Янгиликлар: Эрдоған касали маълум бўлди, Песков Туркия президенти соғлигини баҳолади, Россия Туркияни ҳам 'забт этди'ми? Янги тафсилотлар Туркия, Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Туркия Россия учун шунчалар муҳимми? Эрдоғаннинг аҳволи қанчалик жиддий?
25 апрель куни Туркия президентлиги сайлови жонли эфири пайти Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг тоби қочди. Сайловолди кампаниясида режаланган тадбирлар иккинчи кундирки бекор қилинди.
27 апрель маҳаллий вақт билан соат 1 да Аккую Атом Электр станциясининг очилиш маросимида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Россия Президенти Владимир Путиннинг видео конференция шаклида иштирок этишлари режаланган, маросимнинг соат 16 га кўчиришга қарор қилинди.
Алоқадор мавзулар:
69 ёшли жаноб Эрдоған 14 майга белгиланган Туркия президентлик сайловига номзодини қудратдаги Адолат ва Тараққиёт партиясидан илгари сурган.
У сайловолди кампанияларини яхши кўради, уларда ўз мухолифларини "ер билан битта қилади". Бироқ бу гал зич иш жадвалларини ўзгартиришга тўғри келди, икки кунлик тадбирларнинг аксари бекор қилинди.
Жонли эфир вақти Президент Эрдоған билан суҳбатлашаётган икки Туркия телеканали интервьюни тўхтатишига, ўрнига реклама намойиш этишига тўғри келди.
Орада 15 дақиқа ўтганидан кейин жаноб Эрдоған телетомошабинлардан узр сўради, телесуҳбатга шифокорларнинг маслаҳатига қулоқ солмасдан келганини айтди.
Тоби қочганини "ошқозон вируси"дан деди жаноб Эрдоған.
Туркия Соғликни сақлаш вазирлиги жаноб Эрдоған ўз фаолиятига "имкони борича тез" қайтишини айтди.
Охирги икки кунда Туркия президентининг саломатлиги ҳақида турли хабарлар тарқалди, президентнинг медиа директори Фахреттин Алтун турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар машҳур фойдаланувчиларининг Эрдоғаннинг аҳволи расман хабар қилинганига қараганда ёмонроқ деган мазмундаги чиқишлари суратларини эълон қилди.
"Биз Президент Эрдоғаннинг саломатлиги ҳақидаги асоссиз даъволарни буткул рад этамиз. Ҳар қанча кўп бўлмасин бу дезинформациялар Туркия халқи ва раҳбарининг бирдамлигига, Эрдоған ва АКП партиясининг 14 майдаги сайловдаги ғалабасига раҳна сололмайди", деб ёзди Туркия президентининг воизи.
Туркия мухолиф партияларининг раҳбарлари Твиттерда жаноб Эрдоғанга тезроқ тузалишини тиладилар.
Туркия Соғликни сақлаш вазири Фахриттин Хўжа хабар қилишича, Президент Эрдоғанга гастроэнтерит, ошқозон, ичак шамоллаши ташхиси қўйилган.
Аккую АЭСига ядровий ёқилғи
Сайловолди кампанияси бошланганидан буён жаноб Эрдоған қатор йирик лойиҳаларнинг очилиш маросимида қатнашди.
Улар орасида табиий газни тўплаш маркази, Туркиянинг илк йирик ҳарбий кемаси бор эди.
27 апрель куни Туркиянинг Ўрта Ер денгизидаги жанубий соҳилидаги Аккую Атом Электр станциясига ядровий ёқилғини етказиш маросими режалаштирилган, бу маросимда Туркия ва Россия президентларининг видео орқали қатнашишлари хабар қилинган.
Жаноб Эрдоған саломатлиги ҳақидаги хабарлардан кейин АЭСдаги маросим қолдирилгани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалди.
Бироқ 27 апрель куни эрталаб маросим вақти соат 13 дан 16 га кўчирилгани айтилди.
Расмийлар маросимдан олдин президентлар Эрдоған ва Путин телефон орқали мулоқот қилганларини хабар бердилар.
Туркиянинг TRTWorld канали хабарига кўра, икки президент ўзаро ва минтақавий воқеалар ривожини муҳокама қилганлар, Президент Эрдоған АЭС қурилишидаги ҳиссаси учун Президент Путинга миннатдорлик билдирган.
Шунингдек, Украина уруши, Анқара воситачилик қилган Украина ғалласини четга олиб чиқиш келишуви ва Суриядаги вазият муҳокама қилинган.
Телефон қўнғироғи арафасида эса, Путиннинг матбуот котиби Эрдоғаннинг соғлиги билан боғлиқ бирор бир муаммо ўзларига маълум эмаслигини баён қилган.
Аккую АЭСини барпо этиш бўйича Туркия ва Россия 2010 йили битим имзолаганлар.
Тўрт блокдан иборат атом электр станцияси қурилишига 2018 йили киришилган.
АЭС қурилишини Россия молиялаб, Россия мутахассислари қуришаяпти.
Хабар қилинишича, Аккую дунёдаги Build-Own-Operate ("барпо эт - эгалик қил - ишлат") моделидаги илк АЭС бўлади.
Унинг ҳар бир энергоблоки қуввати 1200 МВт ни ташкил этиши, тўла ишга тушганидан кейин соатига 35 миллиардов киловатт электр энергиясини ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Росатом раҳбари Алексей Лихачёв Туркия АЭСининг биринчи блоги қурилишини шу йил кузигача якунлаймиз, деб айтди.
Россиянинг Украинага босқини боис жорий этилган санкциялар оқибатида Аккую АЭСи қурилиши ҳам секинлашди.
Жаноб Эрдоған Ғарб санкцияларига қўшилишдан бош тортган, Путин билан яхши муносабатларни сақлаб қолган ва Украина урушини тўхтатишда воситачилик қилишга интилиб келаётган сиёсатчи.
Лекин у бу гал аввалгиларига қараганда ҳам кучлироқ сайловолди босимига дуч келди.
Президент Эрдоғаннинг иқтисодий сиёсати кўплаб оддий туркияликлар учун ҳаётни қимматлаштириб юборди, бунинг устига шу йил февралидаги зилзилаларда ҳукумат коррупцияга ботган қурилиш ширкатларига уй қуришларига рухсат бериб, сифатсиз кўп қаватли уйлар кўп инсонларнинг умрига зомин бўлди, деган айбловлар илгари сурилаяпти.
Туркиядаги олти мухолиф партия жаноб Эрдўғанга қарши бирлашиб ягона номзод илгари суришга қарор қилдилар.
Сўнгги омма фикри сўровлари натижаларига кўра, жаноб Эрдўоаннинг рақиби - Жумҳурият Халқ партияси раҳбари 74 ёшли Кемал Қиличдарўғли елкама-елка, баъзан ҳатто рейтинги паст кетаётгани хабар қилинмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














