Ўзбекистон қишга қандай тайёргарлик кўрмоқда?

Yilning 26 sentyabr sanasida Shavkat Mirziyoyev kuz-qish mavsumi yuzasidan yig'ilish o'tkazdi.

Сурат манбаси, BBC/PA Media/Rasmiy

Сурат тагсўзи, Yilning 26 sentyabr sanasida Shavkat Mirziyoyev kuz-qish mavsumi yuzasidan yig'ilish o'tkazdi.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қиш мавсуми кириб келишига атиги бир-неча ҳафталар қолар экан, Ўзбекистонда ҳам кунлар қисқариб, ҳаво ҳарорати пасайишни бошлаган. Иситиш ва электр таъминотига бўлган талаб ошмоқда. Бу эса қарийб ҳар йили аҳолининг турли эътирозларига сабаб бўладиган энергетика тизими ҳақида баъзи саволларни қайта ўртага чиқаради.

Ўзбекистон келаётган қиш мавсумига қай даражада тайёргарлик кўрмоқда? Мамлакат энергетика таъминоти ошиб бораётган талабни қондира оладими? Энергия ресурслари камайиб бораётган бир пайтда, тизимда нималар ўзгарди? Аҳолининг эса кутилмалари қандай?

Алоқадор мавзулар:

Йилнинг 26 сентябрь санасида Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсуми юзасидан йиғилиш ўтказди. Бунда президент қишга тайёргарлик ҳали тўлиқ эмаслигини, айрим вилоятларда қозонхоналар ҳам таъмирдан чиқмаганини танқид қилган.

Унга кўра, республика бўйича 640 та мактаб ва боғчадан 125 тасида таъмирлаш ишлари ҳали якунланмаган. 9,8 минг кўп қаватли уйнинг қарийб мингтаси тайёр эмас. Жиззах ва Сурхондарёдаги қозонхоналар таъмири ҳам охиригача етказилмаган.

"Бугунги кунда аҳолига 55 минг тонна, шундан 381 та олис қишлоқ ва овулларга 9 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилган. Аҳолига омборлардаги 27 минг тонна тарқатилмай қолган кўмирни ҳамда куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 330 минг тонна суюлтирилган газни тўлиқ етказиш топширилди. Газ ва электр таъминотида узилишларга йўл қўймаслик учун мутасаддилар шахсан жавобгар экани кўрсатиб ўтилди," - дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ваҳоланки, мамлакатда октябрнинг ўзи ҳам сезиларли даражада салқин об-ҳаво билан бошланди. Олимлар эса қиш қуруқ ва мўътадил бўлишини, аммо аномал совуқдан ҳам ҳоли эмаслигини таъкидламоқда. Мустақил тадқиқотчи Эркин Абдулаҳатов бу йилги қиш мавсуми эрта кириб келишини, унга тайёргарликлар эса аллақачон якунланган бўлиши кераклигини таъкидлайди.

"Ҳозирги куз-қиш мавсуми 2021-2022 йил аналогига ўхшаб кетаяпти. 2022 йилда ҳақиқатан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига зарба бера оладиган кичик 2 муддатли аномал совуқ кузатилган. Бошқача айтганда қишимиз мўътадилга яқин – илиқ ёки иссиқ эмас. Октабр ойи совуқроқ, ноябрь ҳам совуқроқ. Лекин декабрь иссиқроқ. Январ эса бироз мўътадил ва айрим ҳудудларимизда, шимолий вилоятларда кучли антициклон таъсири сезилади. Аммо жанубда бироз иссиқроқ бўлиши мумкин. Совуқ ҳаво оқими кириб келганда ҳароратнинг -10 даражагача пасайиб кетиши ҳолатлари кузатилиши мумкин," – дейди у.

O‘zbekistonda isitish va elektr tiziming asosiy ta’minotchisi bo‘lgan gaz manbalari yildan-yilga kamayib bormoqda.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, O'zbekistonda isitish va elektr tiziming asosiy ta'minotchisi bo'lgan gaz manbalari yildan-yilga kamayib bormoqda.

Бироқ, Ўзбекистонда иситиш ва электр тизиминг асосий таъминотчиси бўлган газ манбалари йилдан-йилга камайиб бормоқда.

2019 йилда Ўзбекистонда 61 миллиард куб метрга яқин газ қазиб олинган бўлса, 2024 йилга келиб, айни кўрсаткич 44миллиард кубдан сал ошиқни ташкил этган. Бу беш йил ичида қарийб 30 фозилик тушиш дегани.

Аммо энергияга бўлган талаб кескин ошмоқда. Кутилмаларга кўра, бу йил энергия сарфи тарихий рекорд даражага чиқиши мумкин.

