Нега Трампарастлар болани кўпайтиришга тарғиб қилаяптилар?

- Author, Стефани Ҳегарти
- Role, Би-би-си аҳолишунослик мухбири
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Пронаталистлар (болани кўпайтириш тарафдорлари) асосан сиёсий ўнг қанотдаги гуруҳ. Улар АҚШ ҳукуматидаги энг нуфузли шахслар бизга хайрихоҳ деб таъкидлашмоқда. Аммо улар ҳақиқатан ҳам шунчалик таъсирлими?
Симона Коллинз Пенсилваниядаги XVIII асрда қурилган коттежида кенг ёқали қора фартукли либосда тўрт фарзандидан бирини тиззасида тебратиб ўтирипти. Соат 8:30, у бироз толиққан кўринади – у бир нечта бизнесни, жамғармани бошқаради ва ҳозирда бешинчи фарзандига ҳомиладор. У ва эри Малколм яна кўпроқ фарзанд кўришни режалаштирганлар.
"Камида еттита, – дейди у, – мен жисмонан қанча кўтара олсам, шунча – ўн иккита бўлса янада ажойиб бўларди."
37 ва 38 ёшли бу америкалик эр-хотин дунё кўпроқ чақалоққа муҳтож, акс ҳолда, цивилизация қулаши мумкин деган фикрга қаттиқ ишонадилар. Улар туғилиш даражаси пасайиши жамият учун катта муаммо эканини таъкидлайдиган пронатализм ҳаракати тарафдорларидирлар. Уларнинг фикрича, бунинг давоси – катта оилалардир.
Сўнгги беш йил давомида улар ўз уйларини интервью ва фотосессиялар учун очиб, ўз ғояларини тарғиб қилдилар. Улар болалари ақлли бўлиши учун ЭКУ жараёнида эмбрионларини махсус саралатганликларини айтишади.
"Тадқиқотлар биз IQ учун генетик мойиллигимизни кўрсатди, – дейишди улар 2023 йилда бир мухбирга. – Болаларимиз биздан ақллироқ бўлишини истаймиз."

Бугун эса Малколм тан олади: "Пронатализм ҳақида хабар тарқатишнинг энг осон йўли ўзимизни мемга айлантириш эди... Агар биз бу мавзуга босиқ оқилона ёндашадиган бўлсак, ҳеч ким эътибор бермасди. Дангал ва ҳақоратли гапларни айтсак, ҳамманинг эътиборини тортади."
Аммо Доналд Трамп шу йил бошида иккинчи марта АҚШ президенти сифатида қасамёд қилганидан бери, бу жуфтлик тарғиботни янги босқичга олиб чиқди. Коллинзлар энди Оқ Уйдаги айрим шахсларни ўзларига иттифоқчи сифатида кўриб, бундан тўлиқ фойдаланишга интилимоқдалар.
14 фарзанднинг отаси бўлмиш Илон Маск туғилиш пасайиши "цивилизация дуч келаётган энг катта хавф" деди. У туғилиш, ота-оналик ва аҳоли ўсиши келажаги бўйича тадқиқотлар олиб борадиган Техасдаги Аҳоли фаровонлиги ташаббусига 10 миллион доллар хайрия қилди.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам кўпайиш борасидаги қарашлари ҳақида очиқ гапирган. Январ ойида абортга қарши митингда у: "Мен Америка Қўшма Штатларида кўпроқ чақалоқлар бўлишини хоҳлайман," дея эълон қилди.
Трамп маъмурияти оилани ҳам устувор вазифа сифатида кўраётганининг дастлабки белгилари кўзга ташланмоқда. 18 феврал куни Трамп сунъий уруғлантириш имкониятини яхшилаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Унда "давлатимиз сиёсати фарзанд кўришни истаган меҳрибон ота-оналар учун шароит яратиши зарур"лиги таъкидланган.

Сурат манбаси, Getty Images
Пронаталистлар бундан илҳомланмоқдалар ва кўпчилик буни келажакдаги ўзгаришлар белгиси деб умид қилаяпти.
Туғилиш пасаяётгани тайин. АҚШда ҳар бир аёлга 1,62 бола тўғри келадиган рекорд даражада паст кўрсаткич қайд этилган ва БМТ башоратларига кўра, аср охирига бориб аксарият мамлакатларда аҳоли сони қисқаради.
Бу жамият ва иқтисодиётга жиддий таъсир кўрсатади. Баъзилар вақт ўтиши билан бу янги воқеликка мослашиш мумкинлигига ишонса, пронаталистлар бу борада унчалик некбин эмас.

