Жанубий Корея: Президент ўз хотини олган Dior сумкачаси туфайли лавозимдан айрилиши мумкин

Сурат манбаси, VOICE OF SEOUL/YOUTUBE
Президентнинг турмуш ўртоғи қимматбаҳо аёллар сумкачасини совға сифатида қабул қилгани акс этган видео Жанубий Кореяда сиёсий можарога сабаб бўлмоқда.
Яширинча ёзиб олинган бу видео тарқаб кетиши ортидан Президент Юн Сок Ёл ўзига қарши "сиёсий усул" қўлланилаётганини айтиб чиқди.
Алоқадор мавзулар:
У Жанубий Кореяда "Dior сумкачаси можароси" дея ном олган ҳодисани "таассуфли" дея тавсирлади, аммо кечирим сўрамади.
Можаро апрелда бўлиб ўтадиган сайловларда президентнинг партиясига шикаст етказиши мумкинлиги сабаб давлат раҳбари муносабат билдириш босими остида эди.
Совға можароси ўтган йили бошланган. Унда YouTube даги сўл-қанот "Сеул овози" канали гўёки Биринчи хоним Ким Гон Хи қиймати 2 200 долларлик Dior сумкачасини руҳонийдан қабул қилиб олаётгани акс этган видеони чоп қилган.
Руҳоний 2022 йил сентябрида бўлган бу ҳодисани ўз соатига яширилган махфий камера билан ёзиб олган.
"Видео умумхалқ сайлови яқинлашаётганда, ёзиб олинганидан йиллар ўтиб тарқатиляпти, демак буни сиёсий усул десак бўлади", - деди жаноб Юн KBS каналига.

Сурат манбаси, Getty Images
"У совуққонлик билан унинг совғасини қайтара олмагани - муаммо, агар буни муаммо деб аташ мумкин бўлса, ва бу бироз таассуфли", - деди у.
Баъзи таҳлилчилар ушбу можаро жаноб Юн бошчилик қилувчи "Халқ қудрати партияси"нинг апрелда ўтадиган парламент сайловларидаги имкониятларига таҳдид солишини айтишмоқда.
Мухолифатдаги "Демократик партия" жаноб Юн томонидан жамоатчилик кутган "самимий узр" изҳор қилинмаганини айтди.
Маҳаллий матбуотга кўра, президент маъмурияти сумкача олинганини тасдиқлаган ва у "ҳукумат мулки сифатида" сақланаётганини айтган.
Ўтган ой ўтказилган Gallup Korea сўрови Президент Юнга бўлган сайловчилар дастаги охирги тўққиз ой ичидаги энг паст - 29%га тушганини намойиш қилди.

Сўралганлар уларнинг фикрига қисман 51 яшар Биринчи хонимнинг можароси таъсир қилганини айтганлар.
Можаро партия ичида ҳам бўлинишларга сабаб бўлди. Партия раҳбарларидан бири Биринчи хонимни ҳашаматли ҳаётга ўчлиги билан ном чиқарган француз қироличаси Мари Антуанеттга қиёслади.
Dior сумкачаси можароси Ким хонимга алоқадор ягона зиддиятли хабар эмас. Мухолифат уни кўпдан бери акциялар нархини манипуляция қилишда айблаб келади. Февраль бошида Президент Юн ўз рафиқасининг тергов қилинишига чақирувчи қонунга тўсиқ қўйган.
Ўтган йили Сеул ҳокимлиги магистрал йўл қурилиши Ким хонимнинг оиласига тегишли ерлар нархи кўтарилиши сабабли унга даромад олиб келиши борасидаги айбловлар ортидан, қурилишни тўхтатганди.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












