Яман ва Ғазо: Ҳусийлар АҚШ кемасига зарба берди ва Британия келгуси қадамларини маълум қилди - Янгиликлар

Сурат манбаси, Reuters
Британиянинг "Ambrey" денгиз хавфсизлик компанияси билдиришича, Яманнинг жанубий қирғоғида АҚШга тегишли юк кемасига ракета урилган.
"Ambrey"га кўра, ушбу ҳужум "АҚШнинг Ямандаги ҳусий ҳарбий мавқеларига қилган ҳаво зарбаларига қарши Америка манфаатларини нишонга олган".
Компания билдиришича, АҚШ эгалик қилувчи ва Маршалл ороллари байроғи остида ҳаракатланаётган кема бортида ёнғин келиб чиқди, аммо у ҳануз ҳаракатланяпти ва ярадорлар йўқ.
Компания кема эгалигида Исроилга алоқа йўқлигини айтди.
Британиянинг денгиз савдо амалиётлари хавфсизлик агентлиги аввалроқ кеманинг сардори Яманнинг Аден шаҳри яқинида "осмондан ракета келиб урилган"ини айтганини тарқатди.
Британия Ямандаги ҳусийларга қарши яна ҳаводан ҳужум қиладими?

Душанба тонгида бу савол Британия Бош вазири Риши Сунак ва Мудофаа вазири Грант Шаппсга берилганида, иккови ҳам буни истисно қилишмади.
"Мақсад - минтақадаги тангликни аритиш. Лекин, албатта, биз ўз хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга иккиланмаймиз", - деб айтди Сунак.
"Ҳеч ким бизга Эрон дастаклайдиган ҳусийларга етарлича огоҳлантириш бермадингизлар, деб айтолмайди. Мен америкалик иттифоқчиларимиз билан яқиндан ишладим - биз Эронга ва ҳусийларга бевосита ва билвосита муждалар юбордик", - деди Шаппс.
Британия матбуотида нега ҳукумат бу ҳарбий амалиётни қилишдан аввал парламент билан маслаҳатлашмади, дея савол қўйилмоқда.
Мухолифатдаги Либерал демократлар партияси ҳар қандай ҳарбий амалиётдан аввал депутатлар овоз бериши кераклигини кўзда тутувчи янги қонунни таклиф қилди.
Мухолифатдаги энг йирик партия - Лейбористлар лидери Кийр Стармер "фавқулодда амалий масалалар пайдо бўлганида", парламентда буни аввалдан муҳокама қилишга имконият бўлмаслиги мумкинлигини айтди.

Сурат манбаси, Reuters
Унинг айтишича, охирги кунларда Британия амалга оширган "битталик" амалиёт ва "давомий" ҳарбий кампаниялар ўртасида фарқ бор.
Якшанба оқшомида АҚШ армияси ўз ҳарбий кемасига қарши ҳусийлар назорат қилувчи ҳудуддан отилган замбаракни уриб туширганини билдирди.
Бироз аввал, Рейтерс хабарига кўра, ҳусийларнинг бош музокарачиси Муҳаммад Абдулсалом Британия ва АҚШнинг Яманга зарбалари ортидан ҳусийларнинг Ғазо хусусидаги мавқелари ўзгармаганини айтган.
Шунингдек, у ҳусийлар Исроилга отланган кемаларга ҳужум қилишни давом эттиришларини билдирган.

"Исроил кемалари ёки ишғол остидаги Фаластин портларига йўл олган кемаларга қарши ҳужумлар давом этади", - деб айтган у.
У ўз гуруҳи ҳали ҳам Исроилнинг Ғазога ҳужумлари тўхтатилиши, ҳамда Ғазо бўлгасига инсонпарварлик ёрдами киришига рухсат берилишини талаб қилаётганини урғулади.
Эрон қўллаб-қувватловчи ҳусийлар ҳаракати ўтган йили Қизил денгиздаги тижорий кемаларни ҳужумга олишни бошлаган.
Яманликлар яшайдиган аксар ҳудудларни назорат қилувчи шиа ҳаракати бу ҳужумларни Ғазо халқига ҳамдардлик учун қилаётганини айтган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













