Туркия: Эрдўған кескин кетди, бунақаси бўлмаган - O‘zbekiston Turkiya dunyo koronavirus yangiliklar

Туркия президенти

Сурат манбаси, official

Туркияда тўлиқ карантин жорий қилинади. Тартиб эртага, пайшанба куни кучга киради ва қарийб уч ҳафта амал қилади. Мамлакат Рамазон Ҳайитини ҳам тўлиқ карантин тартиби остида байрам қилади. Бунақаси Туркиянинг пандемия тарихида бўлмаган.

Туркияда ўн минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшашади, ишлашади, таҳсил олишади.

Коронавирус юқтираётган ўн минглаб одам орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги маълум эмас.

Бу ҳақда расмий маълумотлар ҳозирча имконсиз.

Тўлиқ карантин

Маълум қилинишича, тўлиқ карантин чораларига мувофиқ, бизнеслар ёпилади, мактаблар онлайн таълимга ўтади, саёҳатлар, жамоат транспортларидаги йўловчилар сони кескин чекланади ва одамларнинг ўта заруриятсиз кўчага чиқишлари тақиқланади.

Бир шаҳардан иккинчисига фақат махсус рухсатнома билан бориш мумкин бўлади, фақат фавқулодда хизмат ходимлари, озиқ-овқат ва ишлаб чиқариш саноати ишчиларининг бу каби чекловлардан холи бўлишлари мумкинлиги айтилади.

Туркия жорий пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган олтита давлатидан биттаси бўлади.

Жами коронавирус ҳоллари ҳозирга келиб беш миллионга яқинлашган. Ўлим кўрсаткичи эса, 39 мингдан ортган.

Аммо шу пайтгача мамлакатда қисман карантин чоралари амал қилиб қилган, масъуллар ҳеч қачон бу қадар кескин кетишмаганди.

Режа ва мақсад

Истанбул

Сурат манбаси, EPA

Президент Эрдўғаннинг таъкидлашича, қатъий чекловларга қўл урилмаса ва касалланиш даражаси пасаймаса, Европа қайта очилаётган пайтда бунинг туризм, савдо ва таълим учун "бадали жуда оғир бўлади".

Унга кўра, кундалик коронавирус кўрсаткичларини беш мингтагача туширишни ният қилишган.

Туркияда сўнгги кундалик кўрсаткичлар 37 мингдан сал кўпроқни ташкил этиб турибди.

Бу шу ой ўрталарида қайд этилганидан қарийб икки баробар кам, деганидир.

Аммо шунда ҳам Туркия ҳозир дунёдаги касалланиш даражаси юқори бўлган тўртта давлатдан бирилигича қолаётгани айтилади.

Президент Эрдўғаннинг баён қилишича, кўзлаган мақсадларига эришиш учун тўлиқ карантин тартиби қатъий жорий қилинади.

Агар, имконли бўлган маълумотларга таянилса, шу пайтгача мамлакатда 8 миллион киши коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.

Туркияликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Жадаллик билан бошланган вакцинация жараёнининг ҳозирга келиб бир қадар сусайгани, Туркиянинг кўзлаган режасидан бир қадар орқада қолаётгани ҳам айтилади.

Туркия аҳолисини Хитой вакцинаси билан эмлашни бошлаган, яқинда Pfizer-BioNTech вакцинасининг дастлабки партиялари ҳам мамлакатга етиб келгани хабар берилган, бундан ташқари, Россиянинг Спутник V вакцинасини ҳам ўзларида ишлаб чиқариш ҳаракатида.

Туркия ва коронавирус

Туркиядаги жамоат жойлари мунтазам равишда дезинфекция қилинмоқда

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Туркиядаги жамоат жойлари мунтазам равишда дезинфекция қилинмоқда

Туркияда аксариятнинг коронавируснинг "ўта юқумли" "британча штамми"га чалинаётгани айтилади.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи билан бир пайтга тўғри келган.

Туркия ҳукумати шу ойнинг ўзида учинчи бор карантин чораларини янада кучайтиришга қарор қилган, аммо илк бор тўлиқ карантин тартибига ўтиш режасини баён қилган.

Туркия президенти 14 апрель кунги чиқишида Рамазон ойининг дастлабки икки ҳафтасида коронавирусга янгитдан чалиниш ва ундан ўлим ҳолларини жиддий камайтиришни мақсад қилишганини айтган.

Эрдўған бунга муваффақ бўлишмаса, чораларнинг бундан-да кескинлаштирилиши билан огоҳлантирган.

Туркияда шаҳарлараро борди-келди тақиқлангани, спорт заллари ва сузиш ҳавзалари ёпилгани, тўйлар ўтказилиши маън этилгани ва мактабларнинг яна онлайн таълимга қайтгани маълум бўлган.

Бунга қўшимча, жамоат транспорти сиғими нақ тенг ярмига қисқартирилиши, 65 ёшдан ошганларга фақат эрталаб соат 10:00 дан тушки 14:00 гача кўчага чиқишлари мумкинлиги айтилган.

Чекловлар Туркиянинг барча вилоятларида бирдек кучайтирилган, коронавирус билан боғлиқ вазият нисбатан барқарор бўлганлари ҳам бундан бир четда қолмаганди.

Истанбулда ифторлик

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу йилги Рамазон Туркияда коронавирус билан боғлиқ аҳвол ўта ёмонлашиб бораётган бир пайтга тўғри келган

Туркияда ҳали Рамазон ойи арафасидаёқ оммавий ифторликлар ва Таровеҳ намозларини жамоат бўлиб ўқиш тақиқланган.

Кўча-куйда ўтириб овқатланишнинг мумкин эмаслиги айтилган, емакхоналарнинг фаолияти чекланган.

Дам олиш кунларида тўлиқ комендантлик режимига ўтилган, қисман амалда бўлгани ҳам бекор қилинмаган.

Туркиянинг 81 та вилоятидан 58 таси ҳозир "қизил" ёки "ўта хавфли ҳудудлар" сирасига киритилган.

Уларнинг орасида ўзбекистонликлар энг кўп сонда яшаши айтилувчи пойтахт Анқара ва Истанбул ҳам бор.

Бу вилоятлар ҳиссасига Туркия аҳолисининг 80 фоизи тўғри келади.

Президент Эрдўған ўтган ой охирида қилган чиқишида хавф даражасига қараб, ҳудудлар харитаси ҳар ҳафта янгиланиши, чораларнинг ҳам шунга мувофиқ ўзгартириб борилишини билдирганди.

Туркия дунёнинг Ўзбекистон мунтазам ва фаол ҳаво қатновларини қайта тиклаган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Кўп сондаги сондаги ўзбекистонликлар, йилларки, тижорат ва саёҳат илинжида ҳам айнан Туркияга боришни афзал билиб келишади, ўзларига эп кўра олишади.

Айрим хабарларга кўра, Туркия ҳукумати шу ҳафта душанба кунги қарори билан мамлакатда айнан Рамазон Ҳайити манзарасида учинчи тўлқиннинг олдини олиш ҳаракатида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek