Эроннинг собиқ президенти Рафсанжоний сайловларда қатнашади

Эроннинг собиқ президенти 79 ёшли Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний июн ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида қатнашиш учун ўз номзодини қўйган.
Жаноб Рафсанжоний аризаси рўйхатга олиш муддати тугашига саноқли дақиқалар қолганда қабул қилинган.
Рафсанжонийнинг президентлик сайловларида иштирок этиши Эрон олий диний раҳбари Оятулло Али Ҳаманиий дохил "қаттиққўл сиёсат" тарафдорларига ёқмаслиги мумкин.
Бироқ сўровларга биноан, Али Акбар Рафсанжоний мўътадил исломийлар ва ислоҳот тарафдорлари орасида машҳур ҳисобланади.
Баъзи эронликлар эса жаноб Рафсанжонийни ғарбпараст қарашларга эга, деб билишади.
"Мен хизмат қилгани келдим. Халқ мени ёки бошқани танлашни эса ўзи ҳал қилади",- деган у ўз аризасини топширар экан.
Жаноб Рафсанжоний 1989 йилдан 1997 йилгача Эронни бошқарган.
Эрон қонунларига биноан икки муддат президентлик муддатини ўтаган ҳозирги раҳбар Маҳмуд Аҳмадинежот сайловларда қатнаша олмайди.
Олдинроқ Эроннинг атом лойиҳаси бўйича асосий шахслардан ҳисобланган Саид Жалилий номзоди ҳам рўйхатга олинганди.
Саид Жалилий Эрон олий диний раҳбари Оятулло Али Ҳаманиий томонидан дастакланишига ишонилади.
Янги президентлик сайловларида қатнашиш ниятида бўлган 400 га яқин номзод орасида 14 та аёл ҳам бор. Ўтган, 2009 йилги сайловда ўз номзодларини илгари сурган 42 аёлнинг барчасига рад жавоби берилганди.
Охирги рўйхат кейинги икки ҳафта ичида эълон қилинади.
Номзодлар аввало парламентнинг Конституцияни ҳимоя қилиш кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.
Эронда Президентлик сайловлари муддати 14 июнга мўлжалланган.












