Путин Душанбедан кейин Бишкекка келмоқда, Қирғизистон раддия берди, Ўзбекистон АҚШга янада яқинлашадими - дайжест

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ
Путин Қирғизистонга келади
Россия президенти Владимир Путин 25–27 ноябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи билан келади.
Бу ҳақда Қирғизистон президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими раҳбари Сагинбек Абдумуталип маълум қилди.
Унинг айтишича, ташриф Қирғизистон президенти Садир Жапаров таклифига биноан ташкил қилинмоқда. "Икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади", - дейди Сагинбек Абдумуталип.
Расмийнинг таъкидлашича, Россия президенти Қирғизистон раҳбарияти билан савдо, инвестиция, ҳарбий-техникавий ва маданий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилади.
27 ноябрь куни Бишкекда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) сессияси бўлиб ўтади.
Бу ташкилот Россия бошчилигидаги собиқ Совет давлатлари хавфсизлик блокидир. Жорий пайтда Ўзбекистон бу ташкилот аъзоси ҳисобланмайди.
Путин ўтган ой давлат ташрифи билан Тожикистонга ҳам келган.
Россия президенти Душанбеда экан, давлат ташрифи баробарида "Марказий Осиё + Россия" форматининг иккинчи саммитида ҳам иштирок этган.
Путиннинг Тожикистонга давлат ташрифи арафасида "Хюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти мурожаат билан чиққан.
Халқаро ташкилот расмий Душанбени Россия президентини Тожикистонга киритмаслик ёки Халқаро Жиноят Маҳкамасининг ордерига мувофиқ ҳибсга олишни сўраганди.
Тожикистон 2002 йилдан буён Халқаро Жиноят Маҳкамасининг аъзоси саналади.
Қирғизистон эса ҳалича Рим статутини маъқулламаган.
Жиноят ишлари бўйича Гаагадаги халқаро суд 2023 йилда президент Владимир Путинни ҳамда Россияда болалар ҳуқуқи бўйича вакил Мария Лвова-Беловани ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер берган.
Жиноят ишлари бўйича халқаро суднинг билдиришича, Путин ва Лвова-Белова Украина болаларини ноқонуний депортация қилишда гумонланмоқда.
Қирғизистон раддия билан чиқди

Сурат манбаси, National Crime Agency
Қирғизистон президент маъмурияти Қирғизистон банклари Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермоқда, деган айбловларни рад этди.
Британиянинг Жиноятга қарши Миллий агентлиги (NCA)нинг айбловларига президентнинг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков муносабат билдирди.
Агентлик Буюк Британияда фаолият юритаётган, Россия бошчилигидаги пул ювиш тармоғи билан боғлиқ шахс Қирғизистондаги банкни сотиб олган ва ушбу банк Россиянинг ҳарбий машинаси учун тўловлар амалга оширишда ишлатилган, деган айбловларни илгари сурганди.
Bu odatiy tovar-pul aylanmasi. Banklarni pul yuvishda ayblash mantiqqa zid.
Россия пул ювиш тизими бўйича суриштирув "Беқарорлаштириш амалиёти" деб номланган.
NCA ўтган йили TGR ва Smart деб аталувчи икки тармоқни аниқлаганини, улар гиёҳванд савдоси гуруҳлари, ноқонуний қурол етказиб берувчилар ва одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг нақд пулларини қайта ишлашда биргаликда ишлаганини маълум қилган эди.
Орунбеков бу фикрни "иқтисодий реалликка зид" деб атади.
Унинг таъкидлашича, ҳар куни Россиядаги мигрантлар Сбербанк орқали миллиардлаб рубл юборишади ва бу пуллар импорт тўловлари учун Россияга қайтиб боради.
"Бу одатий товар-пул айланмаси. Банкларни пул ювишда айблаш мантиққа зид", - дейди Орунбеков.
Ўзбекистонда янги тайинлов

