Урушнинг болалар миясига таъсири йиллар ўтиб қандай намоён бўлади?

- Author, Фергал Кин
- Role, BBC Maxsus muxbiri
- Ўқилиш вақти: 11 дақ
Диққат: мақолада айрим ўқувчилар дилини хира қилиши мумкин бўлган уруш ва ўлим тавсифи берилган.
Аввал Абдураҳмоннинг отаси ҳалок бўлди. Хонадон Исроил ҳаво ҳужумига учраганди. Боланинг онаси, 29 ёшли Асмо ан-Нашаш, "унинг жасадини бўлак-бўлак ҳолда олиб чиқишди" деб эслайди.
Кейинчалик, 2024-йил 16-июлда Марказий Ғазодаги Нусайрат лагеридаги мактабга ҳаво ҳужуми уюштирилди. Ўн бир ёшли Абдураҳмон жиддий жароҳат олди. Шифокорлар унинг оёғини кесиб ташлашга мажбур бўлди.
Унинг руҳий ҳолати ёмонлаша бошлади. "У сочини юлиб, ўзини қаттиқ ура бошлади", деб эслайди Асмо. "У депрессиядаги одамга ўхшаб қолди, дўстлари ўйнаб, югурганини кўрар... ўзи эса ёлғиз ўтирарди."
2025-йил май ойида Иорданиядаги шифохонада Абдураҳмон билан учрашганимда, у ўзини четга олиб, эҳтиёткор тутди. Ғазодан ўнлаб болалар даволаниш учун қиролликка эвакуация қилинган эди.
"Биз Ғазога қайтамиз ва ўша ерда ўламиз", деди у менга.
Абдураҳмон – мен можаролар ҳақидаги қарийб қирқ йиллик репортажларимда учратган минглаб жароҳатланган болалардан бири. Баъзи юзлар хотирамга ўрнашиб қолган.
Айримларини худди кеча кўргандекман. Бу чеҳралар болалар бошига солинган даҳшатларни акс эттиради.

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Сурат манбаси, AFP/Getty Images
Биринчиси 1980-йиллар ўрталарида Эритреядаги тепаликда бўлган. Адонай Микоил Эфиопиянинг напалм ҳужуми мажруҳи бўлган бола эди. Шамол унинг яраларига чангни учирганда, у азобдан йиғларди. Унинг қичқириқлари, кўзларидаги азоб ифодаси шу қадар эдики, у даволанаётган чодирдан қочиб чиқишга мажбур бўлдим.
Бир неча йил ўтгач, Белфастда ИРА (Ирланд республикачилар армияси) томонидан портлатилган отасининг тобути ортидан келаётган болакайни эслайман. Ҳеч қачон ҳеч кимнинг кўзида бунчалик чуқур ғам-андуҳни кўрмагандим.
Серра-Леонедаги фуқаролар уруши пайтида маст жангари қўлларини кесиб ташлаган қизча; Соуэтода онасига остонадаги қотиллик қурбонининг қонини артишда ёрдам бераётган бола; Руандада бошқа болалар нима учун уни "Граната" деб аташини сўраганимда йиғлаб юборган бола қиёфаси – бу эҳтиётсизлигимни ҳеч кечира олмайман.
У ота-онасини ўлдирган портлашда яраланган экан.
Рақамлар инқироз кўламининг нақадар кенглигини кўрсатади. Осло Тинчлик тадқиқот институти ўтказган таҳлилга кўра, 2024 йилда 520 миллион бола можаро ҳудудларида яшаган – бу дунёдаги ҳар бешинчи бола демакдир. Ушбу рақамга келиш учун можаро маълумотлари аҳоли маълумотлари билан бирлаштирилган.
G‘azoda inson o‘lmasligi mumkin, ammo jarohat chandig‘i qoladi. Hamma narsa, hatto kelajak tasavvuri ham yo‘q.
Собиқ аскар болалар ҳақидаги "Соялардан ёруғликка" китоби муаллифи, профессор Тереза Бетанкур буни "Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик гуманитар фалокат" деб атайди.
У жароҳатларнинг келажакда узоқ давом этадиган таъсиридан огоҳлантиради. "Бу ёш боланинг ривожланаётган миясида доимий асорат қолдириши мумкин, бу эса ўрганиш, хулқ-атвор, жисмоний ва руҳий саломатлик учун умрбод оқибатларга олиб келади".
Урушнинг болалар онгига таъсирини ўрганишга шунча вақт сарфланибди, хўш, уларга нима ёрдам бериши мумкин энди?
Бу савол миллионлаб болаларга таъсир кўрсатган кўплаб глобал можаролар давридан сўнг ҳеч қачон бу қадар долзарб бўлмаган: октябр ойида Дарфурнинг ал-Фашер шаҳрида оналари ва опа-сингиллари жангарилар томонидан зўрланган суданлик болалар; 2023 йил 7-октябрда Ҳамас томонидан Исроилдан ўғирлаб кетилган ёшлар – уларнинг кўпчилиги оилалари ва қўшниларининг қирғин қилинишига гувоҳ бўлган; Украинадаги Буча болалари, уларнинг ота-оналари 2022-йил феврал ойида рус қўшинлари томонидан қирғин қилинганлар орасида эди; Ғазода икки йилдан ортиқ урушни бошдан кечирган Абдураҳмон каби юз минглаб болалар.

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images
Бу масалага шахсий қизиқишимни ҳам билдиришим керак. Мен посттравматик стресс бузилишидан (ПТСБ) азият чекканман – ҳам бузилган оилада ўсган болалигимда, ҳам кейинчалик уруш ва геноцидга гувоҳ бўлган катта ёшимда. Бу болалар урушини бошдан кечиришдан фарқ қилса-да, мен унинг аломатларини жуда яхши биламан: ҳаддан ташқари ташвиш, ўта ҳушёрлик – таҳдидлардан доим эҳтиёт бўлиш – флашбэклар, қўрқинчли тушлар ва депрессия. Симптомлар бир неча марта касалхонага ётқизишни талаб қиладиган даражада оғир эди.
Шахсий ҳаётий тажрибам боис болалар қандай реакция қилиши ва уларни қандай даволашга жуда қизиқдим.
"Турли тадқиқотларда уруш ва кўчишларга дучор бўлиш руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар хавфи билан боғлиқлигини кўрсатувчи ишончли далиллар бор", дейди Суррей университети психология профессори Майкл Плюсс.
У суриялик уруш қочқинлари фарзандларини узоқ вақт ўрганган ва шунчаки умумлашма тахминлар қилишдан сақланишга чақиради. "Болаларнинг бу вазиятларга турлича реакция қилишини тан олиш муҳим."
Турли омиллар натижага таъсир қилиши мумкин. Бола травматик ҳодисаларга қанча вақт дучор бўлган? Улар жисмонан жароҳатланганми? Ҳаётидаги яқин одамини йўқотганми ёки унинг ўлдирилгани ёки жароҳатланганини кўрганми? Кейинчалик уларда жисмоний хавфсизлик ва ҳиссий қўллаб-қувватлов бўлганми?
Босния ва Герцеговинадан келган 2976 нафар болада – уларнинг барчаси тўққиз ёшдан 14 ёшгача бўлган чоғида уруш кўрган – травмадан кейинги аломатлар ва оғир қайғу аломатларининг юқори даражаси қайд этилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо "заҳарли стресс" туфайли узоқ муддатли соғлиққа зарар етиши эҳтимоли бор – юрак касалликлари, аутоиммун муаммолар каби. Бунда тана кортизол ва катехоламинлар сингари адреналин ишлаб чиқарадиган гормонлар билан тўйинади.
Шунингдек, эпигенетика соҳасида бир авлоднинг жароҳатли кечмиши кейинги авлодларда генлар фаолиятидаги ўзгаришларда намоён бўлиши мумкинлигини ўрганадига тадқиқотлар қилинмоқда.
Агар оиламизда руҳий мажруҳлик кечмиши бўлса, биз руҳий саломатлик муаммолари, гиёҳвандлик ёки бошқа соғлиқ муаммоларига кўпроқ мойил бўламизми? Бу қанчалик генетика билан, қанчалик оилавий муҳитимиз ва кундалик ҳаётимиз билан боғлиқ?
Тўпланиб борувчи оқибатлар
Эпигенетика илмий тадқиқотлардаги кўпроқ тахминий ва баҳсли соҳа бўлиб, ҳали кўп нарсани ўрганиш керак.
"Менимча, жароҳатнинг авлодлараро ўтиши ҳақида баъзи далиллар бор", дейди профессор Плюсс. "Буларнинг баъзилари ёки кўпчилиги биологик эмас, балки ижтимоий муҳит оқибатидир, аммо баъзи эпигенетик омиллар ҳам мавжудлигини кўрсатадиган далиллар бор."
Истанбул хулқ-атвор илмлари маркази директори профессор Метин Бошўғли бунга шубҳа билан қарайди. Бироқ, унинг фикрича, баъзи темперамент хусусиятлари (масалан, ирсий жиҳатдан авлоддан-авлодга ўтадиган мойилликлар) баъзи одамларни травматик ҳодисаларга кўпроқ таъсирчан қилиши мумкин.
Ўзимнинг посттравматик стрес бузилиши (ПТСБ) ҳақидаги китобим устида тадқиқот олиб бораётганимда, Британиянинг ушбу соҳадаги энг нуфузли мутахассисларидан бири, Қироллик психиатрлар коллежининг собиқ президенти профессор Саймон Уэссли билан суҳбатлашган эдим.
Ирландия очарчилиги даврида туғилган катта буви-буваларим, 1920-йилларда уруш тажрибасидан азият чеккан бувимнинг оилавий кечмиши мени ПТСБга генетик жиҳатдан кўпроқ мойил қилган бўлиши мумкинмикан деб қизиқардим.
"Аждодлари бир жойда туғилган ва бир хил шароитларга дуч келган одамларни ўрганмасдан туриб, буни билиш иложи йўқ", деди у менга. "Мен буни битта одамга асосланиб айта олмайман..."
"Менимча, тушунарлироқ ва энг кучли таъсир қиладиган омил – бизнинг қандай ўсиб-улғайганимиз. Сиз ўсиб-улғайган хонадон ва қизиқишларингиз сизга айнан шундай таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас".

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Сурат манбаси, AFP/Getty Images
Жароҳат оилавий инқироз эканлиги борасида тадқиқотчилар асосан якдил. Гап фақат боланинг кўрган-кечирганлари ёки омон қолганидагина эмас, балки катталарга таъсир ҳам бор.
"Уруш зоналаридаги болалар нафақат ўз ғамхўрларнинг ўлими ва оғир айрилиқларни бошдан кечиради, – дейди профессор Бетанкур, – балки ўз жароҳати ва азобини бошдан кечираётган ғамхўр катталар ҳам болаларини уруш даҳшатларида тўлиқ ҳимоя қила олмай қолиши мумкин".
Профессор Плюсснинг суриялик қочқинлар ўртасида олиб борган тадқиқотлари буни тасдиқлайди. Бир вақтда бир нечта руҳий касалликларга мойил бўлган болаларнинг 80 фоизида оилавий шароитлар катта таъсир қилган эди.
2022-йилда Ливандаги суриялик қочқинлар ҳақида чоп этилган тадқиқотда 1600 га яқин оила иштирок этди. Профессор Плюсснинг айтишича, болаларнинг (хавфсиз уй-жой, озиқ-овқат ва таълим имконияти каби) турмуш шароитларига қараб, "уларнинг руҳий саломатлигини тахминан 10 баравар кўпроқ аниқ айтиш мумкин эди".
Соғломроқ мослашган болалар "яхшироқ ҳимояловчи ижтимоий муҳитда бўлган, эҳтимол ота-оналари уларни ҳимоя қила олган, яқин дўстлари, муносабатлари бўлган, мактабга боролган ва урушнинг салбий оқибатларини юмшатувчи барча ташқи омилларга эга бўлган" бўлиши мумкин.
Британиядаги бу билимларнинг илдизлари Иккинчи жаҳон урушига ва Блитзни бошдан кечирган болаларнинг кечмишига бориб тақалади. Ўшанда, 1940-йил сентябрдан 1941-йил майгача немис ҳаво ҳужумлари бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Hulton-Deutsch Collection/Corbis/Getty Images

Сурат манбаси, Fox Photos/Getty Images
Лондон Қироллик коллежи профессори Эдгар Жонс уруш даврида Грейт-Ормонд-стритдаги болалар касалхонасида даволанган 212 нафар бола ўртасида ўтказилган тадқиқотга эътибор қаратади. Тадқиқотчилар 1949 йилда – уруш тугаганидан тўрт йил ўтгач, болаларни қайта текширганида, уларнинг атиги 21 фоизи тузалганини аниқлаган. Ота-оналарнинг роли – ҳам ижобий, ҳам салбий бўлсин – муҳим омил сифатида намоён бўлган.
"Боланинг портлашларга бўлган реакциясининг қанчалик оғирлиги ота-онасининг унинг хавотирига қандай таъсир қилишига боғлиқ деб хулоса қилинган", дейди профессор Жонс.
Қўрқувни енгиш ва ўзни қўлга олиш
Менинг тажрибамда терапия ва дори-дармонлар ёрдам берган, лекин оила ва дўстларнинг доимий қўллаб-қувватлови ҳам муҳим рол ўйнади. Ғамхўр муносабатларсиз зулматдан чиқиб кета олмасдим.
Шунингдек, мени жароҳатни эслатувчи нарсалардан қочмасликка ундашди. Масалан, узоқ вақт давомида Африка қитъасига саёҳат қилишдан қочдим, чунки бу менга Руанда геноцидини эслатишидан қўрқардим. Аммо шифокорим аста-секин мени қўрқувга юзма-юз келишга ундарди. Бу бир неча йил давом этди, алалоқибат қайтдим ва у ерда юрагимга яқин жойларга боришни давом эттирмоқдаман.
Профессор Бошўғли 1999-йилдаги 18000 га яқин одам ҳалок бўлган Туркия зилзиласидан омон қолганлар орасида "Назоратга йўналтирилган хулқий даволаш" деб аталган усулни қўллашни бошлаб берди.
Усул одамни воқеа қайта содир бўлишидан қўрқувини назорат қилишга ундашдан иборат. Ота-онасига доимий боғланиб қолган болаларни ёлғиз ухлашга ўргатишга ҳаракат қилинди.
"Улар қўрқувни енгиб ўтгач, қўрқув билан боғлиқ барча травматик стресс реакциялари ҳам яхшиланади", дейди профессор Бошўғли.
7-октябр ҳужумларидан сўнг Ҳамас асирлигидан озод этилган болалар билан ишлайдиган исроиллик психологлар ҳам назорат ҳиссини қайта тиклаш муҳимлигини таъкидламоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images
"Child and Adolescent Psychiatry and Mental Health" (Болалар ва ўсмирлар психиатрияси ва руҳий саломатлик) журнали учун мақолада исроиллик мутахассислар жамоаси бунга "омон қолганларга уларнинг эҳтиёжлари ва фикрлари тингланишини таъминлаган ҳолда ўз хавотирларини ифода этиш учун маълумот ва имконият бериш орқали" эришилганини ёзган.
Бироқ, муваффақиятли даволаш кўп жиҳатдан ўлдирилиш ёки майиб бўлишдан қўрқув доимий хавф бўлмаган барқарор муҳитни яратишга боғлиқ.
"Уларга, шунингдек, ота-оналари соғлом бўлиши, хавфсиз жойда яшаши, таълим олиш имкониятига эга бўлиши, кундалик тартиби, ҳаётларида маълум даражада маром бўлиши керак", дейди профессор Плюсс.
Уруш вайрон қилган ҳудудларда бундай шароит камдан-кам ҳолларда бўлади. Оташкесин бузилади. Жабҳа чизиқлари ўзгармай қолади. Кўчганлар жамлоқларга тиқилиб қолади.
"Биз инсонийликдан маҳрум этилдик"
Шундай бўлса-да, хавфсиз муҳит ҳақидаги бу сўзлар дўстим Беатани ва барқарор муҳит унинг ҳаётини қанчалик ўзгартирганини ёдимга солди.
1994-йилда Руанда геноциди – фашистлар Холокостидан кейинги энг ёмон оммавий қирғин содир бўлганида у 15 ёшда эди. 100 кун давомида 800 минггача одам, асосан тутси озчилиги вакиллари қатл этилди.
Мухбир сифатида мен ўнлаб етим болаларни қаттол "Interahamwe" жангарилари назорат қиладиган йўл тўсиқлари орқали олиб ўтган карвонда юрган эдим. Улар орасида Беата Умубейи Майрессе ҳам бор эди. Бу даҳшатли тажриба бўлди, айниқса оилалари ҳалок бўлган болалар учун.
Ҳар бир йўл тўсиғида бизга ханжар кўтарган тўдалар ҳужум қилиши мумкин эди.
Йиллар ўтиб, у ўз кечмишини ўрганаётганда (кейинчалик "Карвон" китобида нашр этилган) Беата мен билан боғланди. Унинг хотиржамлиги ва очиқкўнгиллигидан ҳайратга тушганимни эслайман. У турмуш қурган, икки фарзандли, Францияда яшайди, ҳозирда муваффақиятли ёзувчи.
"Менга ёрдам берган биринчи нарса геноцид жойини тарк этиб, Францияга кўчиш бўлди. Мен хавфсиз, тинч жойда, бошпанада, барча моддий эҳтиёжларимни қондирадиган оила қучоғида эдим, психолог билан учрашиш имкониятим бор эди. Сентябр ойида мактабга қайтдим ва бу ҳам менга ёрдам берди".

