Янгиликлар: Эрдўғаннинг ҳокимиятни сақлаб қолиши осон бўлмайдими? Туркия, Dunyo

ko'prik ochilishi

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Пол Кирби
    • Role, BBC News

Карьерасини оддий ишлардан бошлаган Ражаб Тоййиб Эрдўған 20 йил Туркияни бошқарди. Бу давр мобайнида у мамлакатни Мустафо Камол Отатуркдан кейин бирорта раҳбар қилмаган даражада ўзгартириб юборди.

Туркия 1999 йилдан буён юз берган энг ҳалокатли зилзила оқибатлари билан юзлашар экан, Эрдўған ўз сиёсий карьерасидаги энг оғир синовлардан биридан ўтишига тўғри келмоқда.

2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишдан омон қолган президент ҳозир Туркия жануби‑шарқидаги 10 вилоятга таъсир қилган зилзила талафотлари сабабли ҳокимиятининг учинчи декадасига ўта олмай қолиши мумкин.

Кўкка сапчиган инфляция ва нарх‑наво қимматлашгани унинг рейтингига аллақачон таъсир этиб улгурган. Май ойида бўладиган сайловлар яқинлашар экан ўзини анча дадил сезаётган муҳолифат уни мамлакатни зилзилага тайёрлай олмагани учун айбламоқда.

Туркияни ривожлантиргани ва модернизация қилганидан фахрланадиган бу тажанг етакчи учун минглаб одамларнинг қулаган уйлар вайронаси остида жон бергани ҳақиқий хавфдир. Муҳолифат етакчилари президентнинг ўзидан аввал фалокат ҳудудларига боришга улгуришди.

2003 йилдан Бош вазир ва 2014 йилдан буён сайланган президент бўлган Ражаб Тоййип Эрдўған Туркиянинг минтақавий таъсирини ошириш, исломий қадриятларни ҳимоя қилиш ва маҳаллий муҳолифат зарбаларига чап беришда анча эпчил бўлиб келди.

Гарчи ўзи НАТОга аъзо давлатнинг раҳбари бўлса ҳам, Россиянинг Украинадаги урушида воситачилик қила олди, Швеция ва Финлянияни ташкилотга қўшилиш жараёнини маълум муддат тўхтатиб қўйди. Унинг кескин дипломатияси Европа ва ташқаридаги иттифоқчилар жиғига тегиб келади.

Гарчи кўплаб турклар мамлакат келажагини унингсиз тасаввур қилса ҳам, Эрдўған ҳақиқатда сайловларда ишончли ғалаба билан ҳокимиятда турган ва осон таслим бўлмаслиги аниқ. У аллақачон ўзининг асосий рақиби, Истанбул ҳокимини сайловда қатнашишдан четлатди.

У Истанбул ҳокимидан мағлуб бўлиш хавфи қанчалик эканини яхши биларди, зеро унинг ўзи 1990‑йилларда айни шу шаҳарда ўз сиёсий қудратини бунёд қилган эди.

Қудратга келиш

Ражаб Тоййип Эрдўған 1954 йилнинг февраль ойида Туркиянинг Қора денгиз соҳилида Соҳил хавфсизлик хизмати ходими оиласида туғилган. У 13 ёшида отаси беш фарзандини ўқитиш ва уларга яхши тарбия бериш ниятида Истанбулга кўчиб ўтишга қарор қилган.

Ёш Эрдўған қўшимча пул топиш учун лимонад ва кунжут булочкаларини сотган. Аввал исломий мактабда ўқиган, кейин Истанбулдаги Мармара университетида менежмент дипломини олган, сўнг профессионал футбол ўйинчиси бўлган.

tarafdorlar

Сурат манбаси, AFP

1970-80 йилларда у исломий доираларда фаол бўлиб, Нажмиддин Эрбақоннинг исломий Фаровонлик партиясига қўшилган. 1990‑йилларда партиянинг машҳурлиги ошгани сабабли, Эрдоған 1994 йилда Истанбул ҳокимлигига номзод сифатида танланди ва кейинги тўрт йил давомида шаҳарни бошқарди.

Аммо "Масжидлар - казармамиз, гумбазимиз - дубулғамиз, мўминлар - аскаримиз" деган мисралари бор ғазалини омма олдида ўқиганлиги учун ирқий адоват қўзғаганликда айбланди, лавозимдан кетди.

Тўрт ой қамоқда ўтирганидан сўнг у яна сиёсатга қайтди. Аммо унинг партияси замонавий турк давлатининг қатъий дунёвий тамойилларини бузгани учун тақиқланди.

2001 йил августида иттифоқчиси Абдулла Гул билан биргаликда янги исломий партияни тузди. 2002 йилда AKP парламент сайловларида кўпчилик ўринни қўлга киритди, кейинги йили эса Эрдўған Бош вазир бўлди. У ҳозиргача АКP - Адолат ва тараққиёт партиясининг раиси бўлиб қолмоқда.

Ҳокимиятнинг биринчи ўн йиллиги

У 2003 йилдан буён уч муддат Бош вазир лавозимини эгаллаб, кучли иқтисодий ўсиш даврида мамлакатни бошқарган ва ислоҳотчи сифатида халқаро эътирофга сазовор бўлган. Эрдўған Туркияни модернизация қилиш бўйича улкан инфратузилма лойиҳаларига устувор аҳамият бергани сабабли, мамлакатнинг ўрта синфи кенгайди ва миллионлаб одамлар қашшоқликдан халос бўлди.

Аммо танқидчилар у тобора авторитар раҳбарга айланаётганидан огоҳлантирарди.

2013 йилга келиб, намойишчилар кўчаларга чиқди, бунга қисман унинг ҳукумати Истанбул марказидаги кўпчиликка севимли бўлиб қолган паркни ўзгартириш режалари сабаб бўлган эса ҳам, норозилик эҳтимол авторитар бошқарувга қарши кураш шаклида ҳам эди. Бош вазир намойишчиларни «çapulcu» (талончи) деб қоралади. Сўнг унинг иттифоқчиси бўлган учта вазирнинг ўғиллари коррупцияда айблана бошлади.

Парк намойишлари унинг ҳукмронлигида бурилиш нуқтаси бўлди. Рақиблар назарида у демократдан кўра кўпроқ Усмонли султонга ўхшарди.

Жаноб Эрдўған, шунингдек, Америкада яшовчи исломий уламо Фатҳуллоҳ Гулен билан жанжаллашиб қолди. Гуленнинг ижтимоий ва маданий ҳаракати Эрдўғонга кетма-кет учта сайловда ғалаба қозонишига ва ҳарбийларни сиёсатдан фаол равишда сиқиб чиқаришга ёрдам берган эди. Бу турк жамияти учун кескин оқибатларга олиб келган низо бўлди.

Мусулмон уйғониши

Эрдўғаннинг ўн йиллик ҳукмронлигидан сўнг унинг партияси 1980 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг жорий қилинган давлат хизматида аёлларнинг ҳижоб ўрашига қўйилган тақиқни бекор қилиш учун кампания бошлади. Охир-оқибат, полиция, ҳарбий ва суд тизимидаги аёллар учун тақиқ бекор қилинди.

Танқидчилар у Мустафо Камол Отатуркнинг дунёвий республикаси устунларини бузаётганидан шикоят қилишди. Ўзи диндор бўлган Эрдўған исломий қадриятларни мажбуран ўрнатиш истаги йўқлигини, туркларнинг ўз динини очиқроқ ифода этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб келади.

Rafiqasi bilan

Сурат манбаси, Reuters

Бироқ, у бир неча бор зинони жиноят деб белгилаш кераклигини таъкидлаган. Тўрт фарзанднинг отаси сифатида у "ҳеч бир мусулмон оила" туғилишни назорат қилиш ёки оилани режалаштириш ҳақида ўйламаслиги кераклигини айтади. 2016 йилнинг май ойида "Биз наслимизни кўпайтирамиз", деган эди.

У оналикни улуғлаб, феминистларни қоралади, эркак ва аёлга тенг муносабатда бўлмаслик кераклигини айтди.

Эрдўған узоқ вақтдан бери исломий ғояларни - Миср қатағон қилинган ихвончиларга ғоявий жиҳатдан яқин бўлган гуруҳларни ҳимоя қилиб келади. Маълумки, у тўрт бармоғи билан, яъни рабаа билан салом беради.

2020 йил июль ойида у Истанбулдаги тарихий Ая Софяни масжидга айлантирди ва бу кўплаб насронийларни ғазаблантирди. Бино 1500 йил олдин собор сифатида қурилган, Усмонли турклари уни масжидга айлантирган, аммо Отатурк уни янги дунёвий давлат рамзи бўлган музейга айлантирган эди.

Ҳокимиятни мустаҳкамлаш

Бош вазирликка қайта номзодини қўя олмагани учун 2014 йилда у асосан рамзий аҳамиятга эга бўлган президентлик учун сайловга номзодини қўйди. Унинг президентлик лавозимини ислоҳ қилиш, бутун туркларга фойда келтирадиган ва ўз мамлакатларини дунёнинг биринчи ўнта иқтисодиёти қаторига қўядиган янги конституция яратиш борасида катта режалари бор эди.

Аммо президентлигининг бошида у ўз ҳокимиятига қарши икки марта зарбани қабул қилди. Унинг партияси 2015 йилги сайловларда бир неча ой давомида парламентдаги кўпчиликни йўқотди ва бир неча ой ўтиб, 2016 йилда Туркия ўн йилликлар ичида биринчи давлат тўнтаришига уриниш гувоҳи бўлди.