Ўзбекистон миллий электр тармоқлари бошқаруви раиси Дадажон Исақулов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервюсида корхона 35−500 кВ кучланишли линияларни эксплуатация қилиш ҳамда давлатлараро электр энергияси транзитига мўлжалланганини қайд этган.

"Бу йилги мавсумда Ўзбекистон энергия тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли 300 млн кВт/соатдан ошиши, максимал қувват эса 13 ГВтдан юқори бўлиши кутилмоқда. 5-октабргача куз-қиш мавсумига тайёр бўламиз", — деган Исақулов.

Жорий йилнинг 18 июль куни аномал иссиқ туфайли электр энергиясининг кунлик истеъмол ҳажми 272,6 млн кВт/соатдан ошиб, қишки максимум (271,8 млн кВт/соат) ва аввалги ёзги рекорд кўрсаткични (253,3 млн кВт/соат) янгилаганди. Кунлик 300 млн кВт/соатдан ошиши бу мамлакат учун тарихий рекорд даражадаги истеъмолдир.

"Сўнгги йилларда газ ресурслари тортилаяпти. Ер остидаги газ заҳирамиз йилдан-йилга камайяпти ва уни бурғалаб олиш жараёнлари янада қийинлашаяпти. Аҳоли кўпайяпти. Иқтисодий сектор ўсаяпти. Электр-энерегия ишлаб чиқариш ва газга бўлган талаб ҳаддан ташқари ортаётгани фонида эса бизда газ қазиб олиш тескари равишда, ўтмишдагига нисбатан 50 фоизга камайиб кетган. Сабаби, айни ҳолатда ресурсларимиз етарли эмас," – дейди Эркин Абудлаҳатов.

Erkin Abdulahatov
BBC.COM/UZBEK
Elektr-eneregiya va gazga bo‘lgan talab haddan tashqari ortayotgani fonida bizda gaz qazib olish teskari ravishda o‘tmishdagiga nisbatan 50 foizga kamayib ketgan.
Erkin Abdulahatov
Mustaqil tadqiqotchi

Табиий газ манбалари камайиб борар экан, Ўзбекистон аллақачон муқобил энергия ресурслари ва ҳамкорларини излашни бошлаган. Мамлакат раҳбарияти сўнгги йилларда бот-бот урғулаётган қуёш ва шамол таъминоти ҳануз жуда кичик фоизни ташкил қилса-да, расмий маълумотларга кўра, ҳаминқадар ўсмоқда.

Шу билан бирга, 2023 йил сўнгида Ўзбекистон Россия билан ҳам газ импорти бўйича шартнома имзолаган эди. Аввалига икки йилга мўлжалланган келишувнинг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмас.

Бироқ, Ўзбекистон энергетика тизимининг мазут, кўмир ва газга суяниши, мутахассисларнинг фикрича, тобора йирик экологик хавф яратмоқда. Сабаби, айни манбалар - бугун мамлакатда ҳаво сифатини бузаётган энг бирламчи омиллар.

Ўзбекистон бу борада келаётган қиш мавсуми қандай ўзгаришлар қилиши ҳали номаълум. Муқобил манбалар бўйича изланишлар қандай натижа бераяпти, мамлакат бу йил экологик оқибати ёмон бўлган кўмирдан қанчалик кенг фойдаланади, булар ҳақида очиқ манбаларда маълумот мавжуд эмас.

Шунга қарамасдан ҳам аҳолининг аксарияти ҳануз энергетика тизимини эътирозли деб топади. Табиий газ етиб бормаган ҳудудларда яшовчилар ўтин ва кўмирдан фойдаланишга кўникишган. Бироқ, пойтахт Тошкентда яшовчиларнинг аксарияти ҳам қиш келиши билан тизимда муаммолар бошланишидан ёзғиради.

2023-yil so‘ngida O‘zbekiston Rossiya bilan gaz importi bo‘yicha shartnoma imzolagan.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, 2023-yil so'ngida O'zbekiston Rossiya bilan gaz importi bo'yicha shartnoma imzolagan.

BBC ҳукумат айни қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўраётгани юзасидан расмий ташкилотлар, хусусан, Энергетика вазирлиги ва ҳаво сифати тобора ёмонлашиб бораётган Тошкент шаҳар маъмурияти билан боғланди. Бироқ, мақола чоп этилишга тайёрланаётган вақтга қадар, мавзу ҳақидаги ҳеч бир янги ахборот BBCга маълум эмас. Шу сабабдан, унда очиқ манбаларда мавжуд маълумотларга таянилди.