Янгиликлар: Толибон қалин пулини бекор қилди - Афғонистонда шов-шув Tolibon Afg‘oniston Dunyo Yangiliklar

Охундзода ва Бародар

Сурат манбаси, Reuters/Afghan Islamic Press collage

Қалин пулининг бекор қилиниши энди афғон, айниқса, ўзбек йигитларининг уйланишини осонлаштирадими ёки толибларнинг қўш эмас, кўпхотинлилигига йўл очадими? Толибоннинг янги қарори Афғонистонда катта шов-шувга сабаб бўлмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Янги тақиқ

Афғонистонда энди қизнинг оиласи тўйдан аввал куёв томонидан "қалин пули" сўрай олмайди.

Толибоннинг муваққат Ҳаж ва Вақф ишлари вазирлиги бу одатни "ноқонуний", деб эълон қилди.

Янгилик шу кунларда ижтимоий тармоқларни ларзага солган мавзулардан бирига айланди.

Афғонистонлик интернет фойдаланувчиларининг минглаб коментларига сабаб бўлди.

Қалин пули яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган ва аҳолисининг аксарияти қашшоқликда яшовчи Афғонистонда, йилларки, энг оғриқли муаммолардан бири бўлади.

Бу каби қадимий бир одат Афғонистоннинг, айниқса, маҳаллий ўзбеклар ва туркманлар яшовчи шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида кенг амал қилиши айтилади.

Қалин пули

Сарполар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Толибон ўзи илк бор қудратда бўлган 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида ҳам Афғонистонда дабдабали тўйларни тақиқлаган

Толибон қудратга қайтмасидан аввал Афғонистонда қалин пули $10-15 минг АҚШ долларигача чиқиб кетган.

Мазкур ҳолат орада Ғарб томонидан дастакланган афғон ҳукуматининг қалин пулини бекор қилиш ва тўйларни ихчамлаштиришни кўзда тутувчи Никоҳ тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишига ҳам сабаб бўлган.

Толибон ўзи илк бор қудратда бўлган 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида ҳам Афғонистонда дабдабали тўйларни тақиқлаган.

Аммо толибларнинг Исломий Амирлиги қулатилиб, Афғонистонда янги ҳукумат бошқарувга келиши ортидан, бу каби тўйлар ҳам яна урфга қайтган.

Мамлакатда битта никоҳ тўйининг сарф-харажатлари ўртача 20-25 минг АҚШ долларига етган.

Қўша-қўша тилла тақинчоқлар, қўшалоқ келинлигу куёвлик либослари, келин ва яқинларининг "Гўзаллик" салонларидаги ясан-тусанлари, хонандаю созандалар, суратчи ва тасвирчилар, ҳашаматли "Лимузин"лар ҳам Афғонистондаги никоҳ тўйларининг ажралмас бир қисмига айланган.

Тўй

Сурат манбаси, courtesy

Эл-юрт гап қилади, мен сендан қоламанми, деб кимўзарга тўй қилаётган камбағал оилаларнинг аксарияти эса, битта тўйни деб, бошдан-оёқ қарзга ботиб кетишган.

Қалин пули илова ўзи ёки фарзандининг никоҳ тўйига кетажак сарф-харажатларни топиш учун Эрон каби қўшни мамлакатларга ишлаш учун кетаётган одамларнинг сони эса, йил сайин ортиб бораётгани кузатилган.

Қалин пулини тўлиқ бермагунча эса, куёв томони, ҳатто, шаръий никоҳ ва тўйдан кейин ҳам келинни ўз уйига йиллаб олиб кета олмаган.

Тўй сарф-харажатларининг қанчалик кўплиги аҳолининг норозиликларига сабаб бўларкан, бундан бир неча йил бурун Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош ва ўзбеклар зич яшовчи шимолий Фарёб вилояти Уламолар кенгаши, Маданий жамият идораси ва маҳаллий кенгаши махсус баёнот билан чиққан.

Улар қалин ва бошқа тўй харажатларини кескин қисқартиришни талаб этишаркан, икки-уч минг АҚШ доллари миқдоридаги қалин пулига рози бўлмаган хонадоннинг тўйига бормасликларини айтишганди.

Вилоят ҳокими эса, камтарона тўйлар ўтказиш борасида, ҳатто, ўзи намуна бўлишга ҳам ваъда берганди.

Қашшоқлик ичидаги мамлакат

Давомий урушлар боис, Афғонистон аҳолисининг сони бу яқин йилларда расман рўйхатдан ўтказилмаган.

Аммо очиқ манбаларда имконли бўлган рақамларга ишонилса, бугун мамлакат аҳолисининг сони қарийб 40 миллион кишини ташкил этади.

Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири саналади.

Устига устак, Толибон қудратга қайтиши ортидан, Афғонистонга халқаро ҳамжамиятнинг миллионлаб долларлик молиявий кўмаклари ҳам тўхтаган.

Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб долларлик активлари эса, музлатилган.

Агар, сўнгги халқаро ҳисоб-китобларга таянилса, ҳозир Афғонистондаги "95 фоиз одамга озиқ-овқат етишмайди. 23 миллион инсон очарчилик хавфи остида".

Афғон аёллари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳозир миллионлаб афғоннинг куни ташқи ёрдамга қараб қолган

Мамлакат иқтисоди ҳануз ибтидоий шаклда бўлган қишлоқ хўжалигига асосланади ва аҳолисининг аксарият қисми чекка қишлоқ ҳудудларида яшайди.

Кўпчилик қишлоқ одамлари мол-ҳол қилишади, деҳқонлари бировларга ёлланиб ҳам ишлашади.

Сонлари бир миллион экани айтилаётган афғон бевалари аксариятининг куни эса, тиланчилик орқасидан ўтади.

Бир парча нон илинжида ўз уй-жойларини ташлаб, мамлакатнинг ўзию, қўшни давлатларда саргардон афғонларнинг сони эса, минглабдир.

Яқинда дунё бўйлаб озиқ-овқат нархларининг кескин кўтарилиши шундоқ ҳам иқтисоди хорижий ёрдамга қараб қолган Афғонистонда миллионлаб одамларни очлик хавфи остида қолдирган.

Толибон муваққат ҳукуматининг қалин пулини тақиқлаганига оид сўнгги янгиликка муносабат эса, турлича бўлган.

Айниқса, афғонистонлик ёш йигитлар бу янгиликни олқишлашган, энди тўйга пул топиш учун йиллаб ўзга юртларда сарсон бўлмасликларидан ўз хурсандчиликларини ошкора изҳор этишган.

Аммо қалин пулига қўйилган тақиқ мамлакат хотин-қизларининг жиддий хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Улар бу толибларнинг ўзига қўл келиши, Афғонистонда қўшхотинлилик эмас, ҳатто кўпхотинлилик авж олиши мумкинлигидан қўрқувдалар.

Қалин пулини тақиқларкан, Толибон "маҳр" масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Шариатда кўзда тутилган маҳр мутлақ аёл кишининг ҳаққи экани, унга ҳеч кимнинг дахл қилишга ҳаққи йўқлигини ҳам айтган.

Толибон қудратга қайтиши ортидан, Афғонистонни қайта Исломий Амирлик, деб эълон қилган.

Мамлакатнинг яна Шаръий қадриятлар асосида бошқарилишини баён қилган.

Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг кўп ўзбеклар яшовчи иккинчи йирик давлати бўлади.

У ердаги ўзбекларнинг сони миллионларга нисбат берилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek