Янгиликлар: Туркия Ғазода Ҳамасни қўллайдими? Исроил-Ғазо уруши

1 январ куни ўн минглаб одам Фаластинни қўллаб намойишга чиқди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1 январ куни ўн минглаб одам Фаластинни қўллаб намойишга чиқди
    • Author, Эже Гокседеф
    • Role, BBC News

Йилнинг биринчи кунида ўн минглаб турклар Истанбул кўчаларини тўлдириб, "Қотил Исроил, Фаластиндан чиқ!" дея қичқирди.

7 октябрь куни Исроил-Ғазо уруши бошлангандан бери Туркияда Фаластинни қўллаб ўтказилаётган биринчи намойиш эмас.

Аммо душанба кунги оммавий намойишлардан сўнг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг оловга мой сепувчи гаплари янгради.

У 20 йил аввал ҳокимиятга келганидан бери Туркия фаластинликларни, жумладан, Ҳамасни астойдил қўллаб-қувватлаб келади.

Аммо Эрдўған ўз меъёрлари бўйича ҳам риторика жуда қаттиқ эди. Унинг айтишича, Исроил Бош вазири Ғазо секторида қилган иши "Гитлернинг қилмишидан кам эмас".

line

Мавзуга алоқадор мақолалар:

line

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу жавоб қайтарди ва "Курдларга қарши геноцид содир этаётган, ўзига қарши чиққан журналистларни қамоққа тиқиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатган Эрдоған бизга ахлоқдан таълим беришда энг охирги одам" деди.

Эрдўғон аввал ҳам Исроилни фашистлар Германияси билан таққослаган, аммо ҳозирги сўз уруши Туркия-Исроил муносабатлари анча яхшиланганидан бир неча ой ўтиб, яна ёмонлашиб кетганини кўрсатди.

Сешанба куни Туркия саккиз вилоятида ўтказилган рейдларда Исроилнинг Моссад жосуслик хизматига ишлаганликда гумон қилинган 33 киши қўлга олинганини эълон қилди.

Туркиянинг Миллий Истиҳборот ташкилоти билан ҳамкорликда олиб борилган операция Исроилнинг Ҳамас аъзоларини хорижда, жумладан, Туркияда ҳам овламоқчи эканлиги ҳақидаги хабарлардан кейин амалга оширилди.

iqtibos

7 октябрдан бери Туркия Ғазога ёрдамини оширди, масалан, Ғазодан ўнлаб беморларни даволаш учун Туркияга олиб келди. Туркия соғлиқни сақлаш вазирининг ўзи жабрланганларга Мисрдан жўнаб кетаётганда ҳамроҳлик қилган.

Режеп Таййип Эрдўған азалдан Ҳамасни қўллаб келган

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Режеп Таййип Эрдўған азалдан Ҳамасни қўллаб келган

Ҳамас Исроилга ҳужум қилганида, Эрдўған нисбатан юмшоқ гапириб, ҳар икки томонни босиқликка чақирган эди. Аммо Исроилнинг ҳарбий жавоби кучайгани сари, унинг риторикаси тобора кескинлашиб, Ҳамасни "озодлик курашчиси", Исроилнинг ҳаракатларини эса «геноцид» деб атади.

Исроилга нисбатан бу душманлик Туркияда Президент Эрдўған рейтингини оширади, дейди Истанбул Маданият университети халқаро алоқалар кафедраси доценти Ҳелин Сари Эртем.

"Фаластин узоқ вақтдан бери Туркия ва турк халқи ташвиши бўлиб, деярли барча сиёсий йўналишларни қамраб олган, - дейди у. - Бинобарин, Туркия ҳукумати Фаластин-Исроил можаросига фақат ташқи сиёсат масаласи сифатида қарай олмайди; чунки масала ички сиёсатда ҳам ўйинни ўзгартирадиган омилдир".

Ҳамасга хайрихоҳлик ўсиши

20-асрнинг иккинчи ярмида Исроил ва Туркия ўртасида яқин иқтисодий ва стратегик алоқалар бор эди. Туркия, шунингдек, минтақада Исроил ташкил этилганидан кейин уни расман тан олган биринчи давлатдир.

Аммо 2002 йилда Режеп Таййип Эрдўған ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, Исроил билан муносабатлар совуқлашди, Ҳамас билан муносабатлар эса яхшиланди. 2006 йилда Ҳамаснинг ўша пайтдаги раҳбари Холид Мешал Эрдўғон таклифига биноан Туркияга ташриф буюрган эди. Бу вақтга келиб, Исроил, АҚШ ва Европа Иттифоқи Ҳамасни террорчи гуруҳ сифатида таснифлаган эди.

Исроил ва Туркия ўртасидаги биринчи дипломатик инқироз Эрдўған 2009 йилда Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми вақтида Исроилнинг ўша пайтдаги президенти Шимон Перес билан Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаво ҳужумлари туфайли тортишиб кетганидан сўнг, глобал аудитория олдида юзага келди.

Туркия раҳбари Давосга ҳеч қачон қайтмасликка ваъда берди ва ўшандан бери бирор марта форумда қатнашмади.

Аммо орадан атиги бир йил ўтиб, Исроилнинг Ғазо секторини блокада қилишига қарши туриш учун "Мовий Мармара" бошчилигидаг кемалар кўнгиллилар ва инсонпарварлик ёрдами Истанбулдан Ғазога жўнаб кетганида кескинлик авжига чиқди.

"Мовий Мармара" кемаси тўхташдан бош тортгач, Исроил халқаро сувларда рейд уюштирди ва тўқнашувда бортдаги 10 нафар турк фуқароси ҳалок бўлди. Бу воқеа Туркиянинг Исроил билан дипломатик алоқалари бир неча йилга тўхташига сабаб бўлди.

Ҳамаснинг ўша вақтдаги Бош вазири Исмоил Хония "Мовий Мармара"ни кўриш учун 2012 йили Истанбулга келган

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ҳамаснинг ўша вақтдаги Бош вазири Исмоил Ҳания "Мовий Мармара"ни зиёрат қилиш 2012 йили Истанбулга келган

Сари Эртем фикрича, Туркиянинг Исроилдан фаластинликларга юз буриши Эрдоғаннинг АК партияси сайловчиларининг асосий қисми консерватив ва диндор бўлгани туфайлидир.

Эрдўғаннинг фаластинликларни қўллаб-қувватлаши самимий бўлса ҳам, мутахассиснинг айтишича, урушнинг дастлабки кунларида АК партиясидан етарлича жавоб кўрмаган консерватив-миллатчи сиёсий гуруҳларни тинчлантиришга қаратилган.

Туркиянинг мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси раҳбари Ўзгур Ўзел халқаро ҳамжамиятни Ғазо манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга чақирган бўлса, иккинчи йирик мухолифат партияси раҳбари Мерал Акшенер Исроил Бош вазирини «террорчи» деб атади.

Бироқ, Ҳамасга берилган бу ёрдам Туркия учун қимматга тушди.

Туркиянинг Исроил билан бузилган муносабатлари ўтган йилга келибгина бироз яхшиланган эди. Ҳар икки давлат ўз элчиларини қайта тайинлаганидан бир неча ой ўтиб уруш бошланди. Туркия ўз элчисини чақириб олди ва Исроил элчиси хавфсизлик нуқтаи назаридан ортга қайтди.

Вашингтонда жойлашган геосиёсий рисклар бўйича консалтинг ширкати Gulf State Analytics бош директори Гиоргио Кафиеронинг айтишича, Президент Эрдўған сиёсатини ўзгартириши даргумон.

"Унинг мамлакат ичида тарафдорлари ва сайловчилари бор. У Туркиядаги тарафдор омма босимини эътиборсиз қолдиролмайди", дейди жаноб Кафиеро.

Унинг айтишича, президент кучли мусулмон етакчиси сифатида кўринишни истайди.

«Эрдўған бутун ислом оламида ҳурматли давлат раҳбари, унинг минтақавий ва халқаро тарафдорлари ҳам бор", дейди у.

Икки давлат ўртасидаги жарликка қарамай, Сари Эртем хоним бу жуда ҳалокатли бўлмайди, деб ҳисоблайди.

"Айниқса, Исроил фаластинлик тинч аҳолига жиддий талофатлар келтирган пайтларда аксил-Исроил кайфияти яққол намоён бўлса ҳам, бу мувозанатни сақлаш тарафдори бўлган Туркия ташқи сиёсатининг анъанавий ёндашувини камдан-кам бузади", дейди у.

"У ҳар доим Исроил билан сиёсий бўлмаса ҳам, иқтисодий алоқаларни сақлаб келган. Туркия-Исроил муносабатлари тарихдаги барча юксалишлар ва пасайишларга қарамай жуда барқарор эканлигини кўрсатди".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002