Кремлпарастлар Трамп Марказий Осиё саммитини таҳдид деб кўраяптилар

Сурат манбаси, YouTube/Amerika ovozi
- Author, BBC Monitoring
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
26 октябр куни тарқалган хабарга кўра, АҚШ Президенти Доналд Трамп Марказий Осиёнинг беш давлати президентларини ноябр бошида Вашингтонда ўтказиладиган C5+1 саммитида иштирок этишга таклиф этган.
"Дональд Трамп Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва бошқа Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига 6 ноябр куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган C5+1 (Марказий Осиё + АҚШ) саммитида иштирок этиш учун таклифномалар юборди", — деб хабар қилди gazeta.uz веб-нашри Ўзбекистон президенти матбуот хизматидаги манбаларга таяниб.
Айни пайтда Қозоғистон давлат ахборот агентлиги Kazinform Президент Қосим-Жомарт Тоқаев саммитда иштирок этишга таклифнома юборгани учун Трампга "самимий миннатдорлик" билдирганини хабар қилди.
АҚШ президентига йўллаган мактубида Тоқаев саммитни ўтказиш ташаббусини ўз вақтида қилинган деб баҳолаган. У, шунингдек, "Президент Доналд Трампнинг ички ва ташқи сиёсатдаги асосий мақсадларини, хусусан, анъанавий қадриятларни ҳимоя қилиш ва глобал тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга интилишини қўллаб-қувватлашини" таъкидлаган.
27 октябр куни Қирғизистоннинг хусусий ахборот сайти Vesti.kg Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг АҚШда бўлиб ўтадиган C5+1 саммитида иштирок этиши тасдиқланганини хабар қилди.
Шу куни Тожикистоннинг хусусий ахборот сайти Asia-Plus Тожикистон президенти матбуот хизмати Президент Эмомали Раҳмонга Трампдан таклифнома келгани ҳақида ҳали маълумот бермаганини ёзди.
Айни пайтда, Туркманистоннинг давлат ахборот агентлиги TDH 27 октябр куни Президент Сардор Бердимуҳаммедовга Трамп томонидан юборилган таклифномани эълон қилди.
АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ҳамда АҚШ давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау 26–30 октябр кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюраяптилар.
АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, улар Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари билан иқтисодий ва хавфсизлик масалалари бўйича кенг кўламли музокаралар олиб боришади. Бу АҚШнинг Марказий Осиё билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва савдо алоқаларини кенгайтиришга интилишининг бир қисми сифатида баҳоланади.

Сурат манбаси, .
Ушбу саммит Президент Трампнинг Украина урушини музокара йўли билан тўхтатишга уриниш ҳаракатлари самара бермаётганидан ҳафсаласи пир бўлгани кўринаётган, Россия нефт ширкатларига қарши санкция жорий этишга қарор қилгани манзарасида ташкиллаштирилаяпти.
Кремл тарафдори бўлган шарҳловчилар Трампнинг Марказий Осиё раҳбарларини шахсан саммитга таклиф қилганига танқидий муносабат билдиришди. Улар буни минтақани Россиядан узоқлаштиришга қаратилган кенг қамровли ҳаракатнинг бир қисми сифатида кўраяптилар.
Кыргызский форпост Telegram канали Қозоғистон Трампнинг таклифига энг фаол ва самимий жавоб берганини таъкидлади. Президент Тоқаев АҚШ ташқи сиёсатини мақтаб, расмий мактуб йўллади.
"Қозоғистон энг катта ҳаяжон ва эҳтиромни намоён этди: Тоқаев АҚШ президентига миннатдорлик билдирган мактуб ёзди ва у "анъанавий қадриятларни ҳимоя қилиш ҳамда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга интилиш" каби сиёсий тамойилларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Мактубнинг иккинчи қисми ортиқча эди, ва бундай эҳтиром Трампга қўшимча таъсир имконини беради — Қозоғистон саммитдан яна бир партия локомотив ёки Boeing самолётлари учун шартнома билан қайтиши мумкин", — дейилади постда.