Исёнчи аскарлар қирғоқ бўйидаги курортда дам олаётган президентни қўлга олишга оз қолган эди, у учоқда хавфсиз жойга қочиб қутулган. 16 июль куни эрта тонгда у Истанбул Отатурк аэропортида тарафдорларининг олқишлари остида ғалаба билан пайдо бўлди. 300 га яқин тинч аҳоли фитначиларнинг олдинга силжишига тўсқинлик қила туриб ҳалок бўлди.

Anqara

Сурат манбаси, AFP

Президент миллий телевидениеда чиқди ва ўзини "бош қўмондон" эканлигини таъкидлаб, Истанбулда тарафдорларини тўплади. Аммо исёнкор аскарлар томонидан ўғли билан бирга отиб ўлдирилган яқин дўстининг дафн маросимида нутқ сўзлаётганида йиғлаб юборганида унинг асаблари не чоғли таранглиги аён бўлди.

Бу фитнада Гулен ҳаракати айбланди, 150 мингга яқин давлат хизматчиси ишдан бўшатилди ва 50 мингдан ортиқ одам, жумладан, аскарлар, журналистлар, ҳуқуқшунослар, полициячилар, академиклар ва курд сиёсатчилари ҳибсга олинди.

Сиёсатига қарши бўлганларга қарши бундай тазйиқ ўтказилиши хорижда хавотир уйғотди ва бу Европа Иттифоқи билан муносабатлар совуқлашувига ҳисса қўшди: Туркиянинг иттифоққа қўшилиш ташаббуси йиллар давомида олдинга силжимади. Грецияга муҳожирлар оқими билан боғлиқ ҳолат ҳам норозиликни янада кучайтирди.

Аммо Анқарага қараган 1000 хонали Оқ саройда ўтирган Президент Эрдўғоннинг позицияси ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамланиб қолди.

Saroy

Сурат манбаси, Getty Images

У ўзига кенг кўламли президентлик ваколатларини, жумладан, фавқулодда ҳолат эълон қилиш ва юқори мартабали ҳукумат амалдорларини тайинлаш ҳамда ҳуқуқ тизимига аралашиш ваколатларини берадиган 2017 йилги референдумда оз фарқ билан ғалаба қозонди.

Бир йил ўтиб, у президентлик сайловининг биринчи босқичида тўлиқ ғалаба қозонди.

Унга асосан Анадўлидаги кичик шаҳарлар ва консерватив қишлоқлар аҳолиси овоз берди. 2019 йилда унинг партияси учта йирик шаҳарда - Истанбул, пойтахт Анқара ва Измирда ютқазди.

Истанбул ҳокимлиги лавозимининг мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси (CHP) вакили Экрем Имомўғлига топширилиши 1990 йилларда шаҳар ҳокими бўлган жаноб Эрдўған учун оғир зарба бўлди. У натижани ҳеч қабул қилолмади.

Жаноб Имомўғли май ойидаги сайловларда иштирок этиши тақиқланишидан олдин сўровларда президентдан олдинда эди. Президент ва унинг иттифоқчилари машҳур ҳокимни сайловга номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун судлардан фойдаланганликда айбланмоқда.

Туркиянинг учинчи йирик партияси, курд тарафдори HDP ҳам курд жангарилари билан алоқадорликда гумон қилиниб, парламент сайловларида қатнашиши тақиқланиши хавфи остида турибди.

Туркиянинг аввалги етакчилари сингари, Президент Эрдўған ҳам ноқонуний деб топилган Курдистон Ишчилар партиясини (PKK) қаттиқ босимда ушлаб турибди.

Туркия Суриядаги фуқаролар урушидан қочган уч миллиондан ортиқ қочқинни қабул қилган бўлса ҳам, Анқара Туркиядаги курдларни сиқиб, чегара оша қўшни давлатдаги курд жангариларга қарши амалиётлар бошлади.

Стокголмнинг НАТОга аъзо бўлиш уринишини кечиктиришда Эрдўған Швециядаги курдларни айблади. Швеция ҳам, Финляндия ҳам Россиянинг Украинадаги урушига жавобан альянсга қўшилишга интилди, бироқ Туркия раҳбари рози бўлишидан олдин ўнлаб курдлар экстрадиция қилиниши керак, дейди.

Эрдўған узоқ вақтдан бери Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқада ва Украинадаги можарода асосий воситачи ролини ўйнашга интилмоқда. У Қора денгиз бўйлаб дон экспорти учун хавфсиз йўлак очадиган битим тузишга ёрдам берди, ҳатто Россия бир томонлама ундан чиққанда ҳам унинг шартлари бажарилишини таъминлади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002