Маймунлар оролида аслида одамлар ўрганилмоқда... Dunyo Yangiliklar

Пуэрто-Рико соҳилидан унча узоқ бўлмаган Кайо-Сантьяго "Маймунлар ороли" деб ҳам аталади. Зотан бу ер дунёдаги энг эски маймунлар синовхонаси ҳамдир. Бироқ бу оролда маймунларни ўрганишдан асл мақсад - ўзимизни, яъни одамзодни тушуниш.
Бу маймунларни кузатиб инсонларга хос хусусиятлар ва ҳолатлар ўрганилади.
Масалан, инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, одамлардаги гомосексуализм ва ёки иқлим ўзгаришига мослашиш каби ҳолатлар маймунлар ёрдамида тадқиқ этилади.
Шунингдек, одамлардаги жинсий майл, стресс ҳолатлари ва ёлғизлик ҳиссини тушуниш учун ҳам резус маймунлари яқиндан кузатилади.

Алоқадор мавзулар:
Айни оролда 1800 резус маймуни яшайди.
Уларнинг аждодлари 1930-йиллар охирларида Ҳиндистондан келтирилган.
Бутунлай назорат остида ва айни пайтда табиий шароитда уларни ўрганиш учун ушбу оролни танлашган.

"Мен 10 йилдан бери резус маймунлари хулқ-атворини ўрганаман" - дейди тадқиқотчи Хосуэ Негрон дель Валье - "Ҳамма нарса ҳақида маълимот йиғамиз. Улар нима ейди, қаерда юради, қайси жойга боради ва қайси маймунлар билан мулоқот қилади".
Бу ердаги маймунлар бошқа синовларга ҳам тутилган. Масалан, денге ва Зика вирусларига синалган.
Айни пайтда, ОИТС ёки СПИДга етакловчи ОИВ (ВИЧ) вируси ва ё Ковид-19 учун курашиш учун зардоблар ишлаб чиқаришда ҳам ўрганилган.
Энг яқин қариндош

Тиббиёт мақсадларида жониворлар қўлланиши сўнгги йилларда норози фикрларни ҳам уйғотмай қолмаган.
Бу ердаги тадқиқотчилар резус маймунларининг инсонларга яқинлигини таъкидлашади.
"Резус маймунларида ҳам одамларга хос ҳолатлар учрайди" - дейди бу оролда ишлайдиган олима Анжелина Pуиз-Ламбидес - "Дейлик, глаукома, остеопороз ёки пародонтит ".
"Биз маймунлардан фойдаланамиз ва уларни ўрганамиз, чунки маймунлар бизнинг энг яқин қариндошларимиз" - дейди бу оролда ишлайдиган олима Анжелина Pуиз-Ламбидес - "Улар бизга ўз хулқ-атворимизни тушунтириб беришади".
Олиманинг айтишича, оролда ҳозир бир нечта тадқиқотлар кетмоқда. Xусусан, ўзаро мулоқот ва ижтимоий муносабатларнинг қанчалик муҳимлиги ва узоқ умр кўришга таъсири ҳам ўрганилмоқда.
Масалан, бир маймун иккинчисини парваришласа, кейин қачондир ҳужумга учраса, мени ҳимоя қилади, деб кутади.
"Биз маймунларни фақат кузатамиз" - дейди Хосуэ Негрон дель Валье - "Бу жониворларни қанча кўп кузатсам, уларнинг бизга шунчалик яқинлигига ишоняпман".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