Каналнинг ёзишича, Ўзбекистон ҳам саммитга фаол тайёргарлик кўрмоқда ва АҚШ вакиллари билан учрашувлар ўтказган. "Ўзбекистон ҳам саммитга фаол тайёргарлик кўрмоқда — Президент Мирзиёев АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ва Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау билан учрашди. Улар, эҳтимол, Вашингтонда имзоланадиган ҳужжатлар асосини ташкил этадиган келишувларни муҳокама қилишган", — дейилади постда.
Кыргызский форпост ёзишича, "Қирғизистон ва минтақадаги бошқа давлатлар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилаяптилар, Россиянинг йўналишига содиқлигини намоён этаяптилар".
Восточный экспресс 24 Telegram каналида 27 октябр куни эълон қилинган шарҳда Қирғизистоннинг собиқ мудофаа вазири ўринбосари Мурат Бейшенов минтақанинг ресурслари ва аҳолиси глобал эътиборни жалб қилаётганини айтди.
"Бизнинг ҳудудимиз табиий ресурсларга бой, хусусан, ҳозирда устувор бўлган нодир ер металларига эга. Бу яқинда Ротшилднинг набираси Қирғизистонга ташриф буюргани билан тасдиқланди. Инсон салоҳияти ҳам муҳим ресурс — минтақада тахминан 80 миллион аҳоли яшайди. Хавфсизлик ҳам кам аҳамиятга эга эмас: Марказий Осиё ноустувор минтақа бўлиб, можаро хавфи юқори. Покистон ва Афғонистондаги яқиндаги воқеалар бунга мисол", — деб ёзди у.
Telegram канали ёзишича, Бейшенов минтақа хавфсизлигида Россияга таянишдан бошқа йўл йўқлигини таъкидлаган.
"Собиқ вазир ўринбосарига кўра, Тожикистон ва бутун Марказий Осиё хавфсизлик масаласида Россияга таянишга мажбур. АҚШ, Хитой ва Туркия ҳам бизни қўллаб-қувватлашга қодир эмас. Тожикистон Рим статусини имзолаган ва ЕИ санкциялар билан таҳдид қилмоқда, аммо Раҳмон асосий ҳамкор кимлигини яхши билади", — дейилади постда.
Шу куни Восточный экспресс 24 каналида эълон қилинган бошқа бир постда Марказий Осиё мамлакатлари жамоатчилик алоқалари ривожланиши институти директори Калдан Эрназарова, "Марказий Осиё +" форматидаги Ғарб давлатлари билан учрашувлар иқтисодийдан кўра геосиёсий мазмунга эга", деб ёзди.
"Россия ва Хитойнинг устунлиги тарихий ва анъанавий алоқаларга асосланган, бу уларнинг устуворлигини белгилайди. Масалан, 'Бир камар — бир йўл' ташаббуси эски алоқаларни тикламоқда. Ғарбда бундай нарса йўқ, АҚШ, Европа ва Туркия билан ҳамкорлик тажрибамиз ижобий бўлмаган", — деган Эрназарова хоним.
Мустақил эксперт Марат Абдилдаев фикрига кўра, "Марказий Осиёда ҳамкорлик глобал вазиятда муҳим аҳамият касб этади, чунки етакчи геосиёсий кучлар ўртасида рақобат кучаймоқда ва янги можаролар, шу жумладан гибрид усулда олиб бориладиган учинчи жаҳон уруши хавфи мавжуд", — дейилади каналда.
Алдаркөсе деб номланадиган Кремл тарафдори бўлган Telegram канали 27 октябр кунги постида "АҚШ Қозоғистон ресурсларини истайди", деб ёзди.
"Қисқаси, улар 'қазиш ва бурғилаш'ни фаоллаштиришни режалаштирмоқда, ўзлари учун максимал фойда билан. Трамп вакилларининг саммит олдидан ташрифи бу шубҳаларни йўққа чиқаради. Тоқаевнинг мактуб мазмунига қараганда, кўп кўндиришга уриниб ўтиришга ҳожат йўқ: АҚШ билан тўлиқ ўзаро тушуниш ва деярли ягона сиёсий курс мавжуд. Демак, тарифлар, санкциялар ва бошқа нарсалар ўтмишда қолди. Инвесторларни қўрқитмаслик учун фақат ижобий нарсалар ҳақида гаплаашиш керак", — деб ёзди Алдаркўса.












