Айрим ҳайвонлар ҳазиллашишни қандай ўрганишган?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жасмин Фокс-Скелли
- Role, BBC Future
Ҳазилкаш ҳайвонлар қандай пайдо бўлган ё юмор фақат одамга хос эмас
Биз ҳазилни инсонга хос туйғу деб ўйлаймиз, лекин баъзи ҳайвонлар ўзаро муносабатларини мустаҳкамлаш учун ҳам ҳазил қилиши мумкин экан.
Инсон бошқа ҳайвонлардан нимаси билан ажралиб туриши ҳақида ўйлаб кўрсангиз, ҳазил туйғуси рўйхатда жуда юқори келиши мумкин.
Биз кулишни шунчалик яхши кўрамизки, аскияга бўлган муҳаббат қонимизга деярли сингиб кетганга ўхшайди. Уч ойлик чақалоқ ҳам ота-онаси кулгили қилиқ қилганда кулади. Саккиз ойга келиб, чақалоқлар катталарни кулдириш учун юзи, танаси ва овозидан фойдаланишни ўрганади. Кўп ўтмай, ота-оналар фарзанди туппа-тузук аскиячига айланганини пайқаши мумкин.
Бироқ, янги тадқиқот кўрсатишича, ҳазил бошқа ҳайвонларда ҳам кузатилиши мумкин. Ҳайвонлар ҳам бир-бирларини мазах қилишлари мумкин. Лос-Анжелесдаги Калифорния университети тадқиқотчиси Изабел Лаумер ҳамкасблари билан маймунларнинг бир-бири билан ўзаро муносабати акс этган 75 соатдан ортиқ видеони ўрганди. Маймунлар бизнинг ҳайвонот оламидаги энг яқин қариндошларимиз бўлиб, улар орасида орангутанлар, шимпанзелар, боноболар ва гориллалар бор. Ўрганилган барча маймунлар ҳайвонот боғларида яшаган ва уларнинг кундалик ҳаёти тасвирга олинган.
Тўрт тур маймунларнинг бир-бирини масхара қилишлари кузатилган. Тадқиқотчилар масхара қилишнинг 18 хил турини аниқладилар. Улардан бештаси энг кенг тарқалгани - туртиш, уриш, бир-бирининг ҳаракатига тўсқинлик қилиш, тана аъзосини тортқилаш. Баъзи маймунлар шериги юзида тана аъзоларини ёки бирор нарсани силкитарди ёки орангутанларда бир-бирининг сочидан тортарди.
Алоқадор мавзулар:
"Биз кўп кузатган нарса, ёш маймунча катта маймуннинг орқасидан писиб келиб, уни чўчитиб юборишидир", дейди Лаумер.
"Кейин улар катталар қандай реакция қилишини кузатишади. Одатда катталари болалари қилиғига эътибор бермайди, болалар эса ҳазиллашишни давом эттиришади. Индамаётганларига улар ҳам қўполроқ ҳазил қила бошлашади, баъзида катталарни бутун вужуди билан туртиб юборишади".

Сурат манбаси, Getty Images
Тадқиқотчилар фикрича, маймунларнинг ўйинлари одам болалариникига ўхшаш. Тадқиқотчилар айтишича, уларнинг ҳаракатлари атай, провокацион, давомли, кутилмаган, шеригининг реакциясини кузатиш билан қўшилиб кетади. Бу худди боланинг кимгадир тилини кўрсатиб, қочиб кетиши, сўнг шериги реакциясини кузатишига ўхшайди.
"Кўплаб олимлар ҳазиллашиш ҳайвонлар оламида кенг тарқалган деб ҳисоблашади."
Бу содда ҳазиллар ҳазилнинг янада мураккаб шакллари учун асос бўлиши мумкин. "Одамларда ҳазил қилиш жуда мураккаб когнитив қобилиятларни талаб қилади, - дейди Лаумер. - Дунёни бошқа одам назаридан тасаввур қила олишингиз, ижтимоий меъёрларни билишингиз, бошқаларнинг реакцияларини олдиндан чамалашингиз ва бошқа одам учун кутилмаган ҳаракат қила олишингиз керак", дейди у.
Бу тўрт маймун турида ўйноқи масхаралаш қобилияти борлиги ҳазил туйғуси 13 миллион йил аввал яшаган сўнгги умумий аждодимизда бўлган деб тахмин қилишга асос беради.