Сурат манбаси, Telegram/Komil Allamjonov
Комил Алламжонов Президент администрациясининг АҚШдаги вакили этиб тайинланди. Алламжонов Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг маслаҳатчиси ҳамдир.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Алламжонов маслаҳатчи сифатидаги вазифаларини ҳам давом эттиради.
АҚШдаги вакил-маслаҳатчи лавозимига тайинлаш ҳақидаги фармойиш келаси йилнинг 1 январидан кучга киради.
Мақсад ташқи сиёсат ва ҳукумат ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш экани айтилган.
Алламжонов олдинроқ Жорж Вашингтон университети қошидаги Марказий Осиё дастурида махсус маслаҳатчи сифатида тайинланган эди.
Янги лавозимда у Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида йирик ҳамда стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга оширишни бошлаш ва муҳокама қилиш, шунингдек, АҚШ-Ўзбекистон Бизнес ва инвестиция кенгаши фаолиятини мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлади.
Кенгашга Ўзбекистон томонидан Саида Мирзиёева, АҚШ томонидан эса Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус элчи Сержио Гор раислик қилади.
Ушбу лавозим Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 ноябрдаги фармонига мувофиқ таъсис этилган.
Янги тайинловлар Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари жадал ривожланаётган пайтга тўғри келди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳозир Самарқандда. У халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида иштирок этиши кутилмоқда.

Сурат манбаси, Telegram/Xavfsizlik
Россиянинг Украина урушида қанча ўзбекистонлик қатнашди? 2022 йилдан буён неча нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди? Нечтаси яраланди? Ватанига қайтганидан кейин неча кишига жиноят иши қўзғатилди?
Қамалишини билган ўзбекистонликлар жанговар ҳаракатлардаги иштирокини яширишлари, урушдан қайтганидан кейин ватанига бормагани ва уруш шароитидаги тушунарли кўплаб муаммолар туфайли ушбу саволларга бугун аниқ жавоб бериш қийин.
Бироқ Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати эълон қилган янги ҳужжатли филм бир саволга аниқлик киритди: Россия Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан кейин хорижий давлатдаги урушда қатнашгани учун 338 Ўзбекистон фуқаросига қарши ўз ватанида жиноят иши қўзғатилган.
"Узоқдан изланган бахт" деб номланган ҳужжатли филм 18 ноябр куни ДХХнинг Телеграмдаги Xavfsizlik каналида эълон қилинди.
Кузатувчиларга кўра, ушбу ҳужжатли филм Ўзбекистон фуқароларининг Украина урушидаги иштироки муаммоси тобора ортиб бораётганини намоён этди.
Филм таҳлилига кўра, Украина урушида қатнашганларнинг аксари қўлига қурол олишга мажбур этилганлар.
Аммо айрим ўзбекистонликлар молиявий манфаатдорлик мақсадида ўз ихтиёрлари билан урушга бориб қўшилганлар.

Сурат манбаси, Getty Images
ДХХ ҳужжатли филмига кўра, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 154-банди - "Ёлланиш" моддаси бўйича 2022 йил 19 та, 2023 йили 68 та, 2024 йили 112 та, 2025 йилнинг бошидан буён 139 та жиноят иши очилган.
Филмда ўзбекистонликлар чет элда қўлига қурол олиш ватанида жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлишидан огоҳлантириладилар, 154-бандда нималар кўзда тутилгани тушунтирилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси, 1-қисмига кўра, чет элда ҳарбий ҳаракатларда ёлланма тарзда иштирок этган шахсларга нисбатан 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
154-модданинг 2-қисми - ёллаш ёки жалб қилиш, ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш, ёлланма жангчиларни молиялаш ва бошқалар учун 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган.

Сурат манбаси, .
Шу йил октябр ойида Украинадаги "Хочу жить" лойиҳаси Россия тарафида жанг қилиб ҳалок бўлган 481 Ўзбекистон фуқаросининг рўйхатини эълон қилган эди.
Ушбу лойиҳа уруш бошланган 2022 йилдан буён 2715 нафар ўзбекистонликни аниқлагани ҳақида ёзган.
Ўзбекистон ўз фуқароларини Украина урушида қатнашмасликка чақираётгани, урушда қатнашгани учун жиноий жавобгарликка тортаётгани Россия раҳбариятига ёқмаяпти.
Бу ҳақда бир неча мамлакатдаги қатор нашрлар мақолалар эълон қилишган.
Россия раҳбариятининг Украина уруши бошланганидан кейин мигрантларга нисбатан юритаётган сиёсати ҳам мигрантлар келган мамлакат раҳбариятига, ҳам мигрантларнинг ўзига нисбатан босим сифатида талқин этилаяпти, бундан мақсад, урушда қатнашганларни рағбатлантириш, қатнашишни истамаётганларни жазолаш усули деб кўрилаяпти.
80% мигрантлар болалари Россия мактабларига қабул қилинмаган
Россия Маориф вазири Анзор Музаевнинг айтишича, мигрантлар болалари учун татбиқ этилган янги тартибдан кейин атиги 19% бола Россия мактабларига ўқиш учун қабул қилинганлар.
"Икки талаб - ҳужжатлар пакетини тақдим этиш ва рус тилини билишдан кейин болаларнинг 19 фоизга яқини мактабларга киролдилар. Яъни, уларнинг барча ҳужжатлари жойида ва улар имтиҳонларни топширолганлар", дея Музаевдан иқтибос келтирди Россиянинг "РИА Новости" ахборот агентлиги.
2025 йил 1 апрелидан Россия хорижлик мигрантлар болаларини мактабга қабул қилиш учун рус тили имтиҳони тартибини кучга киритди.
Боланинг рус тилини билиши қониқарли деб топилса, мактабга қабул қилинади.
Қониқарсиз деб топилса, уч ойдан кейин қайта тест топшириш талаб қилинади.
Ушбу янги тартиб кучга кирганидан кейин "бир неча юз минг мигрант болалари" мактабга қатнамаяпти, деди Россия президенти қошидаги Инсон ҳуқуқлари Кенгаши раҳбари Валерий Фадеев октябр ойи бошида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда.
Мигрантлар юборган 76% пул кредит тўлови ва кундалик харажатларга сарфланади

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ўзбекистон Марказий банки чет элда меҳнат қилиб оиласига пул юбораётган ўзбекистонликлар, хориждан келган пул ўтказмалари нималарга сарфланиши ҳақида муҳим ахборотни эълон қилди.
Марказий банк маълумотларига кўра, хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари охирги йилларда кўпаймоқда.
Ўзбекистондаги Daryo.uz веб-нашри Марказий банк департаменти директори ўринбосари Азизбек Ҳайитовдан иқтибосан хабар қилишича, ўзбекистонликлар 2023 йил оиласига 11,4 миллиард доллар, 2024 йили 15 миллиард доллар, 2025 йилнинг 10 ойи мобайнида 15,8 миллиард доллар юборганлар.
Пул ўтказмаларининг 78 фоизи Россиядан, қолгани Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлардан келган.
Юборилган пуллар қандай мақсадларга сарфланаётганига ойдинлик киритиш мақсадида Марказий банк хориждан юборилган пулларни оладиган 24000 киши ўртасида сўров ўтказган.
Маълум бўлишича, маблағларнинг 58 фоизи мигрантлар оила аъзоларининг кундалик харажатларига сарфланади.
18 фоизи билан кредит тўловлари тўланади.
12 фоиз жамғариб қўйилади.
Пулларнинг 12 фоизи кўчмас мулк сотиб олишга, 2 фоизи бизнес ва бошқа эҳтиёжларга ишлатилади, дейди Марказий банк.
5 ноябр. Минтақавий дайжест: Украина урушида қатнашган ўзбекистонлик қамалди, "Энди Қирғизистонда давлат тўнтариши бўлмайди", Ҳамас Қозоғистоннинг Абраҳам келишувига қўшилишини танқид қилди
Россия қуролли кучлари таркибида Украинада жанг қилган наманганлик 49 яшар эркак уч йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар қилди podrobno.uz веб-нашри.
У Ўзбекистонга қайтганидан кейин ўз ихтиёри билан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган.
Суд ҳужжатларига кўра, эркак 2025 йил апрелида ишлаб пул топиш мақсадида Россияга борган, Россия Мудофаа вазирлиги билан контракт имзолаган.
Луҳанск вилоятида ҳарбий тайёргарликдан ўтганидан кейин Украина ҳудудидаги жангларда қатнашиш учун юборилган.
Май ойида мина портлаши оқибатида яраланган ва ҳарбий госпиталда даволанган, сўнг ватанига қайтган.
Терговда аниқланишича, у Россия қуролли кучлари сафига қўшилгани эвазига қарийб 12400 долларга тенг мукофот пули олган.
Суд уни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 154-банди - ёлланиш моддаси бўйича айбдор деб топган ва уч йилу бир ой қамоқ жазосига ҳукм этган.
Podrobno.uz бундан олдин Жиззах вилоят суди бахмаллик 49 яшар эркакни ҳам Россия Мудофаа вазирлиги билан икки марта шартнома имзолагани ва ҳужжатларни сохталаштиришда айбдор деб топиб уч йилу бир ой қамоқ жазосига ҳукм этгани ҳақида ёзди.
Садир Жапаров: Қирғизистонда энди давлат тўнтариши бўлмайди

Сурат манбаси, president.kg
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қирғизистонликларга мурожаат эълон қилди, мамлакатда вазиятни беқарорлаштиришга асос йўқ, деди.
Президент Жапаров сўзларига кўра, Қирғизистонда айрим гуруҳлар шу кеча-кундузда мавжуд ижтимоий муаммолардан аҳоли норозилигини келтириб чиқариш ва олдинги йиллардаги давлат тўнтаришлари сценарийларини такрорлаш мақсадида фойдаланишни кўзлаяптилар.
"Мамлакатда энди ҳокимиятни «хаос орқали» алмаштириш уринишлари бўлмайди. Тўнтаришлар бўлмайди. Биринчидан, биз бундай ҳолат учун сабаб бермаймиз. Иккинчидан, аввалги заиф давлат энди йўқ — у энди кучли. Учинчидан, халқ энди яхши билади, кимни қўллаб-қувватлаш кераклигини ва ҳокимиятда ким бўлиши лозимлигини. Энди тўнтаришларни фақат тушингизда кўрасиз. Талон-торож, ўғирлик, бойликка ҳирс ва тўнтариш орқали мансабга чиқиш уринишлари — буларнинг барчаси энди фақат тушларда қолсин", — деди у.
Президент Жапаров айтишича, одамларнинг муаммолари босқичма-босқич ҳал этилаяпти ва ҳокимият ислоҳотлар ва соҳаларни қайта тиклаш бўйича ишларини давом эттиради
"Бундан кейин биз фақат бунёдкорлик ва тараққиётни кўрамиз. Талон-тарожлар ва тартибсизликлар ўтмишда қолади", деди Садир Жапаров.
Ўз мурожаатида Президент Жапаров энергетика соҳасидаги муаммоларга ҳам тўхталган.
У совуқ кунлари электр энергиясидан фойдаланишга киритилган чекловни бекор қилган расмийларни танқид қилди.

Сурат манбаси, .
Жапаров тушунтиришича, куз-қиш мавсумида электрдан чекловсиз фойдаланиш ташаббуси ОАО «Национальная электрическая сеть Кыргызстана»дан чиққан ва бу ташаббус Қирғизистон Энергетика вазирлиги билан келишилмаган бўлган.
Оқибатда "аҳоли ўртасида тушунмовчиликка сабаб бўлган", деб ёзди Қирғизистон президенти.
Президент электр қувватидан чекловсиз фойдаланиш қарорини бекор қилган, электр тармоқлари раҳбарлари ҳайфсан олганлар, бир раҳбар лавозимидан бўшатилган.
Президент Жапаров тушунтиришича, бу йил Қирғизистоннинг асосий сув омбори - Тўқтоғулда тўпланган сув 2 миллиард кубометрни ташкил этади, бу ўтган йилга солиштирганда кам.
Шунинг учун ҳам Қирғизистон қўшни мамлакатлардан электр сотиб олишга мажбур бўлган, президент аҳолини электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдааланишга чақирган.
Шунингдек, Қирғизистон раҳбари энергетика инқирозини янги ГЭСлар барпо этиш ва қайта тикланадиган энергия манабалари эвазига ҳал қилишни мўлжаллаётганлари ҳақида ёзди.
Президент Жапаров ёзишича, Қирғизистон энергетика соҳасининг қарзи 2020 йилдаги 137 миллиард Қирғиз сомидан 25 миллиард сўмга туширилди.
Жапаров сўзларига кўра, 2025-27 йилларда Қирғизистон ҳукумати ўнлаб янги кичик ва ўрта ГЭСлар эвазига қўшимча 500 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқаришни режалаяпти.
Ҳамас Қозоғистонни танқид қилди

Сурат манбаси, Reuters
Ҳамас Қозоғистонни АҚШ етакчилигидаги Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш келишуви - Абраҳам битимига қўшилгани учун танқид қилди.
Қозоғистон ҳукуматига кўра, 7 ноябрдаги қарор Қозоғистоннинг "мувозанатли ва тинчликсевар ташқи сиёсатининг инъикосидир".
Ҳамас Қозоғистон ҳукуматининг ушбу қарорини "рад этиш ва қоралашга арзигулик қадам" деб баҳолади.
Қозоғистон ҳукумати қарорини танқид қилган Фаластиндаги бошқа сиёсий кучлар ҳам Исроил билан алоқаларни узишга чақирдилар.
Ўзининг Телеграм каналидаги баёнотида Ҳамас Қозоғистон қарорини, "Бизнинг Ғазо бўлгасидаги Фаластин халқимизга қарши оккупацияда содир этилган геноцид жиноятларини ювиш деб кўриладиган "рад этиш ва қоралашга арзигулик қадам", деб ёзди.
Ҳамас барча дунё мамлакатлари, айниқса, Араб ва мусулмон мамлакатларни "жиноий Сионист тузилмаси билан ҳар қандай шаклдаги муносабатларни узиш ва у билан ҳар қандай нормаллаштириш лойиҳаларидан тийилиш"га чақирди.
Фаластинни озод қилиш Демократик жабҳаси Қозоғистон ҳукуматининг ушбу қарорини, "тажовузкорнинг имиджини оқлаш ва инсониятга қарши жиноятлари учун ўсиб бораётган халқаро ихоталашни тўхтатишга уриниш", деб таърифлаади.
Халқ Қаршилик қўмитаси ўз баёнотида Қозоғистоннинг Исроил билан алоқаларни кучайтириши Исроилнинг фаластинликларга қарши "геноцид уруши" учун "мукофот", "миқёси йўқ ахлоқсизликнинг ифодаси, деб таърифлади.
Исроил билан алоқаларни нормаллаштириш ҳақида ўйлаш "Фаластин халқи орқасига пичоқ санчиш, деб атаган Халқ Қаршилик қўмитаси Қозоғистонни "қабул қилиб бўлмас, эришиб бўлмас қадамдан тийилиш"га чақирди.
5 ноябр. Ўзбекистон, Марказий Осиё: Сиёсий таҳлилчиларнинг C5+1 саммитидан умидлари катта - Видео

