Хитой ривожланаётган давлатларга Жаҳон Банкидан кўпроқ сармоя киритди

Биржа
Сурат тагсўзи, Хитой дунёда иқтисодиёти энг тез суръатларда ривожланаётган мамлакат ҳисобланади

Янги ҳисоботдан аён бўлишича, Хитойнинг давлатга қарашли икки банки иқтисоди ривожланаётган давлатларга Жаҳон Банкидан кўра кўпроқ қарз берган.

"Файнаншл Таймс" газетаси томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, Хитой Тараққиёт ва Экспорт Банклари ўтган икки йил ичида ривожланаётган давлатлар ҳукуматлари ва ширкатларига камида 110 миллиард доллар қарз берган.

Хитойнинг ушбу икки йирик банки ташқи қарзлари ҳақида батафсил ҳисобот бермайди.

Шу боис ҳам тадқиқот муайян шартномаларга оид ошкор қилинган маълумотларга таянади.

Шунда ҳам келтирилаётган рақамлар аслидагисидан кам экани, чунки ниҳоятда нозик битимларга оид тафсилотларнинг ошкор этилмаслиги айтилади.

Тадқиқот ўтган йилги глобал молиявий инқироз даврини ҳам қамраб олади.

Хитой банклари бошқа жойдан молиявий ёрдам ололмаётган пайтларида хом-ашё ишлаб чиқарувчиларга ўз қарзларини таклиф этган.

Бу эса, уларга Россия, Венесуэла ва Бразилия билан узоқ муддатли шартномаларга эришишларига ёрдам берган.

Хитой ҳукумати икки триллион доллар валюта заҳирасига эга.