Путин нега Ҳиндистонга борди?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
- Author, Стив Розенберг
- Role, Би-би-си Россия муҳаррири, Деҳли
- Author, Викас Пандей
- Role, Би-би-си Ҳиндистон муҳаррири
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Россия Президенти Владимир Путин Ҳиндистонга икки кунлик сафарини бошлади.
Президент Путиннинг Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашуви мўлжалланган, шунингдек, икки мамлакат йиллик саммитида иштирок этиши хабар қилинган.
Ташриф мобайнида Деҳли билан Москванинг қатор битимларни имзолашлари кутилмоқда, ушбу ташриф АҚШнинг Ҳиндистонга Россия нефтини сотиб олмаслиги учун босимни кучайтириб келаётган ойлар ортидан юз бермоқда.
Шунингдек, ушбу учрашув АҚШ Президенти Доналд Трамп маъмурияти Россия ва Украина билан урушни тўхтатиш мақсадида кетма-кет музокаралар ташкиллаштираётган вақтга тўғри келаётир.
Россия билан Ҳиндистон ўнлаб йиллар мобайнида иттифоқчи бўлиб келишган, Путин билан Моди ўртасидаги муносабатлар ҳам илиқ.
Махсус дўстлик, савдо битимлари ва геосиёсат
Стив Розенберг
Кремл учун Ҳиндистон билан муносабатлар нега муҳим?
Саволга жавобни рақамларга боқиш билан бошлайлик:
- аҳолиси қарийб бир ярим миллиард.
- иқтисодий ўсиш 8% ҳам ортиб бораяпти. Ҳиндистон дунёдаги энг тез ўсаётган иқтисодиёт.
Мана шу нарсалар Ҳиндистонни Россия товарлари ва ресурслари, айниқса, нефти учун жозибадор бозорга айлантиради.
Ҳиндистон жаҳондаги хом нефтнинг энг йирик учинчи харидори ва Россиядан нефтни йирик миқдорда харид қилиб келади.
Лекин Ҳиндистон доим ҳам Россиядан кўп нефт олмаган.
Кремлнинг Украинага тўлақонли босқини олдидан Ҳиндистон нефт импортининг атиги 2,5 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.
Москвага қарши санкциялар жорий этилгани ва Европа бозорларига Россия кириши чекланиши ортидан Россия бошқаларга нефтини арзонлаштирилган нархда таклиф эта бошлади, бунинг натижасида Ҳиндистон импорти 35 фоизга сакраб кетди.
Ҳиндистон бирам хурсанд бўлдики. Аммо бу нарса Вашингтонни шод қилгани йўқ.
Йил бошида Трамп маъмурияти Ҳиндистон товарларига қўшимча 25 фоизлик бож киритди, Россия нефтини харид қилиш билан Ҳиндистон Россиянинг урушини молиялашга ёрдам бераяпти, деди.
Москва учун Ҳиндистонга қурол-яроғ савдоси яна бир устувор йўналиш ҳисобланади, чунки Деҳли ҳарбий техникани Россиядан ҳали Совет замонидан сотиб олиб келади.
Путин ташрифидан олдин Ҳиндистон мукаммал Россия қирувчи учоқлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олишни режалаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Бугунга келиб Россия ишчи кучи тақчиллигига ҳам дуч келган ва Ҳиндистон малакали ишчиларнинг қимматли манбаси сифатида ҳам кўрилади.
Аммо бу ерда геосиёсатнинг ҳам муҳим ўрни бор.
Кремл Украина уруши туфайли Ғарбнинг Россияни ихоталаб қўйиш ҳаракатлари барбод бўлганини намойиш этишдан ҳузурланади.
Бундай намойишнинг яна бир йўли Ҳиндистонга парвоз қилиш ва Бош вазир Моди билан учрашишдир.
Худди уч ой илгари Хитойга сафар қилиб Путин Си Цзинпин билан учрашгани сингари.
Ўшанда Президент Путин Бош вазир Моди билан ҳам кўришган эди.
Ўзаро кулиб суҳбатлашаётган уч раҳбар фото сурати шундай мужда берди: Украина урушига қарамасдан, Москванинг қудратли иттифоқчилари бор, бу иттифоқчилар "бир неча қутбли дунё" ғоясини қўллаб-қувватлайдилар.
Россия Хитой билан "чегарасиз шериклиги"ни мақтайди.

Сурат манбаси, .
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шунингдек, Ҳиндистон билан "махсус ва имтиёзли стратегик шериклиги"ни ҳам.
Бу Москванинг Европа Иттифоқи билан таранглашган муносабатларининг буткул аксидир.
"Кремлнинг Ғарб, жумладан, Европанинг буткул муваффақиятсизликка учраганига ишончи комил", деб ёзди "Новая Газета" таҳлилчиси Андрей Колексников.
"Биз ихоталаниб қолмадик, чунки бизнинг Осиё ва Глобал Жануб билан алоқаларимиз бор. Иқтисодий жиҳатдан, бу келажак. Шундан келиб чиқиб Россия дунёнинг ушбу қисмига худди Совет Иттифоқидек муҳим ўйинчи билан қайтди. Аммо ҳатто Совет Иттифоқида ҳам АҚШ, Ғарбий Германия ва Франция билан махсус каналлари бор эди, сиёсати бир неча векторлии сиёсат эди".
"Бугунга келиб эса биз Европадан буткул узилдик. Бунақаси бўлмаган. Бизнинг файласуфларимиз Россия доим Европанинг бир қисми бўлган дейишади. Ҳозир ундай эмасмиз. Бу катта муваффақиятсизлик ва катта йўқотиш. Менинг ишончим комил, Россиянинг сиёсий ва бизнес синфидаги айримлар Европага қайтишни, фақат Хитой ва Ҳиндистон олди-бердиси билан чегараланмасликни орзу қилади", деб ёзди "Новая Газета".
Шундай бўлса-да, биз бу ҳафта Россия-Ҳиндистон дўстлиги ҳақида, савдо битимлари, Москва билан Деҳли ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ортиб бораётгани ҳақида эшитсак керак.

Сурат манбаси, Getty Images
Моди стратегик муcтақиллиги учун синов
Викас Пандей
Путиннинг Деҳлига ташрифи Моди ва Ҳиндистоннинг глобал амбициялари учун ҳал қилувчи пайтда юз бераяпти.
Ҳиндистон-Россия муносабатлари ҳали Совет замонидан бошланган ва геосиёсий вазиятлар ўзгаришларига қарамасдан ҳамон сақланиб қолган.
Бу муносабатларга Путин олдинги Россия раҳбарларига қараганда кўпроқ вақт ва куч сарфлаган бўлса ажаб эмас.
Модига келсак, Ғарб ҳукуматлари томонидан Украинадаги уруш учун Россияни танқид қилсин деган қаттиқ босимларига қарамасдан, у низони ҳал қилишнинг ягона йўли мулоқот деб туриб келади.
Бу Ҳиндистоннинг "стратегик автономияси"нинг намойиши эди – Моди геосиёсий тизимда шундай йўл тутдики, Москва билан яқин алоқаларни сақлаган ҳолда Ғарб билан ҳам муносабатларини ривожлантирди.
Бундай ёндашув иш берди – то Трамп Оқ Уйга қайтгунича. Ҳиндистон-АҚШ муносабатлари сўнгги ойларда тарихдаги энг қуйи даражага тушди, чунки икки давлат ўртадаги бож тарифлари бўйича келишмовчиликни ҳал қила олмади.
Шундай бир шароитда Путиннинг ташрифи Моди учун ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятли, чунки бу Ҳиндистоннинг геосиёсий мустақиллигини синовдан ўтказади. У бу ерда дипломатик дор йўлидан ўтишига тўғри келади.
Моди ўз ватандошларига ва бутун дунёга Путинни ҳали ҳам ўз иттифоқчиси сифатида кўраётганини ва Трамп босимига бўйин эгмаганини кўрсатишни истайди, Трампни аввал у "ҳақиқий дўст" деб атаган эди.
Бироқ Моди Европадаги иттифоқчилари босимига ҳам дуч келмоқда – шу ҳафтада Германия, Франция ва Британиянинг Ҳиндистондаги элчилари Ҳиндистондаги йирик газеталардан бирида кам учрайдиган мақола эълон қилдилар, бу мақолада Украина уруши борасида Россиянинг позицияси танқид қилинди.
Шунинг учун Моди Ҳиндистон-Россия муносабатларини мустаҳкамлаш АҚШ билан давом этаётган савдо музокаралари ва Европадаги шериклигига соя солмаслигини таъминлаши керак бўлади.
"Ҳиндистон учун муаммо стратегик мувозанат – Вашингтон босими ва Москвага боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда автономияни ҳимоя қилиш", деди Деҳлидаги Global Trade Research Initiative (GTRI) таҳлилий маркази.

Сурат манбаси, Getty Images
Моди учун яна бир устувор вазифа – Ҳиндистон билан Россия ўртасидаги икки томонлама савдо салоҳиятини очиш.
Таҳлилчилар кўп йиллар давомида бу икки кучли иттифоқчи ўртасидаги иқтисодий муносабатлар кутилган даражада ривожланмаганини таъкидлаб келадилар.
Икки томонлама савдо ҳажми 2025 йил марти охирида 68,72 миллиард долларга етди, 2020 йилда бу рақам 8,1 миллиард ташкил этган. Бу асосан Ҳиндистоннинг нархи туширилган Россия нефтини катта ҳажмда сотиб олиши ҳисобига бўлди. Бу нарса савдо мувозанатини Россия томонга кескин оғдирди ва Моди бунга тузатиш киритишни хоҳлайди.
Ҳиндистон компаниялари Вашингтон санкцияларидан қочиш учун Россия нефтини камайтираётганлари сабабли, икки давлат савдони ошириш учун бошқа соҳаларни излайдилар.
Энг осон танлов – мудофаа. Стокголм Халқаро Тинчлик Тадқиқот институтига кўра, Ҳиндистоннинг Россиядан мудофаа импортлари 2020–2024 йилларда 36% га пасайди. Бк кўрсаткич 2010–2015 йиллардаги 72% ва 2015–2019 йиллардаги 55 фоиздан анча кам.
Бу асосан Ҳиндистоннинг мудофаа портфелини диверсификациялаши ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга уринишлари сабабли содир бўлди.
Бироқ рақамларга яқиндан назар ташласак, бошқа манзара кўринади. Ҳиндистоннинг бир қатор мудофаа платформалари ҳали ҳам Россияга қаттиқ қарам. Масалан, 29 ҳаво кучлари эскадриляларининг кўпчилиги Россия Су-30 самолётларидан фойдаланади.
Жорий йил май ойида Покистон билан рўй берган қисқа қуролли низо Ҳиндистон армиясида Россия платформалари, хусусан, С-400 ҳаво мудофаа тизимларининг нақдар муҳимлигини кўрсатди, шу билан бирга Ҳиндистоннинг шошилинч ҳал этилиши зарур бўлган заифликларини ҳам очиб берди.
Хабарларга кўра, Ҳиндистон янгиланган С-500 тизимлари ва Су-57 бешинчи авлод қирувчи учоғини сотиб олмоқчи. Покистоннинг Хитойда ишлаб чиқарилган J-35 бешинчи авлод стелс самолётини харид қилиши Деҳлида эътиборсиз қолмади ва у шундай даражадаги самолётни тезроқ қўлга киритишни хоҳлайди.
Бироқ Россия санкциялар ва Украинадаги уруш сабабли муҳим компонентлар танқислигига дуч келаяпти. С-400 тизимининг айрим блокларини етказиб бериш муддати, хабарларга кўра, 2026 йилгача кечиктирилган. Моди Путиндан аниқ муддатлар бўйича кафолатлар истайди.
Моди шунингдек, Россия иқтисодиётида Ҳиндистон маҳсулотлари учун имконият очилишини, катта савдо номутаносиблигини бартараф этишни хоҳлайди.
"Истеъмолга йўналтирилган ва юқори кўринишга эга тоифалар ҳали ҳам маргинал: смартфонлар (75,9 млн доллар), креветкалар (75,7 млн доллар), гўшт (63 млн доллар) ва кийим-кечак атиги 20,94 млн доллар – бу Ҳиндистоннинг Россия чакана бозори ва электроника занжирларига чуқур кириб бормаганини кўрсатади", деди GTRI.
Моди Ҳиндистон маҳсулотларини Россия бозорига олиб чиқишни мақсад қилаяпти, айниқса уруш тугаб, Москва яна глобал иқтисодиётга қайта интеграция қилингач.
У нефт ва мудофаага боғлиқликни камайтиришни, Россия билан алоқаларни мустаҳкамлайдиган, бир вақтнинг ўзида Ғарб билан муносабатларни чуқурлаштиришга йўл очадиган келишувга эришишни хоҳлайди.
"Путиннинг ташрифи Совуқ Уруш дипломатиясига қайтиш эмас. Бу хавф, таъминот занжирлари ва иқтисодий ҳимоя ҳақидаги музокара. Камтар натижа нефт ва мудофаани таъминлайди; улкан натижа эса минтақавий иқтисодиётни қайта ўзгартиради", деб ёзди GTRI.












