Гарвард Трампга қарши турди. Лекин қанчага туриб беради?

Гарвард Университети бинолари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Гарвард Университети
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Гарвард университети АҚШ президенти Доналд Трампнинг талабларига бўйсунмаслигини айтди.

Гарвард университетининг бу мавқеига қарши АҚШ ҳукумати айни билим даргоҳига чет эллик талабаларни қабул қилишни тақиқлаши билан таҳдид қилмоқда.

"Қайси партия ҳокимиятда бўлишидан қатъий назар, ҳеч қандай ҳукумат хусусий университетларга нима ўқитишни буюрмаслиги керак", деди Гарвард президенти Алан Гарбер университет веб-сайтида жойлаштирилган баёнотида.

Гарвард Оқ уйнинг кенг қамровли талаблар рўйхатига рози бўлишдан бош тортганидан кўп ўтмай, Трамп маъмурияти ушбу муассасага ажратилган 2,2 миллиард долларлик федерал маблағни музлатиб қўйди. Талаблар рўйхатга қандай бошқариш, ишга олиш ва ўқитиш бўйича кўрсатмалар ҳам киритилган эди.

Кўплаб талабалар ва битирувчилар оқибатларга қарамай, университетнинг ўз позициясида қолиш қарорини олқишлашди. Собиқ президент Барак Обама, ўзи ҳам ушбу университет битирувчиси, Трампнинг ҳаракатини "қўпол" деб атади ва Гарвардни "бошқа олий таълим муассасалари учун намуна" сифатида мақтади.

Аммо миллиардлаб доллар гаровда турган бир пайтда, ўз позициясининг ҳақлигини исботлаш учун тортишиш - федерал ҳукумат ва олий таълим ўртасидаги узоқ давом этадиган курашнинг бошланиши бўлиши мумкин.

Гарвард президенти Алан Гарбер Оқ уйнинг кенг қамровли талаблар рўйхатини кескин рад этди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Гарвард президенти Алан Гарбер Оқ уйнинг кенг қамровли талаблар рўйхатини кескин рад этди.

Трампнинг Гарвардга қарши ҳужумлари ягона ҳолат эмас. Ҳукуматнинг антисемитизмга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳи камида 60 та университетни текширувдан ўтказиш учун белгилаб олди.

Ҳукуматнинг айтишича, муаммо ўтган йилги Фаластинни қўллаб-қувватловчи талабалар шаҳарчасидаги норозиликлари бўлиб, улар бутун мамлакат бўйлаб университетларга зарар етказди ва Трамп маъмурияти буни яҳудий талабаларни таъқиб қилишга сабаб бўлганини айтди.

Ҳукумат 400 миллион долларлик молиялаштиришни қисқартиргандан сўнг, ўтган ой Колумбия университети норозиликлар ортидан маъмуриятнинг кўплаб талабларига рози бўлди.

Гарвард ҳам ён берди. У маъмуриятнинг антисемитизмга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳи билан ҳамкорлик қилишга розилик берди. Олийгоҳ "Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази" ва унинг "Дин, можаролар ва тинчлик ташаббуси" раҳбарларини Исроилга қарши тарафкашликда айблаб ишдан бўшатди ва уларнинг фаолиятини тўхтатди.

Январь ойида эса, яҳудий талабалари томонидан антисемитизмда айблаб очилган иккита суд иши Гарвард томонидан ҳал қилинди. Гарчи Гарвард ҳеч қандай нотўғри иш қилганини тан олмаган бўлса-да, келишувга эришиш ҳаракати уларнинг яҳудий талабалари ва ходимларини қўллаб-қувватлашга содиқлигини кўрсатишини билдирди.

Шундай бўлса-да, университет жума куни Оқ уйнинг талаблар рўйхатига қарши чиқди.

Гарвард талабаси, фаол ва университетнинг Африка ва афро-америкалик қаршилик ташкилоти аъзоси Саъмаиа Эванснинг айтишича, университетнинг ўз позициясини билдириш қарори анча вақтдан бери кутилган эди.

