Мирзиёевнинг АҚШга сафари ортидан кузатувчилар Россиянинг Ўзбекистонга босимидан огоҳлантирмоқдалар

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati
Таҳлилчилар тахминича, Президент Мирзиёевнинг Ню-Йоркдаги учрашувлари ортидан Ўзбекистон Россиянинг информацион кампанияси нишонига айланиши, миграция назорати қаттиқлаштирилиши ва иқтисодий босимларга дуч келиши мумкин.
Ўзбекистондаги Platforma.uz Телеграм канали ёзишича, "Кремл Ўзбекистон бўйича сиёсатини қайта кўриб чиқиш бўйича принципиал қарор қабул қилди. Москвада Тошкентнинг ташқи сиёсий курси тобора аниқроқ тарзда анъанавий "рус орбитасидан" тизимли чиқиш сифатида қабул қилинмоқда".
Сиёсий шарҳловчилар Россиянинг Марказий Осиёга мўлжалланган пропаганда харажатлари 2024 йили 210 миллион долларга етганини урғулайдилар, маҳаллий яшовчилар орасида россияпараст кайфият кучайиши эҳтимолидан огоҳлантирадилар.
"Москвада бу учрашув "намойишкорона қадам" ва Ўзбекистоннинг стратегик устувор йўналишларини узоқ муддатли қайта форматлаш сигнали сифатида қабул қилинди. Россиялик таҳлилчиларнинг фикрича, айнан шундай қадамлар Тошкентнинг бутунлай Ғарбга силжиш хавфини оширмоқда ва бу жараёнда Россия фактори иккинчи даражага тушиб қолмоқда", деб ёзди Platforma.uz.
Телеграм канали ёзишича, Кремл Тошкентнинг ташқи сиёсат йўналиши "анъанавий Россия орбитасидан тизимли равишда узоқлашмоқда" деган хулосага келган.
"Шунингдек, руспараст ва урушни ёқлаб чиқувчи блогерларнинг ҳибсга олиниши Москвада "Россияга қарши тенденцияларнинг" давлат даражасида тасдиқланиши сифатида баҳоланмоқда.", — деб қўшимча қилди Platforma.uz.
Канал Кремл нуқтаи назаридан яна бир қатор хавотирли жиҳатларни таъкидлади: Яна бир "ташвишли" йўналиш – Ўзбекистоннинг халқаро тузилмалар билан ҳамкорлигининг кучайиши: Халқаро Валюта Жамғармаси билан битимлардан тортиб, BlackRock ва Citigroup каби компаниялар билан инвестицион лойиҳалар тузилиши, ЖСТга аъзолик бўйича фаол ҳаракатлар.
Шунингдек, Кремль Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда кўп векторликка содиқ қолишига катта эътибор қаратмоқда. Расмий Тошкентнинг Туркия, Саудия Арабистони, Хитой, Жанубий Корея, Япония, АҚШ ва ЕИ билан ҳамкорлигининг фаоллашуви Россияга тобора чекланган роль ажратилаётганининг белгиси сифатида кўрилмоқда", — дейилади хабарда.
"Бу шароитда Кремль жавоб чораларининг комплекcини ишга туширишга қарор қилди. Ахборот соҳасида федерал ОАВ ва унга бўйсунувчи эксперт тузилмаларига "Ўзбекистондаги русофобия" ҳақидаги нарративни шакллантириш ва мамлакат сиёсий элитасини "Ғарб қўғирчоқлари" сифатида обрўсизлантириш вазифаси юклатилди. Миграцион сиёсатда эса Россиядаги ўзбекистонлик фуқароларнинг яшаш шартларини қатъийлаштириш, текширувларни кучайтириш, квоталар ва депортацияларни кўпайтириш режалаштирилмоқда", — деб ёзади канал.
"Шу билан бирга, иқтисодий ва энергетик босим воситалари ҳам тайёрланмоқда — қўшма лойиҳалар бўйича музокараларни чўзиб юборишдан тортиб, ресурслар етказиб беришда яширин чекловларгача. Ҳарбий йўналишда эса Ўзбекистонни КХШТ доирасидаги қарам хавфсизлик схемаларига тортиб киритиш мақсадида "Афғон хавфи" мавзусидан фаол фойдаланиш сценарийси муҳокама қилинмоқда. Манбалар таъкидлашига кўра, Кремльнинг бу қарори стратегик тусга эга: Москва кутиш сиёсатидан воз кечиб, фаол чоралар кўришга интилимоқда", — деб ёзади Platforma.uz.
Россия пропагандаси миқёси кенгайиши

Сурат манбаси, RASSOM TUZ/FACEBOOK
2 октябрь куни Телеграмдаги Eltuz канали Россиянинг Марказий Осиёдаги тарғибот ҳаракатлари молиявий кўламига бағишланган мақола эълон қилди.
Eltuz ёзишича, Россия 2023 йили Марказий Осиё мамлакатларида тарғибот ишлари учун 130 миллион доллар ажратган, 2024 йилда эса бу сумма деярли икки баробарга кўпайган — 210 миллион долларга етган.
