Мирзиёев сўзининг устидан чиқадиган одам: Трампнинг Американи яна буюк қилиш интилишига Ўзбекистон ҳиссаси

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор.

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, АҚШ президенти махсус вакили Сержио Гор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга, "Трамп сизни Вашингтонда кутяпти. Ўзаро манфаатларга оид барча масалалар ҳал этилади", деб айтди.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Доналд Трамп иккинчи президентлиги муддатининг ҳам асосий мақсадини Make America Great Again - Американи яна буюк қилиш шиори остидаги ҳаракатларига бағишлаган, бутун дунёга эълон қилган "бож урушлари" сабаби ҳам шунда.

У Apple ёки АҚШнинг дунёга машҳур ширкатларидан хориждаги ишлаб чиқаришларини Америкага кўчиришни, америкаликларнинг ўзлари учун кўпроқ иш жойлари барпо этишни талаб қилаяпти, чет эл ширкатлари АҚШ ҳудудида завод-фабрика йўлга қўйишлари эвазига иқтисодий енгиллик ва имтиёзлар ваъда қилган.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг саккиз миллиард долларлик, Қозоғистоннинг тўрт миллиард долларлик сармоялари Трамп кўнглига хуш ёқди.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш мақсадида 20 сентябр куни АҚШга борган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қатор халқаро ва АҚШ ташкилотлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди, ўзаро битимлар имзоланди.

Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва хусусий компаниялар АҚШ компаниялари билан ҳамкорликка оид камида 10 та битимни имзолади, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Учрашувлардан бири Boeing Global ширкати президенти Брендан Нелсон билан музокара бўлди.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ширкати АҚШнинг Boeing ширкатидан 22 та Boeing 787 Dreamliners самолётини харид қилиш бўйича шартнома имзолади.

Бу Ўзбекистон миллий авиакомпанияси тарихидаги энг йирик шартнома бўлди.

Uzbekistan Airways хабар қилишича, самолётларни етказиб бериш 2031 йилдан бошланади, ушбу келишув компания учун Шимолий Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақасига узоқ масофали парвозларни йўлга қўйиш имконини беради.

Ушбу харидни АҚШ Президенти Доналд Трамп олқишлади, ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги постида Президент Мирзиёевни битимлар билан табриклади.

Доналд Трамп пости

Сурат манбаси, truthsocial.com/@realDonaldTrump

"Ой бошида мен Олий Ҳурматга сазовор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашган эдим. Бугун мен Президент Мирзиёевни Boeing билан улкан битим имзолагани билан табрикламоқчиман! Uzbekistan Airways қиймати 8 млрд доллардан ортиқ бўлган 22 та та Dreamliner 787 сотиб олмоқда. Бу Қўшма Штатларда 35 мингдан ортиқ иш ўрни яратади. Президент Мирзиёев сўзининг устидан чиқадиган инсон ва биз яна кўплаб йўналишларда биргаликда ишлашда давом этамиз! Ушбу масалага эътиборингиз учун раҳмат", деб ёзди Президент Трамп.

Ню-Йоркда Президент Мирзиёев АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди.

Сержио Гор Президент Мирзиёевга Вашингтонда уни Президент Доналд Трамп кутаётганини маълум қилган.

"Энди эса сизда исталган вақтда Оқ Уй офисига тўғридан-тўғри мурожаат йўли очиқ. Бу дегани муносабатларни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар мавжуд. Мен бу ердаги ўта самимий муносабатни президентга етказаман. У сизни Вашингтонда кутяпти. Ўзаро манфаатларга оид барча масалалар ҳал этилади. Биз сизнинг барча қарорларингизни қўллаб-қувватлаймиз", дея Сержио Гордан иқтибос келтирди Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Трамп Қозоғистон билан тўрт миллиард долларлик келишув тафсилотини маълум қилди

Truth Socialдаги ўзининг навбатдаги постида АҚШ Президенти Трамп Қозоғистон Президенти Тоқаевга ҳам табрик йўллади.

Унда Қозоғистон АҚШдан локомотивлар ва темир йўл ускуналарини сотиб олишга қарор қилгани хабари берилади.

"Мен ҳозиргина Олий Ҳурматга сазовор Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Кемелули Тоқаев билан ажойиб телефон қўнғироғини якунладим. Улар 4 миллиард Қўшма Штатлар долларига тенг Тарихдаги энг йирик Темир йўл Ускуналари, Локомотивлар ва Темир йўл Ускуналари хариди битимини имзоладилар. Буюк хариди учун Президент Тоқаевга табриклар. Мамлакат, Дунё ишончли, гўзал Темир йўллар билан барпо этилган. Улар яна қайтмоқда, Тезлик билан!", деб ёзди ўзининг постида Президент Трамп.

Қозоғистондаги Tengrinews.kz веб-нашри хабар қилишича, умумий қиймати 4,2 миллиард долларга тенг шартномалар АҚШнинг Wabtec компанияси билан имзоланган.

Битимларни имзолаш маросимида АҚШ Тижорат вазири Ҳовард Лутник иштирок этган.

Ҳужжатлар Қозоғистон учун 300 юк локомотивини ишлаб чиқариш ва техник таъминотни кўзда тутади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг