Китоб ёзадиган чатботлар ёзувчилар нонини яримта қиладими?

Сурат манбаси, JULIA QUINN
Романтик бадиий асарлар сотуви ўсмоқда, лекин сийқа сюжетлардан иборат жанр муаллифлари ўрнини чатботлар эгаллаши мумкинми?
Жулиа Куинн 19-асрда Лондонда битта оиладан бўлган саккиз туғишганнинг севги ҳаётини акс эттирувчи Бриджертон романлар туркуми муаллифи.
Унинг айтишича, китоблар учун илҳом герцогдан бошланган.
Куинн хоним хаёлпараст ва ваҳимачи Хастингс герцоги Саймон Бассетга ишора қилиб, "Саймоннинг феъл-атвори шубҳасиз доим биринчида келарди", дейди.
"Мен бу маҳзун персонажни ўйлаб топдим ва кейин "у мутлақо қарама-қарши оиладан чиққан одамни севиб қолиши керак", деб ўйладим.
Герцог отасидан узоқлашгани сабабли, Куинн хоним у "ўша даврдаги энг яхши оиладан чиққан одамни севиб қолиши керак" деб қарор қилди. "Бриджертон шу тахлит пайдо бўлди."
Айнан шундай характерлар ва инсоний эҳтирослар сабабли ишқий романлар муваффақиятли муаллифлар учун доимий машҳурлик ва даромад манбаига айланди.
Сиетлда истиқомат қилувчи Куинн хонимнинг китоблари фақат АҚШда 20 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилгани айтилади ва «Бриджертон» асосида олинган Netflix фильми энг кўп томоша қилинган шоуларидан биридир.

Сурат манбаси, ROBERTO FILHO
Аммо тез ривожланаётган технология романтик фантастика муаллифлари нонини яримта қилиши мумкинми?
Муаммо OpenAI ширкати томонидан ишлаб чиқилган тилни қайта ишлаш илғор технологияси ChatGPT нинг кузда чиқарилган версиясидир.
Сунъий интеллект (СИ) Интернетдаги матнли маълумотлар базалари, жумладан, китоблар, журналлар ва Википедия мақолалари ёрдамида ўқитилган. Умумий ҳисобда ушбу тизимга 300 миллиард сўз киритилган.
ChatGPT одам ёзганга ўхшаш мураккаб матн яратиши мумкин.
У жуда кўп марта матбуот олд сарлавҳаларига чиқди, айниқса, талабалар ўз иншоларини ёзиш учун ундан фойдаланишлари мумкинлигидан хавотирлар бор.
ChatGPT, шунингдек, маълум бир жанрда бадиий асар ёзишда фойдаланилиши мумкин. Сифат ҳали аниқ бўлмасада, технология мукаммаллашмоқда.
OpenAI шу ҳафта ChatGPTнинг сўнгги версиясини чиқарди ва бошқа фирмалар ҳам рақобатдош тизимлар устида ишламоқда.
Куинн хонимнинг айтишича, у бир неча йил олдин сунъий интеллект ёзган романтик асарни ўқиганини эслайди ва "жуда ёмон эди" дейди. "Ўшанда бу ҳеч қачон яхшиланмайди деб ўйлагандим".
Кейин ChatGPT пайдо бўлди. "Бу мени бироз безовта қилади", деб тан олади Куинн хоним. Бироқ, унинг қўшимча қилишича, у инсон ижоди барибир устунлик қилишидан умидвор.

Сурат манбаси, Getty Images
"Менимча, бадиий адабиётда кўп нарса ёзувчининг овозига боғлиқ, - дейди у. - Мен СИ боти буни қила олмайди деб ўйлайман."
Чатботлар бўйича мутахассис Жилл Реттбергнинг айтишича, улар қандай ишлашини тушуниш "жуда муҳим".
"Агар сиз "Мен йўлда…" десангиз, у автоматик тузатиш киритади ва «кетяпман»ни башорат қилади», дейди Норвегиянинг Берген университети қошидаги Рақамли ҳикоялар маркази директори.
"Бу GPT деганлари бир хил, шунчаки башорат, лекин жуда кўп матн билан."
Ушбу инновация романтик асарлар ўқиш роса оммалашаётган вақтга тўғри келмоқда. Ўтган йили АҚШда ишқий романлар сотуви 52,4 фоизга ўсди, катталар учун умуман романлар сотуви эса 8,5 фоизга ошди.
Шу билан бирга, сўнгги уч йил ичида Буюк Британияда ушбу жанрнинг сотуви икки баравар кўпайди.
"Fated Mates" ишқий романлар подкасти бошловчиси Жен Прокоп бу ўсишни қисман ижтимоий тармоқлар билан боғлайди. Унинг айтишича, бу жанр ихлосмандларига бир-бирлари билан мулоқот қилиш ва ўз иштиёқларини ўзаро баҳам кўришга ёрдам беради.
"TikTok, подкастлар, Twitter оммалашуви билан ишқий романлар ўқувчилари ҳам бир-бирини топмоқда", дейди чикаголик Прокоп хоним. У ишқий романларни тақризлайди ва таҳрир қилади.
Унинг қўшимча қилишича, жанр мухлислари бундан хурсанд. "Биз романтик асарлар кўпроқ асосий оқимга айланиб бораётганини айтганимизда, менимча, ўқувчилар "мен бундан кейин уялмайман" дейишади".
Замонавий дунёда рўй берадиган воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи романтик асарлар муаллифи Хелен Хоанг ҳозирда жанрда қаҳрамонлар ва муаллифлар хилма-хиллиги ортганини айтади. Унинг таъкидлашича, бу кўпроқ ўқувчи жалб қилишга ёрдам беради.
Унинг 2018 йилда нашр этилган "Kiss Quotient" китоби аутизмга чалинган қизнинг ўз қўрқувини енгиб, келиб чиқиши швед ва вьетнамлик бўлган бир эркакни севиб қолгани ҳақида ҳикоя қилади.

Сурат манбаси, HELEN HOANG
"Мен бу ноширларни турли муаллифлар ва сиз илгари ўқимаган ҳикояларнинг янги турларини саҳнага олиб чиқишга илҳомлантирганини кўряпман", дейди Хоанг хоним.
"Робот ёки сунъий интеллект инсон тажрибасини чинакам акс эттирувчи ҳикоялар яратишга қодирлигини кўрмаяпман, бундай бўлмаяпти", дейди у.
"Менинг ёзиш ва ўқиш тажрибам кўрсатадики, агар муаллиф ёзаётганини илгари ҳис қилмаган бўлса, бу яхши эмас", дейди Хоанг хоним.
Бироқ, келажакда сунъий интеллектдан "ёзиш жараёнини осонлаштириш учун муаллифлар фойдаланиши мумкин, аммо бу фақат восита бўлиб қолади ва ҳеч қачон одамлар ўрнини боса олмайди" дейди у.
Лондондаги Грешам коллежининг ахборот технологиялари профессори Виктория Бейнснинг айтишича, у нима учун баъзи одамлар романтик асарлар "шунчаки сийқа", яъни такрорланувчи деб ўйлашини тушунади. Унинг қўшимча қилишича, шунинг учун ҳам ChatGPT бу жанрни забт этиши мумкин деб қаралади.
Жулиа Куинн жанрнинг машҳурлигини қисман унинг одатда бахтли якун топиши билан боғлайди. "Менимча, адабиётда бахтни муносиб мақсад сифатида қадрлайдиган, тасалли ва умид берувчи нимадир бор", дейди у.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













