Ҳайвонлар онгли эмасми? Янги тадқиқотлар нима дейди?

- Author, Паллаб Гош
- Role, Илм-фан бўйича мухбир
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Чарльз Дарвин эволюция назарияси сабабли олимлар орасида сал кам маъбуд мақомига эга. Аммо унинг ҳайвонлар ҳам одам каби онглилиги ҳақидаги ғоялари аввал-бошдан эътибордан четда қолган эди. Ҳозиргача.
"Оғриқ ва лаззатни, ғам ва андуҳни ҳис қилишда одамлар ва ҳайвонлар ўртасида фундаментал фарқ йўқ", деб ёзган эди Дарвин.
Аммо унинг ҳайвонлар ҳам ўйлайди ва ҳис қилади деган қараши, айниқса ҳайвонлар хулқи бўйича мутахассислар - этологлар учун илмий ерес эди.
Ҳайвонларнинг реакцияларини кузатиб, уларга онгни нисбат бериш ўта "гуноҳ" сифатида кўриларди. Инсонларга хос хусусиятлар, феъллар ва туйғулар ҳайвонларда ҳам бор дейиш, илмий жиҳатдар асоссиз ва ҳайвон онгида нима бўлаётганини текшириш имконсиз деб қараларди.
Аммо агар ҳайвонлар ўз атрофида содир бўлаётган ҳодисаларни ҳис қилиш ва қайта ишлаш қобилиятига оид янги далиллар пайдо бўлса, бу уларнинг онгли эканлигини англатиши мумкинми?
Ҳозир биламизки, асаларилар ҳисоблайди, инсон юзини танийди ва асбоблардан фойдаланишни ўргана олади.

Лондон Қиролича Мэри университети профессори Ларс Читтка асаларилар интеллекти бўйича кўплаб йирик тадқиқотлар устида ишлаган.
"Агар асаларилар жуда ақлли бўлса, эҳтимол улар ўйлаши ва ҳис қилиши мумкин", дейди у.
Профессор Читтканинг тажрибалари шуни кўрсатдики, асаларилар травматик ҳодисадан сўнг ўз хатти-ҳаракатини ўзгартиради ва афтидан кичик ёғоч тўпларни думалатиб ўйнаши мумкин, унинг айтишича, улар бундан завқланади.
Ушбу натижаларлардан сўнг ҳайвонларни тадқиқ қилиш соҳасидаги энг нуфузли ва обрўли олимлардан бири шундай дейди:
"Мавжуд барча далилларни ҳисобга олсак, асаларилар онгли бўлиши мумкин".
Бу фақат асалариларга тааллуқли эмас. Кўпчилик айтишича, қайта ўйлаш вақти келди, чунки пайдо бўлган далиллар ҳайвонларнинг онги ҳақидаги тушунчаларда жиддий ўзгаришлар пайдо қилади.
Улар орасида Лондон иқтисодиёт мактаби профессори Жонатан Бирч ҳам бор.
"Турли соҳалар тадқиқотчилари ҳайвонларнинг онги ҳақида саволлар беришга журъат эта бошлайди ва ўз тадқиқотлари бу саволларга қанчалик алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлайди", дейди профессор Бирч.
Эврика лаҳзасини излаётганларнинг ҳафсаласи пир бўлади.
Бунинг ўрнига, тобора ортиб бораётган далиллар тадқиқотчилар орасида шивир-шивирларни кўпайтирди. Ҳозир кўпчилик бу соҳада илмий тафаккурни ўзгартирмоқчи.
Топилмалар ҳайвонларнинг онги ҳақида тугал хулоса бермаслиги мумкин, аммо профессор Бирчнинг таъкидлашича, ҳайвонларда онг бўлишига "ҳақиқий имконият" мавжудлигини тахмин қилиш кифоя.
Бу нафақат маймун ва дельфинлар каби юқори даражадаги ҳайвонларга тааллуқли, балки илонлар, саккизоёқлар, қисқичбақалар, асаларилар ва ҳатто пашшалар учун ҳам алоқадор. Бу ҳайвонларнинг қай даражада онгли эканлигини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқотларга маблағ зарур. Аммо, агар сиз онг деганда ўзи нима англашилишига қизиқаётган бўлсангиз, сиз ёлғиз эмассиз. Бу борада олимлар ҳам ўзаро келиша олишмайди.
