда янги қонун ва янги шартлар

Никоҳ маросими

Сурат манбаси, gettyimages

Сурат тагсўзи, Чет эл фуқароларининг Россия фуқаролари билан никоҳдан ўтиш орқали РВП ва ВНЖ олиши борасидаги статистиканинг йилдан йилга кескин ортиб бораётгани ҳукуматнинг ҳам эътиборини тортди.
    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Журналист, эксперт
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Россияда никоҳ асосида вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) ва доимий яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) олиш тартиби кучайтирилди.

Агар никоҳ бекор қилинган бўлса, ёки суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда, РВП ёки ВНЖ рухсатномаси бекор қилиниши мумкин.

Россия миграция сиёсатига оид мазкур қонун 25 январдан кучга кирди.

Бу Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб Марказий осиёлик мигрантлар учун нимани англатади?

Алоқадор мавзулар:

Бизга аъзо бўлинг:

Патент, РВП ва ВНЖ фарқлари

Марказий осиёлик мигрантлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2020 йилда 100 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари ВНЖ олган бўлса, 2025 йилда 180 мингга яқин хорижлик ВНЖ соҳиби бўлган.

РВП ва ВНЖ ўзи нима? Бу ҳужжатлар Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари учун қандай енгилликлар беради? Уларни расмийлаштиришнинг мигрантлар учун энг оммалашган меҳнат патентига эгаликдан кўра, қандай афзалликлари бор?

Россияда яшаб ишлаш учун чет эл фуқаролари фақатгина ишга рухсатнома асосида эмас, балки вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномалари орқали ҳам қонуний мақомларини таъминлашлари мумкин.

Меҳнат патенти энг содда усул – Россияга кириб келгач, 1 ой ичида бу мамлакатда ишлашга рухсат берувчи меҳнат патентига ҳужжат топшириб, олиш мумкин. Патент муддати – 1 йил. У тугагунга қадар, табиийки, ("прописка" бўйича ) яшашга рухсат берилади.

Меҳнат патенти учун ҳар ойда белгиланган солиқ тўлови тўлаб борилади ва муддати тугаши билан яшаш ҳуқуқи ҳам тугайди.

РВП ва ВНЖ Россияда хорижий фуқаролар учун миграция мақомини белгилайдиган икки муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардир.

РВП (Разрешение на временное проживание) хорижий фуқарога Россияда қонуний равишда вақтинчалик яшаш ҳуқуқини беради.

Бу ҳужжат ҳам муддатли бўлиб, одатда 3 йилга берилади. У чет эл фуқаросига Россия ҳудудида эркин ҳаракатланиш, ишлаш ва муайян ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Хорижлик фуқаро Россияда доимий яшаш мақсадида РВП асосида кейинчалик ВНЖ учун мурожаат қилиши мумкин.

РВА квоталар асосида берилади, аммо никоҳ ёки умумий бола бўлган тақдирда соддалаштирилган тартибда (квотасиз) олиниши мумкин.

ВНЖ (Вид на жительство) – хорижий фуқарога Россияда доимий яшаш ҳуқуқини беради ва доимий асосда кўпроқ имкониятлар яратади:

  • Муддатсиз ёки узайтириладиган ҳужжат бўлиб, бирламчи ҳолда одатда 5 йилга берилади.
  • Россияда узоқ муддат яшаш, ўқиш, ишлаш ва давлат хизматларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради. Россияда яшаш учун паспортга муҳр қўйилади.
  • ВНЖ олиш Россия фуқаролигини олиш учун биринчи қадам ҳисобланади. У Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш учун асосий талаблардан биридир. Шунинг учун РВП вақтинчалик мақом сифатида, ВНЖ эса доимий яшаш учун асос сифатида қаралади.

Мигрант камайган, талаб ошган

Россиядаги мигрантлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мигрантлар асосан, ҳужжатларга ва солиқларга тўланадиган маблағларни тежаб, оилаларига кўпроқ пул юбориш мақсадида РВП ва ВНЖ олишга интилишади.

Бу икки ҳужжат кўп йилларки, Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини меҳнат патентидан кўра тежамкорлиги, узоқ муддатлилиги, афзалликлари ва имтиёзлари учун жалб қилиб келади.

Сўнгги 5 йилда Россияда меҳнат муҳожирлари сони икки баробарга камайди.

Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилларда мамлакатда 12 миллион атрофида меҳнат мигрантлари яшаб ишлаган бўлса, 2025 йилга келиб бу рақам 6 миллион атрофидани ташкил қилмоқда.

Шунга қарамай, РВП ва ВНЖ га талаб пасайгани йўқ.

Масалан, 2020 йилда 100 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари ВНЖ олган бўлса, 2024 йилда 180 мингга яқин хорижлик ВНЖ соҳиби бўлган.

Мигрантлар асосан, ҳужжатларга ва солиқларга тўланадиган маблағларни тежаб, оилаларига кўпроқ пул юбориш мақсадида РВП ва ВНЖ олишга интилишади.