Сурат манбаси, VCG/Getty Images

Сурат манбаси, Mirrorpix/Getty Images

Сурат манбаси, Liaison/ Getty Images
Беатага онаси қўшилди, у ҳам омон қолган эди. Отаси қирғиндан олдин вафот этган экан.
У ўзини вазмин тутса-да, қўрқув излари ҳали ҳам бор эди. У бир куни кечаси радиода классик мусиқа янграганида ваҳимага тушиб қолди – бу геноцид бошланган кечада Руанда радиосида янграган мусиқани эслатганди. Мушакбозлик ёки овчиларнинг ўқ овози уни синфда парта остига яширинишга мажбур қиларди, "чунки мен Францияда уруш бошланди деб ўйлардим".
Мен ундан фарзандларини геноциднинг травматик меросидан ҳимоя қилиш учун нима қилаётганини сўрадим.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
"Фарзандларингизга айтиш қийин бўлган гаплар бор, бизни қандай камситишганини, мени қандай зўрлашларига оз қолганини. «Айтиб бўлмас» атамаси болаларга бу воқеаларни етказишда маънога эга. Биз уларни ўз жароҳатларимиз билан зарарлашдан қўрқамиз".
Аммо Беата учун нозик ёндашув жуда муҳим. "Руанда уларнинг тасаввурида геноцид сифатида қолмаслиги керак. Мен уларга болалигимдаги воқеаларни айтиб берардим ва ҳар сафар у ерга борганимда мевалар олиб келардим, токи улар ҳам мазали таомлар юртини кашф этишсин".
Гарчи у тўлақонли ва бахтли ҳаёт кечирса-да, Беата ҳали ҳам хавотирлардан азият чекади ва антидепрессантлар қабул қилади. Мен ҳам дори ичаман ва Беата каби буни оғирлик ёки уят сифатида кўрмайман.
Аксинча, тиббий ёрдам ва дори-дармонлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлганимдан ўзимни бахтли ҳис қиламан.

Кўплаб мутахассислар хавфсиз муҳит яратишни жуда муҳим деб ҳисоблайди.
"Улар шунчаки руҳий саломатлик муаммолари қурбонлари эмас, – дейди профессор Плюсс. – Улар қизиқувчан болалар ва шунинг учун улар мактабга боришлари, биргаликда ўйнаш имкониятига эга бўлишлари керак ва бу улар дуч келаётган руҳий саломатлик муаммоларини ҳал қилиш каби муҳим бўлиши мумкин".
Ғазода ишлайдиган психологлар бу эҳтиёжларни яхши билади. "Чегарасиз шифокорлар" ташкилотида кўнгилли бўлиб ишлаган Давиде Мусардо дронлар ва портлашлар манзарасида терапия ўтказишга ҳаракат қилгани ҳақида ёзган.
"Ғазода инсон ўлмаслиги мумкин, аммо жароҳат чандиғи қолади. Ҳамма нарса, ҳатто келажак тасаввури ҳам йўқ. Одамлар учун энг катта қўрқув бугунги кун – бомбалар, жанглар ва аза эмас, балки келажакдир. Тинчлик ва қайта қуришга ишонч заиф, мен касалхонада кўрган болаларда ўсишда орқага кетишнинг аниқ белгилари бор эди".
Ғазода ҳозирги оташкесин доимий бўлиши, қайта қуриш ишларини бошлаш, оилавий ҳаёт ва таълимни тиклаш имконини бериши мумкин. Бу эҳтимол бор, лекин аниқ эмас. Суданда тинчлик музокараларини қайта бошлашга уринишяпти, аммо натижа беришига умид кам. Украинадаги ва бошқа кўплаб урушлар давом этмоқда.
Руҳий жароҳатлаш урушнинг ўзи каби қадимий. Сиёсатчилар, журналистлар ва можаролар оқибатларини ўрганувчи мутахассислар кўпинча "Хунрезлик тўхтаганидан кейин нима бўлади?" деб сўрашади. Бошқа жойда қотиллик давом этаверади. Бу ўзлари бошламаган ва назорат қила олмайдиган урушларга дучор этилган болаларнинг аянчли қисматидир. Руҳий жароҳатларни даволаш бўйича тўпланган барча билимларга қарамай, инсоният унинг асосий сабаби – урушни бартараф этишдан ҳали йироқ.
Харриэт Уайтхед қўшимча маълумотлар тақдим этган
Асосий расм: EPA/Shutterstock





