"Гарвард фақат ўзи жавобгар бўлган нарсаларни қилади", деди у Би-Би-Сига. У сўнгги ҳафталардаги талабалар шаҳарчасидаги норозиликлар ва Колумбиянинг Трамп маъмурияти билан келишувининг катта танқидларга учрагани университет расмийларига таъсир ўтказишга ёрдам берганини таъкидлади.

"Улар жамоатчиликни яхши танишади - агар улар таслим бўлишса, жамоатчиликнинг кескин норозилигига дуч келишади", деди Эванс хоним.

Гарварднинг ўз манфаатларига зид бўлган бирон-бир иш қилиши ғайриоддий бўларди."

Алоқадор мавзулар:

Баъзи кичик давлатларнинг ялпи ички маҳсулотидан ҳам катта кўрсаткич - 53,2 миллиард долларлик жамғармаси бўлган Гарвард қийинчиликларни енгиб чиқа олади. Аммо экспертларнинг айтишича, шундай бўлса ҳам у қийин аҳволда қолмоқда.

Америка Таълим Кенгаши вакили Стивен Блумнинг сўзларига кўра: "Кўпчилик сиёсатчилар жамғармаларни оддий ҳисоб рақами, исталган мақсадда пул ечиб олиш мумкин бўлган дебит карта деб ўйлашади. Аммо бу ундай эмас."

Гарварднинг жамғармаси ҳайратланарли бўлса-да, унинг 70 фоизи аниқ лойиҳалар учун ажратилган, бу эса Блум жанобининг сўзларига кўра, таълим жамғармалари учун одатий ҳолатдир.

Гарвард пулни донорлар кўрсатганидек сарфлаши керак, акс ҳолда у юридик жавобгарликка тортилиш хавфи остида қолади.

Гарварднинг харажатлари жуда катта - унинг 2024-йилги операцион бюджети 6,4 миллиард долларни ташкил этган. Бу маблағнинг тахминан учдан бир қисми жамғармадан молиялаштирилди - 16 фоизи федерал ҳукуматдан келди.Бу маблағ одатда АҚШнинг умум манфаатига хизмат қиладиган, масалан, биомедитсина тадқиқотлари каби йўналишларга ажратилади.

Блумнинг айтишича, жамғарма молиясининг олтин қоидасига кўра, университетлар ҳар йили ўз умумий жамғармасининг 5 фоизидан кўпини сарфламаслиги керак. 2 миллиард долларлик йўқотишни қоплаш учун олийгоҳ ўз жамғармасини 40 миллиард долларга ошириши керак бўлади.

"40 миллиард доллар дарахтда ўсмайди", деди Блум.

Агар Трамп Гарварднинг солиқдан озод мақомини бекор қилиш таҳдидини амалга оширса, бу оғриқ янада кучаяди. Бу мақом мактабга ўз сармоялари ва мулкларидан солиқ тўлашдан қочишга ёрдам беради. Гарварднинг Катта Бостон ҳудудида кампуслари бор ва Блумбергнинг ҳисоб-китобларига кўра, у 2023 йилда ўз мулк солиғи тўловларида 158 миллион доллар тежаган.

Вазиятнинг жиддийлиги баъзи талабаларни хавотирга солмоқда.

Гарвард талабалар кенгашининг академик вакили Метю Тобин: "Агар ҳукумат Гарвардга ҳужум қилишни истаса, у кўп нарса қила олади ва 2,2 миллиард долларни қисқартиргандан кейин бу тўхтайди деб ўйламайман", деди.

Тобиннинг айтишича, Трамп маъмурияти Гарвардга ёрдам бериш учун бу талабларни қўяётгани ҳақидаги фикр "бўлмағур гап".

Бу мутлақо ёмон ният билан қилинган ҳужум", деди у Би-Би-Сига. "Маблағнинг қисқартирилиши Трампнинг ўзи либерал деб биладиган муассасага ҳужум қилиши ва одамларнинг нимани ўқитиши, талабаларнинг қандай ўрганиши ва фикрлашини кўпроқ назорат қилиш истаги билан боғлиқ."

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: