Украина – Каховка: Сув ювиб кетган миналар, томда қолаётган аҳоли ва Путиннинг айбловлари - Янгиликлар Rossiya Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Украинадаги Каховка тўғони ўпирилиши ортидан жанубий Херсон вилоятининг 600 квадрат километри сув остида қолган. Бу ҳақида вилоят губернатори Олександр Прокудин хабар берди.
Унинг айтишича, сув тошқинининг 68 фоизи Днипро дарёсининг чап қирғоғи, Россия назорати остидаги ерларга тўғри келяпти.
Бугунда сув сатҳининг баландлиги ўртача 5,61 метр дея баҳоланмоқда.
Алоқадор мавзулар
Каховка ГЭСи 6 июнга ўтар кечаси ўпирилган. Миллиардлаб куб метр сув Каховка сув омборидан чиқиб, Херсон вилоятидаги шаҳарлар ва қишлоқларни босган.
Украина томони Днипро дарёсининг ўнг қирғоғидан 2 мингга яқин киши кўчирилгани, ишғол қилинган Херсон вилоятининг маъмурияти эса чап қирғоқдан 4 минг киши кўчирилганини хабар қилди. Аммо, баъзи ҳудудларда давом этаётган отишмалар эвакуация ишларини қийинлаштиряпти.
Кўнгилли қутқарувчиларга кўра, Россия назорати остидаги ерларда юзлаб одамлар уйларнинг томларида қолиб кетишяпти ва ёрдам олишмаяпти.

Сурат манбаси, GLOBAL IMAGES UKRAINE VIA GETTY IMAGES
Кўмак ташкилотларига кўра, сув остида қолган ҳудудлар сув оқими билан қўпорилган миналар хавфи остида қоляпти. Миналарни сув ювиб оқим билан олиб кетгани айтилмоқда.
Украина армиясининг Жанубий қўмондонлиги воизи Наталия Хуменюкнинг айтишича, "Россия назорати остида пиёда қўшинларга қарши ўрнатилган кўплаб миналар ювиб кетилган ва энди сувда қалқиб юрибди".
"Улар катта хавф туғдиради", деди у ва миналар харобалар ва жиҳозларга урилиб портлаши мумкинлигини айтди. Офат жойидан олинган сурат ва видеоларда сув тошқини остида юз бераётган портлашларни кўриш мумкин.
Украина ва Россия бир-бирини тўғонни атайин портлатишда айблашган, аммо ҳозирча тўғоннинг ўпирилишига нима сабаб бўлгани аниқ эмас.
Би-би-си эҳтимолий сабаблар тўғрисида қатор мутахассислар билан суҳбатлашди.
Баъзи экспертларга кўра, ўтган йил августи ва ноябрида шу ҳудудда юз берган жанглар тўғоннинг бугунга келиб ўпирилишига ҳисса қўшган бўлиши мумкин.

"Менимча, аввалги жанглар етказган шикаст таъсиридаги структуравий носозлик эҳтимолий сабаб бўлиши мумкин", дейди University College London география профессори Марк Муллиган.
Иккинчи назария шуки, тўғонни назорат қилаётган Россия сув сатҳинининг ошишига атайин йўл қўйиб берган ва бу тўғоннинг ўпирилишига сабаб бўлган.
АҚШ ташқи қишлоқ хўжалиги хизмати олиб борган сателлит кузатувларга кўра, тўғондаги сув даражаси охирги ойларда кескин ошган.
"Сув омборидаги жуда юқори сув даражаси ва аввалги етказилган шикаст тўғон узра сув оқими назоратдан чиқиб кетишига олиб келган, бу эса фожиали структуравий оқибатларга етаклаши мумкин", - дейди Муллиган.
Россия президенти Владимир Путин Каховка ГЭСининг вайрон бўлишида Украинани айблаб чиқди.

Сурат манбаси, ALEXEI KONOVALOV/TASS
Унинг айтишича, "кенг кўламли экологик ва гуманитар фожиа"ни келтириб чиқарган бу ҳодиса билан Киев жангларнинг шиддатлашишига интиляпти.
Путин Херсон вилоятидаги тошқин масаласини Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ўтган телефон суҳбатида муҳокама қилди, дейилади Кремль баёнотида.
Президент Эрдўғон Каховка ГЭСининг ўпирилиши бўйича терговни халқаро комиссия олиб бориши кераклигини айтган.
Тўғонни Россия атайин портлатганига ишончи комил бўлган Украина ҳукумати эса Гаагадаги Халқаро жиноят судидан Каховка ГЭСининг бузилишини тергов қилишни сўради.
Айни дамда Украина президенти Володимир Зеленский офат юз берган Херсон вилоятига сафар қилганини билдирди.

Сурат манбаси, EPA
Муҳим масалалар кўп: вилоятда фожиа ортидан юзага келган оператив вазият, аҳолини кўчириш, тўғонни бузиш ортидан келиб чиққан фавқулодда вазиятни аритиш, сув остида қолган ҳудудлардаги ҳаётни қайта тиклашни йўлга қўйиш", деб ёзди телеграмда Зеленский.
Жанглар
Айни дамда Британия мудофаа вазирлиги тарқатган ҳисоботга кўра, сув тошқини сабаб келиб чиққан қийинчиликларга қарамай, фронт чизиғининг бир нечта нуқтасида қақшатқич жанглар давом этмоқда.
Уларнинг аксарида Украина армиясининг қўли устун келаётгани айтилади.
Россия армиясининг қадамлари таҳлил қилинса, унга афтидан зудлик билан ҳужумга ўтиш буйруғи берилган.
Ҳисоботга кўра, чечен бўлимлари Донецк остидаги Марьевка шаҳрини олишга уринганлар, аммо бунга муваффақ бўлмаганлар.
Бу фронт чизиғи 2015 йилдан бери ўзгаришсиз қолмоқда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














