Ҳақиқий разведкачи ва унинг тўқима қаҳрамонлари Dunyo Adabiyot

John le Carré

Дунёга жосуслар ҳақидаги романлари билан Жон Ле Карре тахаллуси остида машҳур бўлган Британ ёзувчиси Дэвид Корнуэлл 89 ёшида оламдан ўтди.

Унинг астойдил тадқиқ қилинган, юксак маҳорат билан ёзилган асарлари асосида кўплаб бадиий фильмлар, телевизион кўрсатувлар тайёрланган, уларни жуда кўп одам томоша қилган.

Ле Карре ўз асарларини "Жеймс Бонд" романларига хос романтика ва ялтироқликдан холи қилди, бунинг ўрнига жосусларнинг совуқ ва рутубатли ҳаётини кўрсатиб берди.

Жон Ле Карре

Сурат манбаси, Getty Images

Карре қаҳрамонларининг сирли дунёсида ёвузлик ва эзгулик, тўғрилик ва эгрилик ўртасидаги чизиқ аниқ эмас.

Дэвид Жон Мур Корнуелл 1931 йил 19 октябрда Англиянинг Дорсет графлигида дунёга келган.

Унинг Ронни номи билан танилган отаси фирибгар бўлган, бир биографнинг тасвирлашича, "у ижтимоий қадриятларга эга бўлмаган, экстравагант дидли, жозибадор, таълим кўрмаган бир ёлғончи" одам эди.

У улғайган муҳит ёш Корнуеллни ёлғон ва иккиюзламачилик санъатига олиб кирдики, булар унинг кейинчалик ёзажак китоблари учун хамиртуруш вазифасини ўтади.

У беш яшарлигида онаси кетиб қолди ва ёш Дэвид отасининг кўп вақт уйда бўлмаслигини тушунтириш учун унинг махфий хизматда ишлаши ҳақидаги чўпчагини ўйлаб топди.

John le Carré

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, У ўзининг биринчи асарини ҳали жосуслик хизматида ишлаб юрган йиллари чоп этди

Шерборн мактабидан сўнг у Берн университетига хорижий тилларни ўрганиш учун ўқишга кирди.

Сўнг у армияда разведка корпусида хизмат қилди ва ўша ерда шарқий блокка юборилган қуйи даражали жосусларни бошқарди. Кейин Оксфорднинг Линкольн коллежида ўқиб, бакалавр даражасини олди.

Икки йил Итон мактабида дарс бергач, Ташқи ишлар вазирлигида, Бонндаги Британия элчихонасида ишлади.

Бу вақтда у разведка маълумотлари бўлимида ишлади ва жосуслар ҳақидаги асарлари учун ғояларини ёзиб қўйишни бошлади.

"Ўз касбининг устаси"

Унинг биринчи асари "Марҳумга қўнғироқ" 1961 йили, у ҳали жосуслик хизматида ишлаётганда босилиб чиқди.

У Ташқи ишлар вазирлигининг ходимларнинг ўз номи билан китоб чиқаришига қўйган чекловини айланиб ўтиш учун Жон ле Карре таҳаллусини қабул қилди.

Бу китобида у келгуси асарларида ҳам қайта пайдо бўладиган қаҳрамонларини, жумладан, ўзининг энг машҳур образи Жон Смайлини таништирди.

Richard Burton in The Spy Who Came In From the Cold

Сурат манбаси, Ronald Grant

Сурат тагсўзи, "Совуқ ўлкадан келган жосус" фильмида Ричард Бертон бош ролни ўйнаган

"Тасаввуримда Жон Смайли ўз ўтмишига, хотирасига, ноқулай шахсий ҳаётига, юксак маҳоратга эга шахс сифатида гавдаланганда менда бирга яшашим ва ишлашим мумкин бўлган нимадир пайдо бўлган эди."

Ле Карренинг каръераси унинг исми сотқин Ким Филби русларга берган Британ жосуслари исмлари рўйхатига тушиб қолганда тугади.

Москвага сотилган Филби кейинчалик унинг "Жосус, кет бу ердан" номли асаридаги "Жеральд" образи учун асос бўлди.

Унинг учинчи романи "Совуқ ўлкадан келган жосус" унинг ёзувчи сифатидаги ўрнини мустаҳкамлади ва шу билан асосий вақтини китоб ёзишга сарфлай бошлади.

Инсон зоти беқусур бўлмас

Унинг Совуқ уруш авжига чиққан паллада босилиб чиққан бу китоби аксарият ғарблик ўқувчиларнинг Ғарб жосуслари ўзларининг Шарқдаги ҳамкасбларидан ахлоқан юқори туриши ҳақидаги тушунчаларини синдирди.

Бу асар криминал асарлар бўйича "Олтин ҳанжар" мукофотини олди ва жосус Алек Лимас ролини актёр Ричард Бертон ўйнаган кинофильмга айланди.

Иан Флемингнинг романтик Жеймс Бондларидан фарқли ўлароқ, ле Карре ўз қаҳрамонларини хато қилувчи, ўз камчиликларини кўриб турган оддий инсонлар қиёфасида тасвирлайди.

John le Carré
Сурат тагсўзи, Ле Карренинг жосуслари Жеймс Бондга акс инсонлар

Ле Карре ўзининг 1965 йили босилиб чиққан "Кўзгу ортидаги уруш" асарини ўзи ишлаган жосуслик оламининг энг реалистик тасвири деб ишонади ва унинг муваффақият қозонмагани сабабини ҳам шу билан изоҳлайди.