Eltuz Бош муҳаррири Қудрат Бобожон ёзишича, Ўзбекистондаги айрим маҳаллий ва мустақил нашрлар айнан шу маблағлар орқали молиялаштирилаяптилар ва керакли ахборотни Instagram, TikTok ва Facebook каби норасмий каналлар орқали тарқатмоқдалар.
У Россиянинг 2013 йилда қабул қилинган, 2019 йилда янгиланган гибрид ҳарбий доктринасини "ноҳарбий воситалар орқали дўст бўлмаган давлатларни заифлаштириш мақсадида беқарорлаштирувчи дезинформацияни фаол тарқатиш"ни ўз ичига олади, деб таърифлади.
Қудрат Бобожон таъкидлашича, бутун минтақа бўйлаб рус тилидаги мактабларнинг сони кўпайяпти, Ўзбекистонда эса уларнинг сони 1000 дан ортиқ.
Шунингдек, аҳолининг тахминан 40 фоизи рус тилида гаплаша олади. У рус тилидан бошқа халқаро тилни билмайдиган ўрта ёшдаги одамлар глобал воқеаларни асосан рус ОАВ орқали кузатишини, алтернатив нуқтаи назарни тақдим этувчи нуфузли халқаро манбаларга эга эмасликлари ҳақида ёзди.
"Яқин келажакда Марказий Осиёда Россия пропагандаси таъсири ортиб боради, рус тили географиясининг кенгайишига бўлган уринишлар кучаяди", деб ёзди Eltuz.
5 октябр куни Facebookдаги саҳифасида рассом Шуҳрат Бобожон Ўзбекистонда Путин тарафдорларининг кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди.
"Агар мамлакат рус тарғиботи томонидан узлуксиз ҳужум остида яшаса, ҳукумат эса 9 майни нишонласа, Совет рамзлари ва ҳарбий риторикани қайта тикласа, бундай шахслар сони янада кўпайиб боради", — деб ёзди Rassom Tuz.
У мамлакатдаги "ички забт этиш" жараёнидан хавотир билдирди ва Россияга ҳавас қилувчилар сони "ҳаддан ташқари кўпайиб кетганини" таъкидлади.
5 октябр куни сиёсий шарҳловчи Дилнур Комилов Ню-Йоркдаги учрашувдан сўнг Россия форумларида "ўзбек тили ва миллатга қарши даҳшатли провокациялар" амалга оширилаётгани ҳақида ёзди.
"Хавфли жараёнлар кетмоқда, биродарлар. Ҳозирча эҳтиёт бўлайлик", — деб ёзди Комилов Facebook'да.
4 октябр куни Лондонда яшайдиган сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов Ўзбекистон ҳукуматининг Россия босимига бўйин эгмаслигига умид билдирди.
У Россия тарафдори бўлган блогерлар иши охирига етказилиши ва "уруш тарғиботчилари" қамоқ жазосига тортилишини хоҳлаши ҳақида ёзди.
"Бошқа томондан, ҳукуматимиз уларга қамоқ ёки Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиб Россияга чиқариб юбориш имконини таклиф қилиши мумкин... Кейин Россияга боргач, у ердаги ҳукумат уларни ҳужум гуруҳларига жалб қилиб, Украина FPV дронлари билан тўқнашиш 'лаззатини' ҳис қилдириши мумкин", — деб ёзди сиёсий таҳлилчи ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Сурат манбаси, .
"Мустақилликка тўғридан-тўғри таҳдид"
4 октябр куни ўзбекистонлик собиқ дипломат Алишер Таксанов Совет биродарлик ғояларини тарғиб қилиш ва социализмга қайтишни Кремл манфаатларига мос келадиган "янаада кенгроқ идеологик йўналиш" деб таърифлади.
"Россия СССРга нисбатан ностальгияни постсовет маконида таъсир воситаси сифатида тизимли равишда қўлламоқда... 'Улуғ' ўтмиш ва ягона халқ ҳақидаги ривоятларни жорий этиш орқали Москва ўз экспансиясини оқлаш учун замин тайёрламоқда", — деб ёзди Алишер Таксанов Facebook'даги саҳифасида.
Таксанов бундай фаолиятни "бешинчи колонна"ни шакллантириш деб атади ва шундай блогерлар чет эл кун тартибини тарғиб қилувчи воситачиларга айланиб, "Ўзбекистон давлатчилиги ва маданиятини қадрсизлантириш, мустақилликка ишончни заифлаштириш ва Москвасиз мамлакат ҳалокатга учрайди деган ёлғон туйғуларни шакллантириш"га хизмат қилаётганини таъкидлади.
У Кремл тарафдори бўлган кучлар Ўзбекистонда мавжудлигини ва улар "онгли ёки онгсиз равишда Россиянинг нео-империализми билан ҳамкорлик қилишга тайёр" эканларини таъкидлади. Уларнинг фаолияти "оддий фикр эмас, балки мамлакат мустақиллигига бевосита таҳдид", деб ёзди у.