Уни тушунишга биринчи марта 17-асрда француз файласуфи Рене Декарт уриниб кўрган. "Ўйлаяпман, демак, мавжудман" деган ўша машҳур файласуф.
Унинг фикрича, "тил танада яширинган фикрнинг ягона ишончли белгисидир".
Сассекс университети профессори Анил Сетнинг айтишича, бу каби таъкидлар узоқ вақт давомида сувни лойқалаган. У ўзининг профессионал фаолияти давомида онгнинг таърифини топишга қийналган.
"Тил, ақл ва онгнинг бу нобоп учлиги Декартга бориб тақалади", дейди у BBC News билан суҳбатда. Яқин вақтгача бу ёндашув шубҳа остига олинмаган эди.
Бу "нобоп учлик" 20-аср бошларида пайдо бўлган бихевиоризм деб аталадиган ҳаракат асосини ташкил этади. Унда айтилишича, фикрлар ва ҳис-туйғуларни илмий жиҳатдан ўлчаш мумкин эмас ва шунинг учун хулқ ўрганилаётганда улар эътиборга олинмаслиги керак.
Ҳайвонлар хулқ-атвори бўйича кўплаб мутахассислар шу нуқтаи назарга таянади, аммо профессор Сетнинг айтишича, бихевиоризм эътиборни ҳайвонларга ҳам қаратишга йўл очган.
"Биз нарсаларга инсон нигоҳи орқали қараганимиз сабабли, онгни тил ва ақл билан боғлашга мойилмиз. Улар бизда бир вақтда мавжудлиги улар доимо шундай бўлади дегани эмас."
Баъзилар "онг" сўзи гоҳида ноўрин ишлатилишини танқид қилишади.
"Бу соҳа ноаниқ сўзларга тўла ва афсуски, улардан бири "онг"дир", дейди Квебек университети профессори Стивен Харнад.
"Бу сўзни кўп одамлар маъноси аниқ сўздек ишлатади, аммо уларнинг кўпи бошқача маънони англатади, шунинг учун унинг нимани англатиши умуман ноаниқ."
Унинг айтишича, яхшироқ сўз «сезги»дир. "Ҳамма нарсани, чимчилаш, қизариш, чарчаш ва очлик - барчаси сезгилардир", дейди профессор Харнад.
Ҳайвонларнинг онгли эканлиги ҳақидаги ғояга шубҳа билан қараган бошқалар, онгли бўлиш нимани англатишини янгича, кенгроқ талқин қилиш вазиятни ўзгартиради, дейишади.
Орегон штат университети доктори Моник Уделл бихевиорист нуқтаи назарни қабул қилишини айтади.
"Агар биз ўзига хос хулқ-атворга қарасак, масалан, қайси турлар кўзгуда ўзини таний олади, қанчаси ҳаракатини олдиндан режалаштириши мумкин ёки ўтмишда содир бўлган воқеаларни қанчалик эслай олади, биз бу саволларга тажриба ва кузатувлар орқали жавоб топишимиз ва аниқроқ хулосалар чиқаришимиз мумкин", дейди у.
"Агар биз онгни ўлчанадиган хулқ-атворлар йиғиндиси сифатида таърифласак, демак, ўша аниқ вазифаларни бажара оладиган ҳайвонларда биз «онг» деб атайдиган нимадир борлигини айтишимиз мумкин."
Бу онгнинг янги гуруҳ илгари сураётганидан кўра анча торроқ таърифидир, аммо доктор Уделлнинг айтишича, бунга ғояларнинг фанда бўладиган эътиборли тўқнашувидир.
"Ғояларга бироз шубҳа билан, эҳтиёткор муносабатда бўлган одамлар бўлгани яхши, чунки агар биз бу масалаларга бошқача ёндашмасак, олдинга силжиш қийинроқ бўлади."
Лекин кейин-чи? Баъзилар айтишича, онгни тушуниш учун кўпроқ ҳайвонларни ўрганиш керак.

Фалсафа профессори Кристин Эндрю шундай дейди: "Ҳозирда тадқиқотларнинг аксарияти одамлар ва маймунлар устида амалга оширилмоқда, биз онгни энг оддий шаклда ўрганмаяпмиз", дейди Кристин Эндрю.
Профессор Эндрю ва бошқалар фикрича, одамлар ва маймунларни ўрганиш мулоқот қилиш ва мураккаб ҳис-туйғуларни бошдан кечириш қобилиятига эга онгнинг юқори даражасини ўрганишдир. Айни пайтда саккизоёқ ёки илон ҳам биз биладиган оддийроқ онгга эга бўлиши мумкин.
Профессор Эндрю ҳозирда 286 тадқиқотчи томонидан имзоланган Ҳайвонлар онги бўйича Нью-Йорк декларациясининг асосий тарғиботчиларидан бири эди.
Қисқа, тўрт қисмдан иборат декларацияда ҳайвонларда онг мавжудлиги эҳтимолини эътиборсиз қолдириш «масъулиятсизлик» бўлиши айтилади.
"Биз фаровонлик учун хавфларни кўриб чиқишимиз ва ушбу хавфларга жавоб бериш учун далилларга таянишимиз керак", дейилади унда.
Крис Маги ҳайвонлар устида тажриба ўтказувчи тадқиқот марказлари ва компаниялар томонидан қўллаб-қувватланадиган Буюк Британиядаги "Ҳайвонлар тадқиқотларини тушуниш" ташкилотида ишлайди.
Унинг айтишича, ҳайвонлар устида тажриба ўтказиш ҳақида гап кетганда уларни аллақачон онгли деб ҳисоблаган бўласиз. Британия қоидаларига кўра, тажрибалар фақат тиббий тадқиқот фойдаси етказилган азобдан кўпроқ бўлсагина мумкиндир.
"Бизда эҳтиёт бўлишимиз кераклигини кўрсатадиган етарлича далиллар бор", дейди у.
Аммо билмаганларимиз ҳам оз эмас, жумладан, қисқичбақа, омар, керевитлар каби ўноёқли қисқичбақасимонлар ҳақида ҳеч нима билмаймиз.
"Биз уларнинг ҳаётий тажрибалари ёки ҳатто уларнинг ўлими қандай ва қай нуқтада содир бўлишини ҳам билмаймиз.»
"Бу жуда муҳим, чунки биз уларни лабораторияда ҳам, ёввойи табиатда ҳам ҳимоя қилиш қоидаларини ўрнатишимиз керак."
2021 йилда профессор Бирч бошчилигидаги ҳукумат текширувида ўноёқлилар ва сефалоподларнинг, жумладан, саккизоёқ, калмар ва қисқичбақалар сезгилари бўйича 300 та илмий тадқиқотлар баҳоланди.
Профессор Бирч жамоаси бу жонзотларнинг ақлли эканлигига кучли далиллар мавжудлигини аниқлади, чунки улар оғриқ, завқ, чанқоқлик, очлик, илиқлик, қувонч, қулайлик ва ҳаяжон туйғуларини бошдан кечириши мумкин. Ушбу топилмалар сабабли ҳукумат мазкур жонзотларни 2022 йилги Ҳайвонлар ҳимояси қонунига киритди.
"Саккизоёқлар ва қисқичбақалар билан боғлиқ муаммолар эътиборга олинмади", дейди профессор Бирч.
"Ривожланаётган илм-фан жамиятни бу масалаларга жиддийроқ қарашга ундаши керак."
Ҳайвонларнинг миллионлаб турлари мавжуд ва уларнинг дунёни қандай идрок этиши ҳақида жуда кам тадқиқот олиб борилган. Биз асаларилар ҳақида оз биламиз ва бошқа тадқиқотчилар ҳатто чивинларда онгли хулқ-атвор белгиларини кўрсатишган, аммо бошқа кўплаб ҳайвонларни қамраб олган бошқа кўплаб тажрибалар мавжуд.
Бу Нью-Йорк декларациясини имзолаган тадқиқотчилар эътибордан четда қолган, деб даъво қиладиган тадқиқот соҳасидир.
Бу соҳа коинот ва ундаги ўрнимизни янада тўғрироқ, бойроқ кўришга кўзимизни очадиган йўналишдир.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