Бироқ ҳаракатда сиёсий унсур ҳам мавжуд. Пронаталистлар деярли фақат сиёсий ўнг қанотдан. Масалан, Малколм ва Симона Коллинз ўзларини прогрессив, "уок" (woke) сиёсатдан кўнгли қолган собиқ либераллар сифатида тасвирлайдилар.
Улар ўзларини прагматик ва бюрократияга бутунлай қарши деб ҳисоблашади.
"Биз фалсафаларимиз, диний эътиқодларимиз, оилавий тузилишларимиз билан бир-биридан кескин фарқ қиладиган одамлар коалициясимиз, – дейди Малколм. – Лекин биз бир нарсада ҳамфикрмиз: бизнинг асосий душманимиз – шаҳар монокультураси; бирлаштирувчи сўл маданият."
Хўш, бу чеккадаги гуруҳ ҳақиқатан ҳам АҚШ ҳукуматидаги энг нуфузли шахсларнинг эътиборини тортиши мумкинми? Агар шундай бўлса, улар нафақат аҳоли сони камайиши, балки кенг қамровли масалалар бўйича сиёсатга қай даражада таъсир ўтказа оладилар?
Вэнс, Маск ва "фертилизация президенти"
Яқинда Техасда 200 га яқин пронаталист иккинчи Натал конференциясига тўпланди. Ҳар йили дам олиш кунлари ўтказиладиган бу тадбирда қатнашиш учун тахминан 1000 доллар тўлаш керак.
Конференция Америка ўнг сиёсий оқимининг турли йўналишларидан келиб чиққан икки гуруҳни бирлаштиради: консерватив христианлар ва Кремний водийсидаги либертариан, стартап маданиятидан келиб чиққан, юқорига интилаётган "технологик ўнг" деб аталувчи қанот аъзолари.
Баъзилари АҚШнинг амалдаги ҳукуматига алоқадор. Трамп Майкл Антонни Давлат департаментининг сиёсатни режалаштириш бўйича директори этиб тайинлади. У ўтган йилги конференцияда маъруза қилган эди.
Бу йилги конференциянинг бошқа маърузачилари орасида ўта ўнг қанот фаол Томми Робинсон билан алоқадор бўлган Карл Бенжамин ва "Хом тухум миллатчиси" тахаллуси билан танилган инфлюэнсер Чарлз Корниш-Дейл ҳам бор эди.
"Бу муқаддас иттифоққа ўхшамайди," дейди саккиз фарзанднинг онаси ва олти фарзанднинг ўгай онаси, иқтисодчи Кэтрин Пакалук. У ҳам конференцияда нутқ сўзлади, лекин ўзини пронаталист деб аташни истамайди. "Бу мураккаб ҳаракат бўлиб, турли маслакни тутган одамлар бор," дейди у.
Бироқ, уларнинг муштарак жиҳати шундаки, уларнинг барчаси ўз ғоялари ҳукуматнинг энг юқори даражаларида эшитилишини истайдилар.
Баъзилар фикрича, улар аллақачон эшитилмоқда. "Агар мендан ҳозир Оқ Уйда пронаталистлар борми деб сўрасангиз, – дейди Малколм, – бунга "Албатта, Илон ва Жей Ди Вэнс" деб жавоб берардим."