Аммо уларга эришиш мигрантларга осон ва арзонга тушмайди. Россияда амалдаги миграция сиёсати, ажратилган квоталарга нисбатан талабгорларнинг кўплиги, бюрократия ва коррупция мамлакатдаги муҳожирлар учун РВП ва ВНЖ олишни мураккаблаштирган.

Шу боис, Марказий осиёлик, жумладан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида бу ҳужжатларга эга бўлиш учун ноқонуний йўллардан борувчилар талайгина.

Улардан энг кўп тарқалгани – РВП ва ВНЖ ни сохта никоҳ орқали олишдир.

"Қиммат, аммо тежамкор йўл эди"

Sohiba Hayot
facebook
Garchi RVP va VNJ olishning muhojirlar uchun boshqa yo‘llari bo‘lsa-da, Rossiyada nikoh orqali olish nisbatan imkonliroqligicha qolmoqda.
Sohiba Hayot
Jurnalist, ekspert (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Сохта никоҳ орқали РВП ва ВНЖ олиш схемаси қандай ишлаган? Ундан ўзбекистонлик мигрантлар қанчалик кенг қўлланишган?

Бу саволнинг жавобини шу йўл орқали аввалига РВП, бир неча йилдан сўнг эса ВНЖ олган ўзбекистонлик муҳожирдан олдик:

- 7 йил олдин РВП, унинг ортидан ВНЖ олганман. Ҳар ой патентга пул тўлаб ишлаш керак эди. Ундан ташқари ижара ва еб-ичишга пул кетади. Москвада эр-хотин бирга ишлаймиз. 2 кишига кетаётган бу катта ҳаражатларни биримизга РВП қилиш билан тежашни ўйладик.

Ўртакаш ширкатлардан бири билан гаплашдик (ўртакаш ҳам ўзбекистонлик). Уларда сохта никоҳга рози "мижозлар" бўларкан. Мен учун Москва вилоятидан бир аёлни учун гаплашди. Ўша пайтда 120 минг рублга расмий никоҳдан ўтдик.

Айтганча, мени Ўзбекистонда расмий никоҳим бор. Ўртакаш мени ажрашганлигим тўғрисида қалбаки ҳужжат тайёрлади.

Маълум вақтдан кейин, Россия фуқароси билан олган ЗАГС қоғозимиз асосида РВП га ҳужжат топширдим. Ундан кейин, шу ҳужжатлар асосида ВНЖ олдим.

Тўғри, катта пуллар кетди. Аммо бу Россияда ишлаб 10 йил давомида патентга тўланадиган пуллар билан таққослаганда, анча тежамкор йўл эди", гапириб берди Умидбек.

Шубҳалар асосли чиқди

Никоҳ узуклари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Чет эллик муҳожир билан оила қуришни истовчи россияликни топиш ҳамма вақт ҳам "омадли" бўлавермайди. Бу ёғи ё кўнгил, ёки катта пул масаласи.

Аксар муҳожирларнинг сохта никоҳ асосида миграция мақомига эга бўлиш схемаси шундай.

Ўртакашларсиз йўли эса, ҳақиқатда Россия фуқаролари билан оила қуриш орқали бу ҳужжатларни олишдир.

Чет эллик муҳожир билан оила қуришни истовчи россияликни топиш ҳамма вақт ҳам "омадли" бўлавермайди. Бу ёғи ё кўнгил, ёки катта пул масаласи.

Ҳақиқий расмий никоҳ асосида РВП ва ВНЖ олган хорижликлар ҳам бу ҳужжатларга эга бўлиш учун бир неча йиллар, талай қоғозбозликлар, бюрократия ва сарсонгарчиликлар жараёнидан ўтишларига тўғри келган.

Гарчи РВП ва ВНЖ олишнинг муҳожирлар учун бошқа йўллари бўлса-да, никоҳ орқали олиш нисбатан имконлироқлигича қолмоқда.

Чет эл фуқароларининг Россия фуқаролари билан никоҳдан ўтиш орқали РВП ва ВНЖ олиши борасидаги статистиканинг йилдан йилга кескин ортиб бораётгани ҳукуматнинг ҳам эътиборини тортди.

Россия ИИВ расмий маълумотларига кўра, 2023 йилда РВП олган хорижликларнинг 40 фоизи никоҳ асосида расмийлаштирган.

Расмийлар шубҳаси ортидан ҳуқуқ тартибот идораларининг текширувлари бошланди ва тез фурсатда бунинг асоссиз эмаслиги маълум бўлди.

Россия прокуратураси 2021 йилдан 2023 йилгача бўлган давр мобайнида сохта никоҳ аломатлари бўлган 4 мингдан зиёд материалларни судга топширди. Шу билан бирга уларнинг тегишли миграция ҳужжатлари бекор қилинишига олиб келди.

2025 йил 25 январдан бошлаб кучга кирган сохта никоҳлар ва Россия фуқаролиги бўлган болаларга сохта ота-оналик расмийлаштирилишига қарши қонун шунинг ортидан юзага келди.