Сурат манбаси, .
Бироқ, олимлар фикрича, ҳазил ҳайвонлар дунёсида анча кенг тарқалган. Масалан, биолог Чарльз Дарвин ўзининг "Одамнинг келиб чиқиши" китобида итларда ҳазил туйғуси бўлиши мумкинлигини айтади:
"Агар бирортасига таёқ ёки бошқа шунга ўхшаш нарса ташланса, у кўпинча уни қисқа масофага олиб қочади ва олдига қўйиб, эгаси келгунча кутиб туради. Эгаси яқинлашганда уни яна тишлаб олиб қочади ва қилаётган ишидан завқланади".
Итга яқин бўлган бўри каби бошқа турларда ҳам шунга ўхшаш ўйинқароқлик кузатилади.
Ит боққанлар улар ўйнаганда кулишга ўхшаш ўзига хос хириллаган овоз чиқаришини пайқаган бўлиши мумкин. Ҳайвонларнинг хулқ-атвори бўйича мутахассис Патрисия Симонет 2005 йили ўтказган тадқиқотида бу товушни бошпанадаги итларга эшиттирган. У итнинг "кулиши"ни тинглаган итларда стресс камайганини аниқлади.
Колорадо Боулдер университетининг экология ва эволюцион биология профессори Марк Бекофф Лаумер ва унинг ҳамкасблари кўрсатганга ўхшаш масхаралаш одатларини итларда ўнлаб йиллар давомида тўплаганини айтади.
Мисол учун, ўйнашни истамаётган шеригини мажбурлаш учун бир ит унинг олдига писиб яқинлашиб, кейин қочишга уринади.
"Мен буни итлар, тулкилар, ёввойи чўчқалар ва ёввойи бўриларда кузатганман", дейди Бекофф.

Сурат манбаси, Getty Images
Бекоффнинг айтишича, ўз фаолияти давомида у аскиячи ва масхарабоз ролини ўйнайдиган кўплаб ҳайвон турлари, жумладан отлар, Осиё қора айиқлари ҳақида эшитган.
Ҳатто каламушлар кулиши ҳақида далиллар бор
Айни пайтда, бошқа тадқиқотчилар таъкидлашича, дельфинлар ўйнаганда қувонч товушларини чиқаради, филлар эса ўйнаганда ҳаяжонланиб карнай чалади. Баъзи тўтиқушлар бошқа ҳайвонларни масхаралаши маълум, масалан, ҳуштак чалиб, итни калака қилади.
Ҳатто каламушлар кулишни яхши кўриши ҳақида далиллар бор. Сўнгги ўн йилда АҚШдаги Шимоли-ғарбий университет доценти Жеффри Бургдорф каламушлардаги кулгини ўрганди. Каламушлар қитиқланганда, кулгига ўхшаш баланд овоз билан чийиллашади. Берлиндаги Ҳумболдт университети тадқиқотчилари ўрганишича, каламушлар кўпроқ қитиқлашлари учун ҳатто бекинмачоқ ўйнашга ҳам ўрганган. Ҳозир Бургдорф ва унинг жамоаси ўз хулосаларидан депрессияни даволаш усулларини ишлаб чиқишда фойдаланмоқда.
Бургдорф: "Ҳайвонлар бундай овоз чиқаришда жуда диққатли бўлиб қолишини аниқладик", дейди.
Каламушлар қитиқланганда баланд овозда "қаҳқаҳа" отиши кузатилган.
"Менинг илмий раҳбарим (нейролог Яак Панксепп) ўйин мия учун ўғит эканлигини айтарди ва бу ҳақиқат. Мияда янги синапслар ва янги нейрон алоқалари пайдо бўлади", дейди Бургдорф.
Бироқ, каламушлар қитиқланишни яхши кўришса ҳам, уларнинг баланд овозда кулиши уларда ҳазил туйғуси борлигини кўрсатадими? Ҳайвонларда ҳазил туйғуси ҳақида бир нечта кенг кўламли тадқиқотлар ўтказилган. Ҳайвоннинг нима учун ўзини бундай тутишини тушуниш ҳам қийин. Лаумер ўрганган маймунлар шунчаки ҳазил қилмоқдами ёки тарангликни юмшатиш, ўйин бошлаш ёки шунчаки эътиборни жалб қилишга ҳаракат қиляптими?
Дўстлашишда яхши ҳазилдан ҳам ортиқ нима бор?

Сурат манбаси, Getty Images
"Ҳайвонларда ҳазил туйғуси борми? Ҳа, менимча, бор, лекин буни исботлаш қийин", дея тан олади Бекофф.
"Масалан, иккита ити бор хонадонни биламан. Овқатланаётган вақтда улардан бири эшик олдига югуриб бориб, ҳуради. Орқасидан шериги боради, биринчи ит орқага югуриб, шеригининг овқатини ея бошлайди. Сиз буни ҳазиллашиш деб айтишингиз мумкин, лекин биринчи ит кўпроқ овқат ундириш учун шундай қилаётган бўлиши мумкин", дейди Бекофф. Бундан ташқари, ҳайвонларда ҳазил қандай эволюцион мақсадга хизмат қилиши аниқ эмас. Одамлар кулги одамларни бир-бирига яқинлаштиради деб ишонишади. Ахир, дўстлашишда яхши ҳазилдан ҳам ортиқ нима бор?
Ҳайвонларда ҳазил айни шу ролни ўйнаши мумкинми?
"Одамлар учун ҳазил ижтимоий тўсиқларни бузиб, муносабатларни мустаҳкамловчи музёрар бўлиб хизмат қилиши мумкин, - дейди Лаумер. - Маймунларда ёки бошқа ҳайвонларда ҳам шундайми, билмаймиз, лекин бунинг эҳтимоли бор. Аниқ билиш учун биз приматлар ва бошқа турларни кўпроқ ўрганишимиз, кузатишимиз керак", дейди у.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