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati
Охирги кунларда Марказий Осиё мамлакатлари сиёсий шарҳловчилари минтақа раҳбарларининг АҚШ Президенти Доналд Трамп билан саммитидан нималар кутилаётганини қизғин таҳлил қилмоқдалар, ушбу таҳлиллардан аксар сиёсатчи ва кузатувчиларнинг умидлари катта экани кўринади.
Таҳлилчилар фикрича, C5+1 саммитида конкрет битимларга эришилади, бу минтақага АҚШ сармоялари оқими кучайишига туртки бўлади.
Саммит кун тартибида халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, энергетика ва ноёб металлар бўйича Америка билан ҳамкорлик асосий масалалар бўлиши кутилади.
С5+1 АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасидаги ҳамкорлик дастури.
АҚШ Президенти Доналд Трамп Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон президентлари билан илк бор ушбу саммитни ўтказаяпти.
Бундан олдинги C5+1 саммити АҚШнинг олдинги президенти Жо Байден иштирокида 2023 йил 19 сентябрида ўтказилган эди.
Асосий сиёсий ўйинчилар сифатида Хитой ва Россия кўрилган минтақада АҚШ президенти Трамп нималарни кўзламоқда?
Бир ой аввал Тожикистонда "Россия ва Марказий Осиё" саммити ўтказилганди.
Ўшанда Россия Президенти Владимир Путин охирги уч йилда иккинчи марта ҳамма Марказий Осиё республикалари президентлари билан учрашиб, кўп томонлама ҳамкорликни муҳокама қилишганди.
Мана энди Доналд Трамп худди шундай учрашувни ўтказмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Катта эҳтимол билан учрашувга АҚШ билан Хитой ўртасидаги минтақага таъсир юзасидан рақобат туртки берган.
"Трамп учун минтақада ўз таъсирини кучайтириш зарурати бор. Бу ерда АҚШнинг ҳам стратегик ҳамкорлари ва ҳам рақиблари бўлган Россия ва Хитой сиёсий жиҳатдан устувор ҳисобланадилар. Жаноб Трамп таъсирини кенгайтириб, бу каби учрашувлар билан Марказий Осиё давлатларининг бой табиий захираларига йўл топмоқчи", дейди халқаро масалалар бўйича тадқиқотчи Камолиддин Базий.
Ҳозирда жаноб Трампнинг иккинчи маротаба қудратга келиши билан Марказий Осиё янада кўпроқ АҚШ эътибори марказига тушаётгандек.
Сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида АҚШ Президенти Доналд Трамп Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган, икки раҳбар мамлакатлараро стратегик ҳамкорлик ва амалий алоқаларни кучайтиришга келишиб олгандилар.
Бу орада АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари расмийлари орасида ҳам ўзаро сафарлар кўпайди.
Куни-кеча Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартибни жорий этди.
Ушбу қадамдан мақсад - икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун қулай шароит барпо этиш экани қайд этилди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ҳам C5+1 саммити Америка билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларга "жиддий туртки" беришини таъкидлади.
Савдо-сотиқдан ташқари жаноб Тоқаев халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини сув сатҳи пасайиб бораётган Каспий денгизига қаратишга интилиб келаяпти.
У, ҳойнаҳой, 6 ноябрдаги Вашингтондаги саммитда ҳам ушбу муаммони кўтариши кутилаяпти.
"Сиз Каспий денгизи саёзлашаётганидан хабардорсиз. Бу ҳаммамиз учун хавотир", деди октябр ойида Озарбайжонда ўтган Туркий Давлатлар раҳбарлари саммитида Президент Тоқаев.

Сурат манбаси, .
Хўш, Марказий Осиё давлатлари АҚШдан яна нималарни кутадилар?
"Энг муҳим масала - минтақага АҚШ сармояларини жалб қилиш. Иккинчидан, йирик лойиҳалар, масалан, Туркманистон газини Осиё бозорларига олиб борадиган TAPI газ қувури ёки Афғонистон орқали ўтувчи давлатлараро темир йўли лойиҳаларини амалга ошириш. Шунингдек, АҚШ учун Марказий Осиёдаги захилар томон йўл очадиган "Транскаспий Халқаро Транспорт Йўли" дея ном олган лойиҳа. Учинчи жиҳат, Марказий Осиё давлатлари мавқеини ўзгартириш. Халқаро саҳнада ашаддий рақобат кетаётган вақтда жаноб Трамп иштирокида ўтказилажак бу учрашув Марказий Осиё аҳамиятининг ўсиши учун имкон бериши ва ҳамманинг манфаатига хизмат қилувчи нейтрал платформа яратиши эҳтимоли бор", дейди қозоғистонлик халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Элданиз Ҳусайнов.
Шу билан бирга Россиянинг Украинага қарши уруши манзарасида АҚШ учун бу борада Марказий Осиё мамлакатларининг мавқеъларини тушуниб олиш ҳам муҳим.
Минтақа мамлакатлари шу вақтгача Украина урушига нисбатан нейтрал мавқеъни ушлаб келишади.
Бошқа томондан, минтақа ҳукуматларининг авторитар эканига қарамасдан, Вашингтон минтақага нисбатан сиёсатида инсон ҳуқулари, сўз эркинлиги ва демократик қадриятлар масалаларини устувор қўймаётган кўринади.
Қандай бўлмасин, кўплар АҚШ-Марказий Осиё саммитини Вашингтоннинг минтақада ўз таъсирини кучайтириш уриниши сифатида кўришади.












