Ковидга қарши фойдали овқатлари аниқланди – ўзбек таомлари ҳам борми? Coronavirus Covid-19 Dunyo

Диетологларнинг фикрича, озиқ-овқат ва ичимликлар Ковид-19дан тикланишда муҳим роль ўйнайди. Ҳар қандай инфекцияда бўлгани каби, танангизга одатдагидан кўра кўпроқ энергия ва суюқлик, ҳужайралар ва тўқималарни тиклаш учун эса қўшимча оқсил керак бўлади. Аммо Ковид-19 кўп жиҳатдан бошқа инфекциялардан фарқ қилади. Хўш, соғлиғингизни тиклашингизга ёрдам берадиган, коронавирусдан кейинги мукаммал таомлар борми?
Озиқ-овқат тикланишга қандай ёрдам беради?
Сизнинг иммунитетингиз кўп жиҳатдан инфекцияга қарши курашадиган органлар, ҳужайралар ва кимёвий моддалар тармоғидир. Оқ қон ҳужайралари, антитаначалар ва бошқа механизмлар босқинчи патогенларни (зарарли микроорганизмларни) йўқ қилиш ва шикастланган ҳужайралар ва тўқималарни тиклаш ва янгилаш учун ишлайди.
Уларни ташкил қилган оқсиллар ва аминокислоталар айниқса муҳим. Касаллик пайтида оқсиллар мушакларингиздан чиқарилади ва аминокислоталарга бўлинади, иммунитет тизими янги оқсилларни ҳосил қилиш учун улардан фойдаланади, дейди Саутҳемптон университети Озуқавий иммунология профессори Филипп Колдер. Шунинг учун кўп одамлар вазн йўқотади ва касаллик пайтида мушаклар заифлашади.
"Қайта тикланиш вақтида сизга яна оқсил керак бўлади, - дейди профессор Колдер. - Бу сизнинг танангиз ўз вазифасини бажариши учун зарур бўлган қурилиш блокларидир... айниқса, касалхона тўшагида ҳаракатсиз ётганлар учун."
Танангиз ҳам кўпроқ энергия талаб қилади, чунки у одатдагидан кўпроқ ишлайди. "Иммун тизими фаол ва патогенлар билан курашганда жуда кўп энергия талаб қилади. Иммунитет реакциясидан сўнг анчагина қурилиш ишлари керак бўлади", дейди профессор Колдер.
Сули, нон ва макарон каби углеводли маҳсулотларни кўп истеъмол қилиш, шунингдек, ёғли йогурт, тухум ва ёнғоқ каби юқори калорияли, юқори оқсилли овқатлар, ҳатто иштаҳангиз паст бўлса ҳам, тикланишингизга ёрдам беради.
Тухум ва ёғли балиқлардан олинган оқсил ва озуқа моддалари ҳам танангизни тиклашга ёрдам беради.
Витаминлар, минераллар ва муҳим ёғ кислоталар
Витамин ва минералларнинг етарли бўлиши ҳам муҳим. "Улар барча ишларни бажарадиган завод ишчиларига ўхшайди", дейди проф. Колдер. Иммунитетга ёрдамчи бўладиган ва тикланишни рағбатлантирадиган витамин ва минераллар қаторида қуйидагилар бор:
•Витаминлар A, C, D, E, B6, B9 (фолик кислота), B12
•Минераллар рух, мис, селен, темир
Ушбу микроэлементлар кўплаб озиқ-овқатларда, жумладан, турли хил мева ва сабзавотлар, гўшт, тухум ва сут маҳсулотларида мавжуд, шунинг учун турли овқатлар истеъмол қилиш керак. Бироқ, қиш ойларида Д витамини қўшимчаларини (кунига 10 микрограм) олиш тавсия қилинади. B12 витамини фақат ҳайвон маҳсулотларида мавжуд, шунинг учун агар сиз вегетариан бўлсангиз, ушбу витамин қўшимчаларини алоҳида қабул қилишингиз керак.
Зайтун мойи, канола ёғи ва балиқ ёғида мавжуд бўлган фойдали ёғлар янги ҳужайралар пайдо бўлиши учун муҳимдир. Танангиз ўзи етарли миқдорда ишлаб чиқара олмайдиган, овқат орқали олинадиган омега-3 каби ёғ кислоталар, айниқса, иммунитет тизими учун фойдалидир. Омега-3нинг яхши манбаларига сардаля, қизил икра ва скумбрия киради. Агар сиз касал бўлганингизда кўп овқатлана олмасангиз, омега-3 билан бойитилган мультивитаминли қўшимчани қабул қилишни ўйлаб кўришингиз мумкин.
