Нега Покистон ва Эрон бир-бирига ҳужум қилмоқда? Бу зўрайиб кетиши мумкинми?

Сурат манбаси, Getty Images
Бир-бирининг ҳудудидаги террорчиларга алоқадорликда гумон қилинаётган базаларга ўзаро ракета ва дрон ҳужумларидан сўнг Эрон ва Покистон ўртасидаги кескинлик кучайиб кетди. Зўравонлик ортида нима бор ва бу қандай тугайди?
Пайшанба куни эрталаб Покистон ҳаво кучлари Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятларидаги жангариларга тегишли деб гумонланган жойларга берган зарбалари натижасида тўққиз киши ҳалок бўлгани тасдиқланди.
Покистон ташқи ишлар вазирлиги пайшанба куни (18 январь) эрталаб содир бўлган ҳужумларни "Эрондаги аниқ базаларга юқори даражада мувофиқлаштирилган ҳарбий ҳужум" деб таърифлади. Покистон ҳарбийлари эса "террор ташкилотлари томонидан қўлланилган бошпаналар разведка маълумотлари асосида муваффақиятли нишонга олинди", деди.
Ушбу зарбалар Эроннинг Покистоннинг Балужистон вилоятидаги "Жайш ал-Адл" экстремистик гуруҳининг гумон қилинган масканларига ракета зарбалари уюштиргани ортидан амалга оширилган. Покистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Эрон ҳужуми оқибатида икки бола ҳалок бўлган ва уч қиз яраланган. Покистон ўз элчисини Теҳрондан чақириб олди.
Ҳужумларга қарамай, ҳар бир давлат бошқасини нишонга олмаганини таъкидламоқда. Эрон ҳам, Покистон ҳам бир-бирининг ҳудудида жойлашган балуж миллатига мансуб жангари гуруҳларни нишонга олаётганини айтади.
Покистон ҳужумлари ҳақида нима биламиз?

Сурат манбаси, Reuters
Покистон армияси разведка маълумотларига асосланиб, Эрондаги Балужистон озодлик армияси (БОА) ва Балужистон озодлик фронти (БОФ) базаларига, яъни Покистонда террорчиликда айбланган гуруҳларга зарбалар берганини айтди.
Армия билдиришича, операцияда худкуш дронлар, ракеталар ва бошқа қуроллар қўлланилган ва "кераксиз зарар етказмаслик" учун ўта эҳтиётлик чоралари кўрилган.
Баёнотда базаларни назорат қилган бир қатор «террорчилар» номи тилга олинган ва Покистон армияси мамлакат хавфсизлигини таъминлашга доимо тайёр эканлиги таъкидланган.
Эроннинг Систон-Балужистон вилояти хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари Али Разо Марҳаматийнинг Эрон телевидениесига айтишича, ҳужум маҳаллий вақт билан 04:05 да содир бўлган ва Эроннинг Покистон билан чегарадош Сараван шаҳри яқинидаги қишлоқ нишонга олинган. Бу Эрон пойтахти Теҳрондан тахминан 1800 км жануби-шарқда жойлашган.

Балуж озодлик армияси, Балуч озодлик фронти ва Жайш ал-Адл нима?
Покистоннинг Балужистон вилоятида ўн йиллардан бери бир неча балуж бўлгинчи ташкилотлари фаолият юритиб келади. Бу ташкилотлар Покистон хавфсизлик кучлари, полицияси ва муҳим иншоотларга уюштирилган турли ҳалокатли ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Икки энг катта гуруҳ - доктор Оллоҳназар Балуж бошчилигидаги БОФ ва раҳбари Башир Зеб бўлган БОА.
Покистон расмийлари сўнгги бир неча йил ичида бу бўлгинчи ташкилотларга алоқадор жангарилар Эронда бошпана топганини айтган эди.
Покистон ҳаво ҳужумлари ортидан БОФ баёнот бериб, гуруҳнинг Эронда базалари борлиги ёки жангариларидан бирортаси яраланганини инкор қилди.
БОФ Балужистондаги Макран минтақасида ва унинг атрофида фаолият юритиши маълум. У сўнгги вақтларда Покистон хавфсизлик кучларига қилинган бир неча ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
2022 йил январида БОФ Балужистондаги Гвадар шаҳридаги Покистон армияси назорат постига ҳужум қилиб, 10 нафар Покистон аскарини ўлдирган.
Бундан ташқари, БОФ меҳнат муҳожирлари ва вилоят аҳолисига ҳужум қилишда айбланган.
Бўлгинчи БОА 1970-йиллар бошида собиқ Бош вазир Зулфиқор Али Бҳуттонинг биринчи муддат бошқаруви даврида Покистонга қарши Балужистонда қуролли қўзғолон бошланганида пайдо бўлган.
Ҳарбий диктатор Зиё ул-Ҳақ бошчилигидаги давлат тўнтаришидан сўнг, Балуж миллатчи етакчилари билан олиб борилган музокаралар натижасида қуролли қўзғолон вақтинчалик тўхтатилган ва БОА фаолияти чекланган эди.

Сурат манбаси, BLA/BLF
Бироқ, собиқ президент Парвез Мушарраф даврида Балуж миллатчилари етакчиси Наваб Хайр Бахш Мурри Олий суд судьясини ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг низо қайта аланга олди. Балужистоннинг турли ҳудудларида ҳукумат муассасалари ва хавфсизлик кучларига қарши янги ҳужумлар 2000-йиллар атрофида бошланган ва шундан сўнг зўравонликлар кучайиб, Балужистоннинг турли ҳудудларига ёйилган.
Ушбу ҳужумларнинг аксарияти учун жавобгарлик БОА зиммасига тушаверди ва Покистон ҳукумати БОАни 2006 йилда тақиқланган ташкилотлар рўйхатига қўшди.
Ташкилот, шунингдек, Хитой-Покистон Иқтисодий Йўлак лойиҳасига қарши чиқади ва сўнгги операцияларда худкушлик ҳужумлари орқали Покистондаги Хитой объектларини нишонга олди.
2018 йил август ойида БОА масъулиятни бўйнига олган бундай ҳужум Далбандин шаҳри яқинида амалга оширилган ва Сайндак олтин ва мис конида хитойлик ишчиларни олиб кетаётган автобус нишонга олинган. Ҳужум натижасида фақат худкуш ҳужумчи ҳалок бўлди.
Тақиқланган БОА 2018 йил ноябрида Карачидаги Хитой консуллигига уч нафар жангари ва худкуш-террорчилар томонидан уюштирилган ва камида тўрт киши ҳалок бўлган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Жайш ал-Адл (ёки Адолат ва тенглик лашкари) эса Эрон ҳукуматига қарши қуролланган жангари гуруҳдир.
Эроннинг Систон-Балужистон вилоятида ўзини "суннийлик ҳуқуқлари ҳимоячиси" деб атовчи гуруҳ Покистонда Эрон томонидан нишонга олинган.
Жайш ал-Адл ўтмишда (асосан Систон-Балужистон вилоятида) Эрон хавфсизлик кучларига уюштирилган бир қанча ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган, Эрон эса уларни АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлаётганини даъво қилмоқда.
АҚШ разведкаси бу гуруҳни 2005 йилда Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажодга қилинган ҳужумга алоқадор деб ҳисоблаган.