Сурат манбаси, Getty Images
Президент Трампнинг шу пайтгача қабул қилинган фармонларида сунъий уруғлантириш тўғрисидаги фармондан ташқари, бевосита оилага алоқадор деб ҳисобланиши мумкин бўлган фармонлар деярли йўқ. Бироқ, пронаталистик фикрлаш туғилиш ҳақида сиёсатга таъсир қила бошлаган бўлиши мумкин.
Январ ойида АҚШ Транспорт вазири Шон Даффи ўз вазирлигига грантлар беришда "никоҳ ва туғилиш даражаси мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан юқори бўлганларга устунлик бериш" ҳақида кўрсатма берди.
Ўнг қанот таҳлил маркази Heritage жамғармасининг ички сиёсат бўйича вице-президенти Рожер Северино бу сиёсатда Жей Ди Вэнснинг таъсирини кўради. "Вэнснинг узоқ йиллик оилапарварча фикрлаш ва сиёсат ишлаб чиқиш тарихи бор," дейди у.
Вэнс эркакларни заифлаштириш орқали АҚШда оилаларни парчалаб ташлаётган "бузилган маданият"ни тузатиш зарурлиги ҳақида кўп гапирган.
Яқинда берган интервюсида у шундай деди: "Биз Худо эркак ва аёлни маълум мақсад учун яратган деб ишонамиз ва сиз йигит ва қизлар сифатида ривожланишингизни хоҳлаймиз. Бунга сиёсатимиз орқали ёрдам берамиз."
Бу ғоя пронаталистик доираларда акс-садо берди.
"Вэнс – очиқ пронаталист," дейди Vox нашрининг сиёсат бўйича мухбири Рейчел Коэн. "Трампнинг ўзи янги "чақалоқлар буми"ни жорий этиш бўйича кампания олиб борди ва ўтган ҳафта у ўзини "фертилизация президенти" деб эълон қилди."
Пронаталистлар ўзларича фармонлар лойиҳаларини ёзишмоқда
Малколмнинг айтишича, у аллақачон Оқ Уйга таъсир ўтказишга уринган. Унинг таъкидлашича, у "нуфузли одамларни яширин каналлар орқали жалб қилиб, ҳокимият марказларида пронатализм ҳақида гапириш одатий ҳолга айланишига эришган ва бу охир-оқибат маъмурият ва асосий технологик маданиятга сингиб борган."
Улар Heritage жамғармаси билан пронаталистик сиёсат бўйича музокаралар олиб боришмоқда. Кейин улар қўллаган бевосита ёндашув ҳам мавжуд. "Биз фармонлар лойиҳаларини Трамп маъмуриятига тақдим этдик," дейди Симона.
Уларнинг таклифлари орасида болаларга хизмат кўрсатувчи муассасаларни дерегуляция қилиш ва автомобилларга кўпроқ болалар сиғиши учун автомобил ўриндиқлари танловини кенгайтириш бўйича таклифлар бор.
Эр-хотин бу таклифлар амалга ошадими ёки йўқ, ҳали билишмайди, лекин улар ўзларини эшитаётганлар борлигига ишонадилар.
Уларнинг ҳокимият билан алоқаси Кремний водийсидаги баъзи қудратли одамлар бошчилигидаги либерализмга қарши реакцион ҳаракат бўлган "технологик ўнглар" туфайлидир.
Технологик ўнглар орасида "Paypal" ҳамасосчиси, Вэнснинг Сенатдаги сайлов кампаниясига ҳомийлик қилган ва туғилиш технологияларига сармоя киритган Питер Тил ҳамда венчур капиталистлар Дэвид Сакс ва Марк Андриссен бор.

Сурат манбаси, Getty Images
Симона Коллинз илгари жаноб Тил бошқарадиган эксклюзив аъзолар клубининг бошқарувчи директори бўлган. Эр-хотиннинг айтишича, улар бизнес элитаси учун яна иккита тармоқ гуруҳини бошқарган. Уларнинг 2021 йилда ташкил этилган Пронаталист жамғармаси Skype асосчиси, эстониялик миллиардер Яан Таллин жамғармаси орқали 500 минг доллардан сал камроқ маблағ олган.
"Технологик ўнглар баҳсларга катта куч беради," дейди Heritage жамғармасининг ички сиёсат бўйича вице-президенти Рожер Северино. "Биз ўнг қанот оқимларни қандай бирлаштиришни муҳокама қилдик. Ҳаракатни яхлитлаштиришга ҳаракат қиляпмиз."
Пронаталистлар иттифоқидаги ёриқлар
Бироқ, ҳаракатни "яхлит" қилишга халақит берадиган ёриқлар бор.
Анъанавий диний ўнглар орасида кўпчилик сунъий уруғлантириш кенгайишидан хавотирда ва эмбрион скринингига қарши, баъзилари эса бир жинслилар никоҳига ва уларнинг ота-она бўлишига ҳам қарши.
"Бу шунчаки туғилиш даражаси жуда пастлигидан хавотирга тушган одамларнинг ғалати иттифоқи. Аммо уни тузатиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида турли ёндашувлар ва ғоялар мавжуд," дейди Пакалук хоним.
"Америкалик консерваторлар орасида пронатализм ва оилани тарғиб қилишга бўлган қизиқиш яна кучайди", дейди "Оила душмани: Маданиятимиз бола тарбиялашни қандай қийинлаштирди" китоби муаллифи Тимоти Карни. Аммо у қўшимча қилади: "Зиддиятлар албатта бўлади."