Ҳеч қандай модда, витамин ёки минерал тикланишни мўъжизавий тарзда тезлаштира олмайди - уларнинг ҳар бири муайян вазифанигина бажаради.
Ковид-19дан тикланиш учун нима истеъмол қилиш керак?

Профессор Колдернинг айтишича, асосан ўсимликдан тайёрланувчи анъанавий Ўрта ер денгизи таомлари Ковид-19 дан тикланиш учун энг яхшисидир. Унда инфекциядан кейин танангизга керак бўлган барча озиқ моддалар бор. "Бу мева, сабзавот, резаворлар, ёнғоқлар, уруғлар ва дуккаклилар, шунингдек, ёғли балиқ ва соғлом ёғларга бой парҳез идеал эканлигини англатади", дейди профессор Колдер.
Гўшт яхши оқсил манбаи, аммо ўсимликлар ҳам қолишмайди. Киноа, дуккаклилар (ловия, ясмиқ ва нўхат), тофу ва ёнғоқлар оқсилга бой саналади. Агар сиз вегетариан бўлсангиз, турли хил оқсилга бой ўсимликларни истеъмол қилиш керак бўлган барча аминокислоталарни олишнинг энг яхши усули ҳисобланади.
Бундай хилма-хил, толага бой таомлар иммунитет тизимини бошқаришда муҳим роль ўйнайдиган фойдали ичак бактерияларини ва ичак шиллиқ қаватининг соғломлигини таъминлайди, дейди профессор Колдер. Унинг қўшимча қилишича, сиз оз овқатланган ёки ҳеч нарса истеъмол қилмаган бўлсангиз, ичакларга оғирлик тушмаслиги учун оз оздан тез тез истеъмол қилиш керак бўлади. "Буни эҳтиёткорлик билан бажаринг", дейди у. "Юмшоқ овқат ичаклар учун енгилроқ бўлади. Ичакнинг тикланиши етарлича тезлашади, аммо беморлар кўпроқ овқатлана олиши учун бир неча кун керак бўлиши мумкин.
Агар жуда ориқ бўлмасангиз ва касаллик пайтида сезиларли даражада вазн йўқотмаган бўлсангиз, Британия Миллий Соғлиқ Хизмати маълумотларига кўра, Ковид-19дан тикланишингизни оптималлаштириш учун кундалик рационингизга қуйидагиларни киритишни ўйлаб кўринг.
• Оқсил: уч кафтдек келадиган гўшт, балиқ, тухум, ловия, дуккакли экинлар, ёнғоқлар, нўхат ва куорн ёки тофу каби гўшт ўрнини босадиган ўсимликлар. (Кўпроқ ловия ва дуккаклилар, камроқ қизил ва қайта ишланган гўштлар.)
• Мева ва сабзавотлар: ҳар бири 80 граммдан 5 та порция (тахминан бир ҳовуч), жумладан, янги, музлатилган ёки консерваланган, идеал ҳолда турли рангларда.
• Сут ва унинг ўрнини босувчи маҳсулотлар: сут, пишлоқ ва йогуртнинг бош бармоқ катталигидаги уч порцияси ёки калций билан бойитилган оқсилга бой маҳсулотлар (кўпроқ бойитилган соя сути ва камроқ кокос мойи)
Агар сиз тўйимли таомга тайёр бўлмасангиз, ёрма ва ёнғоқ аралаштирилган мевали коктейллар муҳим углеводлар, озуқа моддалари ва оқсилларни олишга ёрдам беради.
Чарчоқ билан курашиш

"Агар иштаҳангиз бўлмаса, ўзингизни чарчаган, заиф ёки ёмон ҳис қилсангиз, бозорга бориш, овқат пишириш ва соғлом овқатланиш меъёрига риоя қилиш қийин бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, вазн йўқотишни минималлаштириш, энергияни ошириш ва мушаклар кучини тиклаш устувор вазифа бўлиши керак", дейди Кирстен Жексон, диетолог ва Британия Диететика ассоциацияси (БДА) вакили.
"Кўп одамлар соғлом овқатланишга ҳаракат қилади, аммо агар сиз жуда носоғлом бўлсангиз, овқат тайёрлай олмайсиз, қувватингиз оз бўлади, калорияни ҳар қандай шаклда бўлса ҳам олиш жуда муҳим", дейди у.
Иссиқ шоколад ва маълум даражада сут қўшилган коктейллар сизни сувсизланишдан асрайди ва қувват ҳам беради. "Иштаҳаси паст бўлган одамлар кўпинча тўлиқ овқатланишдан кўра калорияни ичимлик орқали олишни истайди".
Овқат ўрнини босувчи ичимликлар ва тайёр соғлом овқатлар ҳам вақтинчалик фойдали чора бўлиши мумкин. Бироқ, Жексон ичимлик сотиб олишда эҳтиёт бўлишга чақиради.
"Бозордаги кўплаб коктейллар аслида вазн йўқотиш учундир, уларда калория жуда оз ёки калорияси йўқ, оқсилга бой, аммо калория йўқ, - дейди у. - Аммо дорихоналардан овқат ўрнини яхшироқ босувчи, витаминли, калорияли ва оқсилга бой бўлган коктейллар сотиб олиш мумкин."
Оз-оздан аммо тез-тез овқатланиш ҳар куни уч маҳал таом тайёрлашдан кўра осонроқ ва ёқимлироқ бўлиши мумкин. БДА ўзингизни яхши ҳис қилгунингизча учта оз, аммо тўйимли овқатни, шунингдек, десертлар ва ичимликларни танлашни таклиф қилади.
Таъм ва ҳид йўқолиши
Ковид-19 билан касалланган беморларнинг қарийб ярми ҳид (аносмия) ва шу билан бирга таъм сезиш қобилиятини йўқотади. Аксарият одамлар учун у икки-уч ҳафтадан кейин қайтади, аммо беморларнинг 10 фоизида бу ойларга чўзилиши мумкин.
"Бу ҳолат сизнинг иштаҳангизга кескин таъсир қилиши мумкин, чунки сизда иштаҳангизни уйғотиш учун одатий белгилар, ҳидлар ва таъмлар йўқ", дейди Сара Окли, ҳид сезишни йўқотган одамларни қўллаб-қувватловчи "Abscent" хайрия ташкилоти ижрочи директори.
У турли хил хусусиятлари бор овқатларни синаб кўришни таклиф қилади. "Қаттиқ ва майин элементларга эга овқатларни синаб кўринг ёки ранги турлича ва ҳарорати ҳар хил таомларни ўйлаб кўринг, - дейди Окли. - Шу йўл билан, сиз таъм ва ҳидни йўқотганингизда бирор ўзингизга ёқадиган таомни топиб оласиз."
Ҳид сезишни машқ қилиш унини қайта тиклашга ёрдам беради. Бу тўрт ой давомида кунига икки марта бир хил ҳидни диққат билан ҳидлашдан иборат. "Ҳидлаш - бурун учун физиотерапиядир, - дейди у. - Нейронлар шикастланган бўлади, шу боис, ҳидлаш терапияси шифо чорасидир."
Бузилган ва ёқимсиз ҳид ва таъмлар (паросмия) ҳам Ковид-19дан тикланишнинг умумий қисмидир. Бу овқатни истеъмол қилишни қийинлаштириши мумкин, айниқса, паросмия туфайли баъзи овқатлар ёқимсиз бўлиб қолади. Иштаҳа очувчи таомлар ҳар бир одамда турлича, лекин кўпинча қаҳва, саримсоқ, пиёз, нон ва қовурилган ёки димланган гўшт бўлади. "Бу ҳолат одамни жуда асабийлаштириши мумкин", дейди Окли.
Агар аҳволингиз оғир бўлса, исталган йўл билан калория олишингиз керак. "Овқат ўрнини босадиган ҳидсиз коктейллар ва музқаймоқ каби совуқ овқатлар одатда тетиклантирмайди, -дейди Окли. - Бундай вақтда таомлардаги мувозанатни сақлаш эмас, қувватни сақлаш муҳимроқ саналади. Вазият яхшиланганда, сабзавот ва меваларни қўшишингиз мумкин.
Овқатланиш кундалик ҳаётимизнинг шундай бир мунтазам қисмики, Ковид-19дан халос бўлишда тўғри овқатланиш қанчалик муҳимлигини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
"Овқат Ковид-19дан тикланишингиз учун жуда муҳим ва таомингиз қанчалик сифатли бўлса, тезроқ ва самаралироқ тузалиб кетишингиз эҳтимоли шунчалик юқори бўлади", дейди профессор Колдер.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














