Бешинчи хотин ҳукми нима – жория ё қул? Видео Dunyo Yangiliklar

- Author, Кэролайн Мванги ва Мухтор Саду Ализе
- Role, BBC 100 Аёл
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Хадизату Мани-Кароу 12 ёшида маҳаллий етакчига сотилган ва ваҳая - "бешинчи хотин" бўлган.
"Даҳшатли ҳаёт эди. Бирор ҳуқуқим йўқ эди - на дам олишга, на овқатга, ҳатто на ўз ҳаётимга", дейди у Би-би-си 100 аёл лойиҳасига Жанубий Нигердаги уйидан.
Алоқадор мавзулар:
Ваҳая Нигерда қулдорликнинг кенг тарқалган тури бўлиб, бойлар шаҳватини қондириш ёки уй юмушларини бажартириш учун арзимас 200 долларга қизларни сотиб олиб, 4 тагача хотин олишга рухсат берувчи исломий қонунларни четлаб ўтиб, уларни бешинчи хотин қилиб олишади.
Мани 1996 йили сотилган ва 11 йил қул бўлган.
Аммо унинг муаммолари шу билан тугамаган. 2005 йили озод қилингач ва ўзи истаган одамга турмушга чиққач, унинг собиқ ҳожаси уни икки эрликда айблаб судга берди ва Мани ҳомиладор аҳволида қамалди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
10 йилдан ошиқ вақт ўтиб, унга чиқарилган ҳукм бекор қилинди. Аммо бу ҳолат кўп уринишларга қарамай қулдорлик сақланиб қолаётган Нигер учун мисли кўрилмагандир.
Ҳозир Мани Нигердаги жанубий Таҳуадаги Зонго Кагаги шаҳрида яшаб, бошқа аёлларни ўз ҳуқуқларини таниб, қулликдан озод бўлишга ундаб тарғиб қилмоқда.
У Би-би-сининг 100 аёл лойиҳаси рўйхатига кирган аёллардан биридир.
Мани хонимнинг иши мамлакатида қонунни ўзгартиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Глобал қуллик индексига кўра, суд қарорлари, Мани хонимнинг акцияларига қарамай, Нигерда 130 мингдан ортиқ одам ҳамон қулликда қолмоқда.
Қўшимча хотин

"Бешинчи хотинлар" минтақадаги бадавлат эркаклар қули бўлиб, "садақа" деб номланувчи одатга кўра совға сифатида ҳам берилади. Ваҳая ҳам, садақа ҳам жинсий эксплуатация мақсадидаги одам савдоси шаклларидан биридир.
Бу бешинчи хотинлар, моҳиятан, хўжайинига, хўжайиннинг шариатга кўра никоҳланган тўртта қонуний хотини ва уларнинг фарзандларига қул бўлган чўрилардир.
Улар психологик, жисмоний ва жинсий зўравонликка дучор бўладилар, кўпинча оч наҳор қолиб, кўплаб зарурий нарсалардан маҳрум қилинади, уй ишларини бажаришга, чорвачиликка ва дала ишига мажбурланадилар.
Хадизату Мани-Кароу ҳаёти ҳам у сотиб олиниб, чегарадан Нигерияга олиб ўтилгандан кейин шундай бўлди.
Унинг айтишича, ҳожаси уни ва яна етти нафар хотин-қизни бир вақтда сотиб олиб, "яхши келишувга эришган". Битим Манининг ёки унинг ота-онасининг розилигисиз амалга оширилган.
У шафқатсиз зўравонликдан Нигерга бир неча бор қочиб кетган, лекин ҳар сафар қўлга олинган ва ундан ҳам қаттиқроқ жазо учун Нигерияга қайтарилган.
"У мен билан хоҳлаган нарсани қилиши мумкинлигини айтарди, чунки у эчкиларини қандай сотиб олган бўлса, мени ҳам ҳам шундай сотиб олганди", дейди у.
У зўрланган ва ўзини қул қилганларга бола туғиб беришга мажбурланган.
Ваҳая амалиёти бир неча асрлардан бери мавжуд бўлиб, жамиятда чуқур илдиз отган.
Француз мустамлакачилари уни 20-асрнинг бошларида тақиқлаб қўйишган, бироқ бу тақиқ амалда ишламаган.
Нигернинг 1960 йилдаги янги конституциясига кўра, қуллик яна қоғозда ноқонуний деб эълон қилинди, аммо амалда уни давом эттиришга рухсат берилди.
Охир-оқибат, 2003 йилда мамлакат ваҳаяни жиноят қонунчилиги бўйича жавобгарликка тортиш ҳақида муҳим қадам ташлади.
Шундан сўнг Мани хонимга эркинлик гувоҳномаси берилди ва 2005 йилда икки фарзанди ва икки ҳамроҳи ваҳая билан яна эркин ҳаёт кечириш учун жўнаб кетди.
Аммо у ҳозирги эрига турмушга чиққанидан бир йил ўтгач, унинг собиқ ҳожаси ҳали ҳам унга эр эканлигини даъво қилган ва уни икки эрликда айблаб судга берган.
"Шармандалик учбурчаги"

Сурат манбаси, Getty Images
Мани икки эрликда айбдор деб топилиб олти ойга қамалди. Бу қарор 2019 йилдагина бекор қилинган.
Шунга қарамай у Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти Адолат судига Нигер ҳукумати устидан даъво киритди ва ана шу даъво муҳим ҳукм чиқарилишига олиб келди.
Судьялар Нигерни бу аёлни қул қилган эркакани жазоламаслик орқали ўз қонунига ўзи амал қилмагани ва уни ҳимоя қилишдек легал мажбуриятини бажармаганлиги ҳақида қарор чиқарди.
Манига 2009 йили 20000 доллар компенсация тўланган.

Манига Нигернинг қулчиликка қарши "Тимидрия" ташкилоти ва Британиянинг Қулчиликка қарши халқаро ташкилоти ёрдам берган.
Тимидрия ассоциацияси президенти Али Бузунинг айтишича, қулчилик мамлакатнинг Конни, Мадауа ва Иллела вилоятларида ҳамон кенг тарқалган. Бу уч вилоят "Шармандалик учбурчаги" деб аталади.
"Шармандалик учбурчагида ярмидан кўпроқ аҳолиси ваҳая бўлган бутун қишлоқлар бор", дейди у.
Нигерда қулликка қарши қонун бўйича баъзи таъқиблар амалга оширилади.
Жаноб Бузунинг айтишича, 2003 йилдан 2022 йилнинг бошигача қуллик бўйича 114 та шикоят берилган, улардан 54 таси жиноий жавобгарликка тортилган ва олтита ҳукм чиқарилган (тўрттаси тўхтатилган) эди.
Аммо бу ҳуқуқий курашда ғалаба қозониш даргумон. Қуллик билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган шахслар 10 йилдан 30 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши керак, аммо охирги тайинланган жазо муддати 10 йилдан анча камроқ бўлган.

Сурат манбаси, Timidria
Мутахассислар ушбу муаммони ҳал қилиш учун кенгроқ чоралар кўришга чақирмоқда. Жаноб Бузу ташкилоти кўпинча амалиёт ортида турган анъанавий сардорларни ваколатларидан маҳрум қилишни тавсия қилмоқда. У, шунингдек, ваҳая ислом қонунларига мос келади, деган нотўғри тушунчага қарши курашишга чақирмоқда.
Айни пайтда қуллик глобал муаммо бўлиб қолмоқда.
Кейптаун университети ҳуқуқ факультети декани ва БМТнинг қулликнинг замонавий шакллари бўйича фонди раиси, профессор Дэнвуд Чирванинг айтишича, сўнгги йилларда қуллик Ковид-19 пандемияси ва Украинадаги уруш манзарасида янада кўпайган.
У Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро миграция ва эркин кўчиш ташкилотининг 2022 йилги ҳисоботидан иқтибос келтиради, унда дунё бўйлаб 50 миллион киши қулликда яшаши, улардан етти миллиони Африкадан экани кўрсатилган.
"Африка давлатлари халқаро мажбуриятларини олганига қарамай, қулликка қарши уруш улар ўз ҳудудларида унга қарши қонунлар қабул қилмаётгани сабабли мураккаблашди", дейди профессор Чирва.
Ҳозир Ҳадизату Манининг оиласи бор, бир ёшдан 21 ёшгача бўлган етти фарзанднинг онаси.
У кўплаб аёлларга, жумладан, ўз синглисига қулликдан халос бўлишга ва эркин ва самарали ҳаёт кечиришга ёрдам берди.
"Мен бу аёлларга қонун билан кафолатланган эркинликлари ҳақида алоҳида уқтириб келяпман", дейди у.
"Бошимга тушган кўргуликлардан афсусланмайман... Бу бежиз эмас эди, менинг аҳволим дунё эътиборини ваҳая муаммосига қаратди."
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