Кейинги роман "Германиядаги шаҳарча"да тасвирланган воқеалар ле Карренинг ўзи ишлаган Боннда юз беради. Асар немис сиёсатида ўта ўнгчиларнинг қайта тирилиши хавфидан огоҳлантиради.

Ёзувчининг 1971 йили чоп қилинган автобиографик характердаги романи "Содда ва сентиментал ошиқ" унинг биринчи оиласи бузилиши асносида кечган воқеаларга асосланган.

Ундаги қаҳрамон Жорж Смайли ёзувчининг кейин ёзилган трилогияси "Жосус, кет бу ердан", "Ҳурматли ўқувчи" ва "Смайли жамоаси"да ҳам қайта намоён бўлган.

Маҳорат билан яширилган тажриба

Бу китоблар ўқувчини "асал тузоқ", "кўрсичқон", "чироқчи" каби жаргонлар воситасида "цирк" ичига олиб киради.

Уларда ҳатто демократик тузумлар ҳам ўз сирини сақлаш учун қандай ишларга қодирлиги борасида саволларни ўртага чиқаради. Ле Карренинг ўзи бу борада яхшигина тажриба орттирган эди.

Ҳар ерда расмий сирларга дуч келиш мумкин бўлган дунёда жосуслар ҳақидаги романлар анчагина демократик вазифани бажаради, дерди ёзувчи. Қийшиқ бўлса ҳам, сирлар дунёсига кўзгу тутиш ва у қандай махлуққа айланиши мумкинлигини кўрсатиш, шудир бу асарларнинг иши.

Alec Guinness as George Smiley
Сурат тагсўзи, Жорж Смайли ролини Алек Гиннес ижро этган

Буни қарангки, ёзувчи ўз шахсий ҳаётидаги сирни, қачонлардир жосус бўлганини тан олмай яшашдан завқ оларди.

У ўз шахсий дахлсизлигини қаттиқ қўрирди, асарлари устида ишлаш учун ҳам ёлғиз, ҳеч кимга сездирмай сафар қиларди.

Йиллар давомида у интервью беришни рад этиб келди ва доим нимаики ёзган бўлса бари "реаллик эмас, хаёлот" эканини такрорлаб, жосуслик бўйича катта тажрибаси борлиги ҳақида матбуотда айтилган гапларни ёлғон дерди.

Совет иттифоқи чок чокидан сўкила бошлаганда, ле Карре эътиборини Фаластинга қаратди ва 1983 йили "Барабанчи қизча" номли асарини ёзди.

Сиёсатга аралашув

Уч йил ўтиб у ниҳоят "Мукаммал жосус" романини ёзиш орқали ўз отасининг хотирасини "тирилтирди". Аксар танқидчилар фикрича, бу унинг энг муваффақиятли чиққан асари бўлган.

Жосус Магнус Пимнинг ҳаёти ўз отаси Рик ҳақидаги хотиралари таъсирига тушиб қолган. Отаси фирибгар, бузуқ одам бўлиб, унга Ронни Корнуелл асос қилиб олинган.

Совет расмийлари ниҳоят 1987 йили уни қабул чилди - унга Совет Иттифоқи ёзувчилар уюшмасининг меҳмони сифатида икки ҳафта Россияда бўлишга рухсут берилди.

СССР раҳбарининг хотини Раиса Горбачева ле Карренинг китобларига мухлис экани ва айнан у Кремлдан рухсат олиб бергани ҳақида миш-мишлар тарқади.

John le Carré
Сурат тагсўзи, "Панама тикувчиси" Грэм Гриндан руҳланиб ёзилган

Совуқ уруш тугаётгани белгиси сифатида 1989 йили "Рус уйи" нашр қилинди ва Жорж Смайлини яна саҳнага қайтарган "Махфий зиёратчи" асарлари билан у яна маҳсулдор ижодини давом эттирди.

Унинг 1996 йили чиққан "Панама тикувчиси" асари Грэм Гриннинг "Ҳаванадаги одамимиз" асари ёзилишига туртки берди. 2000 йилдаги "Инсофли боғбон" романи билан у ўз эътиборини Африкадаги коррупцияга қаратди.

У 2003 йили бошқа америкалик ёзувчиларга қўшилиб, АҚШнинг Ироққа ҳужумини қоралади, бу ҳақда "Америка Қўшма Штатлари ақлдан озди" номли очеркини эълон қилди.

"Буш ва унинг унинг хунтаси Америка халқининг Бин Лоденга қарши ғазабини Саддам Ҳусайнга қарата олгани тарихдаги жуда катта пиар найранг бўлди", деб ёзди у.

Унинг 2004 йили чиққан "Мутлақ дўстлар" номли китобида айтган гаплари учун у аксил Америка оғмачилигида айбланди. Бу асарида у 1960 йиллар Америкасидаги ёши ўтиб вазиятга мослашган икки радикал ҳақида ҳикоя қилади.

Унинг 2006 йили чиққан йигирманчи романи "Миссия қўшиғи"да Конгодаги бизнес ва сиёсат ўртасидаги мураккаб муносабатлар тасвирланган.

У ўзи эришган чўққиларни тан олишни хоҳламас, мукофотларни рад қилиб, ўзининг ҳеч қачон Сэр Дэвид Корнуелл булмаслигини таъкидларди.

"Яхши ёзувчи фақат ўзинигина биладиган экспертдир. Бу борада агар у доно бўлса, тилига ҳам эрк бермайди."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek