Янгиликлар: Саудия Арабистонида спиртли ичимликлар сотилмоқчи – бунақаси бу яқин орада бўлмаган Saudiya Arabistoni Islom olami yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Грэм Бейкер
- Role, BBC News
Янгилик халқаро миқёсда эътиборга тушди.
Алоқадор мавзулар:
Спиртли ичимликлар дўкони

Сурат манбаси, Reuters
Хабарларга кўра, спиртли ичимликлар дўкони пойтахт Риёдда очилади.
Бунақаси подшоҳликнинг қарийб бир асрлик тарихида кузатилмаган.
Айтилишича, янги дўкон бир гуруҳ ғайримусулмон экспатлар қатламига хизмат кўрсатади.
Яъни, унинг мижозлари йиллар давомида дипломатик почта номи остида Саудия Арабистонига расман муҳрланган қутиларда спиртли ичимликлар келтириб юрган дипломатлар билан чекланади.
Саудиялик расмийлар янги дўкон подшоҳликда спиртли ичимликлар ноқонуний савдосининг олдини олишига умид қилишмоқда.
Спиртли ичимликлар савдоси Саудия Арабистонида 1952 йилдан буён расман маън этиб келинган.
Бу каби тақиққа подшоҳ Абдулазиз ўғилларидан бирининг британ дипломатини отиб қўйиши сабаб бўлган.
"Франс-Пресс" ва Рейтер ахборот агентликлари кўришга имконли бўлган ҳужжатга таянилса, янги спиртли ичимликлар дўкони шаҳар марказидан ғарбда жойлашган Дипломатик мавзеъда очилади.
Саудиялик масъулларнинг режаларидан хабардор манбанинг Рейтерга айтишича, дўкон шу бир неча ҳафтанинг ичида иш бошлайди.
Аммо чекловлар барибир бўлади:
- "Чанқаган" элчилар олдиндан рўйхатдан ўтишлари ва ҳукуматдан рухсат сўрашади;
- 21 ёшдан кичиклар дўконга киритилмайди ва дўкон ичкарисида ҳамиша тартиб-қоидага мувофиқ кийимда бўлиш тақозо этилади;
- Ичимлик учун, мисол учун, ҳайдовчига ўхшаган одамларни юбориб бўлмайди;
- Ойлик чекловлар ҳам амал қилади;
Бироқ "Франс-Пресс" танишишга муваффақ бўлган ҳужжатга кўра, чекловлар барибир у қадар қаттиқ бўлмайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Спиртли ичимликлар дўконидан подшоҳликдаги дипломатик имтиёзга эга бўлмаган "оддий" чет элликлар фойдалана олиш-олмасликлари маълум эмас.
Подшоҳликда амалда бўлган тақиққа мувофиқ, жорий пайтда уларнинг Саудия Арабистони ҳудудида спиртли ичимлик ичишлари расман маън этилган.
Спиртли ичимликлар Ар-Риёд ҳаётининг бир қисмига айланса-да, ичувчиларнинг қаерда ичишлари ва ундан кейин ўзларини қандай тутишларини ёддан чиқармасликлари тақозо этилади.
Саудия Арабистонининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ёки сақлаш учун жазолар жарима, қамоқ, одамлар кўз ўнгида дарралаш ва рухсатсиз чет элликларни Ватанларига депортация этишни кўзда тутади.
Ҳужжатда айтилишича, саудиялик расмийлар "янги меъёрий-ҳуқуқий база"ни амалга тадбиқ этишни ҳам режалашаётир.
Унга кўра, дипломатларнинг Саудия Арабистонига муайян миқдорда спиртли ичимликлар олиб киришига изн берилади ва шу йўл билан унинг назоратсиз алмашинувига чек қўйилади.
Бу ҳаракатлар Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва амалда мамлакат ҳукмдори бўлган Муҳаммад бир Салмон бошқаруви остидаги жамиятни эркинлаштиришга қаратилган ташаббусларнинг сўнггисидир.
Сўз спиртли ичимликлар истеъмоли ҳақида кетганда, бошқа Форс Кўрфази давлатларида ҳам худди шунга ўхшаш тартиб-қоидалар амал қилади.
Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар эса, 21 ёшдан ошган ва мусулмон бўлмаганларга меҳмонхона, клуб ва барларда ҳам спиртли ичимликлар сотишга рухсат беради.
Имконли бўлган ҳужжатларда Саудия Арабистони бу нарсани кўзда тутаётгани ҳақида гап йўқ.
Ислом динида тақиқланган бўлса-да, 1952 йилгача Саудия Арабистони ўз ҳудудида спиртли ичимликлар бўлишига ўта муросасиз муносабатда бўлмаган.
1951 йилда шаҳзода Мишари бин Абдулазиз Ал-Сауд Британиянинг Жиддадаги вице-консули Кирил Усмонни маросимда унга бошқа ичимлик қуйишдан бош тортгани учун отиб ўлдирганидан кейин вазият ўзгарган.
Орадан бир йил ўтиб подшоҳ Абдулазиз спиртли ичимликларни бутунлай тақиқлаб қўйган. Мишари қотилликда айбдор, деб топилган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















