Шинжон Уйғуристонда бошланган норозилик бутун Хитойга ёйилмоқда - гап нимада? Xitoy Shinjon Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Хитойда Covid-19 пандемияси локдаунига қарши йирик намойишлар кузатилди, ҳатто Ши Жинпинг истеъфоси талаблари янгради. Полиция оммавий норозилик намойишлари иштирокчиларини ҳибс этмоқда.
Одамлар кўчага чиқиш тақиқларига қарши Урумчи, Шанхай, Нанкин, Чэнду, Ухан ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишларига чиққанлар.
Алоқадор мавзулар:
Дастлабки норозилик Шинжон Уйғуристони маркази Урумчидаги ёнғин ортидан келиб чиққан.
Хабарларга кўра, локдаун туфайли инсонларнинг уйларидан чиқишлари тақиқланган бўлган, Урумчи шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида 24 ноябрь тунида ёнғин келиб чиққан.
Оқибатда 10 инсон ҳалок бўлган.
Шундан сўнг юзларига ниқоб таққан инсонлар локдаунга қарши норозилик билдиришган, тунда олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Расмийлар кўп қаватли бино олдига қўйилган автомобиллар ўт ўчириш машинасининг ёнғин келиб чиққан бинога яқинлашишига имкон бермагани ҳақида айтганлар.
Шундан кейинги кунларда Хитойнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам локдаунга қарши оммавий норозилик намойишлари кузатилган.
Намойишларда, ҳатто, Хитой раҳбари Ши Жинпинг истеъфоси ҳам талаб қилинган.
Одамлар қўлларида оқ варақ тутганча ўз норозиликларини билдиришган, бу Хитойдаги цензурага қарши норозиликни англатади.
Мухбирларнинг хабар қилишларича, жамоат тартибини сақлашга жалб этилган полиция ходимлари ҳам локдаун чекловларидан норози эканларини, протестчилар билан ҳамфикр эканини айтганлар.
Covid-19 пандемияси дастлаб 2020 йил январида Хитойда бошланиб сўнг бутун дунёга тарқалди.
Аксар мамлакатлар аҳолини ёппасига эмлаш ва Ковид билан яшашга кўникиш йўлини танладилар.
Хитой эса ҳатто бир юқиш ҳолати аниқланса ҳам, бутун бошли шаҳарларни локдаунга ёпишни афзал кўриб келаяпти.
Бунинг оқибатида одамлар даромадсиз қолмоқдалар, моддий аҳволлари оғирлашмоқда.
Лекин Хитой ҳукуматининг "Ноль Ковид" сиёсати кам самара бераяпти, биргина 21 ноябрь куни мамлакатда 40000 янги коронавирус юқиши ҳолати аниқланган.
Хитой полиция охирги уч кунда норозилик намойишларига чиққан инсонларни ҳибс этмоқда.
BBC мухбири калтакланди
27 ноябрь куни Шанхай шаҳрида Би-би-си мухбири Эд Лоуренс норозилик намойишларини ёритиш пайти Хитой полиция томонидан калтакланган.
Уни ерга ётқизиб тепишган ва қўлига кишан солиб полиция идорасига олиб кетганлар.
Полиция идорасида бир неча соат ушлаб турилганидан кейин қўйиб юборилган.
Хитой расмийлари воқеа юзасидан изоҳ берарканлар, Би-би-си мухбири ўзининг гувоҳномасини кўрсатмагани калтакланиши ва қўлга олинишига сабаб бўлганини билдирдилар.
Би-би-си ўз журналистга ҳужумдан хавотирда экани борасида баёнот билан чиқди.
Би-би-сига кўра, Хитой расмийлари ҳодиса юзасидан ишонарли тушунтириш бермадилар ёки кечирим сўрамадилар.
Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли бу борада ўз хавотирини изҳор этган.
Унга кўра, "матбуот ва намойишга чиқиш эркинлиги ҳурмат қилиниши шарт, ҳеч бир давлат бундан истисно эмас".
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост

Сурат манбаси, Reuters
Хитой расмийлари одамлардан ўз телефонларидаги намойишлар акс этган фото ва видеоларни ўчириб ташлашни талаб қилмоқдалар.
Шинжон Уйғуристони маркази Урумчи шаҳри шу йил август ойидан буён локдаунда.
Урумчи аҳолисининг сони 4 миллион кишини ташкил этади.
Шаҳар раҳбарияти 29 ноябрдан бошлаб Ковид чеклови юмшатилишини эълон қилдилар.
Расмийларга кўра, одамларнинг ўз тумани ҳудудида иш билан сафар қилишларига рухсат берилади.
Жамоат транспорти ва парвозлар одатдагидек фаолият юритиши хабар қилинди.
Юқиш ҳоллари кам бўлган муайян жойлардаги бизнеслар ўз иш фаолиятини 50 фоиз қувватда қайта бошлашига рухсат берилади.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