Сурат манбаси, Getty Images
Пронатализмдаги энг баҳсли масалалардан бири унинг баъзи технологик ўнг қанот тарафдорлари орасида генетика билан боғлиқ айрим жиҳатларнинг тилга олинишидир. Бу нарса сиёсий спектрнинг барча томонларида, айниқса, ахлоқий нуқтаи назардан, ташвиш уйғотади.
Ўнг йўналишдаги «Америка Ахлоқ ва Давлат Сиёсати Маркази»нинг оилавий сиёсат бўйича ходими Патрик Т. Браун, ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш)дан фойдаланиш имкониятини яхшилаш бўйича фармон технологик ўнг қанотнинг сиёсатга таъсирини кўрсатиши мумкинлигини таъкидлайди. Бироқ у бу таъсирдан, айниқса эмбрион скрининги масаласида хавотирда. "Болаларнинг истеъмол маҳсулотига айлантирилиши мени жуда ташвишга солади, – дейди у. – Бу чигал вазиятга олиб келади."
Яқинда ўтказилган конференцияда иштирок этганларнинг баъзилари ўзларини "ирқий реалистлар" деб аташди, улардан бири ҳатто кўплаб олимлар инкор қиладиган интеллект ва ирқ ўртасидаги боғлиқлик ҳақида гапирган.
Генетик Адам Резерфорд фойдаланилган маълумотларни "сохта ва ирқчилик, ҳақиқатга озгина жиддий қарайдиган ҳар қандай киши илмий далил сифатида қарамайдиган кичик намуналардан олинган" деб таърифлайди.
"Бу фикрлар ирқчиликнинг тарихий ғояларини яна такрорлаш."
Ана шу нарса сабабли айримлар ўзларини пронаталист деб аташни истамайди. Кэтрин Пакалук шулардан бири. "Менимча, соф евгеник ёки оқ танлилар устунлиги тарафдорлари бўлган баъзи одамлар бор," дейди у.
"Мен буни жирканч ва қораланиши керак деб биламан ва бундай одамлар билан ҳеч қачон бирга бўлишни истамайман."
Баҳслар юмшоқ кучга айланиши мумкинми?
Савол туғилади: буларнинг барчаси пронаталистларни қандай аҳволда қолдиради ва улар қанчалик катта таъсирга эга?
Баъзи кузатувчилар фикрича, уларнинг таъсири аллақачон сезилмоқда. "Трампнинг Оқ Уйида пронаталистларнинг кучли таъсири борлиги аниқ, – дейди Коэн хоним. – Менимча, асосий савол шундаки, бунинг туғилишни режалаштириш ва контрацепцияни чеклаш бўйича ҳаракатларга қанчалик алоқаси бор? Болалар парвариши учун маблағ ажратиш каби харажатлар ҳақидаги баҳсларга қандай таъсир кўрсатади?"
Жаноб Карни бу борада эҳтиёткорроқ: "Вэнс жуда оилапарвар ва пронаталист, у ҳукумат оилаларни қўллаб-қувватлаши ва туғилишни оширишга ёрдам беришини хоҳлайди, аммо Жей Ди Вэнс президент эмас. Менимча, Доналд Трампнинг бу масалада қатъий фикри йўқ."

Сурат манбаси, Getty Images
У, шунингдек, баъзи оилапарвар сиёсатларга қаршилик бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, Конгрессни назорат қилувчи республикачиларнинг айримлари оилани қўллаб-қувватлаш ғоясини ёқтирмаслигини айтади. "Улар буни нолойиқларга берилган ижтимоий ёрдам деб ҳисоблашади."
Коллинзлар ва яқинда ўтказилган конференция эътибор тортгани шубҳасиз. Бироқ экспертлардан бири улар фақат баҳс қўзғатаётганини таъкидлайди.
"Агар сиз Капитолийга бориб, Конгресс аъзолари ёки Америка бўйлаб штатлардаги губернаторлар билан суҳбатлашсангиз, улар муаммони ҳатто тан олмасликлари мумкин," дейди жаноб Браун.
Унинг айтишича, "интернетдаги рағбатлар" ҳар доим ҳам муваффақиятли оммавий ҳаракатга рағбат бўлавермайди. "Эътиборни тортадиган нарса – провокация ва чегараларни бузиш. Бу кликлар ва издошларни кўпайтириш.
Лекин, менимча, бу сиёсий динамикани ўзгартирмайди."
Мақоланинг энг юқоридаги сурати: Getty Images