Яъни, Россия миграция сиёсатидаги янги қонун нафақат мигрантларнинг ўзлари, балки уларнинг фарзандларига ҳам бевосита тааллуқли.

Янги қонун, янги шартлар

Россия паспорти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Агар фарзанд Россия Федерацияси фуқароси билан никоҳда туғилган (ёки фарзандликка олинган) бўлса, хорижий фуқаролар соддалаштирилган тартибда доимий яшаш рухсатномаси – "ВНЖ"ни олишлари мумкин бўлади.

- 25 январдан бошлаб хорижий фуқаролар Россия Федерацияси фуқароси билан расмий никоҳдан ўтганига уч ва ундан кўп йил бўлган ёки ушбу никоҳда умумий фарзанд туғилган бўлсагина "РВП" олишлари мумкин бўлади.

Агар фарзанд Россия Федерацияси фуқароси билан никоҳда туғилган (ёки фарзандликка олинган) бўлса, хорижий фуқаролар соддалаштирилган тартибда доимий яшаш рухсатномаси – "ВНЖ"ни олишлари мумкин бўлади.

Агар ота-она ўртасида никоҳ рўйхатга олинмаган бўлса, уларнинг мамлакатда камида уч йил бирга яшаганликлари ва умумий рўзғорлари борлиги суд томонидан тасдиқланиши ва фарзандни парвариш қилишда хорижлик ота-ота фаол иштирок этаётганини тасдиқловчи ҳужжат олиниши керак бўлади.

Шунингдек, суд томонидан Россия фуқароси билан тузилган никоҳ сохта деб топилса, ушбу никоҳ асосида аввал олинган, шу жумладан, 2025 йил 25 январгача берилган барча ҳуқуқий мақомлар, масалан, вақтинчалик яшаш рухсатномаси ва доимий яшаш рухсатномаси бекор қилинади, - дея батафсил изоҳ берган россиядаги юристлардан бири.

Имконсизлик ортидаги қонунбузарликлар

Россия қонунчилигидаги бу ўзгаришлар Марказий осиёлик муҳожирлар учун қанчалик аҳамиятли?

Бу саволни Россияда ишлаётган ўнга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига бердик.

Уларнинг бир қисми Россияда вақтинча ишлаётгани, Ўзбекистонга қайтиши, бу ерда узоқ муддатли ҳужжат расмийлаштиришга ҳожати йўқлигини билдирди.

Баъзилари эса кўп ҳаражатли РВП, ВНЖ у ёқда турсин, соддароқ меҳнат патент расмийлаштириш учун ҳам имконсизлигини айтди.

РВП ва ВНЖ асосида яшаб ишлашни истайдиган бир кишигина, "бу ҳужжатлар патентни олишдек қулай бўлсагина ҳаракат қилиб кўришим мумкин", деди.

Россия ўн йилларки, мукаммал бир миграция сиёсатини юритиш учун уринади. Бу борада тизим ва қонунчилик тамал ўлароқ, бир неча бора ўзгарди ва янгиланди. Аммо уларнинг самараси ҳалигача ижобий шаклда кўринмади.

Мамлакатдаги миллионлаб мигрантлар ва Россиянинг ўзи учун ҳам қулай ва манфаатли тизим юритиш учун амалдаги бюрократия ва коррупция энг катта тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.

Аэропортдаги аёл, иллюстратив

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия ИИВ маълумотига кўра, мамлакатда 2023 йилда 8 миллиондан зиёд чет эл фуқаролари бўлган бўлса, бу рақам 1 йилда 2 миллионга (6,1 млн) камайди.

Мигрантлар кетаяптими?

Россиянинг қаттиққўл миграция сиёсати ўзининг акс таъсирини бермоқда: юз минглаб муҳожирлар ноқонуний йўлларни танлашмоқда.

Айниқса, мамлакатдаги "Крокус" воқеасидан кейинги аксилмигрант сиёсат Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини янада боши берк кўчага киргизди.

Кети узилмаган рейдлар, қаттиқ текширувлар, мигрантларга нисбатан салбий қарашларнинг кучайиши ва ноинсоний муносабатлар муҳожирларнинг бу мамлакат билан боғлиқ режаларини ҳам ўзгартирди.

Доллар курсининг ошиб кетишидан тушкун кайфиятдаги муҳожирлар бу муҳит ортидан ўз келажагини Россия билан боғламай қўйди. Ишлаб, имкон қадар тезроқ мақсадидаги пулни йиғиб уйга қайтишни истовчилар кўпайди. Шу билан бирга ватанга қайтганлар сони ҳам ортди.

Россия ИИВ маълумотига кўра, мамлакатда 2023 йилда 8 миллиондан зиёд чет эл фуқаролари бўлган бўлса, бу рақам 1 йилда 2 миллионга (6,1 млн) камайди.

Статистика Россиядаги сиёсий ва иқтисодий вазият ортидан 1 млн га яқин муҳожирлар Ўзбекистонга қайтганини кўрсатмоқда.

Бошқа мавзуларимиз билан ҳам танишинг: