Трамп дунёни ўзгартириш учун ўзини телба қилиб кўрсатаяптими? Бу иш беряптими?

- Author, Аллан Литл
- Role, Бош мухбир
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Яқинда "Исроил билан биргаликда Эронга ҳужум режалаштиряпсизми?" деб сўрашганда, АҚШ Президенти Доналд Трамп шундай жавоб берди: "Қилишим мумкин. Қилмаслигим ҳам. Мен нима қилаётганимни ҳеч ким билмайди."
У гўёки Эрон музокараларни қайта бошлаши учун икки ҳафталик танаффусга рози бўлгандай тасаввур уйғотганди. Шунга қарамай, барибир бомба ташлади.
Бир қонуният кўрина бошлади: Трамп ҳақидаги энг кутилган нарса – бу унинг кутилмаган қилиқлари. У фикрини ўзгартиради. У ўз-ўзини инкор қилади. У беқарор.
"[Трамп] сиёсий қарорлар қабул қилиш бўйича жуда марказлашган тизимни шакллантирди, айниқса, ташқи сиёсат соҳасида. Бу Ричард Никсондан бери энг марказлашган тизим бўлиши мумкин," дейди Лондон Иқтисод мактабида халқаро муносабатлар профессори Питер Трубовиц.
"Бу эса қарорларни кўпроқ Трампнинг характерига, истаклари ва кайфиятига боғлиқ қилиб қўяди."

Сурат манбаси, Getty Images
Трамп буни сиёсий мақсадларда ишлатди; у ўзининг кутилмаган қилиқларини асосий стратегик ва сиёсий активга айлантирди. У кутилмасликни бутун бошли доктринага айлантирди. Унинг Оқ уйга олиб кирган характери ташқи ва хавфсизлик сиёсатини белгиламоқда.
Бу дунё манзарасини ўзгартирмоқда.
Сиёсатшунослар бунга "Телба одам назарияси" деб ном қўйишган. Унга кўра, дунё етакчиси рақибига ўзини темпераменти беқарор, ҳар иш қилиши мумкин бўлган одамдек кўрсатишга уринади ва бу орқали қандайдир ён беришларни қўлга киритишни кўзлайди.
Агар тўғри қўлланса, бу мажбурлаш шакли бўлиши мумкин ва Трамп бу усул самара бераётганига ишонади – АҚШ иттифоқчиларини ўзи хоҳлаган томонга етакламоқда.
Ҳужумлар, ҳақоратлар ва қабул қилиш

Сурат манбаси, .
Трамп иккинчи президентлик даврини Россия президенти Владимир Путинни "қабул қилиш" ва Америка иттифоқчиларига ҳужум қилиш билан бошлади. У Канадани ҳақорат қилиб, "АҚШнинг 51-штатига айланиши керак," деди.
У Гренландияни – АҚШнинг иттифоқчиси Данияга қарашли автомном ҳудудни – ҳарбий куч билан аннексия қилиш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини айтди. Шунингдек, у АҚШ Панама каналини қайта эгаллаши керак, деб баёнот берди.
НАТО низомининг 5-моддаси ҳар бир аъзо давлат иттифоқчисини ҳимоя қилиш мажбуриятини белгилайди. Трамп эса бу мажбуриятни шубҳа остига қўйди.
"Менимча, 5-модда сунъий нафас олдириляпти," деган эди Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазири Бен Уоллес.
Консерватив партиядаги Бош прокурор Доминик Грив эса шундай деган:
"Ҳозирча Трансатлантик иттифоқ тугади."
Трампнинг Оқ уйида Европага нисбатан ҳурматсизлик маданияти ҳукмронлигини фош қилувчи ёзишмалар сизиб чиқди.
"Мен ҳам Европадаги текинхўр иттифоқчиларни ёмон кўраман," деб ёзди АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет ўз ҳамкасбларига.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Бу йил бошида Мюнхенда вице-президент Ж. Д. Вэнс: АҚШ энди Европа хавфсизлиги кафолатчиси бўлмайди, деб эълон қилди.
Бу гўёки 80 йиллик Трансатлантик ҳамкорлик саҳифасини ёпгандек бўлди.
Профессор Трубовиц шундай дейди:
"Трамп қилган ишлар – Америка халқаро мажбуриятларининг ишончлилигига жиддий шубҳа ва саволлар уйғотди.
Европадаги давлатлар АҚШ билан қандай келишганидан қатъи назар – хавфсизлик, иқтисодий ёки бошқа масалаларда – ҳаммаси энди музокаралар мавзусига айланиши мумкин."
"Менимча, атрофидаги кўпчилик Трампнинг кутилмаган қилиқларини яхши хислат деб билади, чунки бу Доналд Трампга Америка нуфузини ошириш имконини беради…
Бу унинг кўчмас мулк оламидаги музокаралари тажрибасидан келиб чиққан хулосаси."
Трампнинг ёндашуви натижа берди. Тўрт ой аввал, Кир Стармер Британия парламентида шундай деган эди: мамлакат мудофаа ва хавфсизлик харажатларини ЯИМнинг 2,3 фоизидан 2,5 фоизигача оширади.
Ўтган ой, НАТО саммитида бу кўрсаткич 5 фоизга етказилди – бу улкан ўсиш бўлиб, энди уни НАТОдаги ҳар бир аъзо қўллаб-қувватламоқда.
Кутилмасликнинг кутилганлиги
Доналд Трамп кутилмасликни стратегия сифатида қўллаётган биринчи АҚШ президенти эмас. 1968 йили президент Ричард Никсон Вьетнам уруши вақтида худди шундай ёндашувни қўллаган эди. Шимолий Вьетнам билан тинчлик музокаралари тўхтаб қолган пайтда, Никсон Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Генри Киссинжерга кутилмаган гап айтган:
"Сен Шимолий Вьетнамликларга Никсон телба деб айт, – дейди у. – Нимани кўзлаётганини ҳеч ким билмайди деб айт, шундай экан, вазият назоратдан чиқмасидан олдин келишувга келганлари маъқул".
Бу стратегия "телба одам назарияси" номи билан танилди, дейди Нотр-Дам университети халқаро муносабатлар профессори Майкл Деш.

Сурат манбаси, Getty Images
Лондон университет коллежида сиёсатшунос Жули Норман Трамп ҳам худди шундай усулдан фойдаланишини айтади. "У эртага нима қилиши номаълум – бу унинг доимий услуби", дейди у.
Трамп ўзининг «кутилмаганлик» обрўсидан фойдаланиб, АҚШ ва НАТО иттифоқчилари ўртасидаги муносабатни қайта шакллантирди. Айрим европалик етакчилар унинг кўнглини топиш учун мақтовга тўла сўзлар билан мурожаат қилишга уринишди.
Охирги ойда Гаагада ўтказилган НАТО саммитида бундай ҳолат очиқ кўринди. НАТО Бош котиби Марк Рютте ҳатто Трампга "Азиз Доналд" деб мурожаат қилган хабар юборди ва Трамп буни оммага эълон қилди.
"Эрондаги қатъий ҳаракатларингиз учун табрик ва миннатдорлик билдираман," деб ёзган Рютте. "Бу чинакам фавқулодда иш бўлди."
У, шунингдек, Трампнинг НАТО давлатларини мудофаа харажатини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишга мажбур қилганини мақтаган ва қўшимча қилган: "Сиз неча ўн йиллар давомида ҳеч қайси президент эплай олмаган натижага эришяпсиз."

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ Трамп маъмуриятида қисқа муддат ишлаган коммуникациялар директори Энтони Скарамуччи бунга шубҳа билан қарайди. "Жаноб Рютте, – дейди у, – у сизни масхара қилмоқчи. У айнан ҳозир Air Force One бортида ўтириб, устингиздан куляпти."
Бу Трампнинг "Кутилмаганлик доктринаси"даги асосий камчиликни кўрсатади: афтидан бу усул аввал кўринганчалик ақлли ва айёр эмас. Агар хорижий етакчилар Трамп узоқ муддатли натижалар эмас, балки мақтов ёки тезкор ғалабаларга муҳтож, деб ҳисоблашса, унга осон мослашишади. Унинг ҳатти-ҳаракати сирли ва тушунарсиз эмас, аксинча, оддий ва кутилган ҳаракатга айланади.
Савлат ҳам, таҳдид ҳам таъсир қилмайдиган душманлар
Энг муҳим савол шу: Трампнинг кутилмаганлик стратегияси, бошқача айтганда, "телба одам назарияси" АҚШнинг ҳақиқий душманларига таъсир қиладими?
Украина мисолини олайлик. Президент Володимир Зеленский АҚШнинг иттифоқчиси саналса-да, Оқ Уйда Трамп ва Вице-Президент Жей Ди Вэнснинг қаттиқ танбеҳига учраганди. Кейинроқ Зеленский Америкага Украинадаги минерал захиралардан фойдаланиш ҳуқуқини беришга рози бўлди.
Бироқ ҳар ким ҳам бундай таъсирга тушавермайди. Масалан, Россия Президенти Владимир Путин Трампнинг на мақтовига, на босимига эътибор қилаётгани йўқ. Пайшанба куни бўлиб ўтган телефон суҳбатидан сўнг, Трамп Путиннинг Украинадаги урушни тўхтатиш истаги йўқлигидан "ранжигани"ни билдирди.

Сурат манбаси, Reuters
Энди Эронга келсак. Трамп ўз тарафдорларига АҚШни Яқин Шарқдаги тугамас урушлардан олиб чиқишга ваъда берган эди. Бироқ яқинда у Эроннинг ядровий объектларини бомбалашга қарор қилди – бу унинг иккинчи президентлик муддатидаги энг кутилмаган қарорлардан бири бўлди. Энди асосий савол: бу иш бериши мумкинми?
Британиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Уильям Хейг бу ҳаракат самара бермаслигини айтади. Унга кўра, бу ҳужум Эронни ядровий қурол яратишга янада кўпроқ ундаши мумкин.
Профессор Майкл Деш ҳам бунга қўшилади: "Менимча, Эрон эндиликда ядровий қурол яратишга қарор қилиши эҳтимоли катта, – дейди у. – Улар бироз фурсат пойлаши мумкин, лекин яширинча ишни тугатиб, ядровий синов ўтказишса, мен ҳайрон бўлмайман."
Деш таъкидлашича, Эрон тарихдан қаттиқ дарс олган: Ироқда Саддам Ҳусайн ва Ливияда Муаммар Қаддафий ядровий дастурларидан воз кечгандан сўнг ҳокимиятдан четлатилган. Бу воқеаларнинг сабоғи ҳали ҳам ёдда.
"Бунга тескари мисол сифатида, – дейди у, – ўз ядровий қуролларини сақлаб қолган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳануз ҳокимиятда. Эрон буни кузатяпти ва хулоса чиқаряпти."

Сурат манбаси, Reuters
Жанубий Флорида университети сиёсатшунослик профессори ва "Эроннинг юксалиши ва АҚШ билан Яқин Шарқдаги рақобати" китоби муаллифи Моҳсен Миланининг фикрича, энг эҳтимолий натижа – Ислом Республикаси янада мустаҳкамланади.
"1980 йили Саддам Ҳусайн Эронга ҳужум қилиб, Ислом Республикасини ағдармоқчи бўлган эди, – дейди Милани. – Аммо натижа мутлақо аксинча бўлди."
У шундай хулоса қилади: "Исроил ва АҚШ раҳбарлари Эрон етакчиларини четлатсак, тизим ўз-ўзидан қулаши керак, деб ишонган эди. Лекин тарих кўрсатдики, бу доим ҳам амал қилмайди."
Музокараларга ишонч йўқолмоқдами?
Олдинга қаралса, Трампнинг кутилмаган қилиқлари эҳтимол душманларига таъсир қилмаслиги мумкин – аммо ҳатто иттифоқчилар орасида ҳам бу таъсир қанчагача сақланиши номаълум.
Ҳозиргача кўп ўзгаришлар тўсатдан ташланган қадамлар ва импулсив қарорлар натижасида содир бўлди. Бу эса хавотир уйғотади: АҚШ музокараларда ишончли ҳамкор сифатида ишончни йўқотаётган бўлса-чи?
"Агар одамлар АҚШга музокараларда ишонмаса ёки унинг мудофаа ва хавфсизлик бўйича мажбуриятларига содиқлигига ишончлари бўлмаса, у ҳолда биз билан ҳамкорлик қилиш истаги пасаяди, – дейди профессор Жули Норман. – Шундай экан, MAGA ҳаракатининг кўп аъзолари орзу қилаётган ёлғизлик сиёсати охирида акс таъсир бериши мумкин."
Бу ўзгаришнинг аниқ бир белгиси Германия канцлери Фридрих Мерцдан келди: у яқинда Европа АҚШдан стратегик жиҳатдан мустақилроқ бўлиши кераклигини таъкидлади.
Профессор Трубовиц бунинг аҳамиятини шундай изоҳлайди: "Бу баёнот шуни кўрсатяптики, Европа Америка учун стратегик устуворликлар ўзгарганини тан олди, улар энди Трампдан аввалги ҳолатга қайтмайди."

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Ростдан ҳам мустақил бўлиш учун, Европа ўз мудофаа салоҳиятини жиддий кенгайтириш керак бўлади. Профессор Майкл Дешнинг таъкидлашича, бу АҚШ етказиб бераётган ҳарбий технологиялар ва қуролларга мос келадиган улкан мудофаа саноатини яратишни талаб қилади.
"Европада баъзи илғор разведка тизимлари бор, – дейди у, – лекин уларнинг кўпи ҳали ҳам Америка қўлловига таянади. Агар Европа мустақил ҳаракат қилишга мажбур бўлса, қурол ишлаб чиқариш салоҳиятини кескин ошириши керак бўлади."
Яна бир муаммо — ҳарбий хизматчилар сони. Дешнинг таъкидлашича, Ғарбий Европа бу борада Полша тажрибасига қараши мумкин.
Бироқ бундай янги мудофаа инфратузилмасини яратиш йилларни талаб қилади.
Унда, бу ўзгаришнинг сабаби нима? Трампнинг кутилмаган ҳаракатлари ростдан ҳам Европани Совуқ Урушдан бери илк бор Ғарб хавфсизлик тизимини қайта шакллантиришга мажбур қилдими?
"Бу албатта таъсир қилган, – дейди Трубовиц. – Лекин асосий муаммо шундаки, АҚШ сиёсий муҳити ўзгарган. MAGA ҳаракати учун асосий таҳдид бугун Россия эмас, Хитой. Лекин Европаликлар бундай фикрда эмас."
Профессор Моҳсен Миланига кўра, Трампнинг мақсади Иккинчи жаҳон урушидан кейин қурилган жаҳон тартибини бузиш эмас, балки ундаги Америка устунлигини мустаҳкамлаш.
"У бу тартибни бутунлай парчаламоқчи эмас, – дейди Милани. – У АҚШ позициясини мустаҳкамламоқчи, айниқса Хитой бу устунликка даъво қилаётган бир пайтда."
Бироқ бу ўзгариш шуни ҳам англатадики, АҚШ ва Европанинг мудофаа бўйича мақсадлари турли йўналишларга юзлана бошлади.
Европа етакчилари Трампни қандайдир даражада ҳамкор сифатида ушлаб қолганмиз, деб ўйлашлари мумкин, ахир у НАТОнинг 5-моддасини яна дастаклашини айтди. Аммо унинг кутилмаган қилиқлари сабабли, ҳеч бир нарсага кафолат йўқ. Европа энди аввалгидек АҚШга тўлиқ таяна олмаслигини англаб етаётгандек.
Шу маънода, Трампнинг "Кутилмаганлик доктринаси" – у хоҳ стратегик режадан келиб чиқсин, хоҳ шахсий характери натижаси бўлсин – Американинг энг эски иттифоқчиларга ҳам таъсир қилмоқда.
Мақоладаги биринчи сурат муааллифлик ҳуқуқи Getty Images га тегишли













