Янгиликлар: Муслимани гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаган 11 эркак озодликка чиқди, мамлакат ларзага келди Hindiston dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Жинсий зўравонликда айбланганлар озодликда. Улар гуруҳ бўлиб зўрлаган Билқис бунинг "адолатсизлик" эканини айтмоқда. Қолган хотин-қизлар эса, "даҳшат"да. Одамлар кўчаларни тўлдиришди. Улар ҳукуматдан бу эркакларни яна қамоқхонага қайтаришни талаб қилишмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Қамоққа қайтаринг
Ҳиндистон шу дам олиш кунларида оммавий норозилик намойишларига саҳна бўлди.
Бутун мамлакатни ўз забтига олган намойишларга бир муслимани гуруҳ бўлиб зўрлаган 11 эркакнинг қамоқдан чиқарилиши сабаб бўлди.
Мусулмонларга қарши 2002 йилги Гужарат исёнларида Билқис Барнонинг ўзи зўрланган, оиласининг 14 нафар аъзоси ўлдирилганди.
Эркак ва аёл намойишчилар ҳукуматни қарорини бекор қилиш, жинсий зўравонларни қўйиб юбормасликни сўрашган.
11 эркак 15 йиллик қамоқ жазосини ўтаб бўлиши ортидан, ҳукумат қарори билан озодликка чиқарилган.
Ҳинд киноси юлдузи ва хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Шабона Азмининг Деҳлида Франс-Пресс ахборот агентлигига айтишича, "Билқис Бано, унинг оиласига нималар бўлгани ва бунга ўхшаш ҳодисалар мамлакатларида содир бўлаётганига шундоққина қараб ўтира олишмайди".
Унга кўра, "шу боис ҳам бу ерга келиш ва ўз овозларини эшиттириш"ни мақсад қилишган.
"Хотин-қизларга нафрат ва эркакларнинг устунлиги шу даражада кучайдики, ҳозир жинсий зўравонлик одатий ҳолга айланиб қолди", - дейди намойишга чиққан талаба қизлардан бири.
Бундан ташқари, юздан ортиқ нафақадаги давлат хизматчиси ҳам ҳукуматнинг қарорига ўз муносабатларини билдиришган.
Улар Ҳиндистон Бош прокурорига хат ёзишган.
Жинсий зўравонларнинг қўйиб юборилиши барча аёлларнинг хавфсизликларига даҳшатли таъсир кўрсатишини айтишган.
Зиддиятли қарор

Сурат манбаси, Getty Images
Гужарат масъуллари 11 эркакни 15 август куни озод қилишга қарор қилишган.
Уларнинг қарори Ҳиндистон ўз мустақиллигининг 75 йиллигини байрам қилаётган бир пайтга тўғри келган.
Годҳра қамоқхонаси ташқарисида маҳкумларнинг яқинлари томонидан қанчалик иззат-ҳурмат билан қарши олиниши акс этган видеолар эса, орада ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлиб кетган.
Билқис Бано ҳам ўзини гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаган эркакларни қамоқдан чиқариш қарорини "адолатсиз", деб атаган.
У бу қарор ўзининг адолатга бўлган ишончига "путур" етказганлигини таъкидлаган.
Икки катта гуруҳ - ҳинду ва мусулмонлар Ҳиндистонда 1.2 миллиардли аҳолининг 94 фоизини ташкил қилади.
Ҳиндистон дунёнинг энг кўп мусулмон аҳолисига эга давлати бўлиб, фақат Индонезиядангина ортда қолади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















