Туркия билан парвозлар тўхтатилади. Россия хавотирда - Rossiya O‘zbekiston Turkiya dunyo koronavirus, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Туркияда кундалик коронавирус ҳоллари кунига 50 мингдан ортган. Пандемия тарихида Туркияда бунақаси кузатилмаган. Туркия Ўзбекистон мунтазам ва фаол авиақатновларни тиклаган саноқли давлатлардан бири бўлади. Туркияда ўн минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшашади.
Пандемия билан кечган бир йилдан ортиқроқ вақт оралиғида фуқароларини ортга қайтариш учун Ўзбекистон Туркия билан ҳам чартер рейсларини амалга ошириб келган.
Расмий хабарларга кўра, Россия Туркиядаги мавжуд эпидемиологик вазиятдан хавотирда.
Худди шу боис ҳам, 15 апрелдан 1 июнга қадар Туркия билан икки ўртадаги чартер рейсларини расман бекор қилмоқчи, фақат Москва ва Истанбул орасидаги мунтазам авиапарвозларни сақлаб қолмоқчи.
Роспотребнадзор, яна шунингдек, Туркияни Россия фуқаролари бориши тавсия этилмайдиган давлатлар қаторига киритган.
Туркия коронавирус пандемияси боис, 2020 йилнинг апрелидан июнигача чет эллик туристларнинг мамлакатга келишини тақиқлаб қўйган, Россия билан авиапарвозларни эса, ўтган август ойида қайта тиклаганди.

Сурат манбаси, Getty Images
Шу йилнинг март ойи ўрталарига келиб, Туркияда коронавируснинг янги тўлқини бошланган.
Бунинг ортидан, Туркия қўшимча карантин чораларини жорий этишга қарор қилган.
Аммо 9 апрель куни Туркияда янги антирекорд қайд қилинган, бир кунда қарийб 56 минг кишида коронавирус аниқланган.
Бу рақамларни яна Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўзи келтириб ўтган.
Туркиядаги мавжуд вазият бошқа давлатларни ҳам хавотирга солмай қўймаган.
Хабарларга кўра, ўтган ҳафта Хитой ва Эрон ҳам ўз фуқароларининг Туркияга парвоз қилишларини тақиқлаб қўйган.
Туркия ва янги чекловлар
Туркия ҳукуматининг янги чекловларга оид қарори Вазирлар Маҳкамасининг 29 март кунги уч соатлик йиғини ортидан янграган.
Anadolu ахборот агентлигининг ёзишича, бу ҳақда шахсан президент Ражаб Таййип Эрдўғаннинг ўзи баён қилганди.
Президентнинг ўшанда қилган чиқишидан маълум бўлишича, Туркиянинг 81 та вилоятидан 58 таси ҳозир "қизил" ёки "ўта хавфли ҳудудлар" сирасига киритилган.
Уларнинг орасида ўзбекистонликлар энг кўп сондаги яшаши айтилувчи пойтахт Анқара ва Истанбул ҳам бор.
Бу вилоятлар ҳиссасига эса, Туркия аҳолисининг 80 фоизи тўғри келади.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркия айни пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган ўнта давлатидан биттаси бўлади.
Ҳозирга келиб, Туркияда жами коронавирус ҳоллари қарийб 4 миллионга яқинлашган. Ўлим ҳоллари 34 мингдан ортган.
Туркия президенти ўз чиқишида бундан энди дам олиш кунларида ҳам "ўта хавфли ҳудудлар"да комендантлик соати тўлиқ амал қилишини айтган.
Ҳукумат, бунга қўшимча, мамлакат бўйлаб кечки соат 21:00 дан эрталабки соат 05:00 гача амал қилиб келаётган қисман комендантлик соатини ҳам ўз кучида қолдирган.
Туркиядаги барча ресторан ва кафеларнинг фақат ярим очилиши айтилган.
Рамазон ойи ва қўшимча чоралар

Сурат манбаси, NURPHOTO
Коронавирусни жиловлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойини ҳам қамраб олган.
Бу ойда бутун мамлакат бўйлаб оммавий саҳарлик ва ифторликлар тақиқланиши, дам олиш кунларида қўшимча чекловлар ҳам киритилиши айтилган.
Таом ва ичимликларни ресторан ва кафеларга фақат етказишни буюриш ёки олиб кетиш мумкин бўлиши маълум бўлган.
Президентнинг чиқишидан янги чекловлар масжидлар фаолияти ва жамоат намозларини кўзда тутиши-тутмаслиги ноаён қолган, бу ҳақда ҳалича хабар берилмаган.
Туркияда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари шу йил январь ойида, Хитой вакцинаси билан бошланган.
Шу пайтгача мамлакатда 15 миллиондан ортиқ киши, шу жумладан, президент Эрдўғаннинг ўзи ҳам эмланган.
Туркия аҳолиси эса, 80 миллиондан ортади.
Президент Эрдўған ўз чиқишида хавф даражасига қараб, ҳудудлар харитаси ҳар ҳафта янгилаб борилиши, кўрилаётган чоралар ҳам шунга мувофиқ бўлишини ҳам қўшимча қилган.
Туркия ва коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images
Расмий хабарларга кўра, Туркияга коронавируснинг "агрессив" янги уч штамми барчаси кириб борган.
Британчаси ортидан, шу йил февраль ойида Жанубий Африка ва Бразилияда топилгани ҳам аниқланган.
Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар тижорат ва саёҳат илинжида йўл солаётган саноқли давлатларидан биттаси ҳам бўлади.
Глобал коронавирус пандемияси фонида Ўзбекистон аллақачон мунтазам ҳаво парвозларини қайта тиклаётгани хабар берилган мамлакатлардан бири экани кўрилади.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазири орада коронавируснинг хавфли штаммлари мамлакатда шитоб билан тарқалиб бораётганини ҳам айтган.
Коронавируснинг янги штаммлари ўзининг "ўта юқумли" экани билан ажралиб туриши айтилади.
Британча штаммининг эса, бундан ташқари, янада "ҳалокатли" эканига оид хавотирлар ҳам бор.
Туркияда илк коронавирус ҳолати расман ўтган йилнинг март ойида қайд қилинган.
Орада Туркия дунёнинг коронавирус шитоб билан тарқалиб бораётган давлатлари рўйхатидан ҳам жой олган, мамлакатдаги бу каби аҳвол четда жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Худди шу хабарлар манзарасида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳам ўзбекистонликларга устма-уст мурожаатлар билан чиққани кўрилган.
Туркияда бўлиб турган ёки боришни режалаётган Ўзбекистон фуқароларини сўнгги янгиликдан бохабар этиб, огоҳлантириб келган.
Аммо расмий Анқара, шунда ҳам, кескин карантин чораларига қўл урмаган, жорий этганларини ҳам тезда ва муваффақиятли юмшатган саноқли ҳукуматлардан бири сифатида эътироф этилган.

Сурат манбаси, NURPHOTO
Бугун дунёнинг турли давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони миллионларга нисбат берилади.
Коронавируснинг британча штамми саноқли ойларнинг ўзида дунёнинг ўнлаб давлатларига кириб борган, яқинда Ўзбекистонда ҳам аниқлангани расман тасдиқланган.
Британча штамм топилган давлатлар орасида энг кўп сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд Россия ва Жанубий Корея ҳам бор.
Четдаги Ўзбекистон фуқароларининг коронавирус янги штаммларини юқтирган-юқтирмаганликлари маълум эмас, бу борада ҳозирча бирор бир расмий маълумот кўзга ташланмайди.
Ўзбекистон мисолида британча штамм манбаси Бирлашган Араб Амирликларидан қайтган ёш фуқароси бўлиб чиққан.
Ўзбекистон орада айнан коронавируснинг янги штаммлари боис, Буюк Британия илова дунёнинг қатор давлатлари билан мунтазам ҳаво қатновларини маълум муддатга тўхтатиб қўйишга ҳам қарор қилган.
Туркия дунёнинг Ўзбекистон мунтазам ва фаол ҳаво қатновларини қайта тиклаган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Бу икки давлат ўзаро мунтазам парвозларни ўтган йил сентябрь ойидан бошлаб амалга ошириб келишади.
Uzbekistan Airways авиакомпанияси яқинда Фарғона ва Урганчдан ҳам Туркиянинг Истанбулга шаҳрига янги мунтазам қатновни йўлга қўя бошлагани маълум бўлганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















