Янгилик: Ковид дориси топилди - у энди ўлимларни кескин камайтирадими? O’zbekiston, Ўзбекистон, дунё

Сурат манбаси, Merck
Дунёда ковидга қарши илк ҳапдори расман маъқулланди. Дори АҚШда яратилган ва ишлаб чиқарилган. Уни Буюк Британия қўллашга қарор қилди.
Молнупиравир ковиднинг симптомларини юмшатади.
Ковиднинг оқибатларига қарши курашади.
Мазкур ҳапдори энг заиф беморларга буюрилади.
Молнупиравир кунига икки маҳал қабул қилинади.
Дори ковиддан касалхонага тушиш ва ўлим ҳолларини қарийб икки баравар камайтиради.
Бунга унинг клиник синови натижалари далолат қилган.
Алоқадор мавзулар:
Молнупиравир

Сурат манбаси, Getty Images
Молнупиравир дастлаб гриппга қарши восита сифатида ишлаб чиқилган.
Британия Соғлиқни сақлаш вазири янги ҳапдори ҳақида некбин фикрда.
Унинг айтишича, молнупиравир пандемияга қарши курашда яхшигина қўл келиши мумкин.
Саломатлиги заиф ва иммун тизими кучли бўлмаган одамлар ҳаётини асрашда ёрдам беради.
Некбинлик
Буюк Британия молнупиравирни расман маъқуллаган дунёдаги биринчи давлат бўлди.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири бу кунни ўзлари учун "тарихий", деб атади.
Молнупиравир Американинг Merck ширкати Ridgeback Biotherapeutics компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган, қўшма маҳсулот.
Дори коронавируснинг ирсий кодини парчалашга мўлжалланган.
Ирсий кодини парчалаш эса, вируснинг инсон танасида тарқалишининг олдини олади.

Сурат манбаси, HANDOUT
Молнупиравир коронавирус ўзини кўпайтириш учун фойдаланадиган ферментлардан бирига қарши ишлайди.
Merck нинг таъкидлашича, ўзлари яратган ҳапдори ковиднинг ҳар қандай эски ва янги штаммларига қарши бирдек иш беради.
Клиник тадқиқот натижалари пресс-релиз шаклида эълон қилинган, экспертларнинг баҳосини олмаган.
Бошқа ширкатлар ҳам худди шунга ўхшаш дорилар устида иш олиб боришмоқда.
Аммо Merck ўз ҳапдорисини биринчи бўлиб синаб кўрган.
Диққат!:Ушбу мақоланинг мазмуни фақат умумий маълумот учун мўлжалланган. Шифокорнинг тиббий маслаҳати ва кўмагини англатмайди. Би-би-си манбалардан келтирилган илмий хулосаларга жавобгар эмас. Агар соғлигингиздан хавотирда бўлсангиз, ҳар доим шифокорга мурожаат қилинг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














