Ўғил, ўғил, ўғил... Қиз фарзанд керак эмасми?

bola

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, "Эътибор билан кузатарканман “ўғил қиздан яхшироқ” деган тушунча ҳамон мавжудлигининг гувоҳи бўлдим".
    • Author, Юлдуз Абдурашидова
    • Role, Журналист
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Мен бир йил аввал она бўлдим – қизим туғилди. Бундан мен ҳам турмуш ўртоғим ҳам хурсандмиз.

Лекин атрофимдагилар мени ҳайрон қолдирмоқда.

Қариндошларим, дугоналару яқинларим орасида “энди битта ўғил туғиб олсанг бўлди”, “биринчиси муҳим эмас, жинси кейингиси ўғил бўлсинда, илоҳим”, “полвондек ўғил туғишинг керак”, дейдиганлари ҳам учраб турганди.

Аввалига эътибор бермадим, бироқ вақт ўтиши билан бундай саволларни яна такрор эшитганимдан сўнг бу масала мени эътиборимни тортди: жамият аёллардан фақат ўғил кутадими?

Анча йиллар аввал ўғил қиздан яхшироқ деган янглиш тушунча бор эди одамлар орасида.

Айниқса, илк фарзанди қиз ёки кетма-кет икки марта қиз туққанларга аксарият кишилар раҳм кўзи билан боқарди.

Ҳаттоки, келини дастлаб қиз фарзандини дунёга келтирган аёлдан “хафа бўлмадингизми”, дея сўрашлари ҳам ёдимда.

“Оподадам [бобом]лар салобатлари бор, собиқ совет қаҳрамони эдилар. Бир ўғил бир қизлари бор эди. Катта ҳовли. Мен ўғилнинг бош қизиман. Уч нафар қиз эдик. Катта ҳовлида яшаймиз. Авлодни давомчиси бўлсин дейишганми жуда ўғил кутишган. Дуо қилишса ҳам эҳсон қилишса ҳам ўғил тилашарди. Келган одамлар ҳам оподадамларга ўғил набира тиларди. Айниқса, улар буни жуда хоҳлаганлар. Ҳолат шу даражага етганки, бизга ҳам ўғил ука тилаб дуо қилдиришарди. Мен кичкина бўлсам ҳам катталарни тушунар, ҳис қилар эдим. Шунақанги илтижо қилиб, бизга ўғил ука бергин дердим. Жуда кўп сўраганимдан. Ўзим билмаган ҳолда ўғил болачаларни яхши кўрадиган бўлганман. Ўғил укам туғилганда бизникидаги хурсандчиликни кўрсангиз. Байрам бўлиб кетган”.

“Вақтлар ўтиб турмуш қурдим. Ҳомиладор пайтим скринингга боргунча қанча дуолар қилганман ўғил туғай деб. Биринчиси ўғилми-қизми — нима фарқи бор экана аслида. Юнусободда скринингда ўғил деса хурсанд бўлганимни кўрсангиз эди. Хўжайиним ҳам ўғил кутганмикин билмайман. Жуда хурсанд бўлганмиз. Шу даражада миямга ўғил сингиб кетганмикин. Олти нафар ўғлим бор. Дадам ҳам жуда фахрланади менинг ўғилларим билан. Аслида қизми- ўғилми Аллоҳнинг неъмати. Соғлом бўлсин фарзандларимиз”, дея хотиралари билан бўлишди Маҳбуба исмли суҳбатдошим.

Қиз керак эмасми?

BBC Uzbek
Qoʻshnim 3-farzandi ham qiz tugʻilgani uchun tugʻruqxonaga bormadi. 5 tanqiz tuqqan tanishim oʻgʻil tuqquncha halovat topmadi. Oʻgʻil dunyoga kelib oilasida tinchlik boʻldi.
Yulduz Abdurashidova
Jurnalist (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Эътибор билан кузатарканман “ўғил қиздан яхшироқ” деган тушунча ҳамон мавжудлигининг гувоҳи бўлдим.

Хусусан, қўшним учинчи фарзанди ҳам қиз туғилгани учун туғруқхонадан хотини ва чақалоқни олиб келишга бормади.

Беш маротаба кетма-кет қиз туғган танишим ҳам ўғил туққунча ҳаловат топмади. Ахийри, ўғил дунёга келиб оиласида тинчлик бўлди.

“Бешинчисини ҳам қиз деганда роса йиғлаганман. Олдириб ташламоқчи бўлгандим, эримга нима қилай десам “билганингни қил” деб ишга кетиб қолганди. Тақдир тақозоси билан олдирмадим. Аллоҳ олтинчисини ўғил берди. Ҳозир ўшандаги ҳолатларни эсласам, сабр қилса ҳаммаси яхши бўларкан дейман”, дейди у.

Яқин дугонамнинг ҳам илк фарзанди қиз бўлди, у бундан хафа ҳам, хурсанд ҳам эмасди.

“Мени онамга қандай фойдам тегдию энди қизимни менга фойдаси тегса. Қийналиб улғайтираман, кейин бошқага узатиб юбораман, шу билан унга эгалик бошқаларга ўтади. Ҳатто менга чой дамлаб бериш ҳам ўзганинг рухсати билан амалга ошади”, деган эди у суҳбатлашиб қолганимизда.

Айниқса, “Сардор гангстер” тахаллуси остида видеолар чиқариб келган тиктокер Сардор Сафарбоевнинг хотини қиз фарзанд туғса, чиқиндига ташлашини айтган видеоси мавзу ҳамон долзарблигини кўрсатиб берди.

“Мен қиз фарзанд кўрмайман. Агар қиз фарзанд кўрсам, олдириб ташлайман. Қиз керакмас. Хотиним туққанида шундай бораман, қизми, чиқинди идишга отиб юбор, дейман. Керакмас. Мен дўзахга кирсам ҳам ўғил фарзанд туғдираман. Мени зурриётим ўғил бўлиши керак”, деганди у видеосида.

Нега ўғил фарзанд хоҳлашади?

ko'cha

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2024 йилнинг январь май ойларида ФҲДЁ органларида 347,4 минг нафар бола туғилган.

Шундан, 180,4 минг нафари ўғил 167 минг нафари эса қизларни ташкил қилади.

2024 йилнинг 5 ойида Ўзбекистонда қиз болаларга нисбатан 13,4 минг нафар ўғил болалар кўп туғилган.

Facebookʼда одамлар нега кўпроқ ўғил фарзанд хоҳлашади деган сўровнома ўтказдим.

Уларнинг айтишича, наслим давомчиси, мол-дунём эгаси бўлади, меросхўрим, ўлсам тобутимни кўтаради деган қарашлар сабаб ҳам ўғил керак экан.

Айримлар кексайиб қолганимизда кунимизга ярайди, деб фикрлашади.

“Қизлар палахмон тоши. Ҳар томонга отилиб кетамиз турмуш, рўзғор деб. Ота онамиз қариб кучдан қолганда кўпроқ ўғиллар уларнинг корига ярайди. Ҳаммаси ҳам эмас, лекин 80% шундай”, дейди Гуласал Саматова.

Ўғли йўқ, деб камситишарди

Қуйида Н. исмли суҳбатдошимнинг ҳикоясини тўлиқ келтирмоқчиман:

“Мени ёшим 40 да. Қариндошимга турмушга чиққанман.

Эрим уч нафар қизимга ҳам жуда меҳрибон. Унақа ўғил туғмадинг ё бошқа нарса демас, эди.

Лекин ўғил кўрганимизда ич-ичидан дарди бўлганини сездим.

Катта қизим ТашМИда 2-курс талабаси. 37 ёшимда ҳомиладор бўлдим, 38 ёшимда туғдим. Ҳомилам жуда қийин ўтди. Уч қизимни ҳам ўзим табиий йўл билан туққанман, аммо, ўғлимга келиб маткамда варикоз, юракда тахикардия берди.

Ҳомиладор бўлганимда хўжайиним ҳам, мен ҳам ёш эмасдим, яна қиз бўлсачи деган қўрқув бўлди.

Биз ота-она, қайнона-қайнотадан йироқда бўлганимиз, қизларимни ҳам ўзим катта қилганим учун ҳам менда бола қарашга доир қўрқув йўқ эди, аммо яна қиз туғсам ҳамма гапиришса деган ҳадик бўлди.

Ушбу мақолада мустақил муаллифнинг кўз-қарашлари келтирилган. Улар таҳририят нуқтаи назарини ўзида ифода этмаслиги мумкин.

Telegram kanalimiz