Янгиликлар. Афғонистон: Толибон ғафлатда қолдими? Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистондан хавотирли хабарлар олинмоқда. Толибон вазиятни тўғри баҳолай олмадими?
Алоқадор мавзулар:
Рекорд ҳосил

Афғонистонда кўкнори етиштириш 32 фоизга ошган, Толибон қудратга қайтиши ортидан рекорд даражада ҳосил олинган.
Бу йилги кўкнори ҳосили яна жуда катта фойда келтириши билан ҳам жиддий хавотирларни уйғотган.
Сўнгги янгилик, устига устак, Афғонистонда Толибон қудратда бўлган ва уларнинг Исломий Амирлиги амал қилаётган бир пайтда олинган.
Афғонистонга миллионлаб долларлик халқаро молиявий кўмаклар кесиб қўйилган ва мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активлари музлатилганича қолаётган бир вазиятда бўй кўрсатган.
Миллионлаб афғонлар очарчилик, мамлакат эса, инсоний инқирозга юз тутишига оид жиддий ва устма-уст хавотирлар ҳали-ҳануз тинмаётган бир ҳолатда ўртага чиққан.
Кўринишича, бунга, Толибоннинг ўтган апрель ойидаги тақиқи ҳам тўсқинлик қила олмаган.
Яъни, кўкнори экиш апрелда тақиқланган бўлса ҳам, бироқ бу йилги ҳосил ҳажмига деярли таъсир қилмаган.
Айрим хабарларга кўра, Афғонистондаги кучайиб бораётган қашшоқлик ва ишсизлик манзарасида Толибон амалда бунга кўз юмаётган ҳам бўлиши мумкин.
Янги ҳисобот

Сурат манбаси, Screenshot
Афғонистон Исломий Амирлигидаги вазиятга оид бу каби хавотирли хулосага эса, апрель ойидан кейинги вазиятни ўрганиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти келган.
БМТнинг айтишича, афғонлар етиштирган бу йилги ҳосилдан 380 тоннага яқин героин олиш мумкин.
Афғонистон уч Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга чегарадош.
Наркотраффик таҳдиди шундоқ ҳам, йилларки, минтақа давлатлари ҳукуматларининг диққат-эътиборидаги мавзулардан бири бўлади.
Чунки афғон aфюни контрабандаси Афғонистонга қўшни давлатлар орқали ҳам ўтади.
Афғон деҳқонлари афюн савдосидан кўрадиган даромад 2021 йилда $425 миллион долларни ташкил этган.
Жорий йилда эса, қарийб бир ярим миллиард долларга етай деб қолган.
БМТга кўра, "бу кўрсаткичлар Афғонистон қишлоқ хўжалиги секторининг 2021 йилдаги умумий қийматининг қарийб учдан бир қисмига тенгдир".
Кўп даромад?

Сурат манбаси, Getty Images
Айтишларича, Толибоннинг кўкнори экишни тақиқлаши ортидан нархлар осмонга сапчиган ва уч бараварга ошган.
"Бу - ҳали деҳқонлар кўраётган даромад. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, агар ишлаб чиқариш ва контрабанда қилишдан тушадиган фойдани ҳам қўшса, жуда, жуда катта фойда олинмоқда", - дейди Би-би-сининг Венадаги мухбири Бетани Белл.
Янги халқаро ҳисобот тафсилотларидан маълум бўлишича, Афғонистонда ҳозир кўкноризорлар ростдан ҳам кенгайган.
Айнан кўкнори мамлакатда муҳим озиқ-овқат экинлари ўрнини эгаллаган.
Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири сирасига киради.
Бу яқин орада расман рўйхатдан ўтказилмаган эса-да, мамлакат аҳолисининг сони турли манбаларда қирқ миллионга яқин экани айтилади.
Афғонистон, йилларки, афюн етиштириш бўйича дунёнинг пешқадам давлатларидан бири бўлиб келган.
Яқин-яқингача, ҳатто, Ғарб томонидан дастакланган қонуний ҳукумати қудратда бўлган пайтда ҳам, глобал опиум маҳсулотларининг 90 фоизчаси Афғонистон ҳиссасига тўғри келиши айтилган.
Кўкнори етиштириш Афғонистон миллий иқтисодининг ажралмас ва етакчи қисмини ташкил этган.
Халқаро ҳамжамиятнинг сўнгги йигирма йил ичида Афғонистонда кўкнори етиштиришга чек қўйишган қаратилган махсус дастур ва лойиҳалари ҳам амалда иш бермаган.
Орада кўкнори етиштиришдан ҳатто толибларнинг ўзлари ҳам фойда кўрганлиги, бунинг орқасидан топган пулларига Ғарб ва афғон кучларига қарши амалиётларини молиялаганлигига оид хабарлар ҳам олинган.
Толибон яна қудратга қайтгунга қадар бунинг асосий сабабларидан бири ўлароқ Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ беқарор вазият ва миллионлаб долларлик халқаро молиявий ёрдамларга қарамай, абгор ижтимоий-иқтисодий аҳвол ҳам кўрилган.
Афғонистондаги мавжуд ҳолат афғон афюни контрабандаси йўлида жойлашган давлатларда гиёҳвандлар сонининг ошишига ҳам таъсир қилаётганидан хавотирлар билдирилган.
Афюн ва қашшоқлик

Афғонистондаги оддий одамлар учун кўкнори молиявий ҳаёт тарзига айланиб улгурган.
Бироқ БМТ Тараққиёт Дастури ташкилоти сўрови шуни ҳам кўрсатадики, даромаднинг ортиши ҳар доим ҳам харид қобилиятининг яхшиланишини англатмайди.
"Чунки худди шу давр оралиғида инфляция кучайиб, озиқ-овқат нархлари 35 фоизга ўсган".
"Нархлар жуда, жуда, жуда кўп ошган. Айни пайтда, Афғонистонда инфляция ҳам ўта баланд. Бу дегани - афғон деҳқонлари кўкноридан тушадиган даромадга унчалик кўп нарса сотиб олишолмайди", - дейди Би-би-сининг Венадаги мухбири ҳам.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