Сурат манбаси, Reuters
2009 йилда Эрон жангари гуруҳ раҳбари Абдулмалик Ригини Эрон хавфсизлик кучларига ҳужум қилишда ҳамда Британия ва АҚШ агенти сифатида айблаб ҳибсга олди. У 2010 йилда осиб ўлдирилган.
Ўшанда Эронда бўлган покистонлик собиқ дипломат Муҳаммад Аббосийнинг айтишича, Ригининг ҳибсга олинишида Покистон катта роль ўйнаган.
Ҳозир нима юз бермоқда?
Таҳлилчи Сайид Муҳаммад Алининг Би-би-сига айтишича, Эрон ҳозирда ҳам мамлакат ичида, ҳам иттифоқчилари Ҳамас, Ҳизбуллоҳ ва Ҳусийлар томонидан ушбу операцияларни амалга ошириш учун босим остида қолган.
Унинг фикрича, Эрон ички муаммолар ва Яқин Шарқдаги вазиятдан эътиборни чалғитиш учун Ироқ, Сурия, кейин эса Покистонга ҳужум қилди.
Таҳлилчига кўра, ҳужумлар содир бўлган кеча Покистон ва Эрон расмийлари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтган, бироқ Покистон Эрон томонидан аниқ сабабсиз ҳужумга учраган ва бу қарши зарбага сабаб бўлган.
Вашингтондаги New Lines Стратегия ва Сиёсат Институти ходими доктор Камран Бухорийнинг айтишича, "Покистон ўч олишга қарор қилган бўлиши мумкин, чунки улар Эроннинг Ироққа қилган муносабатини Покистонга ҳам қилишига йўл қўймоқчи эмас".
Қуаид-э-Азам университети халқаро алоқалар бўлимидан профессор Қандил Аббоснинг Би-би-сига айтишича, Эрон-Покистон чегарасининг ҳар икки томонида бўлгинчилар ва жангарилар ҳар икки давлатга умумий муаммо туғдираётган ҳудудлар бор.

Сурат манбаси, Reuters
Профессор Аббосга кўра, Эрон ҳам, Покистон ҳам бир-бирларининг розилиги билан чегарадан ўтган жангариларга қарши чора кўрган. Аммо ҳар икки давлат расмийлари бундай ҳаракат ҳақидаги хабарларни на тасдиқлаган, на инкор қилган.
Унинг қайд этишича, 2013 йилгача Эрон ва Покистон ўртасидаги 1000 километрлик чегарага жангарилар зўравонликлари, одам савдоси ва гиёҳванд моддалар контрабандасига қарамай бирорта ҳам аскар қўйилмаган.
Профессор Аббосга кўра, Покистон ҳам, Эрон ҳам Эрон ҳужумига учраган "Жайш ал-Адл" жангари гуруҳини таҳдид сифатида кўради ва ҳозирги вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланишни ўйламоқда.
Кейин нима бўлади?

Эрон ва Покистонни яқиндан кузатаётганлар икки давлат ўртасидаги сўнгги таранглик бутун минтақага салбий таъсир кўрсатишига ишонишади.
Вашингтонлик таҳлилчи доктор Бухорийнинг Би-би-сига айтишича, "икки давлат ўртасидаги биринчи раунд якунланди ва энди тўп Эрон майдонига қайтди. Покистон ҳаракатларига улар қандай муносабатда бўлишларини кўришимиз керак", аммо у ҳужумда пауза бўлади деб ҳисобламоқда.
Унинг айтишича, Покистоннинг эронликлар эмас, балки Эрон ҳудудидаги Покистонга қарши жангари гуруҳларни нишонга олиш қарори кескин жавоб олдини олиши мумкин, аммо эскалация зўрайиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Бироқ покистонлик журналист ва таҳлилчи Бақир Сажжод икки давлат ўртасидаги зиддият келажакда янада кучайиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Унинг Би-би-сига айтишича, "Покистоннинг Эронда жойлашган жангариларга қарши ҳужумидан сўнг икки давлат ўртасидаги кескинлик бирдан пасайиши даргумон".
"Эрондаги муросасиз томонлар Покистонга қарши жавоб чораларини талаб қилади. "Икки давлат ўртасида ўсиб бораётган ишончсизлик Эрон ва Покистон ўртасида Балужистон минтақасида жангариликнинг янги тўлқинини келтириб чиқариши мумкин, бу эса минтақадаги мураккаб хавфсизлик вазиятини янада чигаллаштириши мумкин".
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













